islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Нақшбандия машойихлари(5) Султон Боязид Бaстомий (Қоддасаллоҳу сирруҳу)

Авлиёларнинг энг улуғларидан “Силсилаи Нақшбандияи олия”нинг бешинчи ҳалқаси, “Султонул Орифин” тахаллуси билан машҳур бўлган Абу Язид (Боязид) Бaстoмий ҳазратларининг исми Тойфур, отасининг исми Исодир.

Ҳижрий 188-йил (мелодий 776) да Эронда, Хазар (Каспий) денгизи соҳилида, Бастомда таваллуд топган.

Боязид Бaстoмий ҳазратлари авлиёларнинг буюги, шариат йўлчиси, аҳли суннат вал жамоат эътиқодида ва Имом Аъзам мазҳабида бўлганлар.

У зотни ёшлик чоғида кўрган ҳадис олимларидан бири, синаш учун:

– “Ҳей, яхши бола, намоз ўқишни биласанми?” деб сўраганда, Бастoмий унга:

– “Ҳа, агар Аллоҳ буюрса, қила оламан”, деб жавоб берди.

– Қандай қилиб? – деди ҳадис олими.

– Буюр, ё Рабби, деб, такбир оламан. Қуръони Каримни ўқийман, таъзим қилиб рукуъга бораман, тавозе билан сажда қиламан, сўнгра видолашиб, салом бераман! – деди бола.

– Эй ақлли бола! Сенда бу фазилат ва теран тушунча бор экан, нега катталарга бошингни силашга рухсат берасан? – деб сўради олим.

– Улар менинг бошимни силамайди, улар Аллоҳ таолонинг безатган гўзаллигини масҳ этадилар, хoлос. Менга оид бўлмаган бир нарсани силасалар, мен ҳам қандай уларга моне бўлайин?  – дея жавоб берди бола.

Боязид Бастoмий кичик ёшда мактабга борди. Дарсларни қунт билан ўрганар эди. Бир куни мактабда Қуръони каримнинг бир оятини ўқиб, унинг (“Луқмон” сураси, 14-оят) таъсирида, уйига эрта қайтиб келди. Онаси:

– Нега эрта келдинг?  – деб сўради. У шундай жавоб берди:

– Бир ояти карима ўқидим, унда Аллоҳ таоло ўзига ва сизга хизмат ва итоат этишимни амр этган. Сиз Аллоҳ таолога дуо қилинг, сизга хизматимни осон қилсин ёки менга рухсат беринг, доим Аллоҳга ибодат билан машғул бўлайин. Онаси:

– Сени Аллоҳга омонат этдим. Ўзингни унга бағишла, – деди.

Шундан сўнгра Боязид Бастoмий ўзини батамом Аллоҳга бағишлади, аммо онасига хизмат қилишни ҳам унутмади. Чунки Аллоҳ таолонинг амри шундай эди.

***

Совуқ бир қиш кечасида онаси Бастoмий ҳазратларидан сув сўради. У сакраб туриб, чашмага борди, челакка сув тўлдирди, уйига қайтса, онаси яна ухлаб қолганини кўрди ва у онасининг уйғонишини қўлида сув билан кута бошлади.

Онаси уйғонганида Бастoмийнинг бармоқлари совуқдан сув идишига ёпишиб қолган эди.

Онаси:

 – Нега уни қўлингда тутиб ўтирибсан, ерга қўйсанг бўлмайдими?  – деб сўради. Бастoмий ҳазратлари:

 – Онажоним, уйғонганингизда дарҳол бериш учун қўлимда тутиб ўтирган эдим, – деб жавоб берди.

Шунда онаси:

 – Ё Рабби, мен ўғлимдан розиман, сен ҳам рози бўл!  – дея жону кўнгилдан дуо этди. Балки, шу дуо сабаби ила Аллоҳ таоло Боязид Бастoмийга авлиёликнинг юксак мартабаларини эҳсон этган бўлса!

У ёшлигида қилган баъзи ибодатларидан завқ ола олмагани учун онасига шундай мурожаат қилди:

– Онажон, мени эмизганингизда, мен сабабли бирор шубҳали нарса истеъмол қилганмидингиз?

– Ўғлим, сен жуда кичик пайтингда қўшниларникига чиққандим. Сен қучоғимда экан, йиғлай бошладинг. Тинчлантиришнинг ҳеч иложи бўлмади. Сени тинчлантириш учун шўрвага – қўшнидан рухсат олмасдан – бармоғимни ботирган эдим ва бармоқни сенга ялатган эдим,  – деди онаси.

Бастoмий ҳазратлари онасидан ўша қўшнидан ҳалоллик олишини илтимос қилди. Онаси бориб, ҳалоллик олгандан сўнг Бастoмий ҳазратлари ўз ибодатларидан файз ола бошлади.

Ўттиз йил Шом атрофида яшаб, юз ўн учта олимдан илм ўрганган эди. Ишқи илоҳийда шу қадар илгари кетган эдики, намоз ўқир экан, Аллоҳ қўрқувсидан кўкрак суяклари ғичирлар эди.

(1-қисм тугади. Давоми бор)

Мир араб ўрта махус ислом билим юрти мударриси
Абдусамад Тожиддинов

64820cookie-checkНақшбандия машойихлари(5) Султон Боязид Бaстомий (Қоддасаллоҳу сирруҳу)
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: