islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ростгўйликнинг фазилати

Ростгўйлик – эзгу хулқларнинг посбони бўлиб, ўзини ҳақиқий мўъмин-мусулмон ҳисоблаган инсон ҳеч қачон ёлғон сўзламайди ва ҳеч кимни алдамайди. Негаки, Ислом динининг муқаддас манбаи ҳисобланган Қуръони Каримнинг аксарият оятлари ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуда кўплаб ҳадиси шарифларида ростгўйликка тарғиб қилинади, ёлғондан қайтарилади. Аллоҳ таоло ёлғон гапирадиган яъний ростгўй бўла олмайдиганлар ҳақида шундай баён қилади: “Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар ўзлари ёлғончилардир”, (Наҳл сураси, 105-оят).

Пайғамбар алайҳиссаломдан сўралди: “Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин қўрқоқ бўладими? Расулуллоҳ “ҳа” дедилар. Мўмин бахил бўладими? Узот “ҳа” дедилар. Яна сўрадилар, мўмин “ёлғончи” бўладими? У зот алайҳиссалом “Йўқ, мўмин ёлғончи бўлмайди” дедилар.

Имом Бухорий ҳазратлари «Ал-адаб ал-муфрад» асарида Абдуллоҳ ибн Масъуддан қуйидаги ҳадисни баён қиладилар: Набий муҳтарам: «Рост гапиринглар, чунки ростгўйлик яхшиликларга бошлайди ва бу яхшиликлар эса жаннатга йўллайди. Киши рост гапираверса, у Аллоҳ таоло ҳузурида жуда ростгўй (сиддиқ) деб ёзилиб қолади. Ёлғон гапиришдан ўзларингизни сақланг, чунки ёлғон гапириш ҳамма бузуқликларга олиб боради, бузуқлик эса дўзахга йўллайди. Киши ёлғон гапираверса, Аллоҳ ҳузурида ёлғончи бўлиб ёзилиб қолади», деганлар.

Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: Мунофиқнинг учта аломати бор: сўзласа ёлғон сўзлар; ваъда қилса, бажармас; омонатга хиёнат қилур, – деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: Қуйидаги тўртта хислат кимда бўлса, аниқ мунофиқ бўлади, кимдаки улардан биттаси бўлса, уни тарк этмагунча мунофиқликдан бир хислати бор экан, дейиладир:

– омонатга хиёнат қилади;

– сўзласа, ёлғон сўзлайди;

– шартнома тузса, шартида турмайди;

– уришиб қолса, кек сақлайди ва ноҳақлик қилади.(Имом бухорий ривояти).

Ушбу ҳадислардан ростгўйликнинг ҳам даражаларга эга экани келиб чиқади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келмасидан ҳам илгари шу даражада ростгўй эдиларки, қабиладошлари у Зотга «амин» (ишончли) деб ном берган эдилар.

Рост гапиришни одат қилган, хақ сўз билан қуролланган кишилар бошқалар билан бўладиган мулоқотларда ўзаро ҳурмат-эҳтиром, қадр-қимматни сақлаган ҳолда зафар қозонадилар.

Абу Масъуд ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ Соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Собиқ пайғамбарлардан одамларга етиб келган бир ибора мавжуд, бу – «Беҳаё эсанг, истаганингни қил!» деган иборадир»,- дедилар».(Имом бухорий ривояти).

Бугунги кунда Каъбани тавоф қилиш учун эҳромсиз зиёратчиларни қўйишмаяпти. Мийқотга бормасдан ва умрани ният қилмасдан эҳром кийиб фақат тавоф қилсак бўладими? Шариат бўйича мумкинми?
Деган савол берилмоқда.

Ҳаж ва умра учун қилинадиган тавофдан бошқа тавофлар нафл тавоф бўлиб, бу учун ёлғон ишлатиш жоиз эмас. Ҳозирги кунда ҳаж ва умра ибодатини бажарувчилар кўплиги ва улар фарз ёки вожиб бўлган тавофларини эмин эркин бажариб олишлари учун бу ибодатларни ташкиллаштирувчилар шу чорани кўришган бўлсалар бунга итоат қилиш лозим. Зотан суннат амал ҳисобланган “Ҳажарул асвад”ни ўпиш ёки силаш чоғида бошқаларга озор берадиган бўлса, узоқдан қўл кўтариб ишора қилинади.

Асоссиз далил-ҳужжат, ёлғон мишмиш ва ботил гаплар билан қуролланган кимсалар эса фақатгина кулгига қоладилар ва улардан ҳамма узоқлашиб кетади. Чунки ҳақиқат боқий, ёлғон эса тумандек тарқаб кетгувчидир.

Афсуски, ҳозирги вақтда жамиятимизда ёлғон гапириш жуда кенг авж олди. Кўпчилик ўйламай-нетмай ёлғон гапирадиган бўлиб кетди, бу ҳолатни айниқса ижтимоий тармоқлардаги ҳар-ҳил асоссиз хабарларни тарқалишида кузатиш мумкин бўлиб қолди. Бунинг оқибатида эса кўпинча бегуноҳ мўъминлар зарар кўрмоқда, идора ва ташкилот раҳбарларининг ишлари оғирлашиб бормоқда.

Давлатимиз ва жамиятимиз ривожи йўлида ростгўй бўлайлик ёлғондан ҳазар қилайлик! Тилимизни ва фарзандимиз тилини ростгўйликка ўргатайлик!Аллоҳ таоло барчамизни сиддиқлардан қилсин ва жамиятимизни ёлғондан, ёлғончиликдан покласин!

Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра”

жоме масжиди имом хатиби

Суфиев Жаъфархон

413890cookie-checkРостгўйликнинг фазилати

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: