Тошкентда 1–4 сентябрь кунлари Ислом тараққиёт банки (ИТБ) йиллик йиғилишининг ёпилиш матбуот анжумани ва эришилган келишувлар бўйича шартномаларга имзо қўйиш маросими бўлиб ўтди. Йиғилиш якунлари бўйича имзоланган шартномалар ҳақида «Bugun.uz» мухбири хабар берди.
Келтирилишича, мусулмон дунёсининг ААА рейтингига эга бўлган, кўп тарафлама ривожланиш банки ҳисобланган Ислом тараққиёт банки аъзо мамлакатлари ўртасида пандемиядан кейинги иқтисодий тикланишни қўллаб-қувватлаш бўйича ўз фаолияти доирасида 1,2 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги молиявий мажбуриятларини эълон қилди.
Тошкентдаги анжуман давомида ИТБ гуруҳининг бўлинмалари ҳамда Африка ва Осиёдаги аъзо мамлакатлар ва ҳомий ташкилотлар билан ўттизга яқин шартнома имзоланган. ИТБ Ўзбекистонда Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармаси ишга туширилганини эълон қилди. У Ўзбекистон ҳукумати ва Саудия Арабистони қироллиги хусусий секторининг инвесторлари билан бирга тузилган. Келажакда жамғарма фаолияти туфайли 100 минг иш ўрни яратилиши режа қилинган.
Шунингдек, банк томонидан Ўзбекистонга Ислом банки ва молия соҳасини қўллаб қувватлаш учун техник ёрдам гранти (265 минг доллар), қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш лойиҳаси битими (200 миллион доллар), Ўзбекистонда анкологик хизматларни ривожлантириш лойиҳасини қўллаб-қувватлаш (80 миллион доллар), Ўзбекистон халқаро ислом академиясини техник қўллаб-қувватлаш (51, 535 миллион доллар) келишувлари доирасида маблағ ажратилди.
Трастбанк, Ориент Финанс банк, Капиталбанк, ИнфинБанк, Турон банк — молиявий ташкилотларининг ҳар бирига Соғлиқни сақлаш соҳасини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, шариатга мувофиқ, Ўзбекистондаги COVID-19 пандемиясидан зарар кўрган хусусий сектор ваколатли тадбиркорлик субъектларининг мудофаа, сайёҳлик, ҳордиқ чиқариш ва бошқа ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан ташқари иқтисодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 10 миллион АҚШ долларидан ажратилиши ҳақида шартномалар имзоланди.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев ИТБ йиғилишида нималарга тўхталиб ўтгани ва ИТБ, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони 500 миллион долларлик фонд ташкил этиши айтилганди.