Масжиддан қайтаётган икки қўшни суҳбатидан: – Қўшни, янги имомизнинг қироатлари чиройли экан-а! Намозларни маза қилиб ўқияпмиз. Маърузалари ҳам маъноли, Қуръон-ҳадисдан гапирар эканлар. Аллоҳ рози бўлсин, илмли инсон эканлар. – «Олим бўлма, одам бўл», дейишади. Илм бўлса-ю, илмига амал қилмаса бундан ёмони йўқ. Баъзи имом-домлалар илмига амал қилмайди. Бу янги домлаям эски имомимиздек илмига амал қилмас экан… – Ҳой, қўшни, майли домлаларни қўйиб турайлик. Сиздан анчадан бери бир нарса ҳақида сўрамоқчи бўлиб тургандим. Ҳарқалай диний илмингиз мендан кўра тузукроқ. Айримлар ғийбат қилишни ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳабларда жоиз дейишяпти. Ҳақиқатан ҳам баъзи мазҳабларда ғийбат қилиш жоизми? – Ким айтяпти шу гапни?! Ғийбатни мутлақ ҳаром қилингани айнан Қуръоннинг ўзида зикр қилинган. Тўртала мазҳабда ҳам ғийбат қилиш – ҳаром! Мен буни аниқ биламан! – Ғийбат ҳукмини аниқ билсангиз нега ўзингиз амал қилмайсиз? Нега мулла-имомларни ҳадеб ғийбат қилаверасиз? Агар улар илмига амал қилмаса, сиз ҳам билганингизга амал қилмаяпсиз-ку! Бир вақтнинг ўзида «илмига амал қилмайди», деб иккала имомимизни ҳам ғийбат қилдингиз-а! Устига-устак, “Тўртала мазҳабда ҳам ғийбат қилиш – ҳаром! Мен буни аниқ биламан!” – дейишингиз мени ҳайрон қолдирди. Илмига амал қилмаётган бирор домлани кўрганимизда ўзимиз ҳам қанчадан-қанча билганларимизга амал қилмаётганимизни ҳам ўйлайлик! Мусулмон одам ҳар томонлама инсофли, адолатли бўлиши керак, қўшни! – Гапингиз тўғри, қўшнижон. Ғафлатда қолибман, тавба қилдим! Кўзимни очдингиз. Сиздек инсонни менга қўшни қилиб берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!… Манба: fitrat.uz 1 010
Илм толибини ҳақиқий маънода илм толиби қиладиган муҳим нарсалардан бири маълумотларни таҳқиқ ва тадқиқ қилиш, тўғрисини нотўғрисидан ажратишдир. Бу ҳам секин-секин пайдо бўлиб ривожлантириладиган нарса ҳисобланади. Дастлаб, талаба бу нарсаларни устозидан сўраб ўрганади. Кейинчалик мустақил равишда муҳаққиқ ва мудаққиқ олимларнинг китобларига назар солади, луғат ва қомуслардан фойдаланади. Ҳадиси шарифларнинг шарҳига бағишланган китобларга қарайди ва ҳоказо. Талаба китобларда учрайдиган тарихий шахслар, уламолар, саҳобаи киромлар ва бошқаларнинг исмларини ҳам қандай ўқилишини шу тариқа билиб олиши мақсадга мувофиқ. Қайси ҳарф устида қандай ҳаракат бор, қайси ҳарф сукунли, шуларга эътибор қаратиш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Араб тилидаги кўп сўзлар кўринишдан бир хил ёзилади. Лекин, улардаги ундош ҳарфлар усти ёки остида бўлиши керак бўлган ҳаракатлар кўпинча ёзилмасдан ўқувчининг ўз ақли ва билимига ҳавола қилиниши туфайли илм толиби уларни гоҳида чалкаштириб ўқийди. Ҳаракатларни нотўғри қўяди ва натижада ё умуман маъносиз бир сўз пайдо бўлади ёхуд бошқа маънодаги сўзни бошқа маънода ишлата бошлайди. Киши то шу нарсаларга жиддий эътибор бериб, ўрганмагунча олим бўлиш тугул талаба ҳам бўлиши қийин. Бекорга олимлар ҳадиси шарифлардаги ҳаётда кам учрайдиган сўзларга алоҳида тўхталиб, ҳаракатларигача баён қилиб кетмаганлар. Ҳолбуки, араб тили юқорида ишора қилинганидек ёзув услуби консонант (абжадий) хат турига асосланган тил ҳисобланади. Бунда фақат бир-бирига уйғун бўлиб келувчи ундош ҳарфларгина ёзувда акс этади. Ҳаракат (унли)лар эса ўқувчининг заковатига ҳавола қилинади. Шундай экан ҳали сўзларни сиёқул каломга қараб бир-биридан ажрата олмайдиган одам яхшиси устозидан сўраши ёхуд тегишли китоблардаги шарҳ ва ҳошияларга қараши лозим. Замонамизнинг машҳур ҳанафий олимларидан, Шом юртидан чиққан кўплаб муҳаққиқ ва фақиҳларнинг давомчиларидан бўлмиш Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг ютуқларидан бири ҳам айнан тадқиқ ва таҳқиқ масаласига ғоятда эътиборли эканликлари экан. Айни шу масалага яъни талаба учун илмнинг дақиқ жойларигача ўрганиш муҳимлигига ўзларининг сўнги китобларидан бири бўлган «маолиму иршодийя лисиноати толибил илм» китобларида ҳам тўхталиб ўтганлар. Зотан, бу зотнинг устозлари ва устозларининг устозлари ҳам аслида муҳаққиқ олимлардан бўлишган. Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда, Мустафо Зарқо ва бошқалар. Аллоҳ таоло уларни кенг бепоён раҳматига дохил этсин! Фақиҳ ва муҳаддис шайх Муҳаммад Аввома ҳазратларини ҳам Ўзининг ҳифзу ҳимоясида асрасин, умр-у ризқларига баракот берсин! Яна сўзимизни давом эттирсак, баъзан оддий бир масдарни нотўғри ишлатиш ҳолатларига гувоҳ бўламиз. Масалан, кетмоқ маъносини ифодаловчи «ذَهَاب» («заҳааб(ун)) сўзини «зиҳоб» дея зол ҳарфини касрали қилиб ўқиймиз. Ёки – «وجد»важд сўзини вужд деб ўқиймиз. Ваҳоланки, бу икки сўз икки хил маънода ишлатилувчи бошқа-бошқа феъллардан ясалган от ҳисобланади. Биринчиси, яъни важд бу қалбда пайдо бўлувчи муҳаббат, ишқ ва ҳоказо. Тасаввуф истилоҳида эса инсон қалбига табиий равишда келувчи ухровий қўрқув, ижобий маънодаги ҳузн ё хурсандчилик ва ҳоказолар назарда тутилади. Вужд эса кенглик, моддий бойлик каби маъноларни англатади. Бу содда нарсалар аслида. Лекин шу каби ҳолатлар кўп учраб туради. Жума кунидаги хутбаларда Аллоҳ таолонинг «ал-Жавод» исмини «Жаввод» дея атайин, ноўрин андиша туфайли вов ҳарфини ташдидли ўқиш ҳам шунга мисол бўла олади. Ёки, яна ўша хутба сўнгидаги дуоларда «варҳамнаа маъаҳум ваҳшурнаа минҳум» дея биринчи феълни «маъа» ҳарфи билан, иккинчи феълни эса «мин» ҳарфи билан ишлатилиши ҳам ғалат машҳур бўлиб қоляпти. Бундай нарсалар маънони бузади. Унинг ўрнига бемалол: «варҳамнаа ваҳшурнаа маъаҳум!» (яъни: «бизларга улар қаторида марҳамат кўрсат ва улар билан бирга ҳашр эт!») деяверинг, тўғри бўлади, хато бўлмайди....
Малайзияда “Қўлёзмалар ва тарихий ҳужжатларга бағишланган иккинчи халқаро конференция” ўз ишини давом эттирмоқда. Бу ҳақда azon.uz сайти хабар бермоқда. Конференцияда Қувайт араб очиқ унверситети профессори Муҳаммад Ҳассан Тайён энг нодир қўлёзмаларнинг тадқиқ, таҳқиқ қилиш ва уларни ўрганиш борасидаги тажриба-тавсияларини бериш билан бирга Ибн Сино ва бошқа юртимиздан чиққан алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси тўғрисида фикрларини билдирди. Саудиянинг Подшоҳ Малик Абдулазиз университети қўлёзмалар фонди мудири, Шайх Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Муниф ўз сўзида: Ўзбекистондан кўпллаб алломалар етишиб чиққанлиги, уларнинг маънавий мероси бугун дунёдаги қўлёзма фондларини олтин хазинасига айланганлигини таъкидлади ва “Араблар доимо илм-маърифатни қўллаб қувватлайди. Зеро, илм-маърифат Маккадан бошланган. Аммо унинг тараққиёти ва тарқалишида ажамларнинг ҳиссаси катта”, – деб таъкидлади. Шунингдек, Шайх Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Муниф ИБХИТМи билан илмий-тадқиқот ишларида, маънавий меросимизни тадқиқ этишда амалий ёрдамга тайёр эканлигини билдирди. Мазкур конференция раиси ва Малайзия ислом илмлари университети профессори Нажм Абдураҳмон ўзининг БАА да 25.000 дан ортиқ қўлёзмалар сақланадиган шахсий кутубхонасида мавжуд асарлар Мовароуннаҳр уламоларининг асарлари қўлёзмалари эканлигини айтиб, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Абдулҳамид Кешийларнинг ҳадис илми ривожида тутган ўрни ва уларнинг илмий мерослари энг нодир қўлёзмалардан эканини таъкидлади ва: “Мен умримни Имом Бухорий асарларини жамлашга сарфладим. Бир саҳифа маълумот топсам, албатта уни ўз шахсий фондимга киритдим. Муҳаддиснинг ҳаёти ва меросига оид етти мужаллад асар яратдим”, – деди. Шунингдек, ИБХИТМ вакиллари директор ўринбосари Ш.Умаров “Мовароуннаҳрлик машҳур муҳаддислар ҳаёти ва илмий мероси” мавзусида чиқиш қилди. Маъруза анжуман иштирокчилари томонидан диққат билан тингланди ва мавзуга оид савол-жавоблар бўлиб ўтди. 1 073
Бугун 5 июль куни Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти Махсус сиртқи бўлимига 2018-2019 ўқув йили учун кириш имтиҳонларининг биринчи куни бошланди. 6 июль куни ҳам давом этадиган имтиҳонга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов, ЎМИ таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Жалолиддин Нуриддинов, бўлим ходими Акбар Дўстматов бошчилигидаги кузатувчилар ташриф буюрдилар. Махсус сиртқи бўлим бевосита Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг “Республикамизда фаолият юритаётган икки мингдан ортиқ жоме масжидларни олий диний маълумотга эга имом-хатиблар билан таъминлаш учун Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида уч йиллик Махсус сиртқи бўлим ташкил этиш мақсадида”ги буйруғи асосида талабалар қабул қилинади. Махсус сиртқи бўлимга республикамизда фаолият юритаётган, камида беш йиллик стажга эга бўлган имом-хатиб, мадраса мударрислари ва Имом Бухорий халқаро маркази ходимларидан иборат жами 144 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Шулардан 120 нафари ақоид, фиқҳ ва араб тили фанлари бўйича имтиҳонлар асосида қабул қилинади. Билет олган ҳар бир абитуриент жавоб беришдан олдин 20 дақиқа давомида луғатлардан фойдаланган ҳолда ўтириб тайёрланиши мумкин. Имтиҳон олиш учун Тошкент Ислом институти, Кўкалдош ўрта махсус билим юрти ва Ўзбекистон халқаро Ислом Академиясидан малакали мударрислар жалб этилган. Имтиҳон натижалари бўйича мандат 7 июль куни эълон қилинади. 1 232
Водийдан Шоҳимардон зиёратига бораётган зиёратчилар албатта Водил қишлоғида тўхтаб ўтадилар. Шундоққина йўлнинг юзида “Чинор таги” истироҳат боғи мавжуд. Бу сўлим истироҳат боғида ёши тахминан 1000 йилларга тенг азим чинор бор. Водилнинг қадим ўтмишидан дарак берувчи бу чинорни зиёратчилар томоша қилиб, соясида дам оладилар. Бу чинорнинг остида кўплаб маънавий чинорлар етишиб чиққан. Улардан бири Оҳунжон қори Водилийдир. У зот қори, машҳур олим, муфассир, муфаққиҳ, муаррих, шоир, адиб ва қилқалам соҳиби бўлганлар. Бу зотни замондошлари илмда чинорга тенглаштиришар эди. Оҳунжон қори 1827-йили диёнатли дўкондор Расул оқчи (оқ газмол дўкондори) оиласида таваллуд топганлар. Расул оқчи барча ўғил-қизларини диний мутахассис бўлиб вояга етиши учун саъй ҳаракат қилади. Шу мақсадда 7 ёшли Оҳунжонни қўшни қишлоқ Чимёнга Даминжон қорига топширади. Ёш Оҳунжон кўплаб қорилар қатори 14 ёшида Қуръони Каримни ҳифз қиладилар ва устози ижозати билан қишлоққа қайтадилар. Сўнгра оталари Марғилондаги Мавлоно Муҳаммад Юсуфхоннинг тарбиясига топширадилар. Ўша даврда инсонлар фарзандларини олим инсонларнинг хизматига берардилар. Олимнинг хизматини қилиб бирга яшаса, уларнинг илмини ўрганмаса ҳам тарбиясини, хулқини ўрганади деган мақсадда шундай қилишар эди. Оҳунжоннинг “махдум”-“хизматкор” дея аталишларининг боиси шу бўлган. Оҳунжон устозларининг олдига келувчи талаба ва меҳмонларга чой дамлаб хизмат қиладилар. Бир кун устоз талабаларни имтиҳон қиладилар. Улар бир масаланинг жавобини топа олмай турган пайтларида Оҳунжон чой олиб кириб қолади ва ёш болаларча жавобни айтиб, яна хизматларига чиқиб кетадилар. Чой тошиб оддий хизматларни қилиб юрган ёш боладан жавобни эшитиб ажабланадилар. Дарс тайёрламай чой ташиш асносида эшитиб, ёдлаб олганларини кўрган устозлари олдиларига чақирадилар. Имтиҳон қилиб бошқа нарсаларни сўрасалар, унга ҳам жавоб берадилар. Илмга қобилияти борлигини пайқаган устозлари Оҳунжонга “Отангдан ўқишга рухсат сўраб кел, сени ўқитармикан ёки ўзи каби мол-дунё тўплатармикан?“ дея қўшиб қўядилар. Оталари бу гапни эшитиб, ўқитаман дейдилар. Шу воқеадан кейин устозларининг олдига қайтиб келиб, энг яқин талабаларига айланадилар. Устозларига хизмат қилиш билан бирга, у зотдан таважжуҳ илмини ҳам ўрганадилар. Ўша ердаги Ғиштин мадрасасини тамомлаб, катта олим бўлиб етишадилар. Устозлари у зотга “Сен ҳамма нарсани ўчоқ бошидан, яъни хизматдан топгансан-да“ –дея таҳсин айтганлар. Мадрасадагилардан Мир Яҳё у ҳақида “Биз вазифаларни 2-3 кунлаб тайёрлаб ниҳоясига етказсак, Оҳунжон қори такрорламай, биздан яхши ўзлаштириб олардилар” деган. Ёзма манбаларда бу зот “улуғлар афзали“, “шариат офтоби“, “ҳақиқатларни очиб берувчи“, “моҳир суҳандон“, “турли фанлар соҳиби“ каби сифатлар билан таърифланган. Талабалик даврларида устозлари иккита қори билан Лоғон қишлоғига таровеҳ намозини ўтказиб бериш учун жўнатадилар. У ерда шерикларидан бири вабо касали билан вафот этади. Яна бири эса курашга бориб қўли синиб, кетиб қолади. Ўзлари ёлғиз бешта хатмни ўтказиб қайтадилар. Бундан хурсанд бўлган устозлари ҳақларига алоҳида дуо қиладилар. Устозлари Аравонга сафар қилганларида ёш Оҳунжонни бирга олиб кетардилар. Шундай сафарларнинг бирида Оҳунжонга Аравон қозисининг назари тушиб қолади ва янги қурилган масжидга имом қилиб қолдиришни устозларидан илтимос қилади. Шу тарзда Оҳунжон Аравонда имом сифатида ишлаб истиқомат қиладилар ва қисқа вақт ичида Аравон халқи ўртасида катта ҳурмат қозонадилар. Кейин Аравонлик Мадоким Амин қизини қорига никоҳлаб беради. Бухоролик шайхул ислом таклифи билан устозлари раҳнамолигида Абдулҳаким исмли пешқадам билан Оҳунжон қори Бухоро шаҳрига ташриф буюрадилар. Рамазонда ўн кунлик таровеҳ намозида ва Қуръон хатмида иштирок этадилар. Устозлари Мавлоно Муҳаммад Юсуфнинг вафоти (1921-йил)дан сўнг Оҳунжон Марғилонга кўчиб келиб, Мулла Мўминжон хонадонида яшаб, “Хонақоҳ” масжидида имом ва мадрасада мударрислик қиладилар. 1924-1925- йиллари ўзларининг туғилиб ўсган қишлоғи Водилга кўчиб келиб, мозор тагидаги мадрасада дарс бериб кўплаб қориларга устозлик қилганлар. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда Ўрта Осиё мусулмонлар идораси бошлиғи Эшон Бобохон Оҳунжон қорини бир неча бор бирга ишлаш учун Тошкентга таклиф қилганларида, узр сўраб, ўз масканларида қолганлар. Тошкентда бўлиб ўтган имом-хатиблар йиғилишида Муфтий ҳазратлари: “Юртимизда Оҳунжон қоридек...