Раҳбарга қарши чиққанлар куч қуввати бор мусулмонлардан иборат бир жамоат бўлиши керак. Агар улар аҳли зимма бўладиган бўлсалар, боғий эмас раҳбарга қарши чиққан ҳарбий (қурол кўтарган)лар ҳисобланади. Энди агар куч-қувватга ҳам эга бўлмай, уларнинг уруш қилишидан хавф қилинмаса, улар гарчи таъвиллари бор бўлса ҳам боғий ҳисобланмайди. Хато таъвил билан раҳбарни лавозимидан тушириб юбориш учун унга қарши чиққан бўлишлари керак. Агар таъвиллари ҳам бўлмай, раҳбарни бўшатишни ҳам талаб қилмай унга қарши чиққан бўлсалар, боғий эмас балки, йўлтўсарлар ҳисобланади. Иддоалари ноҳақ бўлиши керак. Агар ҳақ бўлса, (раҳбарни зулмидан қайтариш каби) бу ўринда улар боғий ҳисобланмайди. Балки, раҳбар зулмини тўхтатиши лозим. Борди-ю раҳбар уларга жабр қилмоқчи бўлса, одамларнинг раҳбарга ёрдам бериши жоиз эмас. Чунки, бунда зулмга ёрдамлашиш бор. Аммо, раҳбарга қарши чиққан тоифага ҳам ёрдам бермайди. Негаки, бунда фитнанинг ёйилиб кетиши хавфи бор. Зеро, Аллоҳ таоло фитнани уйғотганларни лаънатлайди. Раҳбар энг аввало, ўзига қарши чиққан боғийларни тўғри йўлга даъват қилиши, итоат қилишларини сўраши лозим бўлади. Зора, эслатма уларга фойда бериб қолса! Чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ояти каримада ислоҳни қитолдан олдинга қўйган. Хулоса қилиб айтганда раҳбар энг аввало жамиятни хавфсизлигини таъминлаши керак бўлади, зеро тинчлик энг муҳим нарсадир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади: “(Эй мўминлар), агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар дарҳол уларнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар!” Тошкент Ислом институти 4-курс талабаси Тожиддинов Нуруллоҳ 728
Халқаро конгрессдан лавҳа. Фото: Рустам Жабборов Россия фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институтида Ўзбекистонга оид нодир қўлёзмалар намойиш этилди Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида, асов Нева дарёси соҳилида Россия фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти жойлашган. Бу даргоҳда Ўзбекистондан келтирилган ёхуд ўзбек халқининг бой маданий меросига тааллуқли ўнлаб бебаҳо қўлёзмалар сақланади. Улардан бири милодий VIII асрда араб алифбосининг кўфий-ҳижозий хатида кўчирилган Қуръони карим нусхасидир. Қўлёзманинг бир нечта саҳифаси Ўзбекистонда, Қашқадарё вилоятида, Тошкент ва Бухоро шаҳарларида сақланмоқда. Қолган саҳифалар қаерда экани айни пайтгача номаълумлигича қолаётир. Маълумотларга кўра бу китоб бир пайтлар Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Катталангар қишлоғида, тасаввуфдаги ишқия тариқати шайхлари хонақоҳида сақланган. Шу боис ушбу қўлёзма илмий жамоатчилик орасида «Катта лангар Қуръони» номини олган. Китобнинг катта қисми – 81 саҳифаси қандай қилиб Россияга бориб қолгани ҳақида ҳам турли-туман тахминлар мавжуд. У Шарқ қўлёзмалари институтига ўтган асрнинг 30-йиллари охирида келтирилган. Кейинги йилларда бир қатор олимларнинг илмий изланишлари, замонавий текширувлар натижасида Ўзбекистон ва Россияда сақланаётган саҳифалар айнан битта қўлёзманинг таркибий қисмлари экани, улар чиндан ҳам бундан ўн уч аср муқаддам кўчирилгани аниқланди. Мутахассисларнинг фикрича, у Қуръони каримнинг ислом оламидаги энг қадимий ва мўътабар нусхаларидан бири ҳисобланади. 2017 йилда «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» лойиҳаси доирасида Европа технологиялари асосида «Катта Лангар Қуръони»нинг факсимиле нусхалари яратилди. Мазкур нусхалар ўтган вақт давомида мамлакатимиздаги бир қатор илмий ва диний муассасаларга тарқатилди. Ушбу нусхалардан бир нечтаси «Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл» иккинчи халқаро конгресси доирасида Санкт-Петербургга келтирилди. Улардан бири қўлёзманинг асл нусхаси сақланаётган Шарқ қўлёзмалари институтига совға қилинди. – Бир қарашда бу бироз ғалати туюлиши мумкин, — дейди лойиҳа раҳбари, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раиси Фирдавс Абдухолиқов. – Аввало бу ушбу нодир қўлёзмадан нусха олиш имконини берган институт раҳбариятидан миннатдорлигимиз ифодаси. Қолаверса, мазкур қўлёзмани тадқиқ қилмоқчи бўлган олим ва мутахассислар учун факсимиле нусхаси жуда қўл келади. Асл нусха эса институтнинг бебаҳо хазинаси сифатида дахлсизлигича қолиши лозим. Ўзбекистондан борган делегация аъзолари институтга Ўзбекистондаги маданий ёдгорликлар ва улардаги битиклар ҳақида ҳикоя қилувчи «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» китоб-альбомлар тўпламини ҳам туҳфа қилди. — Ўзбекистонга оид қўлёзмаларни ҳақиқий маънода институмизнинг фахри деб айта оламиз, – дейди Россия фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти директори Ирина Попова. – Ўзбекистон ҳукумати ва илмий жамоатчилигининг ўз халқи маданий меросини тадқиқ этишга қаратилган ташабус ва ҳаракатлари таҳсинга лойиқ. Бизнинг институтимиз эшиклари ўзбекистонлик меҳмонлар, тадқиқотчилар, олимлар учун ҳамиша очиқ. Сиз билан ҳамкорлик қилишдан ҳамиша мамнуният ҳиссини туямиз. Санкт-Петербургда ўтаётган «Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл» иккинчи халқаро конгресси доирасида мазкур илмий даргоҳда «Шарқ қўлёзмалари институтида Шарқ китобат санъатининг нодир дурдоналари» номли кўргазма ҳам ташкил этилди. Кўргазма иштирокчиларига «Катта Лангар Қуръони»нинг асл нусхаси саҳифалари, Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», Алишер Навоийнинг «Куллиёт»и, «Лисонут-тайр», «Вақфия» сингари асарлари, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон сингари шаҳарларимизда яратилган китобат санъатининг нодир намуналари намойиш этилди. Рустам Жабборов, Санкт-Петербург Манба: Xabar.uz 608
Аллоҳ таоло Рамазонни ойларнинг энг улуғ ва шарафлиси қилиб қўйган. Ойларнинг саййиди Рамазон, эзгулик ва хайр мавсуми, тоату ибодат сайлидир. У кўплаб фазилатларни ўз ичига қамраб олган. Жумладан, Исломнинг бош манбаи, инсониятнинг қиёматгача ҳаёт дастури бўлмиш Қуръони карим шу ойда нозил бўлган. Ушбу ойда бир фазилатли кеча борки, У кечанинг фазли ва барокати бемислдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримни Рамазон ойининг Қадр кечасида нозил қилган. Ушбу муборак кунлар муносабати билан жорий йилнинг 8 июн куни Тошкент Ислом институти талаба қизлари иштирокида “Қуръон нозил бўлган ой. Қадр кечаси фазилати” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда институтнинг 4-курс талабаси Саидаҳмедова Барно талаба қизларга Рамазон ойининг ҳар бир кунини ғанимат билиш, уни тоат-ибодат, кишиларга яхшилик қилиш, мурувватли бўлиш, хайрли ва савобли ишларни амалга ошириш, рўзадорларга ифторлик бериш каби солиҳ амаллар билан бирга, унинг охирги ўн кунлигида тоат-ибодат қилишга қаттиқ киришиш ҳам лозим бўлишини таъкидлади. Шунингдек устозлар ҳам Қадр кечасининг фазилатлари ҳақида қизиқарли маълумотларни айтишди. Тадбир манфаатли ва савол-жавобларга бой бўлди. Ахборот ва техник таъминот бўлими ходимаси Д.Каримова 720
“Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз!”.[1] Масжид муқаддас даргоҳдир. Зеро,Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифи Қурьонда шундай марҳамат қилади: “…У (масжид)ларда эртаю кеч Унга (Аллоҳга) тасбеҳ айтадиган кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан, намозни баркамол адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган кун (қиёмат)дан қўрқурлар”[2]. Дарҳақиқат, масжид динимизнинг энг катта рамзларидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга катта аҳамият берганлар. Жумладан, У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида биринчи қилган ишлари масжид бино қилишга киришганларидир. Чунки, масжид мусулмонларни бирлаштириш орқали бирдамлик, ҳамфикрлик ва иттифоққа чорлайди. Ниятнинг холислиги: Мусулмон киши уйидан масжидга йўл олаётган вақтида ибодатга сабаб бўладиган ҳар бир қадамига савоб битилишини ҳис қилиши, таҳоратни мукаммал қилиб, кийимларини энг яхшисини кийиши, намозда эса гўё Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилиши фазилатли амаллардандир. Зеро, намозхон намозда оламлар Роббиси Аллоҳ таолонинг ҳузурида бўлади. Аллоҳ таоло каломи шарифида шундай дейди: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир”[3]. Ёки Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”ларида ҳаммамизга машҳур бўлган 1-рақам остида ёзилган ва амалий жиҳатдан энг эьтиборли бўлган ҳадиси шарифда шундай дейилади: Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: “Амаллар ниятларга кўрадир. Ҳар бир кишига ният қилгани бўлур”. (Бухорий ривояти). Тозаликка риоя қилиш:Ҳақиқатдан ҳам, динимиз мукаммал одоблар сари етаклайди. Динимизнинг кўпчилик покликка эътибор қилмайдиган 14 аср аввал поклик ва беқиёс одобга тарғиб қилишлиги бунинг яққол мисолидир. Масжидга кирганимизда, хусусан намоз ўқиш мобайнида ёнимизда сал нохуш ҳидни ҳис қилсак таъбимиз бузилади. Натижада, намозда шарт бўлган хушуь ва хузуъга путур етади. Масжид одобларидан яна бири мисвоқ ишлатиш ва нохуш ҳидлардан холи ҳолатда киришдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар умматим учун машаққат деб билмаганимда эди, уларга ҳар намоздан олдин мисвак ишлатишни буюрган бўлардим”.[4] Жобир розияллоҳу анҳудан: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким пиёз, саримсоқ пиёз ва кўк пиёз еган бўлса, масжидимизга яқинлашмасин. Чунки, бани одам азият чекадиган нарсадан фаришталар ҳам азият чекурлар”[5]. Бундан ташқари, ҳозирда баъзи футболкалар ёки кўйлаклар тор ва калта кўринишда, ёки у либосларнинг устиларида дин-диёнатимизга ва миллийлигимизга тўғри келмайдиган ёзув ва суратлар туширилган. Хусусан, саждага борилганда белимиз очилиб қолиш ҳоллари кузатилмоқда. Ёки, ёз кунларида йигитлар масжидга калта шортикларда келишади. Ваҳоланки, намозда тоза ва авратни ёпадиган либос кийиш фарз, энг яхши ва гўзалини кийиш эса суннатдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй, Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. (Аммо) тақво либоси – бу, яхшироқдир. Бу(лар) Аллоҳнинг мўъжизаларидандир. Шояд (буни) эслаб кўрсалар!”.[6] Бошқа ояти каримада эса:“Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз!…”[7]. Пиёда бориш ёки кечки намознинг фазилати: Шу сабабли мусаффо динимизда масжид шаьни, иззати ва ҳурматидан келиб чиқиб, унга тегишли бир қанча фазилатли ва савобли амалларга тарғиб қилган. Масжидга пиёда бориш шулар жумласидандир. Абу Мусо Ашьарий розияллоҳу анҳудан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Инсонларнинг намоз борасида энг буюк ажрлилари унга узоқроқдан юриб келадиганлари ва янада узоқроқларидир…”[8]. Бу ҳадиси муборакда масжидга намозни адо этиш мақсадида узоқдан юриб келишнинг фазилати зикр қилинмоқда. Бошқа ҳадисда худди шу маьнони қувватлаб, масжидга уловда боришдан кўра пиёда боришнинг фазилати устун қўйилган ва мақталган. Бурайда Асламийдан ривоят қилинади: “Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зулматда масжидга борувчиларга қиёматдаги мукаммал нур хушхабарини беринг!”,...
Аллоҳ таоло Духон сурасининг 1-6- оятларида шундай марҳамат қилади: Аниқ Китоб (Қуръон) билан қасамёд этурманки, албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат, Биз огоҳлантирувчидирмиз. У (муборак кеча)да барча ҳикматли иш(лар) ажрим қилинур. (У ишлар) Бизнинг ҳузуримиздан бўлган ишлардир. Дарҳақиқат, Биз (пайғамбар) юборувчидирмиз. Бу Роббингиз (томони)дан раҳматдир. Албатта, Унинг ўзи Эшитувчи ва Билувчидир.[1] Имом Насафий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Жумҳур уламоларнинг сўзларига кўра, ояти каримадаги муборак кечадан мурод Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Биз уни (Қуръонни “Лавҳул-маҳфуз”дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик.”[2] Ва: “Рамазон ойи Қуръон нозил қилинган ойдир.”[3]Сўзларига биноан Қадр кечасидир.” Сўнгра айтадилар: Қуръони карим бир жумлада лавҳул маҳфуздан дунё осмонига Қадр кечасида нозил қилган. Сўнгра унга эҳтиёж тушганида Жаброил алайҳиссалом уни Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлинган ҳолатида олиб тушган. Баъзилар, Қуръони каримни бўлинган ҳолда нозил қилиниши бошланиши Қадр кечасида бўлган дейдилар. Муборак, унда тушадиган яхшилик ва барака ва дуонинг қабул бўлишидан иборат яхшилиги кўп маъносида. Агар бу кечанинг унда Қуръон бўлганидан бошқа фазилати бўлмаганида ҳам, баракотли эканлигига шунинг ўзи ҳам кифоя қиларди.[4] [1]Духон сураси 1-6-оятлар. Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти. [2]Қадр сураси 1-оят. Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти. [3]Бақара сураси 851-оят. Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти. [4]Имом Насафий. Тафсирун насафий 1109 б. Тошкент Ислом институти ўқитувчиси, Шайхонтоҳур тумани “Ислом нури” жоме масжиди имом хатиби А. Собиров 485