islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Avgust 2018

Month

Қуръони каримда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфлари

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни набийларнинг имоми, расулларнинг хотами қилиб, бутун оламларга раҳмат ўлароқ юборди. Уларни бошқа пайғамбарлардан ажралиб турадиган сифатлар билан сифатлади. Каломи шарифда у зотнинг даражалари ва қадрларининг улуғлигига ишора қилувчи оятлар кўп. Қуйида улардан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз: 1. Аллоҳ таоло барча пайғамбарлардан агар улар ҳаётлик вақтларида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам юборилса, улар у зотга иймон келтиришлари, эргашишлари ва ёрдам беришлари ҳақида аҳд олган эди: “Эсланг (эй аҳли китоб), Аллоҳ барча пайғамбарлардан: “Мен сизларга қандай Китоб ва Ҳикмат бермайин, кейин сизларнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ этувчи бир пайғамбар (яъни Муҳаммад алайҳиссалом) келгач, албатта унга иймон келтирурсиз ва ёрдам берурсиз”, деб аҳд-паймон олгач, уларга: “Мана шу аҳд-паймонимни иқрор бўлиб қабул қилдингизларми?” деди. У пайғамбарлар: “Иқрормиз”, деб жавоб қилишгач, Аллоҳ айтди: “Гувоҳ бўлингиз! Мен ҳам сизлар билан гувоҳ бўлгувчиларданман”. (Оли Имрон, 81-оят) 2. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг бандаларга қилган марҳаматидир. Чунки улар у зот орқали ҳидоят топдилар. Аллоҳ таоло пайғамбарларда мавжуд бўлган барча яхшиликларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда жамлади. Оли Имрон сурасининг 164-оятида шундай дейилади: “Албатта Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (гуноҳларидан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яхшилик қилди. Зеро улар илгари очиқ хато — залолатда эдилар”. 3. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зикрларини азон, ташаҳҳуд, хутба каби баъзи ибодатларда юқори кўтарди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ва Биз сизнинг зикрингизни (яъни мартабангизни) баланд қилиб қўйдик”. (Шарҳ, 4-оят) 4. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларнинг аввалгиси, набийларнинг охиргисидир. Аллоҳ таоло айтади: “Айтинг: (Эй Муҳаммад): “Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир”. (Анъом,162-оят) “Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ барча нарсани билгувчи бўлган зотдир”. (Аҳзоб, 40-оят) Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ бу борада айтадиларки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин набий йўқлигига бу оят далилдир. У зотдан сўнг набий йўқми, демак улардан кейин ҳеч қандай расул ҳам бўлмайди. 5. Аллоҳ таоло кўп оятларда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишни Ўзига итоат қилиш билан бирга келтирди: “Айтинг: “Аллоҳ ва пайғамбарга итоат қилингиз!” Агар юз ўгирсалар, бас, албатта Аллоҳ (бундай) динсизларни севмас”. (Оли Имрон, 32-оят) “Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди. Кимки юз ўгирса (бунинг сизга зарари йўқдир)”. (Нисо, 80-оят) 6. Расул алайҳиссаломга эргашиш Аллоҳнинг муҳаббатига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Айтинг (эй Муҳаммад): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир”. (Оли Имрон, 31-оят) 7. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлар орасида бўлишлари улар учун ҳалокатдан омонликдир. Бу ҳақда Анфол сурасининг 33-оятида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Модомики, сиз уларнинг ораларида экансиз, Аллоҳ уларни ҳаргиз азобламас ва улар мағфират сўраб турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азоблагувчи эмасдир!” 8. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари фақат бир қавмгагина хос эмас, балки бутун инсоният учун умумийдир. Аллоҳ таоло дейди: “Оламлар (инсонлар ва жинлар)га огоҳлантирувчи бўлиши учун Ўз бандаси (Муҳаммад)га Фурқон (Қуръон)ни нозил этган зот баракотли (буюк)дир”. (Фурқон,1-оят) 9. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аввалги-ю кейинги барча гуноҳларини мағфират қилди. Фатҳ сурасининг 1-3-оятларида шундай дейилади: “(Эй Муҳаммад), токи Аллоҳ сизнинг гуноҳингиздан илгари ўтган ва кейин кел(ади)ган нарсалар (барча гунохларингиз)ни мағфират қилиши учун ва сизга Ўз неъматини комил қилиб бериб, сизни Тўғри йўлга ҳидоят қилиши учун ҳамда Аллоҳ сизга қудратли Ёрдам бериши учун дарҳақиқат Биз сизга очиқ-равшан фатҳ-ғалаба ато этдик”. 10. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бошқа пайғамбарлар каби исми билан хитоб қилмади, балки у зотнинг набийлик ва расуллик сифатлари билан хитоб қилди. 11. Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари билан қасам ичди. Бу эса у зотдан бошқа пайғамбарларда бўлмаган:...

Нозик ҳилқат зийнати

Эсимни танибманки, негадир акаларим орасида катта бўлганим учунми, доим ўғил болаларга ўхшашга интилаверардим. Тегмаганга тош отар, кимнидир хафа қилиб юрар эдим. Қизларга ўхшаб қўғирчоқ ўйнашни эса умуман ёқтирмасдим. Уларни ўйинчоқларини ҳам олиб қўяр, роса ялинтириб мириқиб кулардим. Ўзим эса акаларимнинг ўйинларини мазза қилиб ўйнардим. Буни оқибатида болаларнинг ота-оналари уйимизга шикоят қилиб келаверишарди, келаверишарди. Бувижоним эса гоҳ койиб, гоҳ куйиниб: “Боламгинам, бу ишинг яхши бўлмабди, қиз бола дегани ҳадеб шўхлик қилавериши ярашмайди. Ахир акаларинг ўғил бола бўлса. Сен одоб-ахлоқда, юриш-туришда улардан ажралиб туришинг, ҳаёли, иболи бўлишинг керак. Дуч келган гапни гапиравериш, тўғри келган ишни қилавериш, хўш қизларга ярашармиди?!”, сингари гапларни айтиб насиҳат қилардилар. Ёш бўлганим учунми бу гаплар бир қулоғимдан кирса, бирисидан чиқар, яна шўхлик қилиб чарчамасдим. Лекин ҳамма нарса ҳам вақтинча экан. Инсон улғая бошлагач оқу қорани, эгри билан тўғрини фарқлай бошларкан. Ёшликдаги шўхликлар ўз-ўзидан босилиб, уларнинг ўрнини ҳаё, камтарлик, вазминлик эгаллай бошларкан. Мен ҳам ёшимга ёш қўшилиб, улғайганим сайин ақлимни таний бошладим. Энди кўчада менсиз ўйналмайдиган ўйинлар қизиқтирмасди. Бувимнинг ёнларидан эса сира кетгим келмас, дилтортар суҳбатларини эшитиб тўймасдим. Уй-рўзғор ишларини эринмай кўрсатиб берар, ҳаётда қиз боланинг вазифаларини, аввало у содиқ рафиқа, меҳрибон она бўлишини уқтириб борардилар. Илгарилари бу қулоғимдан кириб, у ёғидан чиққан сўзлар энди бутунлай қалбимга муҳрланиб борарди. Бир куни сўрида кўрпа қавиб ўтирар эканлар, ёнларига чақирдилар. Қарасам кўзлари ёшланибди. Бирор оғиз сўз айтишга ботинолмай туриб қолдим. Кейин ўзлари гап бошладилар: “Болажоним, қарагин, манави кўрпаларни сенга атаб тикяпман. Қиз бола палахмон тоши, қаерга отса шу ерга тушади, дейишади. Бир қиз бола учун керак бўладиган сепларни йиғиб қўйдик аянг билан. Лекин она қизим, шуни яхшилаб билиб олишинг керак. Қизлар сепининг кўп-камлиги, анжомларининг қимматбаҳолиги, тақинчоқларининг асллиги билан қадрланмайдилар. Аксинча, одоб-ахлоқи, чиройли тарбияси, ширинсуханлиги, сабрли-тоқатли, итоатли бўлиши ила ҳурматланади, эъзозланади. Келинлик катта бир маъсулият ҳам шарафдир. Шу билан бирга унинг одоблари ҳам бор. Аёл киши аввало қаноатли ва  хушфеъл бўлади. Хожаси нима олиб келса мамнуният билан қабул қилади. Айтилган ишларда итоатли бўлади. Ҳаттоки сўзларига диққат билан қулоқ тутади. Рўзғорнинг тинч бўлишида озодалик энг муҳим иш бўлгани учун, яхши аёллар ҳамма ерни саранжом-саришта қилиб қўядилар. Ҳам ўзларининг, ҳам хожаларининг либосларини тоза тутадилар. Ёмон ҳидлар димоғни эмас, балки дилни ҳам хира қилади. Уддабурон бекаларнинг лаззатли овқатлари доим бир вақтда пишади, дастурхонлари ёзиғлик туради. Сабаби, очлик ва толиқиш инсонни ғазабини тез келтиради. Рўзғор ашёлари, уйдаги маҳсулотларни ишлатишда тежамкор ва эҳтиёткор бўлади. Эрнинг мол-дунёсини исроф қилмаслик ишни кўзини билиш ва уни қадрлашнинг белгиси демакдир. Бундан ташқари аёл киши эрининг яқинлари, қариндош-уруғларига чиройли ҳурмат кўрсатади. Уларни асло ёмонламайди. Аёллар орасида эшитган ҳар қандай сўзни айтиб дилини ғаш қилмайди. Шу билан бирга эрининг сир-асрорларини ҳеч кимга фош қилмайди. Уйнинг гапини кўчага олиб чиқмайди. Бу билан унинг ишончини йўқотасан. У хафа бўлса, хурсанд бўлиб, хурсандлигида хафа бўлиб юриш фаҳмсиз ва тарбияси бузуқ одамларнинг ишидир. Унга ёқмайдиган не иш борки, уларни тарк қилади.” Бувим гапларини тугатар эканлар, “уқиб олдингми?” дегандай бир қараб қўйдилар. Мен эса кўзларимни ердан ололмас, индамай ўтирардим… Мана орадан неча йиллар ўтди, бугун бувим ҳаётда йўқлар, аммо ўзларининг насиҳатлари билан ҳамон мен билан яшаётгандай бўлаверадилар. Бувимнинг ўгитлари ҳамон қулоқларим остида жаранглаб туради. 349

Қуръони каримни ёдлашга оид тавсиялар

Ёдланмоқчи бўлган саҳифа юзидан тез суратда ўқилади; Оятларни ҳар бирини ёддан ўқиш (хатога йўл қўймасдан); Оятларни кетма-кет ёддан ўқиганда оятнинг илк калимасига ёки илк ҳарфларига назар ташлаб ўқиш (ҳар бир оятни пишиқ ёдламоқ); Оятларни кетма-кетликда қарамай ёддан айтиш; Баъзи оят ёки оятдаги калималарнинг бошқа бетларда ўхшашлиги туфайли маъноларига диққат қилиб, хотирага таниш бўлган тартибда ёдлаш. Маъноларига тушунмасдан ёдлаш қийин бир ишдир; Ёдлаш учун алоҳида бир мусҳаф танланади ва ёдланган бетни устозга топшираётганда ўша мусҳафдан текширилади, ёдловчи адашган жойларида қора қалам билан секин чизиб қўйилади, бу ёдлаётган шахснинг адашиб кетмаслиги ва кейинги сафар ўша бетни такрорлаётганда ўша жойга яхшилаб эътиборини тортиш учундир; Ёдлашни илк жузнинг бош ёки охирги саҳифасидан бошлаб, шу тарзда иккинчи, учинчи,…. ўттизинчи жузнинг бош ёки охирги бетларидан бошлаб ёдланади. Сўнгра яна биринчи жузга қайтиб шу тарзда ёдланган саҳифадан кейингиси ёки олдингиси ёдланади. Бу тарзда ёдланганда олдинги айланишдаги ёдланган бетлар қайта такрорланиб , янгиси билан қўшиб топширилади; Ёдлашни мутлақо ҳар кун давомли шаклда бўлиши, орада ҳеч узилиш бўлмаслиги шарт; Ёдлаш учун куннинг ичидан маълум бир вақтни тайин қилиниши. Бундан ташқари ҳамма вақт имкон бўлганда ёдлаш керак; Ёдлашни ҳар жойда қилиш мумкин, уйда, ишда, транспортда, намоз вақтларида, дарслар орасида (танаффус пайтида), йўлда ва мумкин бўлган бошқа жойларда ёдлаш мумкин, алоҳида бир жой қидириш шарт эмас, иложи борича кечиктирмаслик; Ёдланган бетларни намозларда зам сура сифатида ўқиш; Ёдлашдан олдин дуо қилиш. 176

Дўстлик ҳақида

Барча инсонлар ҳам суҳбатлашиш ва дўст бўлишга муносиб бўлавермайди. Сиз шундай киши билан дўст ва ҳамсуҳбат бўлингки, унда уч хислат бўлсин: Биринчиси, ақлли бўлсин. Аҳмоқ ва унинг суҳбатидан фойда йўқ. Аксинча, охири бу кишига ҳам аҳмоқлиги таъсир қилади. Аҳмоқ шундай кишики, сенга яхшилик қилмоқни хохлар, аммо сенга зиён бўладурғон ишни қилади. Аҳмоқ шундай кишики, яхши-ёмонни, тўғри-нотўғрини фарқлашга фаросати етмас. Унга яхшилик қилсанг, фаҳм қилмас. Иккинчиси, хуш феъллик ва чиройли муомаладир. Бунинг тескариси шуки, ким ёмон хулқни тарк этмаса, вақти келиб ёмон одати, бадхулқлиги тутиб қолса, ҳақиқатни ва барча яхши хислатларни зое қилишдан уялмас. Учинчи хислат, салоҳдир. Гуноҳ ва маъсиятга рағбати бор одам Худои Таолодан қўрқмайди ва андиша қилмайди. Ким Худои Таолодан қўрқмаса, анга эътиқод қилиб бўлмас. Ҳазрат Жаъфар Содиқ (р.а) айтадилар: “Беш тоифа кишининг суҳбатидан йироқ бўлғил ва ҳазар қилғил: – ёлғончики, уни ёлғонига алданиб, мағрур бўлурсан; – аҳмоқки, сенга манфаат етказаман деб зиён етказур; – бахил киши сенга манфаат етар вақтда андан қочар; – тангдил (юраги тор) одам мухтожлик вақтида узоқлашар; – фосиқки, сени бир луқмага сотар”. Билгинки, бу хислатларнинг ҳаммаси бир кишида бўлмоғи камдур. Лекин бирон киши билан чин дўст, улфат бўлмоқни хохласанг, хушфеъл яъни, инсонга ёқимли, хуштабиат, хуш хулқ кишини танла. Дўстликка шундай кишини танлагинки, дин ишида уни сенга фойдаси тегсин ва сен унга фойда келтиргин. Суҳбат ва дўстлик ҳуқуқини билгинки, айтадиларки, икки дўстнинг мисоли, икки қўлга ўхшашдур, бир-бирини ювиб пок қилур. 1 710

Етимлардан меҳрингизни аяманг

Мактабдан болалар чиққанларида баъзилари оталарининг бағрига чопадилар, баъзилари оналарининг бағрига чопадилар, лекин ораларида шундай болалар борки, кимнинг бағрига чопишни билмайдилар. Шунда улар атрофга маюс боқадилар. Уларни чақирадиган, ўз бағрига оладиган ҳеч кимни топа олмайдилар. Ва ҳатто қайрилиб меҳр кўзи билан қарайдиган кўзни топа олмайдилар. Шу чоғ уларнинг кўзлари ва юраклари ғам-андуҳга тўлади. Қачонки қуёш ботиб, тун зулмати кириб келганида, улар ўзларини етимлигини, ёлғизлигини аччиқ дард-алам билан ҳис қиладилар. Уларни оналари йўқки, уларга тунда эртак айтадиган, оталари йўқки, уларга ишдан қайтаётганда ширинлик ва совға-салом олиб келадиган. Байрамлар келганида эса, ота-онаси бор болаларнинг юзида табассум бўлади ва ранг-баранг чиройли кийиниб олишган бўлиб, байрамни мана шундай хурсандчилик билан ўтказадилар. Лекин етимлар учун ҳамма нарса бегонадек ҳатто байрамлар ҳам татимайди. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, баён қиладиларки: ”Ўз етимини ёки бегонанинг етимини кафолатига олган киши мен билан жаннатда мана бундоқ туради” деб икки бармоқларини кўрсатганлари бизга собит бўлди“. Ҳадисда “ўз етимини” дейилишидан бева қолган онанинг отасиз қолган ўз етим боласини қарамоғига олиши назарда тутилган. Етимнинг риоясини қилиш, унга кафил бўлиш, боқиш, таъминлаш кишини жаннатда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишдек буюк бахтга муяссар қиладиган улуғ бир амаллардандир. Ким жаннатда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшни бўлишни хоҳласа, етимларга меҳрибон бўлсинлар, уларга ширин сўз айтсинлар ва уларга меҳр тўла қалби билан кулиб қарасинлар, отаси ўрнига ота бўлсинлар, онаси ўрнига она бўлсинлар. Ва шу билан бирга унинг маюс кўзларидан оққан кўз ёшларини артиб қўйсинлар. Ва шунингдек бу ишлари билан ўзини дўзах ўтидан сақласинлар. Саҳобаларнинг бирлари айтиб бердилар: “Бир куни бир инсон  Росулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қалбининг қаттиқлигидан шикоят қилиб келдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга етимни бошини сила у билан сенинг молинг камайиб қолмайди, оғир меҳнат ҳам талаб қилмайди. Етимни бошини силасанг, қалбингдаги моғор босган қалин чангни қалбингдан тозалайсан. Сенинг қалбинг қадрлироқ ва қийматлироқ бўлиши учун етимни бошини сила ва ўзинг ҳам амин бўласанки, шу етимнинг беғубор кўзларидан кўра чиройлироқ нарсани кўрмайсан. Исломда етимпарварликка алоҳида эътибор берилганини ушбу саноқли ҳадислардан ҳам билиб олиш қийин эмас. Мусулмон уммати ўз тарихи давомида етимлар риоясини қойил қилиб келгани ҳаммага маълум. Бунга жаҳон урушидан кейинги даврда халқимиз кўрсатган етимпарварликни мисол қилсак бўлади. Етимлар исломдаги каби ўзларига олижаноб муомалани кўрмаганлар. Ҳозирги кунларда ҳам Ислом оламининг турли тарафларида етимларнинг боши етарли даражада силаниб келмоқда. Ҳар бир мўмин-мусулмон кимса етимларнинг ҳаққини унутмаслиги лозим. Аста-секин бўлса ҳам, етимпарварликни аждодларимиз амалга оширганлари каби савияга олиб чиқишимиз керак. Етимни қарамоғига олиш учун, албатта, фарзандсиз бўлиш шарт эмас. Балки, ўз болалари бор кишилар етимларни оилага қабул қилсалар ва ўз фарзандлари қатори уларнинг бошини силасалар, уларга ҳам ўз фарзандлар каби меҳр кўрсатсалар жуда яхши бўлади. Тошкент Ислом институти битирувчиси Ахмаджонова Хамида 152
1 2 3 5