islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
May 2020

Month

“Инсонларни Исломга сўзамоллигингиз, далил ва фалсафангиз боғламайди, балки ахлоқингиз ва омонатдорлигингиз боғлайди”

Бир киши мусулмон бўлмаган бир аёлга уйланди. Хотинининг онаси бор эди. Ногаҳон у аёл тўшакка михланиб қолди. Унинг бу хотиндан бошқа яна бешта ўғли бор эди. Хотинларининг зуғуми билан улардан биронтаси онасини уйига олиб кетишга рози бўлмади. Унинг ўрнига қариялар уйига олиб бориб ташлашга қарор қилдилар. Лекин биргина қизининг эри бўлган мусулмон инсон уни ўз уйларига олиб келишини хотинидан талаб қилди. У инсон менга айтади: “Аллоҳга қасам, устоз! Қайнонамга бир оғиз, бирор калима Ислом ҳақида сўзламадим. Лекин у Исломга кирганини эълон қилди ва мусулмон бўлди.” Сабаб шуки, ўзининг қорнидан тушган болалари ундан деярли воз кечдилар. Аммо мусулмонга турмушга чиққан қизи уни олиб кетди ва қаради. У уларга ўрганди ва Исломга кирди. Сизларга биринчи, иккинчи, учинчи бор айтаман: “Инсонларни Исломга сўзамоллигингиз, далил ва фалсафаларингиз боғламайди.Балки ахлоқингиз, омонатингиз, тўғри яшашингиз, ростгўйлигингиз ва олди-сотдидаги ўзгалар учун хайрихоҳлигингиз боғлайди”. Муҳаммад Ротиб Нобулсий Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси ўқитувчиси Ҳабибуллоҳ Жўрабоев тайёрлади 552

Ёлғончи аёл (32-ҳадис)

Шу куни маҳкамада бир эркак ва аёлнинг шикояти кўриб чиқилиши керак эди. Қози жаноблари ўз ўрнини эгаллагач, бўлиб ўтган ишни тинглашни бошлади. Биринчи бўлиб аёлга сўз берилди. Аёл кўз ёшлари билан ёнида ўтирган нимжонгина кишига ишора қилиб: “Мана бу инсофсиз мени пулларимга тажовуз қилиб ўзимни шарманда қилди. Ундан шикоятим бор”, -деди. Эркак эса ўзини оқлаш учун гапга қўшилиб: “У нотўғри гапираябди, ҳурматли қози жаноблари! Мен бозорда қўйларимни сотиб сўнг ундан тушган пулларни санаётганимда тўсатдан бу аёл келиб унга пул беришини талаб қилди. Агар бермасам менга нисбатан ёмонлик қилишини айтиб таҳдид қилди. Уни гаплари менга таъсир қилмаётганини сезгач, йиғлаб атрофдаги одамларни тўплади”-деди. Қози уларни сўзларини тинглаб бўлгач ким ҳақ ва ким ноҳақ эканлигини тушуниб олди. Сўнгра у эркакка юзланиб: “Сен қанчалар ҳам тубан иш қилгансан. Ўзинг бу аёлнинг пулларини тортиб олиб яна унга тухмат қилябсан! Тезда унинг пулларини қайтариб бер!”-деди. Қозининг ҳукми барчани лол қолдирди. Аёл хурсанд бўлиб пулларни олди-да, қозини дуо қилганича маҳкамадан чиқиб кетди. Шундан сўнг қози эркакка ўша аёлнинг ортидан чиқиб пулларини қайтариб олиб қўйишни айтди. Ҳеч нарсага тушунмаётган эркак ўз пулларини қайтариб олиш умидида югурганича ташқарига чиқиб кетди. Бир оз вақтдан сўнг у иккаловини яна маҳкамага олиб келишди. Эркак зарба еган ва тимдаланиб кетган юзларини силар ароҳатларидан эса қон оқиб турар эди. Яна биринчи сўз аёлга берилди. У жуда қаттиқ ғазабланган эди. Ўзини тутиб тура олмасдан бақира кетди: “Қози жаноблари, бу ярамас яна менга ташланиб, сиз олиб берган пулларни тортиб олмоқчи бўлди”-деди. Қози босиқлик билан:”Яхши, олиб қўя олдими?”-деди. Аёл эса мийиғида кулиб: “Йўқ, албатта. Мен шунақа нимжон одамга пулини бериб қўядиган аёлга ўхшайманми?”-деди. Шунда қози ҳайқириб деди: “Эй маккора аёл! Сен бироз аввал ўзингни ҳақ эканлигингни даъво қилиб бу эркак сени пулларингга ташланганини айтдинг. Агар чиндан шундай бўлганида эди, ҳозиргидан да қаттиқроқ ўз пулларингни ҳимоя қилган бўлар эдинг. Қани, энди ҳозироқ бу кишининг пулларини қайтар!”-деди. Тухматчи аёлга жазо тайинлаш асносида қози жаноблари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларини айтиб ўтди: إياكم و الكذب فإن الكذب يهدي إلي الفجور و إن الفجور يهدي إلي النار “Ёлғондан сақланинг! Чунки ёлғон бузуқликка бузуқлик эса жаҳаннамга бошлайди” (Муслим “Бирр” 103) Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 592

Дўконга айланган масжидлар, ўтда ёқилган Қуръонлар, сургун бўлган дин пешволари-Видео

1-қисм Ёшлар Туркиянинг “Султон Аҳмад”, араб дунёсининг “Оқ Масжид”лари фонида суратга тушишга ишқибоз.  Биласизми, йўқми ўзимизда ҳам улардан-да гўзал ва ислом дини равнақ топган ва қайғули дамларига гувоҳ бўлган масжид, тарихий мадрасаларимиз бор. Афсуски, кўпчилигимиз уларнинг бошига тушган оғир кунларни билмаймиз. Ҳозирда баланд қад ростлаб турган мадрасалар, одамлар гавжум бўлиб файз билан намоз ўқиётган масжидлар йиллар тўзонидан қандай омон ўтганидан бехабармиз. Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуаси ҳам ана шундай мустамлака йилларининг азобларини “бошидан ўтказган.” Айни репортажда шу ҳақда ҳикоя қиламиз. Амирсаидхон Усмонхўжаевнинг “Динимиз фидойилари” рисоласидан фойдаланилди. Ўз.А 722

“Рамазон келганда, ундан гуноҳлари мағфират бўлган ҳолда чиқмаган банда бадбахт бўлсин”-Ҳадис шарҳи

#Рамазон_туҳфаси 4-мақола Бизларга Рамазон Рўзасини фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Рамазон ойида кечасини қоим қилишни суннат қилган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловату саломлар бўлсин. عن جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رضي الله عنهما أَنَّ النبيَّ صلى الله عليه وسلّم رَقِيَ الْمِنْبَرَ، فلَمَّا رَقِيَ الدَّرَجَةَ الْأُولَى قال: “آمينْ”. ثُمَّ رَقِيَ الثَّانِيَةَ فقال: “آمين”. ثم رَقِيَ الثَّالِثَةَ فقال: “آمين”. فقالوا: يا رسولَ الله، سَمِعْنَاكَ تَقُولُ: آمين ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، فقال: لمَاَّ رَقِيْتُ الدَّرَجَةَ الأُولَى جَاءَنِي جِبرِيلُ فقال: شَقِيَ عَبْدٌ أَدْرَكَ رَمَضَانَ، فَانْسَلَخَ مِنْهُ ولم يُغْفَرْ لَهُ، فقلت: آمين. ثم قال: شَقِيَ عَبْدٌ أَدْرَكَ وَالِدَيْهِ أو أَحَدَهُمَا فَلَمْ يُدْخِلَاهُ الْجَنَّةَ. فَقُلْتُ: آمين. ثم قال: شَقِيَ عَبْدٌ ذُكِرْتَ عِنْدَهُ ولم يُصَلِّ عَلَيْكَ. فقلت: آمين.” رواه البخاري. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқдилар. Минбарнинг биринчи поғонасига чиққанларида: “Амин”, дедилар. Сўнгра иккинчи поғонасига кўтарилганларида: “Амин”, дедилар. Сўнгра минбарнинг учинчи поғонасига кўтарилганларида: “Амин”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Я Росулуллоҳ, уч марта “Амин” деганингизни эшитдик”, деб сўрашди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Минбарнинг биринчи поғонасига кўтарилганимда, олдимга Жаброил келди ва деди: “Рамазон келганда, ундан гуноҳлари мағфират бўлган ҳолда чиқмаган банда бадбахт бўлсин”, деди. Мен: “Амин”, дедим. Сўнгра деди: “Ота-онаси ёки иккисидан бири унда бўлиб туриб, улар сабабли жаннатга кирмаган банда бадбахт бўлсин”, деди. Мен: “Амин”, дедим. Кейин яна деди: “Сиз унинг ҳузурида зикр қилинганингизда, сизга саловат айтмаган банда бадбахт бўлсин”, деди. Мен: “Амин”, дедим”, деб жавоб бердилар. Имом Бухорий ривояти. Ушбу ҳадис шариф солиҳ амаллардан энг муҳим учтаси ҳақида хабар бермоқда. 1. Рамазон ойи келганда уни ғанимат билиб, гуноҳлардан пок ҳолда чиқиш; 2. Фарзанд ота-онаси ҳаётлик чоғларида уларга яхшилик қилиб, натижада жаннатни қўлга қиритиши; 3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтиш муҳимлиги;Ушбу амалларга бепарво бўлган банда кўп ажру мукофотдан маҳрум бўлади. Таъна ва маломатга қолади. Шунинг учун ҳадис шарифда бунга амал қилмаган банда қаттиқ маломат қилинмоқда, бадбахт бўлсин, дейилмоқда. Мусулмон киши Рамазон сабабли Аллоҳнинг мағфиратига сазовор бўлиши керак. Акс ҳолда Рамазон ойи кетганида хасрат ва надоматда қолади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алйаҳи васаллам Рамазон ойи келганида янада тоат-ибодатда зиёда бўлардилар. Саҳобаларини ҳам шунга чақирар эдилар. Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Рамазон ойи келганида: “Хуш келибсан – гуноҳларимизни покловчи ой”, деб айтарди. Аллоҳим, бизларни Рамазон ойини ғанимат билиш ва тоат-ибодатда зиёда бўлишга муваффақ айла! Токи, Рамазон кетганида афсус-надоматга ўрин қолмасин. Амин, Я Роббал аъламийн. “Ҳадис ва ислом тарихи” кафедрасиЎқитувчиси Халилуллоҳ Юсупов  510
1 48 49 50 51 52 53