Шукр араб тилида аслида оз ем билан семирадиган ҳайвонга нисбатан ишлатилади. Неъмат берувчига мақтов сўзларини айтишга шукр сўзини ишлатиш машҳур бўлган.
Шукр қилиш неъмат берувчи зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган зотнинг розилиги учун ишлатиш билан мукаммал бўлади.
Абдуллоҳ ибн Ғанном розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тонг отганида:
اللهُمَّ مَا أَصْبَحَ بِي مِنْ نِعْمَةٍ، فَمِنْكَ وَحْدَكَ لاَ شَرِيكَ لَكَ، فَلَكَ الْحَمْدُ وَلَكَ الشُّكْرُ
«Аллоҳумма маа асбаҳа бий мин ниъматин фаминка ваҳдака лаа шарийка лак, фалакал ҳамду ва лакаш шукр», деса, кундузнинг шукрини адо қилибди. Ким шу дуони кеч кирганида айтса, кечанинг шукрини адо этибди», дедилар.
(Маъноси: “Аллоҳим, мен билан тонг оттирган неъматлар Сен томондандир. Сен яккаю ёлғиздирсан, Сенинг шеригинг йўқ. Сенга ҳамд ва шукрлар бўлсин”).
Абу Довуд ривоятлари.
Ва Аллоҳ таоло айтади:
وَضَرَبَ اللَّهُ مَثَلًا قَرْيَةً كَانَتْ آمِنَةً مُطْمَئِنَّةً يَأْتِيهَا رِزْقُهَا رَغَدًا مِنْ كُلِّ مَكَانٍ فَكَفَرَتْ بِأَنْعُمِ اللَّهِ فَأَذَاقَهَا اللَّهُ لِبَاسَ الْجُوعِ وَالْخَوْفِ بِمَا كَانُوا يَصْنَعُونَ
112. Аллоҳ бир шаҳарни зарбул масал қилади: у омонлик ва хотиржамликда эди. Ризқи ҳар макондан сероб ҳолда келиб турарди. Сўнг у Аллоҳнинг неъматларига куфр келтирди. Бас, Аллоҳ унга қилган ишлари учун очлик ва хавф кийимини торттирди. (Яъни, қилган ношукурчиликлари, келтирган куфрлари учун уларга очлик ва хавфни кийим қилиб кийгизиб қўйди. Аллоҳнинг амри билан Маккага етти йил қаҳатчилик келгани, унинг аҳолиси ўлимтиклар, туянинг юнги ва одатда еб бўлмайдиган бошқа нарсаларни еганлари ҳаммага маълум. Шундай қилиб, Аллоҳ уларни тўқликдан очликка чиқарди. Мусулмонлар Мадинаи Мунавварага ҳижрат этиб, ўша ерда ўз жамиятларини қурганларидан сўнг эса, аҳли Маккадан хотиржамлик неъматини ҳам олиб, уларни хавф-хатарда яшайдиган қилиб қўйди. Улар мусулмонлар Маккани фатҳ этиши учун келиб қолармикан, деган хавфда яшардилар.).(Наҳл сураси)
10. Батаҳқиқ, Биз сизларга ер юзида имкон бердик ва унда маишат (воситалари) қилдик. Жуда оз шукр этарсизлар..
11. Ва батаҳқиқ, Биз сизларни яратдик, кейин сизларга суврат бердик. Сўнгра эса, фаришталарга: «Одамга сажда қилинг», дедик. Бас, улар сажда қилдилар. Магар Иблис сажда қилувчилардан бўлмади..
12. У зот: «Сенга амр этганимда сажда қилишингдан нима тўсди?» деди. У: «Мен ундан яхшиман, мени ўтдан яратдинг ва уни лойдан яратдинг», деди. (Аллоҳ таоло Ўз амрини бажармаган, Одамга сажда қилмаган Иблисдан: «Сенга амр этганимда сажда қилишингдан нима тўсди?» деб сўраганида, у «тавба қилдим, хато қилибман» дейиш ўрнига: «Мен ундан (яъни, Одамдан) яхшиман, мени ўт (олов)дан яратдинг ва уни лойдан яратдинг», деди. Яъни, Аллоҳнинг очиқ-ойдин фармони туриб, ўзининг фикрини ишлатди. Аллоҳнинг амри турганда, қачон фикрбозликлар бошланса, Иблиснинг иши қилинган бўлади. Бунинг оқибати Иблиснинг оқибатига ўхшаш бўлади. Иблиснинг оқибати эса, қуйидаги оятда баён қилинади:).
13. У зот: «Бас, ундан (жаннатдан) туш! Сен учун унда мутакаббирлик қилиб юриш йўқ. Бас, чиқ! Албатта, сен хору зор бўлгувчилардансан», деди..
14. У: «Менга улар қайта тирилтириладиган кунгача муҳлат бер», деди..
15. У зот: «Албатта, сен муҳлат берилганлардансан», деди..
16. У: «Мени иғвога учирганинг сабабли, албатта, мен уларни тўғри йўлингда тўсиб ўтираман»..
17. Сўнгра уларнинг олдиларидан, орқаларидан, ўнг томонларидан ва чап томонларидан келаман. Ва уларнинг кўпларини шукр қилувчи ҳолда топмассан», деди..(Аъроф сураси)
Иблис Инсонларнинг ношукурликка буюришини юқоридаги оятлардан англаш мумкин. Шунинг учун доимо шукр қилиш мўминлик сифати эканлигини унутмаслик лозим.
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди
имом-хатиби Суфиев Жаъфархон