islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Sentabr 15, 2019

Day

ҲАДИС ИЛМИ МАКТАБИ БИЛАН ТАНИШУВ

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти устоз ва талабалари Самарқанд шаҳридаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш асносида Республикада ягона бўлган Ҳадис илми мактабини ҳам зиёрат қилдилар. Ҳадис илми мактаби ректори Олимхон домла Юсупов устоз ва талабаларга ўқув даргоҳидаги яратилган шароитлар, кутубхона, ўқув хоналари, спорт зал ва бошқаларни бирма-бир таништирдилар. Талабалар Ҳадис илми мактаби билан танишар эканлар бу ерда талабалар учун яратилган барча шароитлардан мамнун бўлдилар. Шунингдек, Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси устозлари Ҳадис илми мактаби раҳбари ва устозлари билан учрашиб, икки олийгоҳ ўртасида келажакда олиб бориладиган илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳақида маслаҳатлашдилар. Зиёрат сўнгида Ҳадис илми мактаби Ахборот-ресурс марказига Тошкент ислом институти томонидан китоблар ва эсдалик совғалари ҳадя қилинди. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси” кабинет мудири Ю.Абдураҳимов   490

“САҲИҲИ БУХОРИЙ” ХАТМИ БОШЛАНДИ

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ёш авлодни буюк аждодларга муносиб ворис этиб тарбиялашни илк очилган кунидан ўзининг бош мақсади қилиб белгилаган ва ҳамиша бу йўлга бор куч-ғайратини, илму  иқтидорини сафарбар этиб келмоқда. Шу мақсад йўлида Муфтий ҳазратлари бошчилигида бир неча йиллардан буён буюк аждодларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул-Муъин Насафий, Абул-Баракот Насафий ва Имом Таҳовий каби алломаларнинг китобларини тўлиқ ўқиб, қадимги Бухоро ва Самарқанд илмий мактабларининг муборак одатлари бўлган “Хатмул-кутуб” анъанасини жонлантириш йўлга қўйилган. Шу мақсадда жорий йилнинг ўн бешинчи сентябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти устоз ва талабалари Самарқанд вилоятига илмий сафар уюштириб, унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакили, бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов бошчилигида Имом Бухорий ҳазратларининг мақбараларини зиёрат қилдилар. Зиёрат чоғида талабалар томонидан ўқилган хатми Қуръонлар у зотнинг руҳларига шунингдек, ушбу диёрдан ўтган алломалар, олиму фузалоларнинг руҳи-покларига бахшида қилинди. Шу билан бирга бу жойларни шундай гўзал маскан кўринишга келишига сабабчи бўлган марҳум Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг ҳақига, юртимиз келажаги бунданда тараққий этишини сўраб дуои хайрлар қилинди. Зиёрат асносида талабалар устозлар бошчилигида Имом Бухорий хазратларининг живорларида бебаҳо асарлари “Саҳиҳи Бухорий”нинг Имом Бухорийгача бўлган муттасил санади ўқилиб, китобнинг биринчи ҳадиси табаррукан ўқилди. Тошкент ислом институти раҳбарияти ҳамда устоз ва талабалари зиёрат асносида кўрсатган самимий хизматлари ва чексиз эҳтиромлари учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакили, бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ҳамда Ҳадис илми мактаби ректори Олимхон домла Юсуповга ўзларининг чуқур миннатдорчиликларини билдирадилар. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси” ўқитувчиси М.Ходжаев   229

УСТОЗ ВА ТАЛАБАЛАР ИМОМ БУХОРИЙНИ ЗИЁРАТ ҚИЛДИЛАР

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси” ўқитувчилари ва институт талабалари Самарқанд шаҳрида ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис илми мактаби фаолияти ҳамда яратилган шарт-шароитлар билан танишиш мақсадида жорий йилнинг 15 сентябр куни Самарқанд вилоятига сафар уюштиришди. Сафар давомида Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси” мудири Б.Азамов, катта ўқитувчиси Ф.Маманосиров, кафедра ўқитувчилари М.Джангиров, Ф.Хомидов. О.Хошимов, Р.Махсумхонов, Ю.Абдураҳимов ҳамда М.Ходжаевлар Самарқанд шаҳридаги табаррук қадамжоларни зиёрат қилиб, ўтганлар руҳига дуойи хайрлар қилинди. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси” кабинет мудири Ю.Абдураҳимов   288