Ушбу китобнинг муаллифи Насируддин Абу Хойр Абдуллоҳ ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Алий Ал-Байзовийдир.
У кишига Байзо шаҳри нисбат берилган бўлиб, у шаҳар ҳозирги Эрон ҳудудида жойлашган. Байзовийнинг ўзи Шероз шаҳрида қозилик қилган ва у зот 685 ҳижрий йили вафот этган.
У таълиф қилган тафсир китоби ибораларининг гўзаллиги ва баён қилишининг қуввати жиҳатидан ажралиб туради. Муфассирлар кўп ҳолатларда унинг китобидан фойдаланишади.
“Тафсиру-л-Байзовий”нинг яна бир ажралиб турадиган жиҳатларидан унда олдинги умматлардан олинган ривоятлар жуда оз келтирилган. Бу эса ўз навбатида маълумотларни саҳиҳлигини таъминлайди. Агар олдинги умматлар маълумотларини келтирса, “ривоят қилинади” ёки “айтилади” деб, ишора қилади. Бу услуб эса далилнинг кучли эмаслигини билдиради.
“Анвару-т-танзил ва Асрору-т-таъвил” китобини ихтиёр қилинишидан мақсад, машҳур олимлардан бири Ал-Байзовийнинг балоғат илмида ёзган меросини ўрганишдир.
Араб балоғатини ўрганишда унинг гўзаллигини, бетакрор услубини, сўзларни баён қилишдаги маҳоратини ортиқча шарҳ ва изоҳлардан ҳоли ҳолатда ўрганишдир.
Ушбу китоб балоғат илмининг юқори чўққисида ёзилган ва саккизта машҳур қироат олимларининг қироатдаги эъроби ва фарқи баён қилинган. Яна ушбу китобнинг муҳимлигидан бу китобга 333 та ҳошия ёзилган.
“Кашфу-з-зунун” китобининг муаллифи “Тафсиру-л-Байзовий” ҳақида: “Баён ва маоний илмларини ўз ичига олган балоғат услуби барча муфассир ва луғат олимлари томонидан тан олинган буюк бир илмий меросдир,”- дейди. Яна айтадики, “Ушбу китоб мусулмон олимлари халқи томонидан гўзал қабул қилиниб, у китобни дарсликларда қўллаб ва унга ҳошиялар ёзиб, “Тафсиру-л-Байзовий”ни ўрганиб, ундан таълим олишни бошлаганлар”.
Ушбу китоб устидаги илмий изланиш жараёнида “Тафсиру-л-Байзовий”да келган балоғатга алоқадор жиҳатларни чуқур ўрганилиб ва уламолар томонидан китобга ёзилган ҳошиялар таҳлил қилинди.
Ўрганилган мавзулар:
- 1. “Тафсиру-л-Байзовий” ўрганиш:
- – китобнинг ёзилиш сабаби;
- – тафсир китоблари орасидаги ўрни;
- – китобни ёзишда фойдаланилган манбалар;
- – тафсир ёзишда байзовийнинг тутган йўли.
- 2. “Тафсиру-л-Байзовий”да маъоний илмларини ўрганиш:
- – маоний илми ҳақида муқаддима;
- – хабар ва иншо;
- – таъриф ва танкир;
- – тақдим ва таъхир;
- – иътироз
- – гапнинг зоҳири тақозо қилиб турган маънодан чиқиши;
- – ийжоз, итноб ва мусавот.
- 3. “Тафсиру-л-Байзовий”да баён илмларини ўрганиш:
- – ташбиҳ;
- – мажоз;
- – истиора;
- – киноя;
- – таъриз.
- 4. “Тафсиру-л-Байзовий”да бадиъ илмини ўрганиш:
- – маънавий гўзал услуб;
- – лафзий гўзал услуб.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки “Тафсиру-л-Байзовий” луғат, балоғат ва бошқа мавзуларда катта илмий мерос ҳисобланиб, изланувчи ва талабаларнинг билимларини оширишга, уларни балоғат илмининг фасоҳати ва нафосатини янада тўлиқроқ тушунишга ҳамда бу орқали тилнинг нозик жиҳатлари, чуқур маъноларини эгаллашга катта восита бўлиши мумкин.
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Хасанов Қудратжон Исоқжонович
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
- Солаҳуддин Холил ибн Айбек. Ал-вафи би-л-вафийят. –Дамашқ: Дору-л-фикр, 2006.
- Абу Малик Авзий. Ал-фаҳросу-ш-шамил ли-т-турос аробий. –Байрут: Дору-л-башоири-л-исламийя, 2009.
- Ҳажи Холифа. Кашфу-з-зунун. –Байрут: Дору-л-фикр, 2000.