islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Fevral 9, 2019

Day

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ишлари давом эттирилмоқда

2019 йилнинг 9 февраль куни «Hilol-nashr» нашриёт-матбаа уйида фазилатли ШайхМуҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг рус тилидаги навбатдаги китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди, хабар берди Islom.uz портали таҳририяти. Тақдимотда МДҲ мамлакатлари, турли хил ташкилотлар, корхоналардан  фахрий меҳмонлар, диний ўқув муассасалариинг ўқитувчилари ва талаблари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари иштирок этишди. Тақдимотда таъкидланишича, ҳозирги кунгача чоп этилиб келинаётган ва улардан миллионлаб ўқувчилар, шу жумладан электрон ресурсларнинг фойдаланувчилари фойдаланиб келаётган, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қаламига мансуб кўплаб фундаментал ва қомусий илмий китоблар уларнинг Ислом дини ва Ватани олдидаги улкан хизмати ҳисобланади. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг китобларини қисқа тарзда мана бундай таърифласа бўлади: Биринчидан, улар ислом динини унинг ҳақиқий кўринишида тақдим этишга йўналтирилган; уларда маълумотлар дин ҳақидаги билимларни беришдаги омонатга риоя қилган ҳолда, ҳаққоний келтирилган. Иккинчидан, улар Исломдаги мўътадиллик тамойили – васатийлик руҳида ёзилган. Учинчидан, уларнинг китобларида исломий тушунчалар объектив тушунтиришлар, китобхонларнинг энг кенг доирасига мўлжалланган, унчалик мураккаб бўлмаган тушунарли ва содда шарҳлар билан баён қилинади. Бу эса, уларнинг китоблари қарама-қаршиликлар ва келишмовчиликларга олиб келиши мумкин бўлган шарт-шароитлар ва нуқтаи назарлардан холи эканлигидан далолат беради. Тўртинчидан, муаллифнинг китоблари уларнинг аҳли сунна вал жамоа мазҳабига мувофиқ руҳда ёзилганидир. Бешинчидан, Шайхнинг китобларида таъриф қилинаётган бошқа динларга Исломнинг муносабати мусулмон дунёсининг ҳақиқий юзини акс эттиради – ушбу китоблар диний бағрикенглик ва динлараро тотувлик руҳи билан сингдирилган. Тадбир чоғида таъкидландики, бизнинг минтақамизни  МДҲ мамлакатларининг улкан ҳудуди ўраб турибди, улардаги деярли барча мусулмонлар рус тилида сўзлашишади, ушбу тилни тушунишади, эркин тарзда рус адабиётини мутолаа қилишади. Ушбу улкан ҳудуднинг мусулмонлари ягона ислом мактабининг тарафдорлари ҳисобланишади. Тақдимотда нутқ сўзлаганларнинг фикрига кўра, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ушбу ҳудуд мусулмонларининг етакчиларидан бири сифатида, мусулмонларда ҳақиқий билимларни олиш имкони бўлиши учун одамларга Исломнинг асосларини тушунтириб бериш, уларга ислом таълимотнинг тўғри талқинини етказишни ўзларининг бурчлари, деб ҳисоблардилар. Шайх шу ерда, МДҲ мамлакатлари ҳудудида ўсиб, улғайганлари учун бу муҳитда яшар, турмушнинг барча ўзига хос хусусиятлари, менталитети, маҳаллий мусулмонларнинг урф-одатдарини яхши билар ва шунинг учун бизнинг муаммоларимизнинг моҳиятини яхши англар эдилар. Боз устига, бошқа таржималарнинг муаллифларидан фарқли равишда, Шайх  чинакам ислом олими, яъни диний уламо эди. Шайхнинг китоблари бизнинг катта минтақамиз ва давримизнинг шарт-шароитлари ва талабларидан келиб чиқиб ёзилган эди. Шунинг учун ушбу илмий меросларни рус тилига таржима қилиш талаб қилинарди. Бундай объектив заруратдан ташқари, бир қатор субъектив сабаблар ҳам бор эди. Ўша тўқсонинчи йилларда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф китобларини рус тилига таржима қилиш тўғрисидаги илтимослар билан уларга обрўли уламолар, диншунослар, шунингдек маънавият масалалари бўйича мутахассислар мурожаат қилишарди. Таржима тўғрисидаги асосли илтимослар МДҲ мамлакатларининг сиёсатчилари, дипломатлари, турли соҳаларнинг мутахассисларидан келиб тушар эди. Ўз вақтида кўпчиликнинг қайд этишича, Россия ва бошқа мамлакатларда асосан мўътадил Исломга зид келадиган турли хил исломий оқимлар тарафдорларининг китоблари таржима қилиниб, кенг тарқатилар эди. Ушбу китобларни ўқиётганлар орасида тушунмовчиликлар юзага келарди, қарама-қаршиликлар пайдо бўларди. Шу сабабли вазиятни ўнглаш учун Шайх китобларининг таржималарини чоп этиш зарур эди. Шуни таъкидлаш лозимки, уларнинг ўзбек тилида чоп этилган биринчи китобларидан кейиноқ Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарларини таржима қилишга эҳтиёж пайдо бўлди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва уларнинг сафдошлари илк бор ўтган асрнинг 90-йилларида рус тилига муқаддас Қуръоннинг маъноларини таржима қилишга киришишди. Ўрта Осиё мусулмонлари диний идорасининг рус тили бўйича мутахассислари гуруҳи «Тафсири Ҳилол»нинг 29- ва 30- пораларини таржима қилишди. Ушбу икки жилд чоп этилди,...

Кун муаммоси

Бугунги кунимизда бировнинг савдоси устига савдо қилиш, бировнинг совчилиги устига совчилик қўйиш одатлари кўпайиб кетди. Бу ишларга, аслида, ислом динида қандай қаралади? Бунга ҳадис орқали жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзиларингиз баъзиларнинг савдоси устига савдо қилишидан, бировнинг совчилиги устига аввалги совчи уни тарк қилмагунича ёки ўзи совчиликка изн бермагунича совчи қўйишидан қайтардилар”, дедилар. Бу ҳадис-и шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни ўзаро ораларида муҳаббат ва улфат ҳисларини боғлашга қизиқтирмоқдалар, ҳамда, адоват, ўзаро нафрат ва азият бериш сабабларининг баъзиларидан огоҳлантирмоқдалар. Бунга мана бу сўзлари далолат қилмоқда: “Киши биродарининг савдоси устига савдо қилмайди, биродари совчи қўйган аёлга биродари устидан совчи қўймайди. Фақатгина, аввалги совчи уни тарк қилса ёки иккинчи совчига ўз розилиги билан изн берсагина совчи қўйиши мумкин”. Ҳадисдаги баъзилар деган сўздан ҳар бир киши маъноси тушунилади. Бошқанинг савдоси устига савдо қилишнинг кўриниши қуйидагича: бир киши нарса сотиб олаётган харидорнинг ҳузурига келадида: бу савдони буз, мен сенга мана шу нархга ёки ундан арзонроққа бундан яхшисини бераман, дейди. Ёки бир киши билан савдо қилаётган сотувчининг олдига келиб: бу нарсангни унга эмас менга сот, мен ундан кўпроқ пул бераман, дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муборак ҳадис-и шарифларида мана шундай ишлар ҳаром бўлгани учун инсонларни улардан қайтармоқдалар. Уламолар ҳам бошқанинг савдоси устига савдо қилиш ҳаром эканига бирдек ижмоъ қилганлар. Чунки бу ишда биродарига азият бериш, унинг қалбида нафрат туйғуларини уйғотиш бор. Бизнинг динимизда бировга зарар бериш ҳам, бировдан зарар кўриш ҳам йўқдир. Энди бировнинг совчилиги устига совчи қўйишга келсак, бунда бир киши бир аёлга совчи қўяди, улар ўзаро келиши, розилик билдиришади, фақатгина никоҳ аҳдининг ўзи қолган бўлади. Шу пайт бошқа бир одам ўша аёлга совчи қўяди. Бу иш ҳам худди юқоридаги сингари ҳаром эканига уламолар ижмоъ қилганлар. Бунда ҳам биродарига азият бериш бор. Чунки мусулмонга бошқа бир мусулмоннинг моли, жони, обрўси ва шаъни ҳаромдир. Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар: Инсонларга азият берадиган ҳар бир нарсадан сақланиш; Жанжал келтириб чиқарадиган, қалбларни нафратлантирадиган, душманликни юзага келтирадиган нарсаларнинг баридан сақланиш; Бировнинг савдоси устига савдо қилишнинг ҳаром экани; Бировнинг совчилиги устига совчи қўйишнинг ҳаром экани. Охират кунига иймон келтирган ҳар бир оқил мусулмон учун бундай ҳаром амаллардан қайтишида мана шу ҳадиснинг ўзи кифоя қилади. Аллоҳ барчамизни Қуръонга ва суннатга амал қиладиганлардан қилсин. Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Нуриддин Муҳаммаджон 203

Қуръони карим оятларида толиби илмнинг устозига бўлган одоби

Замонамизнинг етук муҳаддиси шайх Муҳаммад Аввома ҳазратларининг “Маъалим иршадийя лисинаъати толиби илм” китобларини мутолаа қилиш чоғида кўплаб муҳим мавзуларни учратдим. Улардан бирини сиз азизлар эътиборига ҳавола қилмоқчиман. Аллоҳ таоло Каҳф сурасининг 66-оятида Мусо алайҳиссаломнинг Ҳизр алайҳиссаломга кўрсатган етук одобини ҳикоя қилиб шундай деб марҳамат қилади: “Мусо унга “Сенга ўргатилган рушддан менга ҳам ўргатмоғинг учун сенга эргашсам майлими?”-деди” Имом Розий ўзларининг “Аҳком ал-Қуръон” тафсирларида “Билингки! Бу ояти карима Мусо алайҳиссалом Ҳизр алайҳиссаломдан илм олиш учун кўплаб лутфу-одобга риоя қилганларига далолат қилади”-дейдилар. Улардан баъзиларини келтириб ўтамиз. “…сенга эргашса майлими?”-деб, ўзларини у кишига тобе қиляптилар. “эргашсам майлими?”-деб, эргашишга изн сўраяптилар. “сенга ўргатилган рушддан менга ўргатмоғинг…” деб, устозларини илмли, ўзларини эса, илмсиз деб ҳисоблаяптилар. “рушддан” деб, барча илмини ўргатишини сўрамаяптилар ,балки, баъзисини сўраяптилар. “ўргатилган”- деб, илмни Аллоҳ таолодан берилганини эътироф қиляптилар. Тобелик бошқани ишини такрорлашдир. “Ҳеч қандай эътирозсиз бўйсунаман”, демоқдалар. “эргашсам”-деб, барча ишларингизда демоқдалар. Мусо алайҳиссалом Бани Исроилнинг катта пайғамбарларидан, Таврот соҳиби, Аллоҳ таоло билан бевосита гаплашган, кўплаб мўъжизалар берилган зотдирлар. Шу билан бирга тавозуъни маҳкам тутиб илм олишга бел боғладилар. Илм олишдан аввал эргашишни айтяптилар. Яъни: “Аввал хизматингиздаман кейин илм оламан”-демоқдалар. Мусо алайҳиссалом бу ишларидан бирон бир дунёвий мақсадни кўзламаяптилар. Хулоса қилиб айтганда, одоб барча ишни калитидир. Шунинг учун ҳам, “Ким қайси даражага етган бўлса, чиройли одоб билан етибди, ким бирор даражадан тушган бўлса, одобсизлик билан тушибди” -деб бежиз айтилмаган. Ҳа! Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳоратларига сув тайёрлаб, “Аллоҳим унга таъвилни билдир”-деб дуо олдилар ва Қуръон таржимони бўлдилар. Шайтон алайҳи лаъна эса, такаббурлик қилиб малъун бўлди. Ҳозирги кунда, жамиятимиз ривожида, униб келаётган ёш авлоднинг таълим жараёнига катта эътибор қаратиляпти. Шу билан бирга уларнинг одоб-ахлоқи, тарбиясига ҳам бепарволик қилмаслик мақсадга мувофиқ бўлади. Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Абдулазиз Аҳмаджонов 148