عن أبي هُريرة رضي الله عنهُ عن النبي صلى الله عليه و سلم قالَ: “أتاكُم أههْلُ اليمن، هُمْ أرقُّ أفئدةً و ألينُ قلوبًا، الإيمانُ يمانٍ، و الحكمةُ يمانيةٌ و الفخرُ و الخيلاءُ في أهلِ الإبلِ، و السكينةُ و الوقارُ في أهلِ الغنمِ“ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизларнинг олдингизга Яман аҳли келди. Улар кўнгиллари юмшоқ, қалблари мулойимдирлар. Иймон Ямандадир, ҳикмат яманликлардадир, фахр ва кибр туя эгаларида, сакинат ва виқор қўй эгаларидадир» Ҳадиснинг шарҳи Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаламнинг олдиларига яманликлар келганларида уларни мақтадилар ва уларни юмшоқ қалблилик билан сифатладилар, бунинг сабаби Аллоҳнинг оятларидан кўп таъсирланганлари бўлгани учун, ҳақни маҳкам тутганлари учун ва унга амал қилганлари учун. Туя эгаларини фахр ва кибр билан, қўй эгаларини эса сакинат ва виқор билан сифатлашининг сабаби инсонни ўраб турган муҳити ва касби унинг табиати ва иймонига таъсир кўрсатгани учундир. Ҳадиси шарифдаги [أهل الإبلِ] (туя эгалари) сўзидан Робий ва Музор қабилалари назарда тутилган. [أهل الغنمِ] (қўй эгалари)дан Яман аҳли тушинилади. Бир қийлда Шомликлар дейилади. Ушбу ҳадисдан билинадики, яман аҳли иймонни қабул қилишга шошилганлари учун ва чақириққа лаббай деб жавоб берганлари учун афзал фазилатлидирлар. Барчага маълумки, қалбнинг юмшоқлиги мақталадиган сифатлардандир, демак мўмин киши атрофдагилар билан мулойим бўлиши керак. Аллоҳ таоло: { وَ لَوْ كُنْتَ فَظًّا غَلَيظَ الْقَلْبِ لَانْفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ } деб марҳамат қилган. Яъни «Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар». (Оли Имрон, 159-оят) Аллоҳ барчаларимизни қалби юмшоқлик, мулойимлик ва ҳикмат фазилати билан Ўз даргоҳида шарфали бандаларидан қилсин. Атрофимизни яхшилик ва яхшилар билан ўраб турсин. 3-курс талабаси Эрқулов Халилуллоҳ 1 020
Муҳтарам ватандошлар! Дунёдаги жамики мусулмон уммати учун мўътабар ва қадрли бўлган шу саодатли, улуғ айёмда сиз, азизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар, бутун халқимизни Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Муқаддас динимизнинг эзгулик ва инсонпарварлик, меҳр-шафқат каби буюк фазилатлари янада ёрқин намоён бўладиган ушбу шукуҳли дамларда барчамиз, аввало, Аллоҳ таолога оиламиз, элу юртимиз билан биргаликда бугунги қутлуғ ва барокатли кунларга етказгани учун беҳисоб шукроналар айтамиз. Рамазон ойининг файзу тароватидан баҳраманд бўлиб, жамиятимизда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлаш, муҳтарам нуронийлар, аёллар ва болаларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, эҳтиёжманд инсонларга беғараз ёрдам бериш сингари савобли ишларни амалга оширишга интиламиз. Бундай олижаноб мақсад ва ҳаракатлар мамлакатимизни тараққий топган давлатлар қаторига олиб чиқиш, халқимизни ҳаётдан рози қилишга қаратилган ислоҳотларимизнинг маъно-мазмунига ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳанг экани айниқса эътиборлидир. Шу маънода, неча юз йиллик тарих ва маданиятимиз, миллий ўзлигимизнинг ажралмас қисмига айланиб кетган муқаддас динимизни асраш, аждодларимизнинг бебаҳо маънавий-маърифий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш биз учун ўта долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Кейинги вақтда мамлакатимизда шу йўналишда катта ишлар амалга оширилаётгани, табаррук қадамжолар обод қилиниб, янги-янги илмий, маданий ва диний марказлар, таълим масканлари ташкил этилаётгани барчангизга яхши маълум. Бу йил муборак Рамазон кунларида Термиз шаҳрида Ҳаким Термизий, Тошкент шаҳрида Сузук ота ва Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф каби улуғ уламоларимизнинг номлари билан аталган диний мажмуалар, жоме масжидлари фойдаланишга топширилгани, жойларда беш ташаббус ва бошқа ижтимоий-маънавий дастурларимиз доирасида эл-юртимиз, хусусан, ёшлар ва хотин-қизлар учун қулай меҳнат ва турмуш шароитлари яратилаётгани бу йўлдаги янги қадамлар бўлди. Ўзбекистоннинг “Жаҳолатга қарши – маърифат” деган тамойил асосида жаҳон миқёсида тинчлик ва осойишталикни сақлаш, виждон эркинлиги ва динлараро бағрикенгликни таъминлаш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини халқимиз ва дунё аҳлига етказиш борасидаги ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. Шу улуғ айём кунларида узоқ ва яқин давлатларда яшаётган мўмин-мусулмон биродарларимизни, барча дўст ва ҳамкорларимизни самимий қутлаб, уларнинг халқлари ва мамлакатларига тинчлик ва барқарорлик, тараққиёт ва фаровонлик тилаймиз. Қадрли юртдошлар! Гўзал диёримизда муборак Рамазон шукуҳи кезиб юрган шу кунларда байрам кайфияти барча шаҳар ва қишлоқларимизга кириб бориши, бу айёмни янада мазмунли ўтказиш учун шароит яратиш мақсадида 5-6 июнь мамлакатимизда дам олиш кунлари деб эълон қилинди. Буюк бобомиз Имом Бухорий ҳазратларидан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилганидек, “Чинакам мусулмон ўзига раво кўрган барча яхшиликларни бошқа инсонларга ҳам раво кўради”. Дарҳақиқат, ҳаётда эзгу ва савоб амалларни бажариб, оиласи, фарзандлари, эл-юртининг бахту саодатини ўйлаб, ҳалол меҳнат қилиб яшаш мусулмон аҳли учун иймон-эътиқоднинг муҳим шарти ҳисобланади. Ишончим комил, дину диёнатимиз ва замон руҳини қалбимизга чуқур сингдириб, бугунги ҳаётнинг ўткир талаби бўлган илм-фан, инновация ва тараққиёт ютуқлари билан қуролланиб, Ватанимиз равнақи йўлида астойдил хизмат қилсак, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга албатта етамиз. Сиз, азиз ватандошларимни муқаддас Рамазон ҳайити билан яна бир бор чин юракдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, хонадонларингизга файзу барака тилайман. Нияти пок, мақсадлари улуғ халқимизнинг шу табаррук кунларда қилаётган барча ибодатлари, эзгу дуолари ижобат бўлсин! Муқаддас айём – Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин! Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти Манба: www.president.uz 837
Закот инсоният учун кўпгина моддий ва маънавий манфаат келтириб, уларнинг асосийларини куйидагича таснифлаш мумкин: Закот инсонларни ҳасисликдан сақлайди, уларни мардликка чақиради ва уларга берилган неъматлар учун шукр килишларига имконият беради. Зеро, Аллох таоло Қуръони каримда шундай мархамат килган: “Кимки ўз нафси баҳиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар иқболлидирлар” (“Хашр” 9). Закот инсонлар дунёни ҳаддан ортиқ севишларининг олдини олиши билан бирга, уларнинг қалблари қотишидан сақлайди ҳамда турли хил қалб касалликларидан поклайди. Закот бойларнинг камбағалларга нисбатан шафқат ва мархамат туйғуларини оширади. Закот бериш натижасида саҳоватли бойларнинг жамиятдаги этиборлари юксалади. Бу ҳолат эса бойлар орасида яхшилик қилишга рағбат уйғотади. Ер юзида ҳузур-ҳаловат, тинчлик-осойишталикни бузувчи тиланчи ва ишсизлар сонини камайтиради ва шу йўл билан жамиятда ночорлик ва беқарорлик каби салбий ҳолатларнинг олдини олади. Чунки муҳтож бўлган камбағал оч колгандагина жамиятда беқарорликларни келтириб чикаришга, бошқаларнинг мулкига тажовуз қилишга интилади. Агар ўша фақир бойларнинг закот сифатида берган молларини олиб ишлатса, инсонларга ёмонлик килишдан, бошқаларга зарар етказишдан, беқарорликни юзага келтиришдан воз кечади ҳамда фойдали ишларни қилишга интилади. Закот камбағалларнинг эҳтиёж соҳиби бўлишларидан қутқаради, уларнинг нормал яшашларига замин яратади. Бошкача қилиб айтганда, закот ижтимоий суғурта ҳисобланади. Закот бериш билан бойлар ўзларининг бойликларини турли хил бало ва офатлардан сақлайдилар, камбағалларга берган садақалари сабабли мулкларига барака берилади. Зеро, Мухаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Молларингизни закот билан қутқаринглар, хасталарингизни садақалар билан даволанглар, бало тўлқинларини дуо ва тазарру билан қаршиланглар”. Закот жамиятни бойларнинг катта миқдордаги бойлик йиғиб камбағалларни булардан маҳрум килишлари натижасида юзага келадиган инқилоб ва муҳолафатлардан саклайди. (закот бойларнинг жуда катта маблағлар йиғиб, камбағалларнинг иқтисодий маҳрум бўлишлари натижасида юзага келадиган тўнтариш каби тартибсизликлардан жамиятни ҳимоя қилади). Закот молнинг сабабсиз йиғилиб туришининг олдини олади. Хулоса қилиб айтганда, закот жамиятда инсонлар томонидан тўпланадиган бойликнинг оқилона тақсимоти орқали муайян ижтимоий-иқтисодий балансни сақлаб туриш имконини беради. 4-курс талабаси Ҳабибуллаев Сирожиддин 863
Баъзида кўчаларда, далаларда, ўрмонларда айрим ака-укаларимиз қушларни ёки ҳайвонларни овлаётганларига гувоҳ бўлиб қоламиз. Баъзилар у ҳайвонларни танавул қилиш учун овласа, баъзилар эса шунчаки кўнгилхушлик учун овлашади. Хўш, бу биродарларимизнинг қилаётган ишлари қанчалик тўғри?! Бунга шариатимиз нима дейди?! عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَا مِنْ إِنْسَانٍ قَتَلَ عُصْفُورًا فَمَا فَوْقَهَا بِغَيْرِ حَقِّهَا إِلاَّ سَأَلَهُ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ عَنْهَا قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ وَمَا حَقُّهَا قَالَ: يَذْبَحُهَا فَيَأْكُلُهَا وَلاَ يَقْطَعُ رَأْسَهَا يَرْمِي بِهَا. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَالشَّافِعِيُّ وَالْحَاكِمُ. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир инсон чумчуқни ёки ундан каттароқ нарсани ноҳақдан қатл этса, албатта, Аллоҳ таоло ундан у ҳақида сўрайди», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, унинг ҳақи недир?» дейилди. «Уни сўйиб, емоғидир. Бошини кесиб отиб юбормас!» дедилар». Имом Насаий, Имом Шофеъий ва Имом Ҳоким ривоят қилганлар. Ушбу ҳадиси шарифни «Ейиладиган ҳайвонлар ҳақида» бобида келтиришдан асосий мақсад чумчуқ ҳалол қуш эканини билдиришдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Уни сўйиб, емоғидир» дейишлари шуни англатади. Аммо бу ҳадисда шу билан бирга бир оламга татигулик улкан маъно ётибди. Худди ана шу маънога инсоният ўзининг узун тарихи давомида доимо муҳтож бўлиб келган ва ҳозирги кунда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтож бўлиб турибди. Ана ўша улкан маъно ҳаётга доимо жиддият билан қараш, инсон ўз масъулиятини тўлиқ ҳис қилиши ҳақиқатидир. Ислом ҳаётга доимо тўлиқ жиддият билан қарашни талаб қилади. Инсоннинг заррача қилган яхшилиги ҳам, ёмонлиги ҳам охиратда ҳисоб-китоб қилинишига алоҳида урғу беради. Эътибор берайлик, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда нима демоқдалар: «Қай бир инсон чумчуқни ёки ундан каттароқ нарсани ноҳақдан қатл этса, албатта, Аллоҳ таоло ундан у ҳақида сўрайди». Бошқа бир ривоятда ўша ноҳақ ўлдирилган чумчуқ қиёматда даъво қилиб: «Эй Роббим, манави мени манфаат учун эмас, ўйнаб ўлдирди» дейиши айтилган. Исломдан узоқлашиш оқибатида ҳаётнинг ҳамма соҳаларида инсоният бошига тушган сон-саноқсиз мусибатларни бир томон қўйиб турайликда, бизга аҳамияти йўқ бўлиб кўринган чумчуқни беҳуда ўлдириш масаласини олиб кўрайлик. Худди ана ўша масъулиятсизлик оқибатида ҳозирги кунимизга келиб дунёдаги кўплаб ҳайвонлар қирилиб битмадими?! Қиёматни, ундаги сўроқ-саволни, ҳисоб-китобни унутган инсоният ваҳшийлашиб, қанчадан-қанча ҳайвон турларини йўқ қилиб юбормадими?! Яна қанчадан-қанчаси йўқ бўлиш арафасида турмаяптими?! Бугунги кунда табиатни муҳофаза қилиш энг долзарб масала бўлиб қолмаяптими?! Шунинг ўзидан инсоният Исломга қанчалар муҳтож эканини билиб олсак бўлаверади. Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз: Каттаю кичик ҳар бир ишга жиддият билан қараш зарурлиги. Арзимаган ҳайвонни овлашда ҳам фақат зарур манфаат юзасидан ов қилиш кераклиги. Банда кичик бир ҳайвонга қилган ноҳақлиги учун ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавоб бериши борлиги. Чумчуқнинг ҳалоллиги. Чумчуқ бўлса ҳам ҳайвонни овлагандан кейин сўйиб емоқ лозимлиги. Овланган ҳайвоннинг бошини ёки бошқа бирор жойини узиб, отиб юбормаслик лозимлиги. 4-курс талабаси Иброҳим Бурҳон 916
Ислом ҳуқуқшунослиги ўзида мукаммал ҳукмларни мужассам этган тизим сифатида замонлар оша давлат ва ҳуқуқ, айниқса, инсон ҳуқуқлари муносабатларни таъминлашга чуқур таъсир кўрсатган. Унинг ҳуқуқий омил сифатида амал қилиш соҳаси бизнинг замонда ҳам жуда кенг бўлиб қолмоқда. Хусусан, нафақат аҳолиси мусулмон бўлган мамлакатларда, балки бутун дунёда сўнгги асрда одамларнинг иқтисодий муносабатларида юзага келган эгалик ҳуқуқи билан тугайдиган ижара шартномасининг шаръий меъёр ва талабларини белгилаб беришда, унинг ҳалол ва ҳаром бўлган нуқталарини баён қилиб беришда ислом ҳуқуқшунослигига барча мусулмон ҳалқлар муҳтождир. Келинг, дастлаб ижаранинг ўзи ҳақида озгина сўз юритайлик. Ислом фиқҳида ижара-бир шахснинг иккинчи бир шахсга муайян муддатга, келишилган пул эвазига бирон ашёни ёки ўз иш кучини фойдаланиш учун беришидир. Куръони каримнинг “Қасос” сураси 27-ояти, “Бақара” сурасининг 275-ояти, “Нисо” сурасининг 29-ояти, “Нахл” сурасининг 64- ояти, “Моида” сурасининг 3-оятида келтирилган ижара лафзлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ижарага ёллаган ишчингизнинг тери қотмасдан ҳақини беринг», деган ҳадислари ҳамда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги қудсий ҳадис ижаранинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади: “Аллоҳ таоло деди: Уч хил инсон борки, Мен қиёмат кунида улар билан хусуматлашаман; Менинг номимни ўртага қуйиб (қарз ва ҳоказо) олган, сўнгра хиёнат қилган киши, озод кишини қул қилиб, сотиб юбориб, пулини еган киши ва хизматчини ёллаб (ижарага олиб), ундан ишни тўлиқ ундирган, лекин ажрини (ҳақини) бермаган киши[1]”. Ижарага тааллуқли қолган барча қоидалар мужтаҳид уламолар томонидан Китобу Суннатдаги далиллардан ижтиҳод йули билан ишлаб чиқилган. Эгалик ҳуқуқи билан тугайдиган ижара эса сўнгги асрларда пайдо бўлган битим бўлиб, аввалги фиқҳ олимларининг асарларида бу ҳақида хеч нарса ёзиб қолдирилмаган. Аммо кўплаб замондош ислом уламолари бу турдаги битимга аниқ таъриф беришга ҳаракат қилганлар. Жумаладан Холид Ҳофий унга қуйидагича таъриф беради: “У – икки томон ўртасида тузиладиган шундай битим бўлиб, унда томонларнинг бири иккинчисига муайян молни муайян ҳақ эвазига ижарага беради. Ижарачи мазкур тўловни муайян муддат ичида бўлиб-бўлиб тўлайди. Ва ниҳоят, сўнгги улуш тўлангач, молнинг эгалиги унга ўтади[2]”. Ижаранинг бу турига Фаҳд бин Алий ал-Ҳасун бундай таъриф беришни таклиф қилади: “Муайян ашёдан ҳосил бўладиган манфаат эгалигини маълум муддатга бировга бериш. Мазкур муддат тугагач, махсус холатда ва маълум тўлов эвазига мазкур ашёнинг ҳам эгалиги ижарага олувчи томонга ўтади”. Бу таърифнинг биринчи банди ижарани англатса, кейинги банди савдони ифода қилади[3]. Эгалик ҳуқуқи билан тугайдиган ижара шартномасининг тугатилишидаги ҳолатлари. Шартноманин ниҳояси белгиланган муддатнинг тугаши билан бўлади. Яъни, сотувчи ва олувчи чегаралаган муҳлатда ниҳояланади. Келишилган бўлаклар чегараланган вақтда тугайди. Агар келишилган муддат келганда қарздор қарзини тўламаган бўлса, ҳақдор қарзни талаб қилиши мумкин бўлади. Қарздорга эса, қолган бўлакларни тўлашга қўшимча муддат сўрамасдан ўша заҳоти бериши вожиб бўлади. Чунки қарзини бериш ўша муддатга келишилган эди. Шунинг учун ҳам келишилган вақтдаги пулдан бошқасини талаб қилиши мумкин эмас. 4-курс талабаси Раҳимов Неъматуллоҳ [1] Бухорий Абу Абдуллох Муҳаммад ибн Исмоил. Ал-жомеъ ас-саҳиҳ ал-мухтасар. -Байрут: Дор Ибн Касир. 1407-1987. Т. II. Байълар китоби. Ҳадис рақами -2227 [2] Хофий Холид иби Абдуллоҳ. Ал-ижара ал-мунтаҳия бит-тамлик фий завъил фиқҳ, ал-исламий (ислом фиқҳи нигоҳида эгалик билан якунланувчи ижара). – Ливан: муассаса ар-райён. 2-босма. Б.60 [3] Ал Ҳасун Фаҳд бин Али. Ал-ижара ал-мунтаҳия бит-тамлик фи-л-фиқҳ ал-исламий (эгалик билан тугалланувчи ижара ислом фиқҳида). -Саудия Арабистони. Дорул-қибла. 1426х. Б.-8. 1 164