islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Sentabr 26, 2018

Day

Иброҳим Адҳам насиҳатлари

Бир киши Ислом оламининг забардаст уламоларидан, авлиё инсонлардан ҳисобланган Иброҳим Адҳамнинг олдига келиб: “Эй Абу Исҳоқ, нафсим гуноҳ-маъсиятларга ботиб кетди, сизда гуноҳ-маъсиятлардан қайтарадиган бирор нарса борми?” – деди. Иброҳим Адҳам: “Агар айтадиган насиҳатларимни тинглаб, уларга риоя қила олсанг, сенга бирорта ҳам гуноҳ зарар бермайди”, – деб жавоб берди. Ҳалиги киши: “Уларни айта қолинг, эй Абу Исҳоқ”, – деди. Иброҳим Адҳам бешта хислатни санади: 1.Аллоҳ таолога исён қилмоқчи бўлсанг, Унинг берган ризқини емагин! Ҳалиги киши: “Унда қаердан ейман, ахир ердаги барча нарса Унинг берган ризқи бўлса!” – деди. Иброҳим Адҳам: “Ундай бўлса, У берган ризқни еб туриб, яна Унга исён қилишни ўзингга эп кўрасанми?!”. Ҳалиги киши: “Йўқ, албатта, иккинчисини айта қолинг”, – деди. 2. Аллоҳ таолога исён қилмоқчи бўлсанг, Унинг ерида турмагин! Ҳалиги киши: “Эй Иброҳим, бу биринчисидан ҳам даҳшатлироқ-ку. Машриқ ҳам, мағриб ҳам уларнинг орасида нима бўлса ҳаммаси Унинг мулки-ку, Уники бўлмаган қаерда тураман?”. Иброҳим Адҳам: “Эй инсон, У берган ризқни есанг, Унинг ерида яшасанг, яна Унга исён қилсанг, шуни ўзингга эп кўрасанми?!”. Ҳалиги киши: “Йўқ, асло эп кўрмайман, учинчисини айтақолинг”, – деди. 3. Аллоҳ таолога исён қилмоқчи бўлсанг, У сени кўрмайдиган бир жойни топ-да, исёнингни ўша ерда қил! Ҳалиги киши: “Ҳой Иброҳим, бу нима деган гап? У зот барча сирлардан хабардор бўлса, қалбдан кечаётган нарсаларни ҳам билиб турса, бирор нарса ҳам Унга махфий бўлмаса?!”. Иброҳим Адҳам: “Ҳой одам, Унинг берган ризқини есанг, У берган маконда яшаб туриб, Унинг сени кўриб, барча сирларингдан хабардор эканини била туриб, яна Унга исён қилишни ўзингга эп кўрасанми?”. Ҳалиги киши: “Йўқ, асло эп кўрмайман, тўртинчисини айтақолинг” , – деди. 4.  Агар ўлим фариштаси руҳингни олиш учун келса, унга: “Тўхтаб тургин, тавба қилиб олай”, – дегин. Ҳалиги киши: “У буни қабул қилмайди-ку”, – деди. Иброҳим Адҳам: “Агар тавба қилиб олишинг учун ўлимни ўзингдан қайтариб тура олмасанг, жон топшириш пайти етса, унинг асло ортга сурилмаслигини билсанг, қандай қилиб халос бўлиш ҳақида умид қиласан?!”. Ҳалиги киши: “Бўлди, бешинчисини ҳам айтинг” , – деди. 5. Қиёмат кунида Забониялар (дўзахга кирганларни азоблашга тайин қилинган фаришталар) сени дўзахга олиб кетишга келсалар, улар билан бирга бормагин. Ҳалиги киши: “Улар бунга қараб ўтирмайдилар-ку”, – деди Иброҳим Адҳам: “Ундай бўлса, нажот топишдан қандай умидвор бўлаяпсан?!” , – деди. Ҳалиги киши: “Эй Иброҳим, бўлди, етарли бўлди, мен Аллоҳга истиғфор айтаман ва Унга тавба қиламан”, – деб чиқиб кетди. Аллоҳ таоло динимиз ҳукмларини содда услубларда етказиб, омма халққа ғамхўрлик кўрсатиб ўтган барча уламоларнинг ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин. Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилалари ва саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин. “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 239

Устозларга эҳтиром

Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила Ҳазрат Навоийнинг бу сўзларида ҳеч қандай муболаға йўқ. Дарҳақиқат, устозларимизнинг ҳақлари беқиёс. Улар маънавият боғининг боғбонларидирлар. Биз уларни қанча кўп улуғласак, эъзозласак шунча оз. Ислом динининг таълимга берган аҳамиятидан таълим ходимлари бўлмиш устозларни муаллимларни улуғлаш ва уларга бўлган ҳурмат ва эҳтиром юзага келган. Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару эрнинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ хам одамларга яхшиликни ўргатувчига саловот айтадилар.” дедилар. Ҳаммамизнинг у ёки бу соҳада устозимиз бор. Бировимиз бир устоздан касб-ҳунар ўрганганмиз. Бошқамизга мактаб ва олий ўқув юртларида бир неча устозлар турли илмлардан сабоқ беришган. Инсон ким бўлишидан қатъий назар қайси соҳа вакили бўлмасин билим олиш учун устозга муҳтож. Пайғамбарлардан бошқа ҳамма инсонлар илм ҳосил қилиш учун муаллим остонасини ўпган. Ўрни келганда шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, устоз деганда фақатгина диний билимларни таълим берган кишиларни эмас, балки, ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилишини ҳам унутмаслигимиз лозим. Чунки динимиз исломда илмлар диний­дунёвийга ажратилмайди. Балки, фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм исломда ардоқланади. Устозларнинг меҳнатини, шогирдларига илмни тушунтириб етказишдаги заҳмати, бу йўлда чеккан беҳисоб машаққатини таърифлашга сўз етмайди. Шунинг учун олимларга эҳтиром кўрсатишга, уларнинг иззатини жойига қўйишга, хизматларини адо этишга бурчлимиз. Улуғ муҳаддис, ҳофиз Шайх Айдарус ибн Умар ал­-Ҳазрамий ўзининг “Уқудул лаал фи асанидир рижал” номли китобида шундай дейдилар: “Машойихларимиз айтар эдилар: “Кимга Аллоҳ таоло устозлардан таълим олиш неъматини насиб этса, унга уларни доимо ёдда тутиш, уларнинг фазилатларини ва фойдаларини оммага етказиш, ҳақларига дуо қилиш, Аллоҳдан улар учун розилик сўраш каби ишлар билан шукр бажо келтириш лозим бўлади. Бу – шогирд зиммасидаги энг муҳим вазифалардандир. Зотан, устоз унга отаси бергандан кўра афзалроқ бўлган абадий саодатга етказувчи нарсани тақдим этгандир. Бинобарин, устознинг ҳурмати отанинг ҳурмати каби. Шу боис ҳар бир толибдан устозини ва унга тааллуқли барча нарсаларни эҳтиром қилиши, улуғлаши ва унга нисбатан уламоларимиз баён қилган одоблар билан муносабатда бўлиши талаб қилинади”. Муваффақ Хоразмийнинг “Имом Абу Ҳанифа маноқиблари” номли китобида келтирилади: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: “Мен устозим Ҳаммоднинг ҳурматидан унинг уйи томонга ҳеч ҳам оёғимни узатмадим. Унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан буён қачон намоз ўқисам, албатта, отам билан унинг ҳаққига истиғфор айтаман. Зотан мен доимо менга таълим берган ёки бирор нарса ўргатган киши учун истиғфор айтаман”, деган эканлар. Ислом тарихи олтин саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилган бу сатрлар афсона эмас, балки айни воқеий ҳақиқатдир. Шу билан бирга бу айтганларимиз уммондан бир қатра, холос. Ховос тумани “Ҳуснобод”  жомеъ масжиди имом хатиби, Тошкент Ислом институти 2-курс талабаси Б.Носиров  209

Аллоҳнинг муҳаббатга эришмоқ учун…

Инсон ҳаётида эришиши мумкин бўлган энг катта муваффақияти ҳамда энг буюк бойлиги Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлишдир. Бу буюк муҳаббатга лойиқ бўлиш йўллари Қуръони каримда муфассал баён этилган. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал шариатни нозил қилиб, Расулуллоҳ алайҳиссалом буюрган нарсани қилишга, қайтарганидан қайтишга амр этди. Агар банда шундай қилса, албатта, Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлишини баён этди. Бунинг ёрқин ифодаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суннатларида намоён бўлади. “Суннат” луғатда “йўл” деган маънони англатади. Шариатда эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган буйруқлар ва қайтариқларга эргашиш бўлиб, бу шариатдаги вожиб буйруқларни, мустаҳаб буйруқларни ҳамда қайтариқларнинг барчасини қамраб олади. Муҳаддис уламолар суннатга қуйидагича таъриф берадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган гап, иш, тақрир (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида саҳобалар томонидан қилинган бирор ишга эътироз билдирмасликлари), холқий ва хулқий сифатлардан иборат барча нарсадир”. Суннатни маҳкам ушлашда бир неча фойдалар бор. Жумладан: Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлиш; Фарзлардаги камчиликларнинг ўрнини тўлдириш; Бидъатга берилиб кетишдан сақланиш; Аллоҳ таолонинг шариатини улуғлаш. Фиқҳ китобларида суннат фарз ва вожиб амалидан кейин келтирилади. Уни қилган савоб олади. Инкор қилувчи кофир бўлмайди, дейилади. Албатта, мусулмон кишининг кундалик ҳаётида энг кўп аҳамият берадиган нарса – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эртаю кеч амал қилмоқдир. Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатнинг аломати – Унинг Ҳабиби соллаллоҳу алайҳи васалламга ахлоқлари ва ишларида, буйруқлари ҳамда қайтариқларида эргашишдир”. Пайғамбаримизнинг суннатларига эргашиш – бу  У зот қилган ишни қилиш, қайтарган ишларни қилмаслик, хулқларидан намуна олиб, чиройли хулқ соҳиби бўлишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилган инсон у зотни янада севиб, муҳаббат қилиб боради ва натижада Аллоҳнинг ҳам муҳаббатига эришади. Бу ҳақда Буюк Ҳақ таоло қуйидагича марҳамат қилади: “Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир. Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этингиз! Агар юз ўгирсалар, Аллоҳ, шубҳасиз, кофирларни севмас” (“Оли Имрон” сураси, 31-32-оятлар). Замахшарий раҳимаҳуллоҳ бу оят тафсирида Аллоҳга ҳақиқий ибодат қилишни хоҳлаган банда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиши кераклигини айтадилар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Эй ўғилчам, бу менинг суннатимдир. Ким менинг суннатимни ўз ҳаётига татбиқ этса, батаҳқиқ, менга муҳаббат қилибди. Ким мени яхши кўрса, жаннатда ҳам мен билан бирга бўлади”. Имом Термизий ривояти. Яъни ким у зотнинг суннатларига эргашса, худди уни қайтадан тирилтиргандай бўлади. Ким суннатларини тирилтирса, Пайғамбаримизга муҳаббат қўйганини амалда ҳам кўрсатган бўлади. Ва ким Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрса, жаннатда ўзлари билан бирга бўлиш саодатига мушарраф бўлади. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Инсонларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатларининг аломати Расулининг суннатига эргашиш бўлди”. Мусулмон кишининг Аллоҳ таолонинг наздидаги мартабаси Унинг Пайғамбарига эргашиши билан ўлчанади. У суннатни ўз ҳаётига қанчалик кўп татбиқ этса, Аллоҳ таолонинг наздида шунчалик олиймақом ва мукаррам бўлади. Аллоҳнинг бандага муҳаббат қилиши банда орзуларининг интиҳоси, истакларининг энг сўнгги чегарасидир. Зеро, асосий иш севишдаэмас, севилишдадир! Тошкент ислом институти ўқитувчиси Фахриддин Маманосиров 155