Кимнинг ҳаёси зиёда бўлса, яхшилиги ҳам зиёдалашади. Ҳаёси камайган банданинг хайрияти ҳам камаяди. Ҳаё нафсдаги мақталган сифатлардан биридир. У карамли хулқларнинг боши, иймоннинг зийнати, Исломнинг шиоридир. Албатта, ҳаё барча ёқимли ишни қилишга ва барча ёқимсиз, ҳунук ишни қилмасликка ундовчи хулқдир. “Албатта, ҳар бир диннинг хулқи бўлади. Исломнинг хулқи ҳаёдир”,- дейилади бир ҳадиси муборакда. Ҳаё яхшиликка далолат қилувчи хулқдир. Ҳаё кишининг саломат эканидан хабар беради. Ҳаёда кўплаб фазилатлар ва фойдалар бор. Барча шариатлар халқни ҳаё билан хулқланишга буюрган ва унга тарғиб қилган. Шариат ҳаёни иймондан деб эълон қилди. Жорий йилнинг 19 октябр куни Тошкент ислом институтининг талаба қизлари иштирокида “Ҳаё – аёл зийнати” мавзусида тарбиявий соат бўлиб ўтди. Унда талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова маъруза қилди. Суҳбат давомида, талаба қизлар ҳам ҳаё ва ибога оид оят-ҳадислардан ибратли мисоллар келтирдилар. “Ҳаё ва иймон бир-бирига яқин нарсалардир. Агар улардан бири кўтарилса, бошқаси ҳам кўтарилади”,- дейилади ҳадиси шарифда. Агар одамларда журъат, фаҳшни кўрсанг, билгингки, бунинг энг катта сабабларидан бири ҳаёнинг йўқолганлигидир. Ҳаё ва иймон, ҳар иккиси ҳам яхшиликка чорловчи, ёмонликдан узоқлаштирувчи ажралмас омил эканлиги таъкидланди. ТИИ талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова 1 024
У илмни то насибасини олгунигача излади. Шайх унга ва уни дўстларига: “Инсонлардан баландда бўлманглар, албатта олим модомики қўлини дунё матоҳларига чўзар экан, унда яхшилик йўқдир. Ҳаммангиз боринг ва отангизни касби билан шуғулланинг, бунда Аллоҳдан тақво қилинг”, деди. Ўша йигитлардан бири онасини ёнига бориб отаси қайси касб билан шуғуллангани ҳақида сўради. Онаси ажабланди ва: “Отанг Аллоҳнинг ҳузурига кетган бўлса уни касбини сўраб нима қиласан. Бориб бошқа касб топ, отангнинг ишини қўй”, деди. Боласи мажбурлайвергач, отасининг касби ўғрилик бўлганини хоҳламайгина айтди. Ўғли унга: “Шайхимиз бизни отамиз қилган барча ишни қилишга ва бунда Аллоҳдан тақво қилишга буюрдилар”, деди. Онаси оҳ тортиб юборди ва ўғрида қандай қилиб тақво бўлиши мумкинлиги айтиб ўкинди. Бола ғафлатда эди ва: “Шайхим шундай деган”, деди. Сўнг кетди ва ўғрилар ўғрилик қилишда қўллайдиган усуллар ва ўғрилик йўлларини ўрганди. Ва илк ўғрилигига киришди, ҳуфтон намозини ўқиди ва инсонларни уйқуга кетишларини кутди. Ва отасини касбини шайхи айтганидек тақво билан қилиш учун чиқди. Ён қўшнисидан бошлади, бирдан шайхининг тақво билан қилинг, деган гапи ёдига тушди ва қўшнига озор бериш тақводан эмас деб, кейинг уйга ўтди ва ўзига ўзи айтди: “Бу етимларнинг уйи бўлса, Аллоҳ уларни молларидан ейишни ман этган”. Йўлида давом этди, бой тижоратчининг уйига бориб тўхтади. Бойнинг биттагина қизи бўлиб, одамлар уни ҳожатидан ортиқ моллари кўплигини билар эди. Ва шу уйга киришга қарор қилди. Эшикни очди ва ичкарига кириб кенг уйларни, кўп хоналарни кўрди, моллар турадиган жойни топгунча уйда айланди. У ердаги олтинлар ва кумушларга тўла сандиқни очди. Энди олмоқчи бўлиб турганда шайхининг гапи ёдига тушди ва бу тижоратчи ҳали закотини адо қилиб улгурмаган бўлса-чи, деган хаёлга борди. Бойнинг дафтарини олиб ўзи билан олиб кетган кичик фонарни ёқди ва ҳисоблай бошлади. У ҳисобга жуда моҳир эди. Ҳисоблаб бўлгач, закот учун ажратилган пулларни бир четга олиб қўйди, ҳисоблашга шунчалик киришиб кетганидан вақт ўтганини сезмай қолди. Қараса, бомдод вақти бўлибди. Тақво қилиб аввал намоз ўқийман, деб ҳовлига чиқиб таҳорат қилди ва намозга иқома айта бошлади. Уй эгаси уни эшитиб чиқди, ҳайратда лол қолди. Фонар ёқиқлиги учун сандиқ очилганини кўрди ва: “Сен кимсан?”, деди. Ўғри эса: “Аввал намоз кейин калом”, деди. Таҳорат қилиб кел бирга намоз ўқиб олайлик, уй эгаси имомлик қилиши керак”, деди. Уй эгаси унда қурол бўлса-чи деган ҳадикда айтганини қилди. Аллоҳ билади қандай намоз ўқиганини. Намоз тугагандан сўнг ўғридан кимлигини ва нима қилаётганини айтишини сўради. У ўғрилигини айтди. Бой эса дафтарини нима қилганини сўради. Ўғри унга олти йилдан буён чиқармаган закотини ҳисоблаганини ва жойига қўйиш учун ажратиб қўйганини айтди. Тижоратчи эсидан айрилай деб: “Бу нима деганинг, жинни бўлганмисан?”, деди. Ўғри ҳаммасини айтиб берди. Тижоратчи унинг гапларини эшитиб бўлгач унга яхшилаб назар солди ва уни чиройли ва ақлли эканини кўрди. Хотини ёнига бориб бўлган воқеани айтиб, қайтиб ўғрини олдига келди ва: “Сенга қизимни никоҳлаб берсам, ўзингни эса шахсий ҳисобчим қилиб олсам, нима дейсан? Онанг биз билан шу ерда яшайди”, деди. Ўғри рози бўлди, тонг отгач гувоҳлар чақирилди ва никоҳ аҳди боғланди. Али Тантовийнинг «اللص التقي» номли ҳикояси Арабчадан Тошкент Ислом институти талабаси Робия Маннобжонова таржимаси 914
Қуръони каримнинг энг улуғ фазилатиларидан бири Буюк Аллоҳнинг Каломи эканлигидир. Аллоҳ таоло уни кўп оятларда мадҳ қилиб, жумладан, бундай деб марҳамат этади: “Дарҳақиқат, бу Қуръон тўғри йўлга бошлайди” (Исро сураси, 9-оят). “Қуръонда зоҳирий ҳам, ботиний ҳам ботил йўқ” (Фуссилат сураси, 42-оят). … Жаҳолатга ботган араб қабилалари узра нубувват қуёши порлади. Бу қуёш уларнинг тун зулматларини ёритиб, кечаларини кундуз каби нурафшон этди. Ер кенгликлари узра сочилиб, шимолу жануб осмонида балқиб, шарқу ғарб дунёсини ёритди. Саҳобалар юлдузлар каби бу қуёшдан нур олар, унинг атрофида айланиб бу мавжли илм денгиздан ҳўплаб-ҳўплаб ичар эдилар. Улар ваҳий орқали нозил бўлган ҳақиқатларни нафсларида жам этиб, вужудлари ер юзида юрса ҳам, руҳлари самоларда учар эдилар. Қуръон таълимини қалбида топган инсон – Қуръон оятларини ўқийдиган ва у билан ҳидоятланган кишилардан ҳисобланарди. Асрлар давомида уммат учун йўлчи юлдуз бўлиб келган саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Қуръонга бўлган чексиз муҳаббатлари сийрат китобларида ўз аксини топган. Ибн Масъуд Исломнинг асоси бўлмиш Қуръони каримга бутун эътиборини қаратиш билан бирга одамларни бу Каломни фахмлашга, амал қилишга ва тиловат қилишга ундадилар. Уларнинг Қуръони карим ва унинг оятларига амал қилиш тўғрисида бир неча фикрларини келтириб ўтамиз: Мурра Абдуллоҳдан шундай ривоят қилади: “Агар илм истасангиз, Қуръон ифорини сочинглар. Дарҳақиқат, аввалгилару охиргиларнинг илми бу Қуръондир”. Абу Ахвасдан ривоят қилинишича, “Ибн Масъуд айтадилар: Дарҳақиқат, Қуръон Аллоҳнинг зиёфати, кимки ундан бирон нарса ўрганмоққа қодир бўлса, бас, ўргансин! Билингки, энг ҳақир уй – ичида Аллоҳнинг Китоби бўлмаган уйдир! …” Ибн Масъуд шундай дедилар: “Қуръонни ёд олувчи киши одамлар уйқуга кетганида, узун туни билан, одамлар еб-ичишга шўнғиганида, ғариб кундузи билан, одамлар шовқин-сурон билан тошганида, жимлиги билан бўлсин! Қуръонни ёд олувчи одам йиғиси кўп маҳзун, илми кўп ҳикматли, сукути кўп босиқ киши бўлиши лозим. Қуръонни ёдолувчи киши қўпол, ғофил, сершовқин бўлмаслиги керак” . Ва яна айтадиларки: “Қуръон унга амал қилиш учун нозил бўлди. Бас, Қуръонни амал қилиш учун ўрганингиз. Ҳали шундай қавм келадики, улар Қуръонни ҳудди асони йўниб силлиқлаган каби зийнатлайдилар. Улар сизнинг яхшиларингиз эмас! Илмига амал қилмайдиган олим шифони беҳуда сифатлаётган беморга, таомнинг лаззатини васф қилиб, ўзи ундан бебаҳра оч кишига ўхшайди”. Аллоҳ таоло барчамизни Қуръонни ўрганиб унга амал қилувчилардан қилсин! Тошкент Ислом институти талабаси Ғофурова Оминахон 929
Минг марта эшитгандан, бир марта кўрган яхши, дейдилар. Бугун, 19 октябрь куни Тошкент ислом институти 3-курс талабалари Ҳазрати Усмон мусҳафи сақланаётган тарихий-меъморий обида – Мўйи муборак музейига “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси Ислом тарихи фани ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев ташаббуслари билан экскурция уюштирдилар. Экскурция жараёнида, талабалар Усмон Мусҳафининг юртимизга олиб келиниши ва меъморий обида тарихи билан танишдилар. Маълумки, Усмон Мусҳафи 1989 йил 14 мартда Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний назорати кутубхонасига олиб келинган эди. Мўйи муборак Музейда 47 тилдаги Қуръони карим таржималари сақланмоқда. Таржима ичида Каломуллоҳнинг қардош қозоқ ва қирғиз тилларига ўгирилган нусхалари ҳам учрайди. Экскурциянинг қизиқ томони шундаки, айни пайтда талабалар дарс жараёнларида Усмон мусҳафининг ёзилиш тарихини ўрганаётган эдилар. Бу нарса, талабаларнинг мазкур қадимий Қуръони карим қўлёзмасини такрор бориб кўришга турки бўлди. «Ислом тарихи» фани ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев ва 3-курс талабалари 777
Мотуридия мазҳабидаги мўътабар уламолардан бири бўлган Нажмиддин Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ «Ақоиди Насафий» асарида қуйидагиларни ёзган: «Аллоҳ таолонинг бандаларига кўриниши ақлан жоиз, нақлан вожибдир. Ҳа, охират диёрида мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришларини тасдиқловчи самъий далиллар келгандир. Шунга кўра бирор маконда бўлмасдан, бирор муқобил тарафда турмасдан, ёки нурга чулғанмасдан, ёки кўрувчи билан Аллоҳ таоло ўртасида масофа собит бўлмасдан кўринади». Аҳли сунна уламолари Аллоҳ таолони жаннатда кўриш собитлигига Қуръони каримдаги ушбу оятни далил қилиб келтирганлар: وُجُوهٌ يَوْمَئِذٍ نَاضِرَةٌ إِلَى رَبِّهَا نَاظِرَةٌ «У кунда чиройли юзлар бор. Ўз Роббисига назар солувчилар» (Қиёмат сураси, 22-23 оятлар). Бошқа бир оятда кофирларнинг қиёмат кунида Аллоҳ таолони кўришдан тўсилишлари шундай хабар берилган: كَلَّا إِنَّهُمْ عَنْ رَبِّهِمْ يَوْمَئِذٍ لَمَحْجُوبُونَ «Йўқ!!! Албатта, улар ўша кунда ўз Роббиларини кўришдан тўсилурлар» (Мутоффифин сураси 15 оят). Уламолар ушбу оятни мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришлари ҳақлигига далил қилганлар. Бу ҳақида имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ушбу оятда мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришларига далил бор», деган. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ: «Унинг душманлари тўсилган ва Уни кўра олмаганларидан кейин, Ўзининг дўстларига тажаллий (Ўзини намоён) қиладики, У Зотни кўрадилар», деган. Аллоҳ таолони жаннатда кўриш ҳақлигига ҳадиси шарифларда ҳам кўплаб далиллар келган. Жумладан Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Бизлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик, у зот тўлин ой кечасида ойга назар солдиларда: «Сизлар яқинда Роббиларингизни бу ойни кўргандек кўрасизлар, Уни кўришда қийналмайсизлар, агар қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин намозга куч сарфлашга қодир бўлсаларингиз, албатта, уни адо қилинглар»,дедилар”. (Муттафақун алайҳ). Уламолар ушбу ҳадиснинг шарҳида қуйидагиларни айтганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бу ойни кўргандек кўрасизлар» дейишлари кўриладиганни кўриладиганга ўхшатиш эмас, балки кўришни кўришга ўхшатишдир. Аллоҳ таолони кўришни ойни кўришга ўхшатишда икки хил маъно бор: Тўлин ой кечасида ойни кўриш тўғрисида ҳеч қандай шак-шубха бўлмайди; Ойни кўришда кўрувчилар қанча кўп бўлишларидан қатъи назар ҳеч бир машаққатсиз барчалари баравар кўраверадилар”. Мўминлар Жаннатга киргач, уларга кўзлар кўрмаган ва қулоқлар эшитмаган сон-саноқсиз неъматлар берилади. Ўша неъматларнинг энг улуғи Аллоҳ таолога назар солиш ҳисобланади. Бандалар Аллоҳ таолони шаклсиз, идроксиз ва бирор тимсолсиз кўрадилар. Бу ҳақда Сўфи Оллоҳёр бобомиз ўз байтларида шундай келтирган: Кўнгулда кечса, кўзга тушса ҳар шай Эрур андин муназзаҳ Холиқи Ҳай. Яъни инсоннинг кўнглида Аллоҳ таолонинг қандайлиги тўғрисида қандай фикр ўтса ҳам, унинг кўзига қандай улуғвор нарса кўринса ҳам Аллоҳ таоло барчасидан бошқа бўлган, олий ва буюк Зотдир. Идроксиз кўриш деганда эса кўрилган нарсани тасвирлаб бера олмайдиган, унинг қандайлигини тушунтириб бера олмайдиган ҳамда ёдида сақлаб қола олмайдиган даражада кўриш маънолари тушунилади. Шунга кўра мўминлар жаннатда Аллоҳ таолони бирор шаклсиз, идроксиз ва ҳеч бир тимсолсиз равишда кўрадилар, деб эътиқод қилишимиз лозим бўлади. Аллоҳ таоло барчамизга жамолини кўриш бахтини насиб этсин. Омин! Тошкент Ислом институти талабаси Турғунбоев Нуриддин 850