“Мавлид” арабча сўз бўлиб, туғилиш, туғилган жой ва туғилган вақт маъноларини англатади. Мавлид деганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган ойлари назарда тутилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган саналарини Ибн Исҳоқ Фил йилида Рабиъул аввал ойининг 12-куни, душанба; Маҳмуд Пошо Фалакий эса астрономик ҳисоб билан милодий 571 йилнинг 9 рабиъул аввал, душанба куни деб кўрсатган.
Тарихчиларнинг таъкидлашича, мавлидни биринчи бўлиб фотимийлар (909–1171) нишонлаган.
Кейинроқ Айюбийлар давлатида Ирбил шаҳри амири Амир Музаффариддин Абу Саид Кўкбўри ибн Зайниддин Али ибн Табуктекин (1153–1232) байрам қилиб белгилаган.
Амир Музаффариддин мавлид байрамини ўтказиш учун уч юз минг динор сарфланган. Байрамнинг нишонлаш арафасида Ирбил шаҳрига туташ бўлган шаҳарлар, Бағдод, Мосул ва бошқа жойлардан фақиҳлар, тасаввуф олимлари, ўткир воизлар ҳамда шоирлар таклиф қилинарди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунлари борасида ихтилоф борлиги учун ҳам байрам асосан рабиъул аввал ойининг саккизинчи ва ўн иккинчи кунлари бўлиб ўтган.
Усмонийлар давлатида ҳам мавлид байрами кенг миқёсда нишонланган. Тахтга Абдулҳамид II сайланганидан кейин мавлид байрамини нишонлаш фақатгина “Жомеъул Ҳамийдий” деб номланадиган катта масжидда ўтаказиладиган бўлди.
Усмонийлар мавлидни Рабиъул аввал ойининг ўн иккинчи куни ўтказадилар. Давлат аъёнлари, уламолар ва бошқа жойлардан таклиф қилинган меҳмонлар катта жомеънинг олдида султонни кутиб туришар, Султон жомеъга ташриф буюрганидан кейин барча масжидга кириб, мавлид байрами бошланарди.
Байрам Қуръон қироати билан бошланиб, сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни дунёга келишлари борасида маълумотлар ўқилар ва ундан кейин “Далоилул Хойрот фи солати ъалан Набий” номли китоб йиғилганларга ўқиб берилар эди. Сўнга зикр ҳалқалари ташкил қилиниб, баланд овозда салавотлар айтилар эди.
Ҳозирда ҳам мусулмон юртларда мавлид асосан масжидларда ўтказилиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мадҳ этилган байтлар тингланади, сийратлари тўғрисида суҳбатлар бўлади, салавотлар айтилади.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев