Муқаддас Ислом динимиз инсонни улуғлаган. Шу сабабдан ҳам яратилган бошқа махлуқотлардан афзал ўринга қўйган. Аллоҳ таоло инсонни азиз ва мукаррам мавжудот эканини Каломи орқали барлалла эълон қилиб шундай марҳамат қилган: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70). Албатта, инсоннинг азизлиги бежиз эмас. Чунки инсондан бошқа махлуқотлар Аллоҳнинг “Бўл!” деган амри билан пайдо бўлган бўлса, инсонни Ўз қудрати қўли билан энг гўзал суратда яратган. “Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим (шаклда) яратдик” (Тийн, 4). Гўзал шаклда яратилган азиз инсонга Аллоҳ Ўзига асло исён қилмайдиган, ўзларига буюрилган вазифаларни сўзсиз адо этадиган фаришталарни сажда қилдириб қўйди. Инсонга билмаган нарсаларини билдириб, фаришталардан устунлик жиҳатини кўрсатиб қўйди. Аллоҳ мукаррам инсон хизмати учун кеча ва кундузни, қуёш ва ойни, тоғу-тошларни, наботот ва ҳайвонатни қўйинки, еру-осмондаги барча нарсаларни бўйин сундириб қўйган. Инсоннинг азизлигини уннинг барча моддий ва маънавий ҳолатлари ҳимояланганида ҳам кўришимиз мумкин. Яъни, бирор бир инсоннинг жони, дини, мол-мулки ва шаънига тажовуз қилиш катта жиноят деб қаралади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисда: “Ҳар бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмонга қони, обрўси ва моли ҳаромдир”, дейилган. (Имом Бухорий ривояти). Аллоҳ таоло Қуръонда инсонларни ўзаро бир-бирларини қонини ноҳақ тўкишдан қайтариб, бир жонни ўлдирган инсонни гўёки бутун башариятни ҳаётига тажовуз қилган шахсдек қарайди. Бу “Моида” сурасининг 32-оятида “…Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир…” кўринишида баён қилинган. Инсон шаънини юқорида даражага кўтарган динимиз унинг нафақат қонини тўкиш, балки обрўсини поймол этиш ва ўзгалар олдида изза қилишни ҳаром қилган. Бирор инсоннинг мол-мулкини ўғирлаш, талон тарож қилиш моддий жиноят ҳисобланса, унга нисбатан қилинган ғийбат, тўхмат, ёлғон ва хиёнат каби ишлар маънавий жиноятлар деб қаралади. Ҳатто, ушбу ҳолатда Аллоҳнинг кечириши зулм кўрган инсоннинг кечиришига боғлаб қўйилган. Динимизда мусулмонлар нафақат ўзаро бир-бирларини балки, бошқа дин вакилларини ҳам азиз инсон ўрнида кўриб, уларга ҳурмат кўрсатишга буюрилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг атрофидаги саҳобий розияллоҳу анҳумларнинг ҳаётларини ўрганар эканмиз буни кўплаб амалий ва намунавий мисолларини кўришимиз мумкин. Қуръон оятлари ва Ҳадис матнларини ўрганар эканмиз, Аллоҳ инсонни Ўзининг ердаги ўринбосари сифатида Ўзига ибодат қилиши, ер-юзини обод қилиши, чиройли солиҳ амаллар қилиши ҳамда ўзаро танишиб аҳил ҳаёт кечириши учун яратганини кўрамиз. Зеро, инсоннинг азизлиги ҳам мана шу нарсаларда намоён бўлади. Инсоният ҳам ўз ўрнида ўринбосарлик масъулиятни ҳис қилиб, Аллоҳнинг талабини адо этган ҳолда яшашга интилиши лозим. Аллоҳ биз инсонларни азиз ва мукаррам ҳолда яратган экан, мана шу азизликни сақлашга ва У зотга азиз ҳолда йўлиқишга ҳаракат қилайлик. “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Ф.Жўраев. 1 034
Кўпчилик ота-онани бу муаммо қийнайди ва бу масалага нотўғри ёндашадилар. Болани ёки қаттиқ қўллик билан ўйинлардан сақлайди ёки ҳар куни “ўйин ўйнама“ дея бир хил гапни такрорлайверади. Бола эса эртасига яна ўйин ўйнайверади. Келинг вазиятга бошқача ёндашамиз. Бола ўйнашни хоҳлайди, сиз эса йўқ. Кейинги гал бола ўйин ўйнаётганида уни уришманг аксинча чин дилдан унинг ўйинларига қизиқинг. У билан бирга ўйнанг, ундан ўйинни ўргатиб қўйишини илтимос қилинг. Диққат қилинг сиз мулоқотда мослашиш усулини қўллаяпсиз. Одамларни, вазиятларни ўзгартириш учун сиз аввало мослашишингиз керак. Ана ундан кейин дастакни ўзингиз хоҳлаган тарафга бура оласиз. Бола билан ҳам шундай. У билан дўст бўлинг ва секин аста ўйиндан чалғитинг. Бошқа фойдали машғулотлар топинг. Демак, хулоса қилсак, сиз аввало у билан қўшилиб ўйин ўйнайсиз, берилиб чин дилдан киришиб кетасиз ва секин-аста ўйинни камайтирасиз. Бола ҳам сизга эргашади. @MKda_oltinqoida 882
Ризқ сўзи луғавий жиҳатдан “ризқ”, “кунлик овқат”, “улуш”, “инъом” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса Аллоҳ таоло жонзотларга етказган ва улар истеъмол қилган нарса ризқ деб аталади. Дунёдаги ҳамма жонзотларнинг ризқини Аллоҳ таоло олдиндан белгилаб қўйган. Белгилаб қўйилган ризқ зиёда ва кам бўлмайди, барча халойиқ ўзига қанча ризқ белгиланган бўлса, ўшани олмасдан қолмайди, албатта тўлиқ олади. Чунки бу унинг олдиндан белгилаб қўйилган насибасидир: “Уларнинг дунё ҳаётидаги тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз тақсимлаганмиз” (Зухруф сураси, 32-оят). Қуръонда эса ўрмалаган жонзот борки, барчасининг ризқи Аллоҳ таоло томонидан ато қилиниши баён қилиб қўйилган: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Ҳуд сураси, 6-оят). Яъни инсонларнинг ҳам, бошқа ҳайвонларнинг ҳам, умуман барча жонзотларнинг ризқини Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олган. Зеро, Аллоҳ таоло уларнинг Яратувчиси бўлгани каби ризқларини ҳам берувчисидир. Шу ўринда ҳаром ҳам Аллоҳ таоло томонидан берилган ризқ экан, нега уни еган одам жазо олиши керак, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Бу саволга жавоб қуйидагича бўлади: ҳаромни еган одам ҳалолни қўйиб, ҳаромни танлагани учун жазоланади. Чунки Аллоҳ таоло мутлоқ ризқни ваъда қилган ва бандаларга уни ҳалол йўл билан топишга буюрган: “Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз” (Бақара сураси, 168-оят). Агар банда шайтонга ва нафсу ҳавосига эргашиб, Аллоҳ таоло буюрган ҳалол йўлдан ризқ топишга уринмасдан ҳаром йўлдан топишга уринса, Аллоҳ таоло ўша йўлдан ҳам унга эриштириб қўяверади. Лекин буйруғини бажармасдан ман этилган йўлни танлагани учун жазога гирифтор қилади. Шунга кўра, ҳаром еган банда Аллоҳ таолонинг берган ризқини егани учун эмас, балки У зотнинг буйруғини бажармасдан шайтонга эргашгани учун жазоланади. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 912