islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Мулоқот – тараққиёт омили

Талаба қизлар билан доимий мулоқот қилиш, улардаги муаммоларни ҳал этишнинг янги тизими ва самарали усулларини жорий этиш ислоҳотларимизнинг бош мезонига айланмоқда. Ушбу механизм талабалар ва раҳбарият орасидаги ўзаро ишончнинг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Ўз ўрнида, талаба қизларимизнинг ҳам ҳуқуқий онги янада ортиб, мулоқот ва мурожаат қилиш маданияти кескин ортганлиги ҳар қадамда намоён бўлмоқда. Жорий йилнинг 8 ноябрь куни Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова ва куратор С.Валиева ҳамда барча курсларнинг талаба қизлари  иштирокида, ТИИ ректори У.Ғафуров, Маънавият, маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи А.Олимов ҳамда Тиллар кафедраси вакиллари иштирокида “Очиқ мулоқот” бўлиб ўтди. Шунингдек, мазкур мулоқотда талаба қизлар  ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан бир неча саволларни тақдим қилдилар ва етарли жавобларни олдилар. Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова 829

Исломда жиҳод тушунчасининг талқини

“Жиҳод” луғатда куч ва имконият сарфлаш маъносини англатади. Бу аслида ҳарбий маънога эга бўлган сўз эмас. Балки, ватанни душманлар тажовузидан ҳимоя қилиш ва ҳоказолар ҳам куч ва имконият сафарбар қилинадиган ишлардан бўлганлиги учун у ватан озодлиги, эътиқод эркинлиги йўлида курашиш маъносида ҳам қўлланила бошлаган. Ҳолбуки, “жиҳод” тушунчаси жуда ҳам кенг маъноларни ўз ичига олади. Чунончи, нафснинг ҳавойи истак-хоҳишларига қарши курашиш “жиҳодун-нафс”, шайтонга қарши курашиш “жиҳодуш-шайтон” деб аталади, ва ҳоказо. Шундай экан, “жиҳод” сўзига фақат ҳарбий маъно бериш тўғри эмас. Маълумки, босқинчилик, тинч аҳолига қарши ҳужум уюштириш ва ҳоказолар Исломда қаттиқ ман қилинган. Бир бегуноҳ кишини ўлдириш гўёки барча одамларни ўлдириш билан баробар қилинган. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб, айтади: “…кимки, бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган бир одамни ўлдирса, демак, у гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса, ёки ўлимдан қутқарса), демак, у гўё барча одамларга ҳаёт берибди” (Моида сураси, 32-оят). Бошқа бир ояти каримада эса битта мўмин-мусулмонни қасддан ўлдирган одамнинг жазоси дўзахда абадий қолиши, Аллоҳнинг ғазаб ва лаънатига учраши айтилиб, бундай ёвузликдан қаттиқ огоҳлантирилган. “Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Аллоҳ ундай кимсага ғазаб қилган, лаънатлаган, ва унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир” (Нисо сураси, 93-оят). Аммо, бугунги кунда дин йўлида жиҳод қилаётганликларини даъво қилаётган террорчи кимсалар юқоридаги ояти карималарга заррача парво қилмаган ҳолда кўплаб бегуноҳ одамларнинг жонига зомин бўлмоқдалар. Улар амалга ошираётган биродаркушликлар, қўпорувчилик ҳаракатлари, бозор, масжид, метролар каби одамлар билан доимо гавжум бўладиган жойларда бир онда ўнлаб, балки, юзлаб бегуноҳ кишини ҳаётдан олиб кетадиган мудҳиш террорчилик амалиётлари Ислом қонун-қоидаларига, динимиз руҳиятига тамоман зид ва бегонадир. Бундай ишларни умуман жиҳод деб бўлмайди. Балки, булар улкан гуноҳ ва бузғунчиликдан бошқа нарса эмас. “Ал-Қоида”, “ат-Такфир вал ҳижра”, “ал-Жиҳод” каби кўплаб гуруҳлар турли жойларда ҳокимиятни қўлга киритиш учун уруш эълон қилишган. Улар динга хизмат қилишнинг асослари бўлган, нафсни тарбия қилиш, ҳалол меҳнат қилиш, оиласига тўғри тарбия бериш, уларни маърифатли қилиш, одамларни эзгу ишларга тарғиб этиб, ножўя ишлардан қайтариш, илмий-адабий эшитириш, кўрсатувларда иштирок этиш, маърифий нашрларда эл-юрт равнақи, дину диёнат ривожи учун хизмат қиладиган мақолалар ёзиш каби демократик асослар билан мустаҳкамлаб қўйилган кўплаб имкониятлардан воз кечиб, дин кўрсатмаларига зид бўлган уруш йўлини тутишган. Улар мавжуд ҳокимиятга очиқчасига қуролли қаршилик кўрсатишга имкон тополмагач, инсонлар жонига суиқасд қилиш ёки ҳукумат идораларига ҳужум уюштириш каби аянчли ва хоинона усуллардан фойдаланишади. Бу усуллар кўплаб бегуноҳ инсонлар, ёш болалар, аёллар ва қарияларнинг ҳаётдан кўз юмишига олиб келади. Боз устига бу ишлар оқибатида улар ўзлари кўзлаган “исломга хизмат қилиш” мақсадига эришишлари ҳам амри маҳолдир. Ҳатто уруш вақтида ҳам тинч аҳолини ўлдириш ислом шариати томонидан таъқиқланганлиги маълум. Энди қанчадан-қанча мусулмонларни ҳаётига зомин бўлаётган хатти-ҳаракатларни амалга ошираётганларга нима дейиш мумкин? Ваҳоланки, ҳадиси-шарифда “Бир бегуноҳ мусулмоннинг ўлдирилиши Аллоҳ ҳузурида дунёдаги ҳаётнинг йўқ бўлиб кетишидан оғирроқ”, – дейилган. Мусулмоннинг қони ва моли ҳаромлиги (яъни тажовуз қилиш мумкинмаслиги), жони дахлсизлиги кўплаб ҳадисларда баён қилинган. Набий алайҳиссалом видолашув ҳажида қилган машҳур хутбаларида шундай сўзларни айтганлар: “Зеро, сизларнинг қонларингиз, мол-мулкларингиз ва обрўларингиз бир-бирингизга худди ушбу кунингиз ҳурмати, ушбу ойингиз ҳурмати ва ушбу шаҳрингиз ҳурмати каби ҳурматли, ҳаромдир” (Саҳиҳи Муслим: 4384). Нафақат,...

Катта Лангар Қуръони реставрация қилинмоқда

Қуръоннинг энг қадимги ва нодир қўлёзма нусхаларидан бири ҳисобланган Катта Лангар Қуръони франциялик мутахассислар томонидан реставрация қилинмоқда. Катта Лангар Қуръони Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Лангар ота масжидида узоқ вақт сақлангани боис шундай ном олган бўлиб, Ислом оламидаги энг қадим тарихга эга Мусҳаф қўлёзмаларидан бири саналади. Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Ўзбекистон мусулмонлар идораси шафеълигида мазкур қўлёзма саҳифаларини реставрация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур жараёнга Франциянинг Лувр музейи реставратор мутахассислари жалб қилинган. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси вакили, реставрация лойиҳаси куратори Шаҳноза Ишматованинг маълумот беришича, реставрация ишлари уч босқичда олиб борилиши режалаштирилган. 6-12 ноябрь кунлари тиклаш ишларининг биринчи босқичи якунланди. Кейинги йилнинг февраль ойидан реставрация давом эттирилади, сентябрь ойидаги учинчи босқич ишларидан сўнг жараён якунланади. «Ҳозиргача 5та саҳифа муваффақиятли тарзда тўлиқ реставрация қилинди, улар ҳозир босмада сақланмоқда», ─ дейди лойиҳа куратори. Реставрация жараёнини олиб бораётган мутахассислар Kun.uz билан суҳбатда қўлёзманинг ҳолати ҳақида гапириб берди. «Катта Лангар Қуръонининг [Ўзбекистон Мусулмонлар идорасида сақланаётган қисми] 12та бирлаштирилган саҳифа ва битта алоҳида ─ жами 13та саҳифадан иборат. Саҳифалар XIX асрда муқоваланган. Қуръоннинг ўзи эса VIII асрда битилган деб ҳисобланади. Саҳифалар пергаментдан тайёрланган. Бу маҳсулот бузоқ терисидан тайёрланган. Ёзувларни тушириш учун қаламдан фойдаланилган. Стандарт сиёҳ (iron gall ink) қўлланилган. Ёзувлар устидан қўшимчалар киритилган. Сўзлар талаффузи аниқроқ бўлиши учун қизил сиёҳ билан белгилар қўйиб чиқилган. Пергаментлар мустаҳкам сақланиши учун боғлаб чиқилган, бироқ улар саҳифаларга қараганда чидамсизроқ. Шунинг учун биз саҳифаларни бирлаштириб турган боғламни ечдик», – дейди Лувр музейи реставратор мутахассиси Аурель Стрери. Франциялик реставратор Аксель Дело қўлёзмани тиклаш жараёнига тўхталди. «Катта Лангар Қуръонини тадқиқ қилгандан сўнг уни тиклаш ишлари бошланди. Ишни ҳар бир саҳифанинг сиёҳини қуритишдан бошладик. Аввал ёпиштирилган қоғозларни, зарарланган қисмларга ямалган бўлакларни кўчириб олдик. Сўнг қоғозларга дам берилди. Улар жуда ҳам қуруқ бўлиб қолган, эгилувчанлигини йўқотган эди. Бу эса ҳужжат билан ишлашда хавф туғдириши мумкин. Шунинг учун қоғозни юмшатиш мақсадида кедр мойидан фойдаландик. Сўнг саҳифалар босмага қўйилди. Босма учун япон қоғози парчаларидан фойдаланилди. Чунки бу қоғоз яхши толадан таркиб топган ва чидамли. Ёзув учун қоғоз юзасига жуда яхши сингадиган махсус сиёҳ ишлатилди. Йўқолган жойларни тиклаш учун корейс қоғози қўлланилди», – дейди мутахассис. Катта Лангар Қуръонининг Ўзбекистонга қандай келиб қолгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Илмий тадқиқотлар хулосасига асосан, қўлёзманинг битилиши VIII асрнинг охирги чорагида – араб грамматикаси қоидалари шаклланган даврга тўғри келади. Тахминларга кўра, Катта Лангар Қуръонининг умумий ҳажми 206 саҳифани ташкил этган. Ҳозиргача уларнинг фақатгина 97таси сақланиб қолган. Қолган қисмининг тақдири номаълум. Саҳифаларнинг 81таси Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади, бу ерга ўтган асрнинг 30-йиллари охирларида келтирилган. Қўлёзма қандай қилиб Россияга бориб қолгани аниқ эмас. Ўзбекистонда мавжуд 16та саҳифанинг биттаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари институтида, иккитаси Бухорода (Бухоро вилоят кутубхонаси ва Бухоро давлат музей қўриқхонасида) сақланмоқда. Нодир қўлёзманинг 13та саҳифаси Ўзбекистон мусулмонлар идораси кутубхонасида муҳофаза қилинади. Манба: Kun.uz 753

Шаръий ҳукмларни олишда “Оҳод” ҳадисларнинг аҳамияти (3-фасл)

Ҳазрат Пайғамбаримиз алайҳиссалом Қуръони каримнинг шарҳловчиси сифатида шаръий қонун чиқариш ваколатига эга эдилар. Шунга биноан ҳадис шаръий қонун чиқариш бўйича икки асосий соҳани қамраб олади. Биринчи соҳа. Қуръони каримда зикр этилган ҳукмларни ёритиб беришга боғлиқ. Иккинчи соҳа. Қуръони каримда кўрсатилмаган ҳукмларни шаръий қонун шаклида белгилашга боғлиқ бўлади. Биринчи соҳада ҳадис Қуръони карим оятларини тафсир қилади. Мужмал, яъни, ноаниқ ибораларини изоҳлайди, умумий маънога эга бўлганини хослаштиради, яъни унга хусусий маъно беради, мутлоқ, яъни, қайд ва шартсиз оятларни қайдлайди. Шу ўринда баъзи бир мисоллар келтириб ўтамиз. Қуръони каримда “намоз ўқинглар” деб амр қилинган. Лекин намозларнинг сони, сифати, ракъатларининг сони Пайғамбаримиз алайҳиссалом томонидан белгиланган ва амалда кўрсатиб берилган. Бу эса мужмал иборани изоҳлаш мисоли. Умумий мазмунни хос қилиш учун мисол. Қуръони каримда мерос тизими умумий маънода келган. Яъни мерос қолдириш ва мерос олиш ҳуқуқи берилган. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мерос олиш учун дин бирлиги, қотил бўлмаслик ва қул бўлмасликни шарт қилиб қўйиб уни хослаштирганлар. Масалан, ўз отасини ўлдирган ёки ноҳақ йўл билан унинг ўлимига сабаб бўлган фарзанд отасидан мерос олиш хуқуқидан маҳрум бўлади. Иккинчи соҳа бўйича ҳадисга тегишли масалалар. Зарурат чоғида Қуръони каримда айтилмаган бирон бир янги ҳукмни ҳадис шаръий қонун қилиб белгилаб беради. Бу ўринда айрим ҳукмлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан махфий ваҳий ёки илҳом орқали содир бўлган ва баъзилари у зотнинг ижтиҳодлари ва шахсий фикрларидан келиб чиққан. Албатта, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ижтиҳод қилишда ҳам ислом руҳи ва фалсафасини назарда тутар эдилар. Бу ўринда кўп мисоллар бериш мумкин. Масалан, момога меросдан олтидан бир ҳисса бериш, никоҳ битимининг тўғри бўлиши учун гувоҳлар шартлиги, бадан аъзолари хун баҳосини белгилаш каби ҳукмлар киради. Ислом шариатида ҳадисларнинг ўрни аҳамиятли экани кўриниб турибди. Ҳукмлар фақатгина Қуръони каримнинг ўзидан олинмайди. Қуръони каримда келган кўпгина ҳукмлар тафсилотини билиш учун ҳадислар муҳим аҳамият касб этади. Балки шаръий ҳукмларнинг бир қанчаси ҳадислар орқали келиб чиққан экан. Манбалар асосида Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Ҳошимов Ойбек 782

Пайғамбаримизга муҳаббат иймондандир

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин. «Муҳаббат» сўзи аслида мойиллик, севиш, суйиш, яхши кўриш, кўнгил қўйиш, ишқ, хоҳлаш, талпиниш, интилиш маъноларини англатади. Муҳаббат қалбдаги туйғу бўлиб, инсон ҳаётида жуда катта аҳамиятга эга. У кишининг сўзу амалларини бошқаради, тасарруфларини ҳаракатлантиради. Инсон муҳаббатсиз яшай олмайди, кимларнидир севиб, нималаргадир меҳр қўйиб яшайди. Ислом дини ушбу туйғуни ҳам тўғри ўзанда бўлишини талаб қилади. Аллоҳга бўлган чин иймон У Зотга нисбатан муҳаббатнинг ҳосиласидир. Айни пайтда бу иймон ва муҳаббат Аллоҳнинг элчисини ‒ пайғамбарини севишни тақозо этади. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш иймоннинг бир қисми ҳисобланади. Муҳаббатсиз кишининг иймони ва саодати тугал бўлмайди. Шунинг учун Ислом уммати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳар бир мусулмон учун фарз эканига ижмоъ-иттифоқ қилган. Буюк бобомиз имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ шоҳ асари «Ал-жомеъус-саҳиҳ» тўпламидаги «Иймон» китобининг 8-бобини «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат иймондандир» деб номлаб, унда қуйидаги икки ҳадиси шарифни келтиради: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зот (Аллоҳ)га қасамки, сизлардан ҳеч ким комил мўмин бўла олмайди, то мен унга отасию боласидан маҳбуброқ (севимлироқ) бўлмагунимча», дедилар». Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан ҳеч ким комил мўмин бўлолмайди, токи мен унга отаси, боласи ва барча одамлардан маҳбуброқ бўлмагунимча», дедилар». Демак, мусулмон киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни барчадан кўра кўпроқ севмагунча комил иймонга эриша олмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қуруқ даъво ёки юзаки гаплар билан эмас, балки чин қалбдан бўлиши ва амалда акс этиши лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қуйидаги амалларни тақозо этади: – у зотни яхши кўриш, севиш, суйиш; – у зотга кўнгил қўйиш, мойил бўлиш, муштоқ бўлиш, ошиқ бўлиш; – у зотни соғиниш, эслаш ва унутмаслик; – у зотга интилиш ва рағбат қилиш; – у зотни ҳаммадан устун қўйиш ва афзал кўриш; – у зот яхши кўрган нарсани яхши кўриш, ёмон кўрган нарсани ёмон кўриш; – у зотга эргашиш, итоат этиш, суннатларига амал қилиш, у зотнинг таълимотларига мувофиқ тарзда ҳаёт кечириш; – у зотга ёрдам бериш, суннатларини, шариатларини ҳимоя қилиш; – у зотни энг олий намуна деб билиш, у зотдан ўрнак олиш; – у зотга кўп салавоту саломлар айтиш; – у зотга хилоф иш қилишдан қўрқиш; Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат банда учун дунё-ю охират саодати гаровидир. У зотга муҳаббат дўзахдан нажот ва жаннатга кириш учун сабабдир. У зотга муҳаббат Аллоҳнинг муҳаббатига ва жаннатига йўлдир. Бир аъробий киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қиёмат қачон бўлади?» деб сўради. У зот: «Қиёматга нима тайёрладинг?» деб сўрадилар. У: «Аллоҳ ва Расулига муҳаббатни!» деб жавоб беради. Шунда у зот: «Сен муҳаббат қилганинг билан бирга бўласан», дедилар. Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Биз мусулмон бўлишдан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сен муҳаббат қилганинг билан бирга бўласан», деган гапларидан хурсанд бўлганимизчалик хурсанд бўлмаганмиз. Мен Аллоҳни, Расулини, Абу Бакрни, Умарни яхши кўраман. Гарчи уларчалик амал қила олмаган бўлсам-да, (муҳаббатим туфайли) улар билан бирга бўлишни умид қиламан» (Бухорий ва Муслим ривояти). Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ! Сиз менга ўзимдан ҳам, аҳли-оиламдан ҳам, бола-чақаларимдан ҳам севимлироқсиз....
1 1 161 1 162 1 163 1 164 1 165 1 548