Кишининг фаолияти ғоя билан суғорилмаган бўлса, қупқуруқ ва ғарибдир. Н. Г. ЧEРНИШEВСКИЙ Агар сенга ғоя ёқиб қолса, ундан руҳлан. Чунки Инсонда руҳланиш қобилияти бўлиши керак. Э. ТEЛМАН Зарур бўлганда жон фидо этмаган кишини оқил дейиш хато. Г. БИЧEР Олижаноб ғояларсиз инсоният яшай олмайди. Ф. М. ДОСТОЕВСКИЙ Одамзод бахти учун ҳамма нарсадан воз кечишга ўргатадиган ажиб ғояларни кишиларга сингдириш буюк санъатдир. СТEНДАЛ Инсониятнинг бутун мақсадлари, бутун меҳнатлари муҳаббатсиз нимага ҳам арзирди? М. Ю. ЛEРМОНТОВ Ғоядан қўрққан одам бора-бора ўз тушунчасини ҳам йўқотади. ГЁТE Инсонда изчил ва онгли эътиқод, фақат ё жамият таъсири остида ёки адабиёт ёрдамида ривожланиши мумкин. Н.Г. ЧEРНИШEВСКИЙ Тирик жон кучли эътиқодга эга бўлмаслиги мумкин эмас… Эътиқодсиз кишиларгина эътиқодни амалга ошира олмайдилар; калтафаҳм одамлар ёки виждонсиз одамларгина эътиқодсиз бўладилар. Я. Г. ЧEРНИШEВСКИЙ Ғояни фойдали деб эътироф эта туриб, лекин ундан фойдалана билмаслик ҳам мумкин. ГЁТE Ўз эътиқодингни айтмоғинг учун журъатли бўлишинг керак. Я. М. СEЧEНEВ Ҳар бир киши ўз эътиқодини ҳимоя қилиши учун мард бўлиши керак. А. ГУМБОЛДТ Эътиқод ўзимизники бўлгани учун эмас, балки ҳаққонийлиги учунгина қимматлидир. В. Г. БEЛИНСКИЙ Ҳар қандай қатъий эътиқодларимиз ҳам билимларнинг янада юксалиши туфайли улоқтириб ташланиши ёки жуда бўлмаганда ўзгартирилиши мумкин. Т. ГЕКСЛИ Фақат тентаклар ва мурдаларгина ҳеч қачон ўз фикрларини ўзгартирмайдилар. Ж. ЛОУЭЛЛ Эътиқод ўз табиатига кўра фаолсиз маънавий бойлик бўлолмайди. В. А. СУХОМЛИНСКИЙ Агар эзгу ишларга бошламаса, энг зўр маънавий истаклар ҳам уч пул. Ж. ЖУБEР Инсоннинг энг юксак хоҳишлари, ғоялари, ниятлари ва туйғулари кундалик ҳаётда ўз бурчини кўнгилдагидек бажаришга уни ундамаса, сариқ чақага ҳам арзимайди. Г. БИЧEР Ҳаётини ўз эътиқодига бағишлаган одам янги металлни ихтиро этган ёки янги газни топган тадқиқотчига қараганда ҳам инсониятга кўпроқ хизмат қилган бўлади. Ж. ЛОУЭЛЛ Эътиқодсиз одам нотавон, ҳар бир аъмоли йўқ одам ғариб кимсадир. Я. Е. РEПИН Жиддий одамнинг ғоялари кўп бўлмайди. Ғояси кўп одам ҳеч қачон жиддий бўлолмайди. П. ВАЛEРИ Салгина эпкинга ҳам айланаверадиган онгсиз пирпиракка ўхшамаслик керак. Ж. ЛОНДОН Менинг эътиқодларим юрагимнинг урушига қараб ўзгараверса, унда ҳолимга вой. Ф. ШИЛЛEР Биринчи учрашган кимсага ёқиш учун ўз фикрини дарров ўзгартираверадиган одамни биз бўлмағур, пасткаш, ҳеч бир ихлоси йўқ одам деймиз. Н. А. ДОБРОЛЮБОВ “Маърифат гулшани” китоби асосида тайёрланди “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчи Пўлатхон Каттаев 946
Ҳадя (совға) улашишга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тарғиб қилганлар. Шунинг учун ҳар бир мусулмон киши ушбу тарғиб қилинган амални адо этишга имкон қадар ҳаракат қилиши фазилатли иш ҳисобланади. Мазкур фазилатли ишга тааллуқли бир қанча одоблар бўлиб, уларнинг энг машҳурлари қуйидагилар: Биринчи одоб – эзгу ният қилиш. Ҳадя берувчи аввало Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида бир мусулмоннинг кўнглини шод қилишни ният қилиши лозим. Зеро, амаллар ниятларга кўра бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадя улашишнинг қандай самаралари борлигини шундай баён қилганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзаро ҳадя улашинглар, бир-бирларингизга муҳаббатли бўласизлар”, – дедилар”. Имом Байҳақий ривоят қилган. Яъни ҳадя жамият вакилларининг ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга сабаб бўлади. Иккинчи одоб – ҳадяни қавму қариндош ва қўни-қўшнилардан бошлаш. Ҳадяни қавму қариндошлардан бошлаш афзал ҳисобланади. Чунки бу иш силаи раҳм бўлиб, ўртадаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, ҳадя улашишда қўни-қўшнилардан ва улар орасидан ҳам аввало ён қўшнилардан бошлаш афзал саналади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўшнингга яхшилик қилгин, мўмин бўласан”, – деганлар. Яъни қўшнисига яхши муомала қилган, яхши ишларида кўмакчи бўлган киши комил иймон эгаси бўлади. Кишининг яхши-ёмон кунларида доимо ёнида яшайдиган инсон унинг қўшниси бўлади. Шу маънода дастлаб қўшнисига ҳадя бериш яхшиликни ўзига яқин кишилардан бошлаш ҳисобланади. Учинчи одоб – ҳадяни арзимас санашдан сақланиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни ўзаро ҳадя улашишга тарғиб қилиб шундай деганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзаро ҳадя улашинглар, чунки ҳадя кўнгилдаги норозилик туйғусини кетказади. Бирор аёл ҳам қўшни аёлга қўй туёғининг ярмини бўлса ҳам (ҳадя қилишни) ҳаргиз арзимас санамасин”, – дедилар”. Имом Темизий ривоят қилган. Яъни ўзаро ҳадя улашиш жамият вакиллари орасида ўзаро меҳр-оқибат ришталарининг боғланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳадя берувчи ҳам, уни олувчи ҳам ҳадяни асло арзимас санамаслиги лозим бўлади. Чунки ҳадя берувчи агар уни арзимас санаса, одатда ҳадя берилмай қолиб, ундан кўзланган мақсад ҳосил бўлмай қолади. Ҳадяни қабул қилувчи ҳам берилган ҳадя ҳар қанча оддий бўлмасин, асло арзимас санамаслиги керак. Шунингдек, ҳадяни ёки берувчисини камситадиган гапларни ҳазиллашиб гапиришдан ҳам қатъий равишда тийилиши лозим бўлади. Чунки бундай қилиш ораларини бузиш учун шайтонга имконият эшигини очиш бўлади. Шунинг учун ундан тийилиш вожиб бўлади. Тўртинчи одоб – ҳадяни қайтармаслик. Ҳадяни қабул қилиш дўстлик рамзи ва ҳадя берувчини ҳурмат қилиш белгиси бўлади. Ҳадяни қабул қилмай қайтариш эса берилган ҳадяни ёқтирмаслик ёки ҳадя берувчини камситиш каби маъноларни ифодалайди. Бу эса ўртада совуқчилик тушишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда ҳадяни қайтармасликка алоҳида буйруқ келган: Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳадяни қайтарманглар ва чақирувчини(нг) (чақирувини) қабул қилинглар ва мусулмонларни урманглар”, – дедилар”. Байҳақий ривоят қилган. Аммо ҳадяни қабул қилмаслик жоиз бўлган ўринлар ҳам бор. Масалан, агар берилган ҳадяни пора ўрнида берилганини билса, ёки берилган ҳадядан кўпроғини ундан “ундириш” ёки бошқа бирор ғаразли ниятини амалга ошириш илинжида бераётганини сезса, ҳадяни қабул қилмаслик мумкин бўлади. Бешинчи одоб – ҳадя берувчини тақдирлаш Ҳадя олган киши ҳадя берувчига ташаккур айтиб, уни мукофотлаши ҳам суннат ҳисобланади. Қуйидаги ҳадис бунга далилдир: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадяни қабул қилар эдилар ва унга кўра тақдирлар эдилар”. Имом Термизий ривоят қилган. ...
2018 йил 13 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мажлислар залида «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан эълон қилинган «Илм йўлида кўмак берамиз» номли акциянинг биринчи босқичи якунлари бўйича тадбир ўтказилди. Акцияга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги билим юртлари талабалари ва ўқитувчиларини рағбатлантириш, намунали ва иқтидорли талабаларнинг тўлов-контракт пуллари тўлаб бериш кўзда тутилган. Шунингдек, Қуръони каримни ёд олган ёки араб тилидаги бирор қўшимча китобни тамомлаган талабалар ҳам рағбатлантирилади. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки, PayMe, Click, Mbank каби республиканинг йирик тўлов тизимлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, диний таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, уламолар, имом-хатиблар, Тошкент Ислом институти, диний таълим муассасалари талаба-ёшлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Маросимда диний таълим муассасаларининг энг иқтидорли 39 нафар талабаларининг контракт пуллари тўлаб берилиб, ўзининг иқтидори ва қобилияти билан Қуръони каримни тўлиқ ёд олган 15 нафар талаба энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан пул мукофотлари билан тақдирланди. Тақдирланганлар орасида Тошкент ислом институтининг 9 нафар талабаси ҳам бор. Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан институт ректори У.Ғафуров Вақф фондининг ушбу кўмаги ва қўллови учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Аллоҳ таолодан фонд раҳбарлари, ходимлари ва хайрияга маблағлари билан ёрдам берган саховатпеша юртдошларимизга қилаётган хизматлари эвазига ажру савобларни кўпайтириб беришини сўраб қоламиз. Эслатиб ўтамиз, ушбу акциянинг биринчи босқичи учун Вақф хайрия жамоат фонди томонидан умумий ҳисобда 160 000 000 сўм ажратилди. 1 001