islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Мақолалар

Бўлимлар

Олий маъҳаддан “Сардобага ёрдам” хайрия акцияси: 15 миллион сўм ва оила учун зарурий ашёлар сирдарёликларга етказилди

Республикамизда ўтказилаётган “Сирдарёликларга кўмак” акциясида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги барча таълим муассасалари фаол иштирок этиб келмоқда.  Президентимиз томонидан халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси жамиятимизнинг барча қатламлари қатори, диний ташкилотлар томонидан ҳам кенг қўллаб-қувватланмоқда.Хабарингиз бор, Тошкент ислом институти жамоаси томонидан Сардоба туманида содир бўлган офатдан азият чеккан сирдарёликларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Сардобага ёрдам” хайрия акцияси ташкил этилди.  Қисқа вақт ичида саховатли ҳамюртларимиз томонидан жамғармага 15 миллион сўм пул маблағи ва оила учун бирламчи зарурий ашёлар (эркак ва аёллар, болалар кийими ва юмшоқ ўйинчоқлари, гиламлар, чойшаблар, кўрпачалар, жойнамозлар, рўзғор буюмлари ва зарур гигиеник воситалар ҳамда тиббиёт ниқоблари) келиб тушди.  Шаҳримиздаги  саховатпеша инсонлар томонидан тўпланган маблағларни ўз «эга»ларига топшириш мақсадида 7 май куни институт ректори Уйғун Ғафуров бошчилигида бир гуруҳ ўқитувчи ва ходимлар 1 та Damas LABO ва 6 та енгил автомашиналарда Сардоба туманига ташриф буюрдилар. Олий маъҳад вакиллари Сардоба тумани имом-хатиблари ҳамроҳлигида сув тошқинидан зарар кўрган маҳаллаларда бўлиб, азият чеккан шахслар билан учрашдилар. Суҳбат давомида уларга руҳий далда бўлиб, йиғилган биринчи зарурий маҳсулот ва маблағлар ёрдамида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига тарқатилди. Акция доирасида йиғилган 15 миллион сўм 15 та оилага 1 миллион сўмдан тақсимлаб берилди. Рамазон ойида машаққатда қолган юртдошларимизга ўз ёрдам қўлларини чўзаётган азизларимизга самимий миннатдорлигимизни билдирамиз. Зеро Аллоҳ таоло Ўзининг каломида марҳамат қилганидек: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг” (Моида, 2). Ҳадиси шарифда эса: “Мўмин киши мўмин биродарини ёрдамсиз қолдирмайди”, дейилган (Имом Бухорий ривояти) Аллоҳ таоло қилаётган эҳсонларни ўз даргоҳида қабул қилсин, ажру савобларини зиёдаси билан ато этсин. “Сардобага ёрдам” хайрия акциямиз давом этади, навбатдаги саховат карвонига ўз ҳиссангизни қўшинг:Узоқ муддат сақланадиган озиқ-овқат маҳсулотларини топшириш учун алоқа телефони: +99890 955 39 75Пул маблағларини ўтказиш учун пластик карта (Мадаипов Аҳрор номида):8600021978323304Хориждаги ҳамюртлар томонидан пул маблағларини ўтказиш учун пластик карта (Абдуҳаким Олимов номида):4790912210624575Манзил: Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом инсититути. Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўчаси, 47-уй.Мўлжал: Ҳазрати Имом масжиди Аллоҳ таоло қилаётган хайру саҳоватингизни қабул қилиб савобларини кўпайтириб берсин, юртимизни барча балолардан асрасин. Сирдарё аҳлини бу кулфатдан тез фурсатда чиқиб олишларини насиб этсин! 1 006

«Ўзбекистондаги жоме масжидлар 6 майдан эътиборан очиладими?!»-Ўзбекистон мусулмонлари идораси масалага ойдинлик киритди

Шу кунларда айрим ижтимоий тармоқларда гўёки Ўзбекистондаги жоме масжидларда шу йил 6 майдан эътиборан таровеҳ ва жума намозлари ўқилиши тўғрисида тарқатилаётган аудиохабар ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайди. Аҳоли орасида асоссиз ва ёлғон хабар тарқатиш Ислом дини таълимотларида қаттиқ қораланади, қонунчиликда эса жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади. Юртимиздаги эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвоси ва Рамазон ойини ўтказиш бўйича баёнотида жума намози ўрнига уйда пешин намозини, беш маҳал ва Рамазон ойидаги таровиҳ намозларини уйда ўқиш ҳақида алоҳида қайд этилган. Шундай экан Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорларига мос равишда масжидларда жамоат бўлиб ибодат қилиш бошланиши ҳақида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий нашрлари томонидан эълон қилинади. Ўз навбатида мўмин-мусулмонларни мана шундай ихтилоф, фитна ва иккиланишларга сабаб бўладиган материалларни тарқатмасликка чақирамиз. Аллоҳ таоло барчамизга инсофу тавфиқ бериб, тўғри йўлда собитқадам қилсин! Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 923

​Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси қардошлик мактуби йўллади

​Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули жаноблари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига Сирдарё вилоятида юз берган фавқулотда ҳолатда жабрланганларга ҳамдардлик билдириб, қўллаб-қувватловчи мактубини йўллади: Қадрли, муфтий Усмонхон ҳазратлари,Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятидаги аҳоли яшаш жойларини сув босгани тўғрисидаги хабар бизни ҳам катта ташвишга солди. Қозоқ халқида “Офат айтиб келмайди” деган гап бор. Тўсатдан келган табиий офат Ўзбекистондаги қанчадан-қанча фуқароларга, бизнинг биродарларимизга қийинчилик туғдирмоқда. Қозоқ-ўзбек – туғишган халқ. Биз биродарлар бошига тушган қийинчиликни бирга кўтаришиб келаётган халқмиз. Қозоғистон Республикасидаги биродарларингиз Ўзбекистонда бўлган фалокатнинг тез орада бартараф бўлишини тилайди. Аллоҳ таоло ўзбекистонлик қондош биродарлар бошига тушган синовни енгиллатиб, ўз уй-жойларига қайтишларини насиб этсин! Ҳурматли Усмонхон ҳазратлари! Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ҳар қачон ёрдам беришга тайёр эканимизни маълум қиламиз”, дейилади ушбу мактубда. Манба: muslim.uz 895

Имом Мотуридий ўз даврида Афлотундан кейинги иккинчи муаллим саналган

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази турли мамлакатлардаги нуфузли илм-фан марказларининг таниқли олимлари билан он-лайн семинарлар туркумини изчил давом эттирмоқда. Ана шундай семинарнинг навбатдагиси Қуръон, тафсир илмлари бўйича таниқли олим, мотуридийшунос, Туркиянинг Фотиҳ Султон Меҳмет университети доктори Аҳмад Даманҳурий иштирокида ташкил қилинди. Доктор Аҳмад Даманҳурий Миср Араб Республикасида таваллуд топган бўлиб, айни пайтда Туркиянинг Истанбул шаҳрида истиқомат қилади. 2015 йили Ал-Азҳар университетида “Имом Мотуридий ва унинг илмий услублари” бўйича фалсафа фанлари доктори даражасини олган. Қуръон, суннат, ақида илмлари бўйича кўплаб илмий асарлар ёзган. Ҳозирги кунда мазкур университетнинг исломий билимлар факультетида катта илмий ходим, Мисрдаги Ислом билимларини масофавий ўқитиш университетида директор, Миср Ислом ишлари Олий кенгашида илмий ходим сифатида фаолият юритади. Аҳмад Даманҳурий жорий йил 2-4 март кунлари Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуида ўтказилган халқаро конференцияда “Мотуридий таълимотининг бугунги кундаги ақидавий муаммоларни бартараф этишдаги аҳамияти” мавзуида нутқ сўзлаган. Он-лайн семинарда олим “Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асарини тасниф этишдаги услуби” мавзуида маъруза қилди. Аҳмад Даманҳурий мазкур буюк асарнинг юзага келиш тарихи, алломанинг ўзига хос услуби, фикрларини кўпчиликка тушунарли бўлиши учун содда ва равон баён этгани ҳақида сўзлар экан, Имом Мотуридий айнан шу асар учун алоҳида мажлислар ташкил қилгани ва “Таъвилот ал-Қуръон”нинг китоб сифатида майдонга чиқишида ана шу мажлислар ва шогирдларнинг хизмати ва ўрни ҳам борлигини таъкидлади. Олим қайд этганидек, “Таъвилот ал-Қуръон” фақат таълимотга доир асар бўлиб қолмай, унда фиқҳ ва ақида баробарида ахлоқ масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилган. Асар билан танишган инсон дин ва маданиятни осон ажратиб олади, диний ва анъанавий масалаларда чалғимайди. Аҳмад Даманҳурий Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари тафсир илми ривожида беқиёс ўрин тутганини, ақидавий муаммоларни ҳал этишда қомусий қўлланма бўлганини таъкидлади. Шу мавзуларни ўрганиш чоғида тўпланган қимматли маълумотлар билан ўртоқлашди. – Бугун мусулмонларни Имом Мотуридийнинг асарлари ёки аҳли сунна вал жамоа ақидасига тегишли бошқа манбалардан яхшироқ хабардор қилиш, айниқса, ёшлар билан бу борада кўпроқ ишлаш ҳар қачонгидан-да муҳим. Исломни ниқоб қилиб, қабиҳ ишларни амалга ошираётган гуруҳлар ҳамон мавжудлиги, муқаддас динимизни булғаб кўрсатиш йўлидаги хатти-ҳаракатлар ҳануз давом этаётган ҳозирги шароитда мана шу манбалар дастуриламал вазифасини ўтайди. Хусусан, Имом Мотуридий юксак билим ва тафаккур билан турли ёт оқимларга раддиялар берган, – деди туркиялик олим. Ислом илмлари академияси раҳбари шу боис ақида асосчиси бўлган Имом Мотуридий йирик фалсафий олим ҳам ҳеисобланишини қайд этди. Таъкидланганидек, аллома ўз даврида Афлотундан кейинги иккинчи муаллим саналган. – Бу ҳақиқат илмий доиралар, дунё зиёлилари томонидан тан олинган, – деди олим. Аҳмад Даманҳурийнинг айтишича, дунё кутубхоналарида сақланаётган мотуридия таълимотига оид қўлёзмаларни жамлаш ва тадқиқ этиш, унинг кўпчиликка ҳали маълум бўлмаган жиҳатларини яқин ҳамкорликда ўрганиш лозим. Семинарда олим тадқиқотчиларни қизиқтирган барча саволларга илмий далиллар билан атрофлича жавоб қайтарди. Манба: bukhari.uz 917
1 414 415 416 417 418 737