islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Iyul 20, 2018

Day

Республика олий таълим муассасалар рейтинги аниқланди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан ҳамкорликда ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаси ҳамда QS, ARWU, TIME каби йирик рейтинг агентликлари услубларини ўрганган ҳолда илк маротаба юртимиздаги олий таълим муассасалари рейтинги аниқланди. Бу ҳақда edu.uz хабар бермоқда. Олий таълим муассасалари рейтинги 23 та индикатор асосида баҳоланди. Мазкур индикаторлар асосида шу йилнинг март-июнь ойларида 57 та олий таълим муассасалари фаолияти таҳлил қилинди ва тажриба-синов тариқасида уларнинг 2018 йил 1 январь ҳолатига рейтинги ишлаб чиқилди. Унга кўра кучли 10 талик олий таълим муассасалари: 1. Ўзбекистон миллий университети 2. Тошкент давлат шарқшунослик институти 3. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти 4.Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти 5. Самарқанд давлат университети 6. Тошкент тиббиёт академияси 7. Тошкент давлат стоматология институти 8. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети 9. Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институти 10. Тошкент ахборот технологиялари университети Рейтингда қуйи поғонани эгаллаган 10 та олий таълим муассасалари: 48. Наманган муҳандислик-технология институти 49. Навоий давлат педагогика институти 50. Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти 51. Қарши давлат университети 52. Жиззах политехника институти 53. Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти 54. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти 55. Миллий рассомчилик ва дизайн институти 56. Жиззах давлат педагогика институти 57. Қўқон давлат педагогика институти. 417

Мусулмонлар дунёга тақдим қилган ихтиролар: тиббиёт масканлари

Маҳоратли жарроҳ ортида турган бўлажак навқирон ва илмга ташна шифокорлар тасвири XXI аср учун янгилик ҳисобланмайди. Чунки бундан 800 йил олдин Ислом олами ўзининг тиббиёт билимгоҳларига эга эди. Бу билимгоҳлар талабалар учун бирламчи назарий ва амалий дарсларни ташкил қиларди. “من تطبب و لم يعلم منه طب قبل ذلك فهو ضامن”. (رواه البخاري و مسلم) “Кимки билимга эга бўлмай туриб, табиблик қилса, у киши (етказган зарарига) зоминдир”. (Бухорий ва Муслим ривояти) Ислом тиббиёт масканларида таълим жараёни ҳозирги кундаги каби талабалар билан индивидуал ҳолда олиб бориларди. Маърузалар шифохонанинг катта залида ташкил қилиниб, унда маърузачи минбардан туриб талабаларга дарс ўтган. Маъруза сўнгида бош шифокор ёки жарроҳ талабаларга савол берган ва ўз навбатида уларнинг саволларига ҳам жавоб берган. Мусулмон толиби илмлар замонасининг машҳур табибларидан таълим олишарди. Ислом оламида қоғоз саноати кенг тарқалгач, талабалар маърузаларни варақларга ёзиб борадиган бўлишди ва бу “талабанинг шахсий тиббий йўриқномаси” деб аталиб, ҳозирги кунгача сақланиб қолган. “Тиббиётни китобларсиз ўрганаётган киши денгизда харитасиз сузаётган кишига ўхшайди. Тиббиётни беморларсиз ўрганаётган киши эса, асло суза олмайди”. Уильям Ослер, канадалик шифокор (1849-1919) Таълимга қўшимча равишда талабалар ўзларининг олган билимларини амалий ўрганиш мақсадида шифохонанинг навбатчи шифокори ёки жарроҳига бириктирилар эди. Таълимнинг бундай жараёнига алоҳида эътибор бериларди. Чунки бу услуб илғор талабалар учун муҳим бўлиб, улар шифокор билан бемор ўртасидаги муносабатлари, беморга шифокор қўйган ташхис ва қўллаган муолажаларни ўрганиб боришарди. Ҳозирги кунда буни “pedagogical practice”, яъни “педагогик амалиёт” деб аташади. Дамашқдаги “Ан-Нури” шифохонаси юқорида айтиб ўтилган тиббиёт масканларидан бири эди. Унга XII асрда ҳукмронлик қилган Нуриддин ибн Занкий асос солган бўлиб, машҳур табиб Абул Мажд Боҳилий раҳбарлиги остида эди. Шу сабабли шифохона унинг номи билан аталган ва озиқ-овқатлар, турли дори-дармонлар билан таъминланган. Шифохонада махсус зал бўлиб, унда тиббиётга доир қимматли асарлар сақланган. “Ан-Нури” шифохонаси оламга машҳур бўлиб, унда табобат ҳаёти гуллаб яшнади ва равнақ топди. XIII аср бошларида, шифохонага Муҳаззибуддин Ад-Даҳвар номли табиб келди. Аввалига кам маош эвазига ишлаган табиб кейинчалик машҳур бўлди, довруғи атрофга таралди ва кўп бойлик топди. Натижада Дамашқда ўзининг тиббиёт таълим масканига эга бўлди. “Ан-Нури” таълим даргоҳида кўплаб машҳур табиблар дарс олишди. Улар баъзида султон Нуриддин ҳузурида тўпланишар, тиббиётга оид мавзулар тўғрисида баҳс қилишар, баъзида эса шифохона мудири Абул Мажд маърузаларини тинглашар эди. Бу маскандан етишиб чиққан машҳур мусулмон табиблардан бири Ибн Абу Усайбиадир. У XIII асрда яшаб ўтган ва ўзининг табиблар табақаси тўғрисида “Уйувнул анбаи фи тобақотил атиббаи” (“Табиблар табақаси тўғрисида хабарлар чашмаси”)  номли машҳур асарини таълиф қилган. Бу асар ислом табобати тарихи тўғрисида муҳим манба ҳисобланади. Улардан яна бири Ибн Нафис бўлиб, у табобат оламида кичиқ қон томири кашфиётчисидир. Олимнинг бу кашфиёти кейинчалик инсон физиологияси тушунчасига янги қадам вазифасини ўтади. Манчестер Университети профессори Доктор Салим Ҳассанининг “Muslim heritage in our world” китоби асосида тайёрланди. Инглиз тилидан Халилуллоҳ Юсуф таржимаси Манба 448

Афу ва мағфират

Араб тилида гуноҳни кечириш маъносида қўлланиладиган “аъфу” ва “мағфират” сўзлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бир қанча ўринларда келган. Бу икки сўз ўзбек тилида бир сўз билан “кечириш” маъносини англатсада, араб тилининг ўзида икки ҳил фарқли мазмунни ифода қилади. Мағфират сўзи араб тилида “غَفَرَ” феъли маъносида бўлиб, “кечириш”, “яшириш” ва “беркитиш” маъноларини билдиради. “Аъфу” эса, “عَفا” феъли маъносида бўлиб, бу ҳам “кечириш” ҳамда “жазони бекор қилиш” маъноларини англатади. Қўлланишида бир-бирига яқин бўлсада, “аъфу” “мағфират”дан кўра кучлироқ мазмунни ифода этади. Мағфират гуноҳни кечириш бўлса, афу уни кечириш билан бирга банданинг гуноҳ  амаллари қаторидан ҳам ўчириб, йўқ қилиш ва бошқаларнинг эсидан ҳам чиқаришдир. Яни, Аллоҳ таоло банданинг гуноҳларини афу қилиши Қиёмат кунида бандага бу гуноҳ эслатилмаслиги ва амаллар рўйхатидан ҳам олиб ташланишини англатади. Мағфират эса ундай эмас. Яни, ҳисоб кунида ўша гуноҳ банданинг ёдида бўлади, унга эслатилади, маломат қилинади, аммо бошқалардан беркитилади ва унга ўша иши учун жазо берилмайди. Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Оиша розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдам қадрни топсам нима айтишим керак деганларида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Аллоҳим, сен афу ва карим (сифатига эга зот)сан, афуни яхши кўрасан, мени афу этгин”. Ушбу ҳадоси шарифда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуолар қабул бўладиган Қадр кечасида афуни сўрашни тавсия қиляптилар. Шундан ҳам афунинг қанчалик биз гуноҳкор бандалар учун зарурлигини билишимиз мумкин. Аллоҳ таолонинг бандаларини афу этиши бизга  бўлган Ўзининг катта неъматларидандир. Рамазон ойида, хусусан Қадр кечаси топиладиган ушбу охирги ўн кунликда Аллоҳ таоло Ўзининг Афу сифати билан барчаларимизнинг гуноҳларимизни афу этишини сўраймиз. Ш.Чўлпонов ТИИ ўқитувчиси Манба: Muslim.uz 478