Осуда тонгларга шукрона айтиб, қуёш нурин ёйсин йўлларингизга, Яратган беҳисоб куч ато этсин, дуолар тўкилаган қўлларингизга Она! Бу табаррук сўзни айтиш ёки эшитиш билан юрагимизда бехосдан чексиз меҳр пайдо бўлади. Ва ҳар сафар вужудимизда онанинг мунис ва меҳрибон сиймоси акс эта бошлайди. Томирларимизда самимият ва яхшилик дарёдай жўш уради. Она, дейиш билан тилимиз ҳам, дилимиз ҳам беқиёс инсоний меҳр-муҳаббатга, эзгуликка тўлиб-тошиб бораверади, бораверади… Бизда катта байрамлар, йирик тантаналар “Бахтиёр она” ҳайкали пойига гулдасталар қўйиш, онани зиёрат қилиш билан бошланади. Бу зиёратда ҳикмат бор… Гўё онанинг пок дуоси бор. Шу муносабат билан жорий йилнинг 5 март куни, Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова, АРМ кутубхоначиси И.Акмалова ва 1-курс талаба қизлари билан олийгоҳга яқин жойда истиқомат қилувчи Фотимахон аяни зиёрат қилиш мақсадида ташриф буюришди. Ўзбек онаси ҳамиша жонкуярлиги, меҳнатсеварлиги ва заҳматкашлиги билан бошқа миллат оналарига ибратдир. Мунис онахонни ғарибона ташрифимиздан кўзлари ёшланди. Фотимахон аянинг бу холисона зиёратдан бошлари осмонга етиб беихтиёр меҳнатдан қаварган, титроқ қўлларини олийгоҳимиз ва талаба қизларимизнинг ҳақларига дуо қилиш учун кўтарди. Ҳадис муборакда “Жаннат оналарнинг оёқлари остидадир” дейилгани айни ҳақиқатдир. Муқаддас Ислом динимизда аёл – она нечоғлик улуғлаганлигини миллий урф-одат ва қадриятларимизда ҳам кўришимиз мумкин. Миллатнинг улуғлиги — онанинг улуғлиги билан белгиланади. Онага бўлган эҳтиром — миллатга бўлган эҳтиромдир. Миллат комиллиги — она комиллиги билан ўлчанади. Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова 881
Аллоҳ таъоло марҳамат қилади: ﴿الصَّابِرِينَ وَالصَّادِقِينَ وَالْقَانِتِينَ وَالْمُنْفِقِينَ وَالْمُسْتَغْفِرِينَ بِالْأَسْحَارِ “(Улар) сабрли, садоқатли, итоатли, саховатли ва саҳар чоғларида Аллоҳдан мағфират сўрайдиган кишилардир”. Оли Имрон сураси, 17-оят. Аллоҳ таъоло ушбу ояти каримада мўмин киши эга бўладиган беш ҳислатни зикр қилиш билар уларни мадҳ қилди. Бу беш ҳислат: сабр, садоқат, тиоат, саховат ва саҳар чоғларида Аллоҳдан мағфират сўрашдир. Кўриб турганимиздек, ушбу сифатлар ичида“(Улар) сабрли…” дея биринчи бўлиб сабр зикр қилинди. Дарҳақиқат, сабр муқаддас динимиз унга чақирадиган, инсоният учун зарур бўлган, мўминларга хос сифатлардандир. Қуръони каримда сабрли бўлишга чақирувчи ояти карималар бисёр. Улардан баъзиларининг мазмунига тўхталиб ўтамиз. ﴿لَتُبْلَوُنَّ فِي أَمْوَالِكُمْ وَأَنْفُسِكُمْ وَلَتَسْمَعُنَّ مِنَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ مِنْ قَبْلِكُمْ وَمِنَ الَّذِينَ أَشْرَكُوا أَذًى كَثِيرًا وَإِنْ تَصْبِرُوا وَتَتَّقُوا فَإِنَّ ذَلِكَ مِنْ عَزْمِ الْأُمُورِ﴾ “Мол-мулкларингиз ва жонларингиз (офати ва мусибати) ила синалурсизлар. Шунингдек, сизлардан олдин Китоб берилганлар ва мушриклардан кўп азиятли (аччиқ) гапларни эшитасизлар. Агар сабр қилсаларингиз ва тақволи бўлсаларингиз, албатта, бу ишларнинг пухталигидандир”. Оли Имрон сураси, 186-оят. Ояти каримада Аллоҳ таъоло бандаларини турли синовлар билан синалишларини баён қилиш билан бирга мусибатларга сабр қилиш ва Аллоҳга тақво қилиш лозимлигини бандаларига таълим бериб: “Агар сабр қилсаларингиз ва тақволи бўлсаларингиз, албатта, бу ишларнинг пухталигидандир” дея марҳамат қилди. Яна бошқа ояти каримада марҳамат қилинади: وَبِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ﴾ ﴿ Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)! Бақара сураси 155-оят. Демак, Аллоҳ таъоло ўз бандаларини турли синовлар билан синаб, сабр қилган мўминларни Ўзи ажру-мукофотлари билан мукофотлайди. Бу ҳақида, кўриб турганимиздек, кўплаб оятларда хабарлар ворид бўлиши билан бирга, кўплаб ҳадиси шарифларда ҳам сабр қилишнинг фазилатлари баён қилинган. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу ъалайҳи васаллам айтадилар: “Қайси бир бандага Аллоҳ таоло яхшиликни раво кўрса, унга шу дунёнинг ўзида жазо ва уқубат беради. Ёмонликни раво кўрса, охиратга қолдиради”. Ҳадиси шарифдан мусибатлар мўъмин кишининг гуноҳларига каффорат бўлишини англашимиз мумкин. Аллоҳ таъоло тақдир қилган ҳар бир иш мўмин банда учун яхшилик ва неъмат эканини ушбу ояти карималар ва ҳадиси шарифлардан маълум бўлиб турибди. Мўъмин инсон ношукурлик қилишдан сақланиб, тақдиридан рози бўлиши ва ҳар бир ҳолатига шукр қилиб, мусибатларга сабр қилиши унинг учун зарур бўлган иш саналишини билиши лозим. Ким Аллоҳ таъолонинг розилигига мувофиқ яшаса Аллоҳ таъоло ҳам уни у рози бўладиган охират билан мукофотлайди. Аллоҳ таъоло марҳамат қилади: وَاصْبِرْ فَإِنَّ اللَّهَ لَا يُضِيعُ أَجْرَ الْمُحْسِنِينَ﴾ ﴿ “Сабр қилинг! Бас, албатта, Аллоҳ эзгу иш қилувчилар мукофотини зое қилмагай”. Аллоҳ таъоло барчамизни Ўз Каломида мақтаганидек сабрли, садоқатли, итоатли, саховатли ва саҳар чоғларида Аллоҳдан мағфират сўрайдиган кишилардан қилсин! Хадичаи кубро ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Гулруҳ Кенжабой 708
Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда. Рафик Муҳаметшин, Қозон шаҳридаги Россия ислом университети ректори: – Ислом динини мотуридия таълимотисиз тасаввур қилиш қийин. Айниқса, глобаллашув жараёнлари кучайган ҳозирги шароитда Имом Мотуридийнинг бундан бир неча асрлар олдин айтган фикрлари, муқаддас динимизнинг софлигини асраш бўйича илгари сурган қарашлари муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли бизнинг университетимизда ҳам бу улуғ имом асарларини таржима қилиш ва ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу борада Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва бошқа диний таълим муассасалари, илмий марказлар билан яқин ҳамкорликда ишлаймиз. Умуман, азалдан Татаристондаги дин соҳаси вакиллари, уламолар ўзимиздаги мадрасаларда ўқиган бўлса-да кейинчалик Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига келиб, ислом дини таълимотини ўрганган, билимларини оширган. Бу анъана бугун ҳам давом этмоқда. Ўзим ҳам Ўзбекистонга кўп келаман ва ҳар гал янги таассуротлар оламан. Ушбу муқаддас замин ўзининг бой ўтмиши, юксак маданияти, маънавияти билан ҳамиша дунё аҳлини ўзига ром этиб келган. Бугун бу анъаналар асраб-авайланмоқда ва улуғ алломалар номи билан боғлиқ масканлар обод этилмоқда. Шу билан бирга буюк аждодларнинг илмий-маънавий мероси ўрганилиб, тадқиқ этилмоқда. Бугунги конференция ҳам ана шу мақсадга қаратилгани билан эътиборли. Манба: ЎзА 678
Аввал хабар қилганимиздек, Самарқандда ўтаётган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этаётган Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Таййиб Имом Мотуридий, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаларини зиёрат қилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан яқиндан танишди. Шайх Аҳмад Тоййиб Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда диний-маърифий соҳага қаратилаётган юксак эътибор ва ушбу йўналишда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари таҳсинга лойиқ эканини таъкидлади. – Улуғ алломалар юрти ҳисобланмиш Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратлари абадий қўним топган масканда бунёд этилган илмий марказ халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради. Кейинги йилларда Миср билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланиб, илмий-маърифий йўналишдаги келишувларимиз ўз самарасини бермоқда. Энг муҳими, томонлар бу ҳамкорликни янада кенгайтиришга интилмоқда, – деди Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари. Шайх Аҳмад Таййибнинг фахрий меҳмонлар китобига ёзган қуйидаги фикрлари ҳам эътиборга молик: “Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, мен ҳаётимдаги энг катта орзуларимдан бири бўлмиш Имом Бухорий ҳазратлари қабрини зиёрат қилиш ва унинг номи билан аталувчи халқаро илмий-тадқиқот маркази билан яқиндан танишишга муяссар бўлдим. Мен Ўзбекистонга ушбу улуғ зотнинг илмий мероси, шахсиятини ўрганишга, шунингдек, бу муқаддас заминдан етишиб чиққан аҳли илмни, барча мусулмонларнинг имомлари ҳаёти ва илмий меросини ўрганишга бўлган катта эътибори учун ташаккур билдираман. Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга сазовор. Умид қиламанки, илмий меросга юксак эҳтиром ҳамда ушбу меросни ўрганиш, унинг нуфуз ва салобатини, араб ва ислом оламига таъсир кўрсатадиган адашган фалсафаларга қарши турадиган равнақини қайта тиклаш йўлида бор имкониятларни сафарбар этишда Ўзбекистон бошқа мусулмон давлатларига намуна бўлади”. Манба: ЎзА 826
“Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари, Миср Бош имоми Шайх Аҳмад Таййиб Имом Мотуридий мақбарасини зиёрат қилиш чоғида шундай деди: “Руҳимиз Макка ва Мадинага, ақлимиз эса ҳамиша Самарқандга ошиқади”. Самарқандда ўтказилаётган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун юртимизга ташриф буюрган Шайх Аҳмад Таййиб бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳамроҳлигида Имом Мотуридий мақбараси, Имом Бухорий мажмуаси, Ҳадис илми мактаби ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини бориб кўрди. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабида яратилган шароитлар Аҳмад Таййибни ҳайратда қолдирди. Мартабали меҳмон бу икки муассасанинг ислом меросини ўрганишдаги аҳамиятини юксак баҳолади. – Ўзбекистон раҳбарига ушбу марказда шундай шароитлар яратиб бергани учун ташаккурлар айтаман, — деди Аҳмад Таййиб. – Бу ердан яна Имом Бухорий, Имом Термизийлар етишиб чиқишига ишонаман. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Ал-Азҳар мажмуаси билан сермаҳсул ҳамкорлиги Аҳмад Таййибда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, марказга Мисрдан олиб келинган қимматли китоблар меҳмонлар эътиборини тортди. Манба: ЎзА 805