Инсон дунёда яшар экан дунё ва охират бахт-саодатини истайди. Инсон учун дўзах азобидан қутилиб, жаннатга кириш энг катта бахт-саодатдир.
Ҳасан Басрий (р.а.)дан ривоят қилинади:
حَدَّثَنَا عَبْدُ بْنُ حُمَيْدٍ قَالَ: حَدَّثَنَا مُصْعَبُ بْنُ الْمِقْدَامِ قَالَ: حَدَّثَنَا الْمُبَارِكُ بْنُ فَضَالَةَ، عَنِ الْحَسَنِ قَالَ : أَتَتْ عَجُوزٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ اللَّهِ، ادْعُ اللَّهَ أَنْ يُدْخِلَنِي الْجَنَّةَ، فَقَالَ: «يَا أُمَّ فُلَانٍ، إِنَّ الْجَنَّةَ لَا تَدْخُلُهَا عَجُوزٌ» قَالَ: فَوَلَّتْ تَبْكِي فَقَالَ: «أَخْبِرُوهَا أَنَّهَا لَا تَدْخُلُهَا وَهِيَ عَجُوزٌ» إِنَّ اللَّهَ تَعَالَى يَقُولُ: {إِنَّا أَنْشَأْنَاهُنَّ إِنْشَاءً فَجَعَلْنَاهُنَّ أَبْكَارًا عُرُبًا أَتْرَابًا} [الواقعة: 36]
Пайғамбар(с.а.в) ҳузурларига бир кампир келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, дуо қилинг Аллоҳ мени жаннатга киритсин», деди.
У зот: “Эй Фалончанинг онаси, жаннатга кампирлар кирмайди”, дедилар. Кампир йиғлаб ортига қайтди.
Шунда Пайғамбар (с.а.в.): “У (кампир) га хабар беринглар, у кампир ҳолида жаннатга кирмайди”, деб Қуръони каримдан қуйидаги оятларни ўқидилар: {إِنَّا أَنْشَأْنَاهُنَّ إِنْشَاءً فَجَعَلْنَاهُنَّ أَبْكَارًا عُرُبًا أَتْرَابًا}
“Биз уларни дафъатан яратдик. Уларни бокира қилдик, тенгқур маҳбубалардир” (Воқеа сураси, 35-37-оятлар).
Ушбу оятларнинг тафсирида шундай дейилади: Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қилинган ҳадисда жумладан, шундай дейилади: “Умму Салама: “Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳнинг “Ъурубан атрообан”ояти ҳақида гапириб беринг” деди. Пайғамбар (с.а.в) “Улар (аёллар) бу дунёда қариб, сочи оқариб, кўримсиз ҳолда келган кампирлар бўлиб, Аллоҳ таоло уларни қиёматда тенгқур, бокира, эҳтиросли маҳбуба қизлар қилиб қайта яратади”, дедилар.
Дарҳақиқат, жаннатга аёллар кампир ҳолатида кирмас экан. Аллоҳ таоло уларни тенгқур, бокира, маҳбуба қизлар қилиб қайта яратиб, жаннатга киритади.
Аллоҳ таоло барчамизни дўзах азобидан асраб, жаннатга кириш бахтини ато қилсин!
ТИИ модул таълим тизими талабаси,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими
Руҳиддин Акбаров