Рамазон ойи мусулмонлар учун ибодат, тавба, раҳмат ва мағфират мавсумидир. Бу ойнинг энг улуғ неъматларидан бири – Қадр кечаси бўлиб, Аллоҳ таоло бу муборак тунни бутун инсоният тарихидаги энг шарафли вақт қилиб белгилади. Унинг фазилати ҳақида Қуръони Каримда алоҳида сура нозил қилинган бўлиб, унда: «Албатта, Биз уни (Қуръонни) Қадр кечасида нозил қилдик» (Қадр сураси, 1-оят), деб марҳамат қилинади. Ушбу оят Қадр кечасининг нақадар улуғ ва муборак эканини англатади, зеро инсониятга тўғри йўлни кўрсатувчи Каломуллоҳ айнан шу кечада дунё осмонига туширилган. Шу сабабли бу тун мўмин-мусулмонлар учун раҳмат эшиклари ланг очиладиган, гуноҳлар кечирилиб, нажот топиладиган фурсатдир.
Рамазон – нафақат сабр ва ибодат, балки яқинларимизга бўлган меҳримизни кўрсатадиган энг хайрли ва баракали ойдир. Бу муборак даврда ҳар бир мўмин дуо ва зикр билан руҳини поклашга интилади. Аммо Рамазоннинг файзи фақат масжидлардаги таровеҳларда эмас, балки ҳар бир хонадоннинг кўрки бўлган саҳарлик ва ифторлик дастурхонларида ҳам яққол сезилади. Кўпчилигимиз учун Рамазон – ширин таомлар атрофидаги оилавий суҳбатлар демакдир. Лекин ана шу файзли давралар ортида кўзга ташланмас беминнат меҳнат борлигини гоҳида унутиб қўямиз.
Рамазон ойи энг кутилган ой бўлиб, ҳар бир мусулмон учун катта аҳамиятга эгадир. Рамазонда тонг отгандан то қуёш ботгунга қадар овқат ва ичимликдан бош тортилади. Аллоҳ таолонинг чексиз марҳамати билан мўмин учун буюрилган ҳар бир амал ҳам руҳий, ҳам жисмоний қадр-қимматга эга ҳисобланади. Ҳатто рўза тутишдаги талаб ва одатларнинг ҳам руҳият ва тана учун фойдали жиҳатлари бисёрдир. Рўзанинг ҳикматлари, инсоннинг дунёю охирати учун манфаатлари кўп. Ҳатто бошқа дин вакиллари ҳам унинг инсонга фойдалари ҳақида ўрганиб, эътироф этмоқдалар ва ўз ҳаётларида татбиқ қилмоқдалар. Ҳозирги даврда ҳам рўза тутиш айнан соғлиқ учун ниҳоятда фойдали эканлиги ҳақида кўпчилик бир овоздан таъкидламоқда. Мутахассислар ихтиёрий оч қолишнинг инсон организми учун жуда фойдали эканини кўп тарғиб қилмоқдалар.- Фахриддин ЕРНАЗАРОВ, “Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси
Рамазон – бу шунчаки ой эмас, балки қалбларни поклайдиган, руҳни тарбиялайдиган ва инсонни ўз нафси билан юзлаштирадиган муборак мактабдир. Бу ойда мўмин гўё янги ҳаёт бошлайди. Чунки Рамазон – тоат, ихлос ва гўзал хулқ ойидир. Рамазонда биз саховат ва шукрни ўрганамиз: муҳтожга қўл узатишни, борини бўлишишни, эҳсон қилишни ҳамда бир қултум суву бир бўлак ноннинг қадрини ҳис этишни англаймиз. Исор туйғуси кучаяди – ўзимиз оч бўлсак ҳам, ўзгаларни устун қўйишни ўрганамиз. Меҳр-шафқат, мурувват, карам, тавозе ва сабр каби фазилатлар шу ойда қалбимизда мустаҳкам ўрнашади. - ТИИ Модуль таълим тизими талабаси, Тўрақўрғон тумани “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Жаъфархон СУФИЕВ
Шавкат Мирзиёев Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармонни имзолади...- Kun.uz