islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Aprel 11, 2020

Day

ҚУРЪОНИ КАРИМНИ ЎРГАНИШ ҲАМДА ЎРГАТИШНИНГ ФАЗИЛАТИ ВА АҲАМИЯТИ ҲАҚИДА (БИРИНЧИ МАҚОЛА)

بسم الله الرحمن الرحيم Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, сўнгра уни ўргатганларингиздир». [1] Ушбу ҳадисни рошид халифадан ривоят қилган Абу Абдурраҳмон ас-Суламий дедилар: «Бу – мени ушбу (мударрислик) курсисига ўтқизиб қўйган ҳадисдир». Яъни, Абу Абдурраҳмон ас-Суламий розияллоҳу анҳу набавий ҳадисда ваъда қилинган яхшиликларни кўзлаб, Куфа масжидида кишиларга Қуръони каримдан таълим бердилар ва бу саййидимиз Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифаликларидан то Ҳажжож ҳукмронлигига қадар қадрибаландликлари, илмларининг кўплиги ва унга бўлган кишиларнинг рағбат ва эҳтиёжи туфайли қирқ йилдан кўпроқ давом этди. [2] Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, сўнгра уни ўргатганларингиздир» деган сўзларидан Қуръон тиловатини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туташган санад соҳибига Қуръонни ўқиб берган, қироатини тўғрилаган ва ундан ижоза олган мусулмон шайхдан ўрганиш лозимлиги келиб чиқади. Кишининг шунчаки саводхон бўлиши ёки Қуръондан бошқа арабча китобларни ўқий олиши етарли эмас, чунки Қуръон саводхонлиги оддий саводхонликдан фарқ қилади. Шунинг учун улуғ саҳоба Зайд ибн Собит айтадилар: «Қироат – кейинги келган киши ўзидан аввалгидан ўрганадиган ва унга эргашиладиган суннатдир». Шунга кўра, агар киши Қуръонни маҳоратли ва пухта инсондан ўрганмаса, Уни тўғри ўқий олмайди, қироати давомида кўп ва хўб хатолар қилади, ўзи билмаган ҳолда айрим сўзларнинг маъноларини бузиб ҳам юборади, ваҳоланки унинг ўзи Қуръонни тўғри ўқиябман деб ўйлайди, ҳаттоки қироатда мендан афзали бўлмаса керак деган гумонга ҳам бориб қолади. Мен бу сўзни менга Қуръонни, қироатни оби-тобига келтиряпман деб ўйлаб ўқиб берган кўп кишилар орқали ҳосил бўлган тажрибамдан келиб чиқиб айтяпман. Улар менга Қуръон ўқиб бераётиб бирор хатога йўл қўйсалар ва мен хатоларини тўғриласам: «биз Қуръонни тажвид билан ўқияпмиз, тиловатларини тузатмайдиган кўпчиликдан афзалмиз деб ўйларканмиз» дея ажабланишарди. Ҳар бир мусулмон киши учун Аллоҳ таолонинг «Агар билмасангиз зикр аҳлидан сўрангиз» [3] оятига итоат қилиб, Қуръони каримни тўғри ўқишни ўрганиши вожиб бўлади. Ҳар қандай илм борасида унинг аҳлига мурожаат қилинади. Мисол учун, бир киши инглиз тилини билмайди, аммо уни ўрганишни истайди. Инглиз тилини ўрганиш учун кимнинг олдига боради? Араб тили ўқитувчисигами ё математика ўқитувчисигами? Ё бўлмаса қайси ўқитувчига боради? Йўқ! у инглиз тили ўқитувчисига боради. Бошқа бир мисол, бир бемор киши даволанишни хоҳласа кимнинг олдига боради? Архитекторнингми ёки ўқитувчинингми? Ё бўлмаса компьютерчининг олдигами? Йўқ! У шифокорнинг олдига бориши керак. Қуръони карим тиловатида ҳам шундай! Қуръонни тўғри ўқишни истаган киши, қайси касбда бўлишидан қатъий назар Қуръонни тажвид билан тиловат қиладиган кишининг олдига бориши керак. Айниқса, мударриснинг ўзи Қуръонни тажвид билан ўқийдиган ҳамда тиловатини бошқа бир тажвид соҳибидан ўтказиб олган бўлиши жуда муҳимдир. Ушбу санад эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача боғланган бўлиши керак. Қуръон ўрганувчи сабрли бўлиши, ҳар нарсага ранжиб қолавермаслиги, устози унинг хатоларини кўп тузатганида жиғибийрон бўлмаслиги, тиловатни тўғрилаш чоғида устозининг сўзини бўлмаслиги керак. Олийҳиммат ва азмиқарор ила Қуръони каримни ўрганишни бошлаган барча мўмин-мусулмонларга шайх Муҳаммад Маккий Наср айтган ушбу тавсияларини келтирамиз: Аллоҳ у кишидан рози бўлсин, дер эдилар: «Эй биродар, огоҳ бўлинг! Ҳимматингизни уйғотинг, қатъиятингизни ишга солинг! Сизга берилаётган илмни англашда, сизга юкланаётган омонатни қабул қилишда сергак туринг! Чунки инсонлар Қуръон ўқишда тиловатни гўзал қилиб ажр олиш ҳамда қироатни бузиб гуноҳкор ёки нуқсонли бўлиш ўртасидадирлар». Эй Қуръон ўқувчи, сиз қайси томондасиз?.. Давоми бор… #Йўлдошбек_Нуриддинов,...

АЛЛОҲ ТАОЛОГА БЎЛГАН МУҲАББАТНИ “ИШҚ” ДЕЙИШ МУМКИН ЭМАСМИ?

Маълумки, Аллоҳ таолога нисбатан муҳаббатли бўлиш мўмин банданинг муҳим одобларидан ҳисобланади. Баъзи уламолар Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатни “ишқ” калимаси билан ифодалашни жоиз эмас деб ҳисоблаганлар ва бу ҳақда қуйидаги маънодаги сўзларни айтганлар: “Аллоҳ таолога ва Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат ишқ билан васф қилинмайди. Чунки ишқ шаҳват аралашган муҳаббатдир. Шунинг учун бу калимани Аллоҳ таолога ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатда қўллаш беодоблик саналади. Бу истилоҳ Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам келмаган, энг яхши асрларда яшаган зотлардан ҳам ҳеч ким Аллоҳ таолога ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ишлатишмаган. Фақат кейинроқ жоҳил сўфийлар томонидан истиора (кўчма маъно) шаклида ишлатила бошланган”. Демак, ушбу қарашга кўра Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатда ишқ калимасини ишлатганлар беодоблик қилганлари келиб чиқади. Аммо Сўфи Оллоҳёр бобомиздек соф эътиқод ҳимоячиси бўлган уламоларнинг асарларида эса ишқ калимасининг ишлатилганига гувоҳ бўламиз. Шу ўринда табиий равишда бу калимани ишлатиш мумкин бўлмаса, ишлатганлар беодоблик қилганларми, агар ишлатиш мумкин бўлса, юқоридаги далилларни қандай тушунамиз, деган саволлар юзага келади. Бу саволларга жавоб топиш учун “ишқ” калимасининг маъноларини ўрганиб чиқиш зарур бўлади. “Ишқ” калимаси луғатда “қалбнинг бирор нарсага қаттиқ боғланиши” маъносини англатади. Масалан, “фалончи фалон нарсага ошиқ” дейилса, “фалончининг қалби фалон нарсага қаттиқ боғланган”, деган маъно тушунилади. Қалбнинг боғланиши эса фақат шаҳват билан бўлмайди, балки унинг шаҳватсиз қаттиқ боғланиши мумкинлиги ҳам инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат ҳисобланади. Демак, ишқ калимаси икки хил маънода ишлатилади: 1. Ишқ – қалбнинг бирор нарсага фақат яхши кўргани учун бошқа бирор таъмасиз қаттиқ боғланиши; 2. Ишқ – қалбнинг бирор нарсага нафснинг шаҳвоний эҳтиёжини қондириши учун қаттиқ боғланиши. Шунга кўра, мўмин банданинг Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатини ишқ калимаси билан ифодалаб бўлмайди, дейиш ишқ калимасининг маъноларидан бирини инкор қилиш бўлиб қолади. Баъзи замон ёки баъзи маконларда ишқ калимасининг мазкур икки хил маъносидан бири иккинчисидан устун бўлиб кетган бўлиши мумкин. Масалан, бир юрт аҳолиси ишқ деганда фақат нафснинг шаҳвоний эҳтиёжини қондириши учун қалбнинг қаттиқ боғланишидан бошқа маънони тушунишмаса, ўшалар учун Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатни ишқ калимаси билан ифодалаш ҳаром бўлади. Аммо бу ҳукм улардан бошқа мазкур калиманинг икки хил маъносини ҳам ўз ўрнида ишлатадиганларга тааллуқли бўлмайди, чунки булар ушбу калимани ўз ўрнида ишлатган бўладилар. Шунга кўра, Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатни ишқ сўзи билан ифодалаш истеора ҳам ҳисобланмайди. Чунки истиора бўлиши учун бир сўз ўз ўрни бўлмаган жойда кўчма маънода эканини ифодаловчи далиллар билан ишлатилиши керак бўлади. Масалан, “мажлисда ўтирган денгизни кўрдим” дейиш каби. Ишқ калимаси Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам келмагани учун ишлатиб бўлмайди, деган гап ҳам уни ишлатиш жоиз эмаслигига етарли далил бўла олмайди. Чунки бу сўзни ишлатиш жоизлиги Қуръон ва Суннат билан собит бўлмаган бўлса ҳам, шаръий масдарлардан бири бўлган ижмоъ билан собит бўлган, дейиш ҳам мумкин. Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатда ишқ калимаси яхши кўриш маъносида ўз ўрнида ишлатилган бўлади. Фақатгина бу калимани юқоридаги мулоҳазалар эътиборидан маълум бир қавмларнинг ҳузурида ишлатмаслик афзал бўлиши мумкин, холос. Сўфи Оллоҳёр бобомизнинг “Саботул ожизийн” асарида бу калиманинг қандай ишлатилганига эътибор берайлик: Кел, эй содиқ ҳариси ишқи Ҳақ бўл, Кўнгил ёрони бир-ла ҳамсабақ бўл. Яъни, эй ҳақиқий иймон келтирган дўстим, кел, Ҳақ таолога бўлган ишқни ардоқлагувчи бўлгин, кўнгил дўстлари, яъни, ишқни англагувчи ва уни...

Ислом тараққиёт банки коронавирус пандемиясига қарши курашишда Ўзбекистонга кўмаклашади

Жорий йилнинг 8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Президенти Б.Ҳажар билан видеоконференция форматида коронавирус тарқалиши шароитида аҳолини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш, касалланганларга ўз вақтида ташхис қўйиш ва даволашда  Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими имкониятларини мустаҳкамлаш ҳамда глобал пандемияни ижтимоий-иқтисодий ривожланишга бўлган таъсирини юмшатиш мақсадидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. ИТБ президенти Б.Ҳажар мамлакатда аҳоли саломатлиги ҳимоясини таъминлаш ва иқтисодий фаолликни сақлаб қолиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида қабул қилинаётган дадил ва кенг миқёсдаги чора-тадбирлар катта ҳурматга лойиқ деб таъкидлади. Ислом тараққиёт банки “Стратегик тайёргарлик ва чоралар тўплами” ( умумий қиймати 2,3 млрд. АҚШ доллари) имкониятларидан фойдаланиб, Ўзбекистонга коронавирус пандемияси вақтида ҳар томонлама кўмак беришга тайёрлигини маълум қилди банк президенти Бандар Хажар бош вазир ўринбосари Сардор Умрзоқов билан музокаралар чоғида. Бу ҳақда инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. ИТБнинг “Стратегик тайёргарлик ва чоралар тўплами” пандемия шароитларида Банк аъзолари ҳисобланган мамлакатларга ёрдам кўрсатиш мақсадида тузилган. ИТБ аллақачон коронавирус билан курашиш учун ташкил этилган янги клиникалар учун тиббий асбоб-ускуналар ва маҳсулотларни шошилинч сотиб олишни молиялаштириш учун Ўзбекистондаги мавжуд кредит портфелидан 17 миллион доллар ажратган. Шунингдек Б.Ҳажар коронавирус билан касалланган беморлар учун қурилаётган янги шифохоналарни жиҳозлашга инфрутузилма лойиҳалари доирасида иқтисод қилинган 46 млн. АҚШ долларини қайта йўналтириш орқали Ўзбекистонга қўшимча ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Видеоконференция якунларига кўра томонлар соғлиқни сақлаш тизими эҳтиёжлари ва Ўзбекистондаги кичик ва ўрта бизнес корхоналарини қўллаб-қувватлаш учун ИТБ томонидан умумий қиймати 140 млн. доллардан ортиқроқ бўлган қўшимча молиялаштиришни жалб этиш бўйича ишлашга келишиб олдилар. Манба: Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 223
1 2