islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Аълочи” дегани вафодор дегани эмас!

Устоз бўлсангиз, табиийки атрофингизда ҳар хил “шогирдлар” йиғилар экан. Одам одамдан фарқ қилганидек, шогирдлар, ўқувчилар ҳам бир-биридан феъл-атвор, дунёқараш, илм савияси ҳамда тарбияси жиҳатидан қаттиқ фарқ қилади. Устозлар ўз шогирдлари ичида қай бирини кўпроқ яхши кўришади? Ёхуд қандай талабага кўпроқ эътибор қаратишади?

Сиз ҳам устозмисиз? Ёки ўқувчи, талабамисиз? Устозлар ҳурмат, эътибор қилишда нимага кўпроқ аҳамият қаратишади? Кичкинагина, “10 йиллик” педагогик тажрибам, кузатишларим хулосаси шуки – устоз аълочи талабани яхши кўради.

Балки фикримга қўшилмассиз, лекин шунақа! Устоз одатда яхши ўқиган, конспекти жойида, вазифаларни ўз вақтида бажарган, устозни тез тушуна оладиган, оқсоқланмайдиган, синфни орқага тортмайдиган талабани яхши кўради. Синфга кирганида ҳам дарров нигоҳи уни излайди, дарс ўтганда кўп-кўп, тез-тез ўша тиришқоқ талабага қараб гапиради, унга ўрни келганда “хушомад” қилади, гапига қўшилиш-қўшилмаслигини сўраб қўяди. Агар вазифаси чала бўлиб қолса, кечиради. Оралиқ имтиҳонларида керак бўлса, “яхши ёзганига” ишончи комил бўлиб, синчиклаб текширмайди. Муҳим вазифаларни унга ишонади. Мақтаб, эркалаб ҳам қўяди.

Рост, бундай талабани ким ҳам яхши кўрмайди? Тангани иккинчи тарафини қарасак, синфда ёхуд аудиториядаги қолган  “бечора” талабалар ҳам эътиборга бирдек лойиқ аслида. Чунки, “аълочи” ва “иккичи” деган баҳолар нисбий бўлиб, талабанинг ақл-идроки, дарсни тез ёки секин тушуна олиши, ичидагини кўрсата олиши ёки кўрсата билмаслигига ҳам боғлиқ. Бир талабанинг ичдагини дадил гапириши уни “уддабурон”, бошқаси зўрға, янглишиб айтиб бериши “ландавур”лигини белгиламайди. Балки, дарсни биз тушунтира олмаган, яхши қизиқтира олмагандирмиз. Ёки эътиборимиз фақат “аълочи”, “уддабурон” талабаларда бўлиб, қолганларнинг шахсий камчиликлари билан ишлай олмаётгандирмиз. Кейин “нега яхши ўқимайсан?”, “дангасасан, вазифа чала!” деб койиб юрамиз. Балки “Дарсни тушундингми? Қаерини тушунмадинг? Тушунмасанг, қайта-қайта сўрайвергин, ҳижолат бўлмагин, фақат дангасалик, бепарволик қилмагин”, деб айтмаётгандирмиз.

Тўғри, синфда ҳаммани тенг аълочи қилиш имкони йўқдир. Лекин қобилияти бору кўрсата олмайдиган, лаёқати бору дангаса талабаларни ҳам ишга солиш, уларни ҳам “кашф” қилишга ҳаракат қилиш керак. Савияси ўрта, маълумотни қабул қилиши секин талабаларга аълочилар вазифасининг 50% ни берсак, ўнта эмас, учта мавзуни тушуниб борса, секинроқ кетса, лекин ўз даражасида дарсларни ўзлаштириб борса, бутунлай “иккичи” бўлиб қолганидан яхши эмасми?!

Яъни, талаба мутлақ “аълочи” ва мутлақ “иккичи” бўлмайди. Паст баҳо оладиган талабанинг бошқаларда учрамайдиган ноёб қобилиятлари ҳам бўлиши мумкин…

***

Бундан анча йиллар олдин… Қизлар мадрасасида ишлаб юрган вақтларимиз бир синфда ўта фаол, аълочи ва ўта паст ўқийдиган қизлар синфи бўларди. Доим пассив баъзи қизлар гап эшитгани эшитган, оралиқдан йиқилган, қайта топширишга қолдирилган, натижада, ота-онаси чақирилган, оилали бўлса, қайнонаси чақирилган ҳолатлари кўп такрорланарди. Ўша эски гап: қизингиз умуман яхши ўқимайди, баҳоси ёмон! Хуллас, аксар фан устозлари бунақа “бош оғриқ”, на уёқлик, на буёқлик талабани судраб юришдан безиб кетишар, чоралар ҳам фойда бермасди. Лекин ўша пассив ўқувчилар одоби, хулқи айрим аълочиларга қараганда жуда яхши, самимий, ростгўй бўларди. Биз буни “тили қисиқ”ликка йўяр эдик. Аълочиларни доим иши ҳам, дарси ҳам, ҳурмати ҳам жой-жойида, устозлар ишончида эди. Устозлар ҳам уларни мақтаб, ўрнак қилиб чарчамасди…

Йиллар ўтди. Устозлар меҳр берган “эркатой”, “уддабурон”  ўқувчилар сувга тушган қумдай ғойиб бўлишди. Устоз деб йўқлаб қўйиш уёқда турсин, кўчада, бирор тадбирда кўришиб қолсангиз, ўзини сиз билан тенг ўринда билиб саломлашади. Агар мансабга ўтирган бўлса, кибр, сунъий виқор, жиддий туриш қилиб, сиз устозу, кеча қўлингизда дарс олган шогирдлиги эсидан чиқиб қолгандек бўлади. Керак бўлса, елкангизга бир икки қоқиб ҳам қўяди. Ташриф қоғозини бериб, офисида кутишини тайинлаб кетади.

Бу биз эркалатган, талтайтирган, кўп ишониб юборган “аълочи”, “уддабурон” шогирдларимиз бўлиб чиқади, кўпинча. Аллоҳ сақласин!

***

Телеграмимга смс келди. Қарасам нотаниш рақам. Саломлашув, соғинч хати… Камтар иборалар… безовта қилгани, мадрасалик пайтида “хафа қилиб қўйгани” учун узундан узоқ узрлар… Ҳаёт, турмуш йўлларида маслаҳат, далда беришимни илтимос қилибди. Чин юракдан Аллоҳ учун яхши кўришини айтибди. Билсам, ўша “иккичи”, актуал мавзу бўлган, ота-онаси чақирилган энг пассив ўқувчим… Ажаб, оқибатли чиқди: жума, байрам қолдирмай доим хабар олади. Йиғин қилса, борсам, бормасам тайинлаб айтади. Бирор иши чиқса, дуо сўрайди. Ишхонамгача йўқлаб келади. Камтаргина, одмигина. Худди, орамизда ҳеч гап ўтмагандай… Қай шогирддан буюради, билиб бўлмас экан. Демак, аълочи дегани “вафодор” дегани эмас!

Нуқул яхши ўқиётган, уддабурон, тили чаққон талабани кўкка кўтарсак, ахлоқига таъсир қилади. Нафси каттаради. Илм деб камтарлик, қобилият билан одоб  йўқолмасин.  Ўзимиз янглиш йўлга замин ҳозирламайлик!

 

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Н.Саидакбарова

416600cookie-check“Аълочи” дегани вафодор дегани эмас!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: