islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oktabr 2019

Month

Суриядан қайтган қашқадарёлик аёл иқрори: «Ўзимга қандай жазо беришса розиман, Ватанга сотқинлик қилдим. Аммо фарзандларим Ватанимда яшасин»

Жорий йил Рамазон ойида Суриядан қайтарилган 156 нафар Ўзбекистон фуқароларининг 4 нафари қашқадарёлик аёллар эканлиги маълум қилинди. Бу ҳақда «Дарё»га Деҳқонобод туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди. Маълум қилинишича, Деҳқонобод калий заводида Ўзбекистонда хотин-қизларга оид давлат сиёсати, хотин-қизлар маънавиятини юксалтириш, оилаларда миллий қадриятларни асраб-авайлаш, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни таъминлаш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтган. Унда Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг вилоятдаги вакиллиги бош отинойиси Шоира Каромова Суриядан қайтган 4 нафар қашқадарёлик аёл ҳақида маълумот бериб, улар билан суҳбатлашилганда аёллар катта хатога йўл қўйганини кеч англаб етгани хусусида гапирган. «Қарши шаҳридаги касб-ҳунар коллежларининг бирида таҳсил олган, 1993 йил туғилган ёш қизларимиздан бири ўзбек йигитини севиб қолиб, у билан аввал Россия давлатига кетади. Россиядан Туркияга, ундан сўнг эса Сурияга ўтиб кетгани ҳақида гапириб берди. Севиб турмуш қурган инсони Суриядаги жангларнинг бирида ҳалок бўлгач, ўзбек аёли аввал ливанлик йигитга, сўнгра араб йигитига турмушга чиқишга мажбур бўлади. Хуллас, бошидан не-не кунларни ўтказиб, Ватанимизга 3 нафар фарзанди билан қайтади. Ўша ўзбек қизининг бир гапи мени жуда таъсирлантирди. ‘Ўзимга қандай жазо беришса ҳам розиман, боиси мен Ватанга сотқинлик қилдим, шундай юртимни ташлаб чиқиб кетдим. Аммо фарзандларим тинч ва осуда осмон остида — Ватанимизда яшашини хоҳлайман», — дейди Шоира Каромова. Вилоятда жамиятдаги фаол ва ташаббускор аёлларнинг 50 нафаридан иборат тарғибот гуруҳи шакллантирилган бўлиб, улар иштирокида хотин-қизларга оид давлат сиёсати, хотин-қизлар маънавиятини юксалтириш, оилаларда миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни таъминлаш масалаларига бағишланган семинарлар бўлиб ўтмоқда. Манба: Daryo.uz 170

Қозоғистонда илк ислом онлайн-академияси очилди

Қозоғистонда қозоқ тилида фаолият кўрсатувчи «IOA» ислом онлайн-академияси иш бошлади. Академияда «Нур Муборак» ислом университети устозлари дарс ўтади. 120 видеодарсдан кейин курсни тугатганлик ҳақида сертификат берилади. Энг яхши талабага эса умра сафарига бориш имконияти тақдим этилади. Онлайн-академияда ўқиш бир йил давом этиб, олти ойлик икки модулдан иборат бўлади. Биринчи модуль тугагач, талаба имтиҳон топширади ва истагига кўра иккинчи модулни давом эттиради. Биринчи модулда ҳадис, ақида, фиқҳ, усул фиқҳ, ислом психологияси дарслари, иккинчи модулда имом Мотуридий ақидаси, террология ва конфликтология, ҳадис, ислом иқтисодиёти дарслари ўтилади. Ўқиш – пуллик. Манба: Muslim.uz 157

Ўзбекистонда Қуръон ҳақида ноёб монография ишлаб чиқилмоқда

Ўзбекистонда “Ўзбекистоннинг 114 Қуръони Карими” монография-албомини яратиш бўйича илмий дастур устида иш олиб борилмоқда. Лойиҳада Халқаро ислом тадқиқотлари маркази раҳбари Ефим Резван ва “Қуръон ва Исломдан олдинги шеърият” йўналиши раҳбари Анна Кудрявцева иштирок этмоқдалар. «Ўзбекистоннинг маданий мероси дунё коллекцияларида» лойиҳаси амалга оширилиши натижасида уч йил давомида дунёнинг етакчи шарқшунослари, археологлари, коллекционерлари ва этнографлари билан биргаликда 20 жилдлик китоб албомлари нашр этилди ва Ўзбекистон маданий мероси хазиналари тўғрисидаги 20 дан ортиқ ҳужжатли фильмлар яратилди. Ушбу лойиҳа доирасида амалга оширилаётган “Ўзбекистоннинг 114 Қуръони Карими” нашрининг концепцияси бутун дунё бўйлаб Қуръон қўлёзмаларининг Ўзбекистон ҳудудига оид тўпламларини қидириш, 114 та шундай қўлёзмани танлаб олиш, синчковлик билан ўрганиш ва тавсифлашни ўз ичига олади. Режага кўра, ҳар бир сура альбомда ушбу рўйхатлардан бирининг саҳифалари билан кўрсатилади. Ўзбекистонда Ефим Резваннинг тадқиқоти асосида “Катталангар Қуръонининг ҳақиқатлари ва афсоналари” туркум ҳужжатли фильм намойиш этилди, унинг натижасида “Усмон Қуръони” монографияси нашр этилди. Ушбу асар “Humanitas” номинациясида “Йил китоби” миллий мукофоти лауреати бўлди; МДҲга аъзо давлатларнинг “Китоб санъати” иккинчи халқаро танлови “Маданиятлар мулоқоти” номинациясида лауреат; ЮНЕСКОнинг “Маданиятлараро мулоқотга салмоқли ҳисса қўшадиган энг яхши нашр” номинацияси дипломини олди. islamisemya.com сайтининг хабар беришича, «Ўзбекистон — буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият» ҳафталиги доирасида тақдимоти бўлиб ўтган бир қатор фильмларнинг намойиши ҳам ўзбек ва рус оммавий ахборот воситаларининг “Ўзбекистоннинг 114 Қуръони Карими” лойиҳасига қизиқишини кучайтирди. Лойиҳа устида иш давом этмоқда. Бир неча асрлар давомида бугунги Ўзбекистон замини ислом дунёсининг муҳим маънавий ва интеллектуал марказларидан бири бўлиб келган. Мамлакатнинг энг қизиқарли тарихи нафақат тарихий хроникаларда ва улуғвор меъморий обидаларда, балки бу ерда яратилган, сақланадиган ёки ўрганилган Қуръон қўлёзмаларида ҳам акс эттирилган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати Манба: Muslim.uz 172

Тарихда ҳеч нарса изсиз кетмайди, унутилмайди!

1928 йил. Ўн тўрт жон яшаб турган хонадон тортиб олинди. Қаҳратон кунларда катта оила ёзги ҳовлида ҳам қишнинг, ҳам замоннинг қаҳридан совуқ қотиб, қийналиб яшай бошлади. Аммо бу билан азоблар битмади, тугамади. Ота-ўғил кўп вақт яшириниб юришга мажбур бўлди. 1929-1930 йиллар давомида орган ходимлари бир неча бор уларни олиб кетиб, ош-овқатсиз, сувсиз ҳолда кечгача сўроққа тутди. Шу зайлда вақт ўтди. Бироқ муҳит, муносабат ўзгармади. 1937 йил 14 август. Тунги соат уч. Бу гал ота-ўғил ҳеч бир сўроқсиз, асоссиз қамоққа олинди. Хонадондан иккита юк машинасида нодир қўлёзма китоблар олиб кетилди. Ота-болани дастлаб НКВД ертўласида, кейинчалик эса Олой бозорига яқин жойдаги қамоқхонада сақлашди. Орадан чамаси олти ойлар ўтгач, ота қамоқдан озод этилди. Ўғил эса Сибирга бадарға қилинди. 1938 йил ноябрь ойида у отиб ўлдирилди. Энг асосий гап: Уларнинг “айби” Ислом динини севгани, “гуноҳи” маърифатли инсон бўлгани эди. Бу таниқли дин уламоси Эшон Бобохон ва унинг фарзанди Зайнуддинхоннинг аччиқ ҳаётидан бир лавҳа эди. Шундай машаққат ва зуғумлар, йўқотишларга қарамай, бу оила вакилларининг иродаси синмади, эътиқоди сўнмади. Ҳеч бир зулм уларнинг шижоатини енголмади. Аксинча. Сулола муқаддас динимиз учун қийин-қистовли, оғир замонларда мусулмонлар орасида иймон-эътиқодни мустаҳкамлаш, исломий маърифат ва маънавиятни тарғиб қилишда фидойилик, жасорат кўрсатди. Натижада ҳар дилда, ҳар уйда Қуръони карим тиловат қилинди. Чақалоқлар қулоғига азон айтиб, исм қўйилди. Оталаримиз, оналаримиз жанозасиз кўмилмади, муборак қабри зиёратсиз, дуосиз қолмади. Булар ҳақида Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхоннинг 37 набираларидан бири Амирсаидхон Усмонхўжаев қуйидагиларни сўзлаб берди: – 1943 йилнинг куз ойларида Тошкентда диний ташкилот ва масжид очишга Москвадан рухсат бўлади. Бироқ ҳукумат диний идора учун бино ажрата олмаслигини билдирган. Шунда бобом Эшон Бобохон ҳукумат вакилларига “Диний идора эски шаҳардаги Ҳазрати Имом даҳасида бўлиши керак, шунинг учун 1928 йилда мусодара қилинган уйимни қайтариб берсанглар”, деган эканлар. Шунга кўра, уч кун ичида уй қайтариб берилади. Шу йили таъмирланади. Ўн икки йил давомида Диний назорат идораси бўлиб хизмат қилади. Мазкур дин марказини жиҳозлаш мақсадида асрлар мобайнида ота-боболари томонидан ва ўзлари тўплаган нодир китобларни тортиқ этиб, кутубхона очишган. Тоғам Зиёвуддинхон муфтийлик маошининг тенг ярмини муттасил равишда шу кутубхонага китоб олиш учун ўтказиб борган. Бу иш йигирма беш йилдан ортиқ давр мобайнида узлуксиз давом этган. Кутубхона Тошкентдаги бой илм хазиналаридан бирига айланган экан. Унда Қуръони каримнинг ҳар хил ҳажмдаги қўлёзма ва босма нусхалари, тафсирга оид китоблар, ҳадис, фиқҳ, араб сарф – наҳви, мантиқ, тарих, тиб, шеърий тўпламлар, жуғрофия, фалсафа, илоҳиёт, риёзиёт, фалакиёт ва бошқа фанлар бўйича ёзилган асарларнинг шарҳлари билан танишиш мумкин бўлган. Бобом Эшон Бобохон ҳазратлари ҳаракати билан 1945 йили собиқ иттифоқ мусулмонлари ҳаж сафарига бориши қайта тикланади. Бобом ана шу муқаддас сафарда зиёратчилар гуруҳига раҳбар сифатида Маккада Саудия Арабистони подшоси Абдулазиз ибн Сауд қабулида бўлганлар. Ўша йили Ислом давлатлари билан ташқи алоқалар ўрнатилиши ва собиқ иттифоқ мусулмонларининг ҳар йили ҳаж сафарига боришига асос солинади. Шу тарзда муфтий Бобохоновлар сулоласи 1943-1989 йилларда шўро давлатида динимизни қайта тиклашга, диний кадрлар тайёрлашга, халқлар ўртасида дўстлик ўрнатишга хизмат қилди. Бобом Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг асосчиси, биринчи раиси, айни пайтда Ўрта Осиёдаги беш жумҳуриятнинг муфтийси бўлган. 1945 йилда у кишининг ташаббуси билан Бухородаги Мирараб мадрасаси қайта очилган. Бобом 1957...

Сохта пайғамбарлик даъвоси – каззобликдир!

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган ҳар бир хабар шахс онгига ва ҳаттоки, бутун жамият кайфиятига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Уларнинг орасида инсонни фикрлашга, мушоҳада қилишга ундамайдиган, аксинча, ўқувчининг руҳиятига салбий таъсир этадиган, толиқтирадиган, енгил-елпи, одамларнинг вақтини ўғирлайдиган, бўлмағур хабарлар ҳам учрамоқда. Куни кеча ижтимоий тармоқларда куйлагини ечиб қўлига олиб юрган бир одамнинг (у телба бўлса керак) пайғамбарман, деб ҳайқираётгани тасвирланган видео тарқалди. Ундан аввал эса “учар ликопча” ҳақидаги ҳикоя билан кишиларнинг диққати чалғитилган эди. Аслида илму маърифат ривожланган бугунги даврда кишиларнинг вақтларини олиб, шундай лавҳаларни тарқатиш ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди. Аммо бундай хабарларнинг кенг аудиторияга эга бўлган нуфузли ижтимоий тармоқлар юритувчилари томонидан ҳам тарқатилаётгани жуда ажабланарли. Динимиз таълимотига кўра, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам набийларнинг сўнггисидирлар. Аллоҳ таоло: “Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва Набийларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир”, дея хитоб қилган (Аҳзоб, 40). Ушбу оятга кўра, кимда-ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин яна пайғамбар чиқади деб айтса, эътиқод қилса, кофир бўлади. Чунки у мазкур оятни инкор қилган ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг сўнгги пайғамбар эканини тан олмаган бўлади. Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «…Келажакда умматимда ўттизта каззоб бўлур. Уларнинг ҳар бири ўзининг набийлигини даъво қилур. Ҳолбуки, мен набийларнинг хотими-тугатувчисиман. Мендан кейин набий келмас», дедилар» (Имом Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган). Ўз навбатида айтиш керакки, “каззоб” сўзи арабча сўз бўлиб, “казаба”, яъни “ёлғон гапирмоқ” феълидан олинган. Бу сўз “кўп ёлғон гапирувчи”, “ўта кетган ёлғончи” маъноларини ифода этади. Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибди, Набий алайҳиссаломдан кейин ҳеч қандай пайғамбар чиқиши мумкин эмас. Борди-ю, кимдир пайғамбарлик даъво қилса, у барча мўминлар томонидан ёлғончи дея инкор этилади. Саҳобаи киромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин пайғамбарлик даъвоси билан чиққан Мусайлама, Асвад Анасий ва Сажоҳга қарши жанг қилганлар. Бундан ташқари, “учар ликопча” ҳикояси орқали асли йўқ, бўлмаган нарсалар билан инсонларни алдаш ёки чалғитиш ҳам катта гуноҳ эканини англаш керак. Шу ўринда яна бир нозик масала бор. Юқоридаги каби бўлмағур хабарларни бўяб-бежаб тарқатаётганлар бир нарсани яхши англаб олсинлар. Ҳар бир воқеа-ҳодисани оммага кўрсатиш ҳамиша ҳам тўғри бўлавермаслигига инсоннинг ўз фаросати етиши керак. Бу ҳақда Алишер Навоий ҳазратлари «Маҳбуб-ул-қулуб» асарида шундай деганлар: «Оқил чиндин ўзга демас, аммо барча чинни ҳам демак оқил иши эмас…» Демак оқил одам фақат рост сўзлайди, аммо рост сўзни ҳам ўз ўрнида гапиради. Ҳазрат Навоийнинг бу сўзлари шунчаки сўзлар эмас. Балки, одам боласининг сўз айтиш, хабар тарқатиш ва маълумот етказишда аслида қайси йўлдан бориши кераклиги ҳақидаги энг гўзал кўрсатмадир. Ҳақ таоло ўқийдиган ва тарқатадиган нарсаларимиз икки дунёга фойдали бўлишини насиб айласин! Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати Манба: Muslim.uz 185
1 4 5 6 7 8 18