islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
May 16, 2020

Day

ДИНИМИЗ АҲКОМЛАРИ – РИЗҚ ҲАҚИДА ЭЪТИҚОДИМИЗ (иккинчи мақола)

Сўфи Оллоҳёр бобомизнинг жойлари жаннатда бўлсин, ризқ ҳақида қандай эътиқодда бўлишни қисқа ва лўнда баён қилиб қўйган: Қидирғон бирла ризқинг қатра тошмас, Кетар қадринг, қадардин ҳаргиз ошмас. Ризқ ҳақидаги масала “Ақоидун Насафий”да қуйидагича баён қилинган: “Ҳаром ҳам ризқдир. Ҳамма ўз ризқини ҳалол бўлсин, ё ҳаром бўлсин, тўла-тўкис олади. Инсон ўз ризқини ея олмай қолиши ёки бошқа биров унинг ризқини еб қўйиши тасаввур ҳам қилинмайди”. Яъни Аллоҳ таоло бирор кишига истеъмол қилишни тақдир қилиб қўйган нарсани бошқа биров устамонлик ёки айёрлик билан “илиб кетиши” мумкин эмас. Ҳар бир киши ўз ризқу насибасини, албатта, олади. Аммо ризқ мулк маъносида қўлланганда, уни бошқалар ҳам олиши мумкин: “Улар ғайбий хабарларга (пайғамбарим Муҳаммад келтирган хабарларга) иймон келтирадиган, намозни баркамол ўқийдиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан (садақа ва) эҳсон қиладиганлардир” (Бақара сураси, 3-оят). Ушбу оятдаги ризқ қилиб берилган нарсалардан эҳсон қилишлари – уларга мулк қилиб берилган нарсалардан бошқаларга инфоқ-эҳсон қилишлари маъносини англатади. Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ҳикамул Атоия”да айтган сўзлари тўғри тафаккур юритган ҳар бир мўмин банданинг қалбини сурурга тўлдиради: “(Аллоҳ таолонинг) сенга етарлича ризқ бериб, ҳаддингдан ошиб кетишингга сабаб бўладиган (нарсалар)ни сендан тўсиб туриши, сенга неъматларни тўлиқ қилиб берганидир”. Шарҳ: Аллоҳ таолонинг бандага етарлича жисмоний ва руҳий озуқаларни бериб, (банданинг нафси хоҳлаган) баъзи зоҳирий ва ботиний нарсаларни унга ато қилмаслиги аслида унга берилган тўлиқ неъмат ҳисобланади. Чунки тирикчилиги учун етарли нарсани топа олмаслик кишини бандалар олдида хорланишига сабаб бўлса, туғёнга кетказадиган нарсаларнинг ато қилиниши унинг дунёсини ҳам, охиратини ҳам бой беришига сабаб бўлади. Шунинг учун кимга тирикчилигига етарли нарсалар берилган ва туғёнга кетказадиган нарсалар берилмаган бўлса, унга неъматлар тўлиқ қилиб берилган бўлади. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 394

Исломий ижтимоий молия ва унинг камбағаллик даражасини пасайтиришдаги фойдалари (биринчи мақола)

Халқаро Банк Гуруҳининг тадқиқотларига кўра 2015-йилда дунё аҳолисининг 10 фоиз қисми кунига 1.90 доллардан камроқ маблағга кун кечиради. Бу улушни сонларда ифодалайдиган бўлсак, у таҳминан 736 миллион кишига тўғри келяпти. Aфсуски, бу кўрсаткич барча давлатлар бўйича тенг тақсимланмаган. Масалан, дунё бўйича ўта камбағал аҳолининг ярмидан кўпи Aфриканинг Саҳрои Кабир остидаги қисмида жамланган бўлиб, агар у ердаги иқтисодий муҳит шу таҳлитда давом этса, 2030-йилга келиб бу минтақадаги 10 кишидан 9 таси ўта камбағаллар гуруҳига кириши эҳтимоли бор. Бу кўрсаткичлар одамларнинг иқтисодий томондан камбағал эканлигини кўрсатиш билан чекланади. Лекин, молиявий имконияти йўқлиги кетидан келувчи бошқа таъсирлар – соғлиқни сақлаш, таълим ва ичимлик сувини етказиб беришдаги муаммолар ҳолатнинг янада жиддий эканини билдиради. Юқоридаги манбада яна айтилишича камбағалликдан қутула олган аҳоли иқтисодий қалтис ўзгаришлар туфайли аввалги ҳолатига қайтиб қолиши хавфи ҳам кўп учраб туради. Дунёдаги шу каби ҳолатларни тўғрилаш учун ҳар бир шахснинг манфаатини устун қўювчи иқтисодий тизим керак бўлади. Исломий молия айнан шундай нарсани биринчи ўринга қўювчи шариат асосига қурилган. Исломий молия Исломий молия деганда исломдаги шариат ҳукмларига асосланган кўринишдаги молиявий амаллар тушунилади. Исломий ижтимоий молияга шариат асосида амалга ошириладиган микрокредитлар, закот, садақа ва вақф киради. Буларнинг ҳар бири билан батафсил танишиб, камбағаллик даражасини камайтиришдаги ёрдамини ўрганиб чиқамиз. Исломий микрокредит Микрокредит қисқа муддатга кам таъминланган ёки иқтисодий томондан барқарор бўлмаганлар учун берилувчи кичик миқдордаги қарздир. Бу турдаги қарз кичик ва ўрта даражадаги бизнеслар учун ҳам мос келади. Одатдаги молия тизимидаги микрокредитлар фоизли қарз асосига қурилган бўлиб, унда қарз олувчининг ўзигина таваккал қилади. Қарз берувчи ташкилот – банкларнинг ягона мақсади бошқаларга қарз бериш кетидан фойда олиш бўлади. Исломда фоизли қарз рибо дейилади. Рибо исломда ҳаром қилинган бўлиб, у нафсий, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатлардан зарарли, деб билинади. Судхўр одам фақатгина ўзининг манфаатини кўзловчи ва муҳтож одамларга паст назар билан қарайдиган ҳолга келиб қолади. Жамиятда фақат ўзининг манфаатини устун деб билувчилар бўлиши, улар одамларнинг муҳтожлигидан фойда олиши одамлар орасидаги адоват ва ҳасад туйғуларини орттиради. Иқтисодий жиҳатдан жамият бир-биридан катта фарқ қилувчи икки табақага бўлиниб қолади. 2008-йилдаги тадқиқотга кўра асосий аҳолиси мусулмон бўлган давлатларнинг 72 фоиз аҳолиси одатдаги банкинг тизимидан фойдаланмаслигини айтган ва уларнинг 40 фоизи бу қарорга сабаб одатдаги банкинг молия тизимининг шариат қоидаларига тўғри келмаслиги бўлган . Исломий шариат асосидаги микрокредитларда ҳолат бундан фарқ қилади. Бу микрокредитларда судхўрликка ўрин бўлмайди. Исломий микрокредитда қуйидаги шартларга амал қилиш лозим бўлади : 1. Қарз берувчи ва қарз олувчининг ҳам зарарга шерик бўлиши. Одатдаги микрокредит тизимида фақатгина қарз олувчи зарарга киради, қарз берувчи ташкилот доим фойдада қолади. 2. Фойдага қарз берувчи ва қарз олувчи ҳам шерик бўлиши. Исломий микрокредитда икки томон ҳамкор, шерик сифатида ишлаши фойдани ҳам икки томонга бўлинишини талаб қилади. 3. Судхўрлик аралашмаган ҳолда қарзни қайтаришнинг ўзгармас ставкаси. 4. Шаффофлик. Икки томон ҳуқуқ ва мажбуриятлари қарз шартномасида очиқлигича ёзилиши, иккинчи томонга очиқланмаган қарз шартларининг бўлмаслиги. 5. Ижтимоий фаровонлик ва адолат. 4-курс талабаси Умархўжаев Мурод 270

Ислом инсонни улуғлайди

Муқаддас Ислом динимиз инсонни улуғлаган. Шу сабабдан ҳам яратилган бошқа махлуқотлардан афзал ўринга қўйган. Аллоҳ таоло инсонни азиз ва мукаррам мавжудот эканини Каломи орқали барлалла эълон қилиб шундай марҳамат қилган: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70). Албатта, инсоннинг азизлиги бежиз эмас. Чунки инсондан бошқа махлуқотлар Аллоҳнинг “Бўл!” деган амри билан пайдо бўлган бўлса, инсонни Ўз қудрати қўли билан энг гўзал суратда яратган. “Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим (шаклда) яратдик” (Тийн, 4). Гўзал шаклда яратилган азиз инсонга Аллоҳ Ўзига асло исён қилмайдиган, ўзларига буюрилган вазифаларни сўзсиз адо этадиган фаришталарни сажда қилдириб қўйди. Инсонга билмаган нарсаларини билдириб, фаришталардан устунлик жиҳатини кўрсатиб қўйди. Аллоҳ мукаррам инсон хизмати учун кеча ва кундузни, қуёш ва ойни, тоғу-тошларни, наботот ва ҳайвонатни қўйинки, еру-осмондаги барча нарсаларни бўйин сундириб қўйган. Инсоннинг азизлигини уннинг барча моддий ва маънавий ҳолатлари ҳимояланганида ҳам кўришимиз мумкин. Яъни, бирор бир инсоннинг жони, дини, мол-мулки ва шаънига тажовуз қилиш катта жиноят деб қаралади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисда: “Ҳар бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмонга қони, обрўси ва моли ҳаромдир”, дейилган. (Имом Бухорий ривояти). Аллоҳ таоло Қуръонда инсонларни ўзаро бир-бирларини қонини ноҳақ тўкишдан қайтариб, бир жонни ўлдирган инсонни гўёки бутун башариятни ҳаётига тажовуз қилган шахсдек қарайди. Бу “Моида” сурасининг 32-оятида “…Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир…” кўринишида баён қилинган. Инсон шаънини юқорида даражага кўтарган динимиз унинг нафақат қонини тўкиш, балки обрўсини поймол этиш ва ўзгалар олдида изза қилишни ҳаром қилган. Бирор инсоннинг мол-мулкини ўғирлаш, талон тарож қилиш моддий жиноят ҳисобланса, унга нисбатан қилинган ғийбат, тўхмат, ёлғон ва хиёнат каби ишлар маънавий жиноятлар деб қаралади. Ҳатто, ушбу ҳолатда Аллоҳнинг кечириши зулм кўрган инсоннинг кечиришига боғлаб қўйилган. Динимизда мусулмонлар нафақат ўзаро бир-бирларини балки, бошқа дин вакилларини ҳам азиз инсон ўрнида кўриб, уларга ҳурмат кўрсатишга буюрилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг атрофидаги саҳобий розияллоҳу анҳумларнинг ҳаётларини ўрганар эканмиз буни кўплаб амалий ва намунавий мисолларини кўришимиз мумкин. Қуръон оятлари ва Ҳадис матнларини ўрганар эканмиз, Аллоҳ инсонни Ўзининг ердаги ўринбосари сифатида Ўзига ибодат қилиши, ер-юзини обод қилиши, чиройли солиҳ амаллар қилиши ҳамда ўзаро танишиб аҳил ҳаёт кечириши учун яратганини кўрамиз. Зеро, инсоннинг азизлиги ҳам мана шу нарсаларда намоён бўлади. Инсоният ҳам ўз ўрнида ўринбосарлик масъулиятни ҳис қилиб, Аллоҳнинг талабини адо этган ҳолда яшашга интилиши лозим. Аллоҳ биз инсонларни азиз ва мукаррам ҳолда яратган экан, мана шу азизликни сақлашга ва У зотга азиз ҳолда йўлиқишга ҳаракат қилайлик. “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Ф.Жўраев. 478

Болаларни компьютер ва телефон ўйинларидан қандай тийиш мумкин?

Кўпчилик ота-онани бу муаммо қийнайди ва бу масалага нотўғри ёндашадилар. Болани ёки қаттиқ қўллик билан ўйинлардан сақлайди ёки ҳар куни “ўйин ўйнама“ дея бир хил гапни такрорлайверади. Бола эса эртасига яна ўйин ўйнайверади. Келинг вазиятга бошқача ёндашамиз. Бола ўйнашни хоҳлайди, сиз эса йўқ. Кейинги гал бола ўйин ўйнаётганида уни уришманг аксинча чин дилдан унинг ўйинларига қизиқинг. У билан бирга ўйнанг, ундан ўйинни ўргатиб қўйишини илтимос қилинг. Диққат қилинг сиз мулоқотда мослашиш усулини қўллаяпсиз. Одамларни, вазиятларни ўзгартириш учун сиз аввало мослашишингиз керак. Ана ундан кейин дастакни ўзингиз хоҳлаган тарафга бура оласиз. Бола билан ҳам шундай. У билан дўст бўлинг ва секин аста ўйиндан чалғитинг. Бошқа фойдали машғулотлар топинг. Демак, хулоса қилсак, сиз аввало у билан қўшилиб ўйин ўйнайсиз, берилиб чин дилдан киришиб кетасиз ва секин-аста ўйинни камайтирасиз. Бола ҳам сизга эргашади. @MKda_oltinqoida 317