Тошкент ислом институтида “Ноябр – фиқҳий фанлар ойлиги” муносабати билан талабалар учун Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси ўқитувчиси Сойибжон Жўраев “Фиқҳ илмини ўрганишнинг аҳамияти ва фазилатлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этди.
“Фиқҳ” (الفقه) сўзининг луғавий маъноси бу “фаҳм”, яъни тушунмоқ, деганидир. “Фиқҳ” сўзи “фе” ҳарфининг касараси билан “бир нарсани билмоқ ва тушуниб англамоқ”—демакдир. Ҳар бир соҳанинг илми — ўша соҳанинг фиқҳидир.
يُؤتِي الْحِكْمَةَ مَن يَشَاءُ وَمَن يُؤْتَ الْحِكْمَةَ فَقَدْ أُوتِيَ خَيْراً كَثِيراً
“У зот кимни хоҳласа, ўшанга ҳикматни беради. Кимга ҳикмат берилса, бас, ҳақиқатан унга кўп яхшилик берилибди” (Бақара, 269).
من يرد الله به خيرا يفقهه في الدين
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимгаки Аллоҳ яхшиликни истаса, уни динда фақиҳ қилади” (Имом Бухорий ривояти).
نعم الجل الفقيه في الدين، إن احتيج إليه نفع، و استغني عنه أغني نفسه
Ҳазрати Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Динда фақиҳ бўлган киши қандаям яхшидир. Агар унга муҳтож бўлсалар фойдаси тегади. Мабодо унга ҳеч кимнинг эҳтиёжи тушмаган тақдирда ҳам унинг бошқаларга эҳтиёжи бўлмайди”.
لأن اجلس ساعة فأفقه احب إلي من ان أحيي ليلت القدر
Абу ҳурайра разияллоҳу анҳу: “Андак фурсат ўтириб фиқҳ ўрганишим қадр кечаси ухламай ибодат қилиб чиққанимдан кўра яхшироқдир”.
معرفة الحديث و التفقه فيه احب إلي من ذكره
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ: “Ҳадис ўрганмоқ ва унинг фиқҳий жиҳатларини англаб етмоқ мен учун уни сўзлаб бергандан кўра яхшироқдир”.
يا معشر الفقهاء انتم الأطباء و نحن الصيادلة
Ҳадисшунос Сулаймон ибн Меҳрон ал-аъмаш раҳматуллоҳи алайҳ: “Эй фақиҳлар! Сизлар табибсиз, биз эса дори тайёрловчилармиз”.
بعد القرأن و الحديث مدار الإسلام علي الفقه
Ҳадисшунос Валиюллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳ: “Исломнинг ўзаги Қуръон ва ҳадисдан кейин фиқҳдир!”
إن الفقه وسيلة إلي البر و التقوي
Имом Зарнужий раҳматуллоҳи алайҳ: “Фиқҳ шубҳасиз тақво ва яхшилик сари етакловчи василадир!”.
إذا ما إعتز ذو علم بعلم * فعلم الفقه اولي باعتزاز
Араб шоири: “Илм эгаси илми ила азиз бўлса, бас, фиқҳ илми у билан азиз бўлишга лойиқроқдир”.
ТИИ Матбуот хизмати