islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Янгиликлар

Бўлимлар

14 декабрда қуёшнинг тўлиқ тутилиши кузатилади ва Кусуф намози ҳақида

14 декабрда қуёшнинг тўлиқ тутилиши юз беради. Бунда Ер, Ой ва Қуёш бир чизиққа туради ва Ой Қуёшни тўлиқ тўсиб қўяди ҳамда унинг атрофида «қуёш тожи»ни кўриш мумкин бўлади. Ой Қуёшни Тошкент вақти билан 19:32дан бошлаб Тинч океанининг марказий қисми устида тўса бошлайди. Қуёш тутилишининг максимал фазасини соат 21:13да кузатиш мумкин бўлади ва у 2 дақиқадан кўпроқ давом этади. Тўлиқ тутилишда оловли ҳалқани эслатувчи «қуёш тожи»ни, Қуёш яқинида жойлашган юлдузлар ва сайёраларни кўриш мумкин бўлади. Астрономларнинг маълумотларига кўра, қуёшнинг тўлиқ тутилишини Чили ва Аргентина аҳолиси яққол кузатади, Жанубий Америка, Полинезия, Антарктида ва Африкада эса унинг қисман тутилишини кўриш мумкин. Дунёнинг қолган аҳолиси эса ушбу астрономик ҳодисани интернет орқали онлайн тарзда кузатишлари мумкин бўлади. Кейинги қуёш тутилиши 2021 йилнинг 10 июнида юз беради ва у узуксимон кўринишда бўлади. Ислом дини қуёш тутилиши хусусида нима дейди? Одатда кўпчилик мўмин мусулмонлар Кусуф намози ҳақида маълумотга эгамиз. Кусуф сўзи қуёш тутилишига ишлатилади. Хусуф сўзи ой тутилишига ишлатилади. Бу ўрганиб қолинган одат. Амалда эса иккаласи бир-бирининг ўрнига алмаштирилиб ишлатилаверади. Бундан қуёш ва ой тутилишини англаниши тушунилиши керак. Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Иброҳим ўлган кун қуёш тутилди. Одамлар: «Иброҳим ўлгани учун тутилди», дедилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, қуёш ва ой Аллоҳнинг оятларидан икки оятдир. Улар бировнинг ўлгани учун ёки ҳаёти учун тутилмайдилар. Бас, қачонки уларни (тутилганини) кўрсангиз, то очилиб кетгунча Аллоҳга дуо қилинглар», дедилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган. Бошқа бир ривоятда эса: «Жоҳилият аҳли, албатта, қуёш ва ой фақат ер аҳли улуғларидан бир улуғнинг ўлими учунгина тутилади, дер эдилар. Албатта, икковлари бирор кишининг ўлими учун ёки ҳаёти учун тутилмайдилар. Лекин, икковлари Аллоҳнинг махлуқларидан икки махлуқдирлар. Аллоҳ ўз махлуқида нимани хоҳласа шуни пайдо қилур. Бас, икковларидан қайси бири тутилса, то очилиб кетгунча намоз ўқинглар», дейилган. Ҳа, табиатдаги улкан нарсалар бўлмиш Қуёш ва Ойнинг тутилишлари, ўзларининг оддий ҳолатларидан чиқиб ноқулай ҳолатга тушиб қолишлари беҳикмат эмас. Бу ҳодисадан ўрнак-эътибор олиш керак. Қуёш ва Ойнинг тутилиши бир неча ибратларга далолат қилади: 1. Қуёш ва Ойни Аллоҳ ўз тасарруфида тутиб туриши. 2. Қуёш ва Ойни худо деб эътиқод қилувчиларнинг эътиқоди асоссиз экани. Агар икковлари ёки бирлари Худо бўлганида тутилмас эдилар. 3. Ғофил қалблар бундай ҳодисадан чўчиб уйғониши. 4. Қиёмат шу шаклда бошланиши мумкинлигини эслаш. Кусуф намозига чақириш Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қуёш тутилганида, жамоат намозга, деб нидо қилинди». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган. Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Қуёш тутилганда жамоат намози ўқилиши. 2. Қуёш тутилгани учун ўқиладиган намозга «Жамоат намозга!» деб нидо қилиниши Кусуф намозининг турлари Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Қуёш тутилиб қолди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб ридоларини судраб (тезлаб) масжидга кирдилар. Биз ҳам кирдик. Бас, биз билан то қуёш очилиб кетгунча икки ракъат намоз ўқидилар». Бухорий ва Насаий ривоят қилган. Ушбу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида, «ушбу намозингизга ўхшаган икки ракъат намоз ўқидилар», дейилган. Жумҳур уламолар наздида кусуф намози суннатдир. ҳанафий мазҳаби ушбу ҳадисни олиб, кусуф намози ҳам бошқа нафл намозларга ўхшаган бўлади, дейди. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Қуёш тутилганда ташвишга тушиб, намоз ўқишга шошилиш зарурлиги. Пайғамбар...

Амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди ва келгуси режалар белгиланди

Сўнгги йилларда юртимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, барча соҳаларда, хусусан, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ҳаётга кенг татбиқ этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармонга мувофиқ, барча соҳалар кесимида рақамли индустрияни жадал ривожлантириш, миллий иқтисодиёт тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, таълим соҳасида ҳам Фармон ва “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган таълим жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда таълимни бошқаришни автоматлаштириш ва ҳар томонлама таҳлил қилиб бориш тизимини яратиш ишлари бошланди. Таълим соҳасида рақамли кўникмаларни ошириш мақсадида таълим поғонасининг бошланғич босқичида ўқувчиларга рақамли технологияларни тақдим этиш орқали рақамли кўникмаларни ўзлаштириш учун имкониятлар яратилмоқда. Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари ва соҳага тааллуқли илмий-тадқиқот марказларининг ўқув-услубий, илмий фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Илмий-услубий кенгашининг бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида ҳам Фармонда белгиланган вазифалар ижроси бўйича таълим муассасаларида амалга оширилаётган ишларни танқидий-таҳлилий ўрганиш масалалари кун тартибидан ўрин олди. Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ўтказилган мажлисда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Академия раҳбарияти, қатор вазирлик ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олий диний таълим муассасалари, ўрта махсус ислом билим юртлари раҳбарлари ҳамда халқаро илмий тадқиқот марказлари директорлари иштирок этди. Мажлисда кун тартибидан ўрин олган Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий диний таълим муассасаларини кредит-модуль тизимига ўтказиш ва ўқув жараёнини рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар муҳокама этилди. Шунингдек, Олий диний таълим муассасаларида амалга оширилган ишлар, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида олий таълимдан кейинги таълим босқичи – таянч докторантура, докторантура, мақсадли докторантура, стажёр-тадқиқотчилик ҳамда мустақил тадқиқотчилик институти фаолияти: амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, қабул жараёнлари, 2021 йил учун режалар, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказларининг 2020 йилдаги фаолияти натижалари ва 2021 йил учун мўлжалланган режалари каби масалалар атрофлича ўрганилди. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида янги ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг мақсад ва вазифалари, Марказ томонидан кутилаётган натижалар ҳамда келгусидаги режалари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги Олий диний таълим муассасалари ўқув дастурлари мазмунини такомиллаштириш бўйича Академия ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш хулосалари, Академия ҳузуридаги Малака ошириш маркази фаолияти, марказда диний соҳа ходимларининг малака ошириш тизимини портфолио шаклига ўтказиш борасида олиб борилаётган амалий ишлар муҳокамаси ҳамда турли масалалар, Илмий-услубий кенгашнинг 2021 йил учун мўлжалланган иш режасини тасдиқлаш каби масалалар кўриб чиқилди. — Бугун кенгашда Президентимизнинг жорий йилнинг 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросига қаратилган масалалар ҳам кўриб чиқилди, — дейди Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ўқув ишлари бўйича проректори Иброҳим Усмонов. — Бу борада соҳада амалга оширилган ишларнинг сарҳисоби ва келгусида қилинадиган ишлар режалари билан танишилди. Хусусан, Академияда ҳам рақамли иқтисодиёт асосини ташкил этадиган таълим масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яқинда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан эълон қилинган олий таълим муассасаларининг Миллий рейтингида...

Муфтий ҳазрат халқаро онлайн анжуманда иштирок этдилар

Шу йил 10 декабрь куни Халқаро мусулмонлар форуми котибияти ва Россия мусулмонлари идораси ташаббуси билан Zoom платформаси орқали “Мулоқот маданияти: пандемия давридаги диний одоб-ахлоқ” мавзусидаги XVI халқаро мусулмонлар анжумани бўлиб ўтди. Унда халқаро диний ташкилотлар вакиллари, Европа, Марказий Осиё МДҲдаги давлатларнинг диний идоралар раҳбарлари иштирок этди. Форум Қуръони карим тиловати ва дуолар билан бошланди. Дастлаб Россия мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Равил Гайнуддин сўзга чиқиб, коронавирус пандемияси даврида мўмин-мусулмонларнинг одоб-аҳлоқи, юзага келган руҳий ва иқтисодий қийинчиликларга бўлган сабр-бардошлари таҳсинга лойиқ экани тўғрисида нутқ сўзлади. Миср Араб Республикаси муфтийси, профессор Шавқий Аллом эса анжуманда мана шундай мураккаб шароитда мусулмон уламолари ҳамкорликлари мустаҳкамланганлиги, мусулмон умматини ташвишга солаётган муаммоларни бирга ечишга ҳаракат қилингани, хусусан вабо каби касалликларга қарши биргаликда курашилгани тўғрисида сўз юритди. Онлайн халқаро анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари пандемия даврида мамлакатимизда амалга оширилган ишлар ва унинг натижалари ҳақида сўзлаб, Ўзбекистонда коронавирус пандемияси даврида муҳтарам Президентимиз томонларидан халқимиз саломатлигини сақлаш борасида чора-тадбирлар амалга оширилгани, МДҲ давлатлари орасида касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича энг яхши кўрсаткич айнан юртимизга тўғри келгани, шунингдек пандемия даврида Уламолар Кенгаши томонидан мўмин-мусулмонлар учун бир қатор мурожаатлар ва баёнотлар эълон қилингани ҳамда ушбу синовли кунларда яхши кунларга интилиб яшаш, ёрдамга муҳтож шахсларга ғамхўрлик қилиш каби йўналишларда кенг кўламли ишлари олиб борилаётгани тўғрисида алоҳида тўхталдилар. Муфтий ҳазратлари мусулмон дунёси турли муаммоларга дуч келаётган бугунги мураккаб шароитда дин пешволари ва Ислом уламоларининг мана шундай ҳамжиҳатликда ишлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб экани, диний идоралар ўртасидаги биродарлик ва ҳамкорлик алоқалари янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини алоҳида қайд этдилар. Шунингдек, онлайн анжуманда Ҳамид Шаҳриёрий – Исломий ташкилотларнинг бирлаштириш халқаро ташкилоти раҳбари; Доктор Холид Эрен – Халқаро ИРСИКА ташкилоти раҳбари; Муҳаммад Хофиз – Париж марказий масжиди имом-хатиби; Науризбай Таганули – Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, Бош муфтий; Доктор Аҳмад ал-Дубаян – Лондондаги ислом маркази раҳбари; Саидмукаррам Абдуқодирзода – Тожикистон Уламолар кенгаши раиси, муфтий; Мақсадбек Тохтамушев – Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий; Абдулвохид Ниязов – Европа мусулмонлари Форуми раҳбари; Рашад Алиярли – Кавказ мусулмонлари идораси раиси ўринбосари; Мурат Гул – Берлин ислом бирлашмаси раҳбари; Азиз Хасанович – Хорватия ислом уюшмаси раҳбари, муфтий кабилар ҳам сўзга чиқдилар. Мазкур сўзга чиққан нотиқлар томонидан пандемия давридаги диний одоб-ахлоқлар, бу борада халқоро ташкилотлар ва исломий идораларнинг мурожаат, баёнот, фатво ва тавсияларнинг таъсири ҳамда ҳамкорлик алоқалари натижалари тўғрисида муҳим маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, исломий ташкилотларнинг келгусидаги ҳамкорлик масалалари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 843

Ҳазрати Имом мажмуасига пресс-тур | Фотолавҳалар

10 декабрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги журналистлар учун Ҳазрати Имом мажмуасига пресс-тур уюштирди. Халқимиз маънавий меросининг узвий қисми бўлган Ҳазрати Имом (Ҳастимом) меъморий мажмуаси мусулмонлар оламида катта обрў-эътибор қозонган табаррук масканлардан бири ҳисобланади. Мажмуа таркибидаги Қаффол Шоший мақбараси, Бароқхон ва Мўйи Муборак мадрасалари, Тилла Шайх ва Намозгоҳ масжидлари каби тарихий обидалар халқимиз томонидан асрлар давомида асраб-авайлаб келинмоқда. Бу қутлуғ даргоҳ диёримизда муқаддас ислом дини ва унинг инсонпарварлик ғояларини кенг ёйишда йирик илмий-маърифий марказ бўлиб хизмат қилаётир. Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланаётган Қуръони каримнинг энг қадимий ва мўътабар нусхаларидан бири бўлган Усмон Қуръони, шунингдек, кўплаб ноёб қўлёзмалар жаҳон жамоатчилигининг эътиборини ўзига тортиб келмоқда. Ҳазрати Имом мажмуасининг тарихимиз, маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб, унинг асл тарихий қиёфасини тиклашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди, мажмуанинг инфратузилмаси ҳар томонлама такомиллаштирилди. Давлатимиз томонидан юртдошларимизнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш, уларга диний амалларни эмин-эркин бажариш учун барча шарт-шароит яратилмоқда. Сўнгги йилларда ўнлаб масжидлар, диний ўқув юртлари очилди. Мажмуадаги Ҳазрати Имом жомеъ масжиди юртимиздаги энг йирик масжид ҳисобланади. Бу ерда айвони билан қўшиб ҳисобланса, бир пайтнинг ўзида 6 мингга яқин киши намоз ўқий олади. мадрасасигача чўзилган майдонда камида йигирма минг киши ҳайит намозларини адо этиши мумкин. Журналистлар Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти фаолияти билан ҳам таништирилди. Яқинда 50 йиллиги нишонланадиган мазкур даргоҳда ислом оламида катта обрў қозонган олимлар таълим олган. Институтнинг бешта кафедрасида 700 дан ортиқ талаба таълим олмоқда. Шундан кейин журналистлар Қаффол Шоший мақбараси, Бароқхон, Мўйи муборак мадрасалари билан танишди. – Тошкентга келган сайёҳ Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилмай кетмайди, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков. – Ҳозир мажмуада Қуръони каримнинг энг қадимий ноёб нусхаси сақланади. Давлатимиз раҳбари бу ерга ташриф буюрганида мажмуада Усмон мусҳафига яраша марказ қуриш кераклигини таъкидлаган эди. Ҳозирги кунда бу маскан ёнида Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилмоқда. Унинг ичида Усмон мусҳафи сақланадиган алоҳида катта музей ташкил этилади. Куни кеча Президентимиз туризм бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида юртимиздаги маданий мерос объектларини реставрация қилиш, алломаларимизнинг қадамжоларини зиёрат масканларига айлантириш, хориждан зиёратчиларни кенг жалб қилиш юзасидан кўрсатмалар берди. Бу ишлар юртимизда зиёрат туризми тарғиботини кучайтиришда муҳимдир. Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА Журналист 830

Олий маъҳадда “Қорилар мусобақаси-2020” кўрик-танлови бўлиб ўтди | Фотолавҳалар

Аллоҳ таоло каломи шарифида марҳамат қилиб айтганидек: وَفِي ذَلِكَ فَلْيَتَنَافَسِ الْمُتَنَافِسُونَ “…Бас, мусобақачилар шу (неъматлар) йўлида мусобақа қилсинлар!”[1]. Ҳадиси шарифда шундай дейилган: عَن عُثْمَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:خَيْرُ كُمْ مَنْ تَعَلَّمَ الْقُرْآنَوَعَلَّمَهُ. رَوَاهُ أًحْمَد وَأَصْحَابُ الْكُتُبِ السِّتَّةِ Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «Набий соллоллоҳу алайҳи ва салла дедилар: «Сизларнинг энг яхшингиз Қуръонни ўрганган ва ўргатганингиздир». Имом Аҳмад ва олти тўплам эгалари ривоят қилган. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 5 январь куни халқ депутатлар вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида: “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади…”[2], деб таъкидлаган. Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтимизда ҳам ҳар йили “Қорилар мусобақаси”ни ўтказиш анъанага айланган. Жорий 2020 йил 10 декабр куни институт талабалари ўртасида Таҳфизул Қуръон кафедраси ташаббуси билан Қуръони каримнинг “ҳифз” (яъни, Қуръонни тўлиқ ёд олганлар) ҳамда “тиловат” (яъни, Қуръонни тўғри, гўзал ва равон ўқувчилар) йўналишларида “Қорилар мусобақаси” ўтказилди. Мусобақани қуйидаги ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди: ТИИ “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири: Жаҳонгир қори Нематов, “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ўқитувчилари: Аҳмадхон қори Рашидов, Исломхон қори Убайдуллаев, Валихон қори Азимбоев, Абдулбосит қори Қобилов, Зафар қори Маҳмудов. Котиб ва ҳисобчи: Элёр қори Аҳматқулов. Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси Абдулбосит қори Қобулов тиловати билан мусобақа бошлаб берилди. Ҳакамлар ҳайъати азолари Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчилари- ўнгдан: Жаҳонгир қори Неъматов, Аҳмадхон қори Рашидов, Исломхон қори Убайдуллаев, Элёр қори Аҳмақдқулов. Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров кириш сўзи билан тадбирни очиб берди.   Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков иштирокчиларга муваффақият тилади. Аввал хабар берганимиздек, 2020 йил 9 ноябрь куни 4-курс талабаси Ҳикматуллоҳ Рўзалиев ва 3 декабрь куни 1-курс талабаси Ғофуржанов Аҳмадуллоҳ Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда 10 соат мобайнида тӯлиқ ёддан ўқиб берган эди. Мусобақага ташриф буюрган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков сўзга чиқиб, иштирокчи қориларга муваффақият тилаш асносида Ҳ. Рўзалиев ва А.Ғофуржановга фахрий ёрлиқ топширди. Келгусида ҳам мана шундай етук қорилар кўплаб чиқишига тилак билдирдилар. Мавзуга доир: Олий маъҳад талабаси Қуръони каримни ёддан 10 соат мобайнида тўлиқ ўқиб берди-Ҳ. Рўзалиев  Олий маъҳаднинг яна бир талабаси Қуръонни 10 соат мобайнида тўлиқ ёддан ўқиб берди-А.Ғофуржанов Ҳикматуллоҳ қори Рўзалиев Аҳмадуллоҳ қори Ғофуржанов Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси Жаҳонгир қори Рўзиев тадбирда бошловчилик қилди Иштирокчи қори талабалар Мусобақа ташкилотчилари раҳбари, Таҳфизул Қуръон кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов кўрик-танлов шартлари билан таништирмоқда Мусобақа якунига кўра қуйидаги талабалар ғолиб деб топилдилар: “Ҳифз” йўналишидаги ғолиблар: Биринчи ўрин: Нуриддинов Асадуллохон қори (4 курс), Проректор Умиджон домла Ходжаев тақдирлади. Иккинчи ўрин: Ҳомидов Муҳаммадюсуф қори (3 курс). Аҳмаджон қори Рашидов тақдирлади. Учинчи ўрин: Иззатуллаев Файзуллоҳ қори (4 курс). Абдулбосит қори Қобилов тақдирлади. “Тиловат” йўналишидаги ғолиблар: Биринчи ўрин: Ҳомидов Ҳикматуллоҳ қори (3 курс). Валихон қори Азимбоев тақдирлади Иккинчи ўрин: Кўпайсинов Жасур қори (3 курс). Исломхон домла Убайдуллаев тақдирлади. Учинчи ўрин: Жалолхонов Аббос қори (1 курс). Зафар қори Маҳмудов тақдирлади. Мусобақа сўнгида ғолиблар дипломлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Тадбир охирида юртимиз тинчлиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлигини сўраб дуойи хайр қилинди. Жаҳонгир Убайдуллоҳ, Тошкент ислом институти “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ўқитувчиси 994
1 229 230 231 232 233 276