islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Iyun 2018

Month

Тошкент Ислом институти логотипи танлови ғолиблари аниқланди

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти янги логотипини ишлаб чиқиш бўйича танлов эълон қилинган эди. Танлов шартларига кўра логотип 3 тилга (ўзбек, араб инглиз) мослаштириши ва islom-instituti@umail.uz электрон почтасига жўнатилиши керак эди. 12 июнга қадар мазкур электрон манзилга 24 та график маълумотлар етиб келди. Институтнинг ўқитувчи ва ходимларидан иборат ҳайъат аъзолари – институт йўналиши, қадриятлари ва илмнинг аҳамиятини акс эттириши; – Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ номи логотипда тасвирланиши; – логотип ғоясининг теранлиги ва лўндалиги; – логотип босма ва нобосма материаллар, брендлаштирилган маҳсулот ва корпоратив совғаларига мослашувчанлиги; – логотип креативлиги асосида логотипларни баҳоладилар. Танлов якунларига кўра энг юқори баҳо олган учта логотип ғолиб деб топилди. Натижалар қуйидагича: 1-  ўринни Аброр Низомиддинов 2-  ўринни Жўрабек Ўринбоев 3-  ўринни Ниёзалиева Мунавварлар эгалладилар. Ғолиблар Рамазон ҳайитидан сўнг ташкилотчилар томонидан институтга таклиф этилади! Эслатма! Мазкур ишларни янада такомиллаштиришда ҳайъат аъзолари ғолиблардан намуналари устида ишлашни тавсия этади. 144

Анвар қори Турсуновнинг оила аъзоларига ва яқинларига Тошкент Ислом институти жамоасининг таъзияси

“Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” (Мужодала, 11). Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтадилар: “Олимларнинг даражаси илм олмаган мўминларнинг даражасидан етти юз даража юқоридир. Ҳар даражанинг ораси беш юз йиллик йўлга тенг.” Бугун юртимиз мусулмонлари мусибатга, оғир жудоликка учради. Кўп йиллардан бери нафақат юртимизнинг диний соҳадаги равнақи йўлида шунингдек қўшни халқлар илм-маърифати йўлида сермаҳсул хизматлари билан танилган муҳтарам устоз Анвар қори Турсунов фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар. Тошкент Ислом институти жамоаси Анвар қори Турсуновнинг оила аъзоларига, яқинларига чуқур таъзия изҳор этади. Аллоҳ таоло у кишининг қилиб ўтган яхши амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин. Қолдирган илмий мерослари, мавъизаи  ҳасаналаридан халқимиз кўп йиллар манфаатдор бўлишини муяссар айласин. Анвар қори Турсуновнинг охиратлари обод бўлсин. Тошкент Ислом институти жамоаси 221

Рамазон ҳайити арафасида Президент фармони билан 226 киши афв этилди

12 июнда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги Фармонни имзолади. Фармонга мувофиқ илк маротаба муборак Рамазон ҳайити муносабати билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 226 нафар фуқаро афв этилди. Афв этилган шахсларнинг 102 нафари жазодан тўлиқ озод қилинади, 71 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 39 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади, бошқача қилиб айтганда, 212 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинади. Шунингдек, 14 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади. Афв этилганларнинг 40 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 39 нафарини чет эл фуқаролари, 37 нафарини аёллар, шунингдек, 51 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади. Бу воқеа юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг, халқимизга хос бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатларнинг муборак Рамазон ойида янада юксак намоён бўлганлигининг амалий ифодасидир. Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди. Манба: Kun.uz 135

Муфтий Равиль ҳазрат Панчеев: Ўзбекистонда ислом маънавиятининг тарихий ҳақиқатлари қарор топмоқда

Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимига киришган илк кунлардан бошлаб, муқаддас ислом дини буюрган бағрикенглик, саховат, мурувват каби амалларга ҳамоҳанг тарзда ўзбек заминидан етишиб чиқиб, жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган машҳур алломалар меросига таянган ҳолда, бу юртда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини тарғиб этиш бўйича кенг кўламли ишларни олиб бормоқда. Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ўзгаришларни катта қизиқиш билан кузатиб боряпмиз. Бинобарин, қалби пок ниятларга йўғрилган кўпчилик инсонлар қатори Санкт-Петербург ва Россиянинг Шимоли-Ғарбий минтақаси мусулмонлари Диний бошқармаси жамоаси, унинг тимсолида шу ҳудудда ислом динига эътиқод қилувчи барча фуқаролар теран тафаккурга асосланиб олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда уларнинг самараларини юксак баҳолайди. XXI асрда инсоният терроризм деган манфур иллат билан тўқнаш келди. Мана шундай шароитда Ўзбекистон раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг юксак минбаридан туриб дин ниқоби остида амалга оширилаётган жиноий хатти-ҳаракатлар негизида жаҳолат, диний ва дунёвий саводсизлик ётганини қатъий таъкидлади. Жаҳолатга қарши эса фақат маърифат орқали курашиш самара келтириши мумкин. Шавкат Мирзиёев халқпарвар ҳамда тинчликсевар сиёсатчи сифатида ёш авлодни ана шундай ёт қарашлардан муҳофазалаш учун барчани ҳамкорликда ҳаракат қилишга чақирди. Унинг “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, деган фикрларини қатъий қўллаб-қувватлаймиз. Шу маънода, ислом динининг туб моҳиятини тушунтириш, ёшларни буюк алломаларнинг бой мероси билан таништириш, маърифатли ислом ғоясини кенг ёйиш мақсадида бевосита Президент ташаббуси билан Самарқандда Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази, Сурхондарёда Имом Термизий маркази, Тошкентда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил қилингани беқиёс аҳамият касб этади. Гўри Амир андозасидаги масжид Бизни бу кўҳна ҳамда мўътабар замин билан кўп муқаддас ришталар боғлаб туради. Хусусан, XIX аср охири — XX аср бошларида бизнинг Санкт-Петербургда биринчи ва энг кўҳна ҳамда катта собор масжиди барпо қилинган. Бу хайрли ишга Бухоро амири ҳам хайрия маблағи билан ҳисса қўшган экан. Яна бир эътиборли томони, шаҳримиздаги мазкур муқаддас маскан учун Самарқанддаги Гўри Амир мақбараси андоза қилиб олинган. Бу борада тақдим этилган 45 та лойиҳадан унга энг яқин келадигани танлаб олинган. Аммо ўтган асрнинг 50-йилларида мазкур масжид ҳудудининг бир қисми тураржой бинолари қуриш учун ажратилиши натижасида унинг майдони қисқариб қолган. Вақт ўтиб унинг қумдан қилинган минора гумбази муттасил совуқ об-ҳаво ва ёғингарчиликлар туфайли тўкилиб тушди. 1978 йилда эса трамвайнинг рельсдан чиқиб кетиб бинога урилиши оқибатида гумбазнинг маълум бир қисми қулаб, масжидни реставрация қилиш эҳтиёжи кун тартибига чиқди. 1970 — 1980 йилларда молиявий аҳвол мураккаб ҳолатда эди. Ҳар нарса вақти-соати билан деганларидек, отам (у киши ҳақида қуйида сўзлаб бераман) ана шу камчиликни бартараф этиш учун маблағ топа олган. Бу йўлда об-ҳаво шароитларига мос тушадиган гумбаз макети тайёрланиб, мутахассислар гуруҳи ташкил қилинган. Сопол пишириш учун техник чиннидан печлар тайёрланган. Унинг муқобили ҳозир ҳам дунёнинг ҳеч бир ерида учрамайди. Шу тариқа Гўри Амирнинг Санкт-Петербургдаги “эгизаги”га эътибор асло сусаймади. Шаҳар раҳбарияти, хусусан, губернатор Сергей Полтавченко томонидан масжид минтақавий даражадаги меъморий ёдгорликка айлантирилди. Бунинг учун бюджет маблағлари ҳам йўналтирилди. Ана шундай улуғ даргоҳ қурилишида ўз ҳиссасини қўшган, Гўри Амир мақбараси андозасидан фойдаланиш имконини берган ўзбек халқидан доим миннатдормиз. Етук инсонлар дуоси Ўзбекистон билан...

РАМАЗОН ҲАЙИТИНИ НИШОНЛАШ ТЎҒРИСИДА

Халқимиз маънавий ҳаёти, миллий қадрият ва анъаналаримизнинг ажралмас бир қисми бўлган, муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини яққол ифода этадиган Рамазон ҳайитини муносиб нишонлаш, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат ва шукроналик туйғуларини кучайтириш, ёшларимизда юксак инсоний фазилатларни камол топтириш мақсадида: 1. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 15 июнь жума кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 декабрдаги “2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги 5290-сонли Фармонига мувофиқ 2018 йил 15-17 июнь кунлари – Рамазон ҳайитининг биринчи уч куни байрам сифатида кенг нишонлансин. 2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ҳайитининг жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга оширсин. 3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин. 4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ Тошкент шаҳри, 2018 йил 11 июнь 231
1 4 5 6 7 8 18