Муҳаммад ибн Афифий Божурий. Муҳаммад Бек Хузарий номи билан машҳур. У зот роҳимаҳуллоҳ тадқиқотчи, хатиб, фақиҳ, усулий, тарихчи ҳамда шариат, одоб ва Ислом тарихи фанларида кўзга кўринган уламолардан бири эдилар. Муҳаммад Бек Хузарий роҳимаҳуллоҳ 1289-ҳижрий йил (1872 м.й.) Мисрнинг Қоҳира шаҳрида таваллуд топганлар. Дастлабки таълимни олиб, «Дорул улум» мадрасасини битирганлар. У даргоҳни битиргач, Суданнинг Хартум шаҳрига шариат қозиси этиб таъйинланганлар. Сўнг Қоҳирага қайтиб, Ал-қазо аш-шаръий мадрасасида мударрис сифатида иш бошлаганлар. Бу даргоҳда 12 йил фаолият юритганларидан сўнг, Ал-жомеа ал-мисрийяда Ислом тарихи фани устози деб таъйин қилинганлар. Сўнг яна Ал-қазо аш-шаръий мадрасасига вакил бўлиб айтганлар. У зотнинг охирги мансаблари Таълим вазирлигида текширувчилик бўлди. Муҳаммад Бек Хузарий роҳимаҳуллоҳ ҳижрий 1345 йил (1927) Қоҳира шаҳрида вафот этдилар.
Муҳаммад Бек Хузарий роҳимаҳуллоҳ жуда кўп асар ёзганлар.
– Усулул фиқҳ.
– Тарих ат-ташреь ал-исламий.
– Муҳаззаб ал-ағоний (9 мужаллад).
– Муҳозарот фи тарихил умамил исламия (Умавийлар ва Аббосийлар давлати).
– Муҳозарот нақди аш-шиърил жоҳилий.
– Ал-Ғаззолий – таолимуҳу ва ороуҳу.
– Нурул яқин фи сийрати саййидил мурсалин.
– Итмомул вафо фи сийратил хулафо.
Энди эса асар борасидаги мулоҳазаларга ўтсак. Муҳаммад Бек Хузарий роҳимаҳуллоҳнинг Нурул яқин асари у зот ёзган дастлабки китоб ҳисобланади. У зот роҳимаҳуллоҳ ушбу асарини «Муқаддима» билан бошлаб, унда ушбу китоб ҳақида ҳамда сийрат фанига оид бир китобга эҳтиёж сезганликлари ҳақида хослару омлар бирдек манфаат ола оладиган қилиб қисқа ва лўнда қилиб ёзадилар.
Сўнгра китобни набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаби шарифлари билан бошлаб, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларида содир бўлган, хоҳ у пайғамбарликдан олдин бўлсин, хоҳ кейин, то у зотнинг бетобликлари ва вафотларигача бўлган муҳим воқеаларни келтирадилар.
Ушбу китоб жуда кўп жиҳатлари билан бошқа китоблардан ажраб туради. У зот роҳимаҳуллоҳ шундай услубда ёзганларки, ундан омма халқ ҳам манфаат олаверади ҳамда хослар ҳам мурожаат қилаверади.
Китобнинг ёзилиш услуби. Ушбу китоб осон ва енгил услубда ёзилиши билан ўзига хосдир. Шу билан бирга унда камёб лафзлардан четланиб, баён ва тафсилотга муҳтож ўринлар шарҳлаб кетилган.
Воқеаларнинг вақт ўтиш тартибида ёзилиши. Бу жиҳат ўқувчига қулайлик туғдириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари билан қадам бақадам танишиб чиқишига ёрдам беради.
Турли воқеа-ҳодисаларга мос равишда бобларга ном берилиши. Шайх Муҳаммад Хузарий роҳимаҳуллоҳ ушбу китобда ҳар бир воқеага, ҳар бир санага ўзига мос равишда ном берганлар. Бу жиҳат ўқувчига ўзи хоҳлаган мавзуга мурожаат қилишида ҳамда маълум йилда бўлган воқеаларни ўрганиши осон бўлишига кўмак беради.
Воқеаларнинг таҳлили. Шайх Муҳаммад Хузарий роҳимаҳуллоҳ воқеаларнинг ўзинигина келтириб қўйиш билан чекланмай, ўқувчи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари ўз ичига олган ҳикмат ва дарслардан огоҳ бўлсин учун воқеаларни чиройли таҳлил ҳам қилиб ўтдилар.
Шамоил ва мўъжизалар. У зот роҳимаҳуллоҳ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамоиллари ҳамда ҳақ пайғамбар эканларига далолат қиладиган мўъжизаларини келтиришни ҳам эътибордан четда қолдирмай, китобнинг охирида икки бўлим ажратдилар.
ТИИ 4-курс талабаси
Эшонов Махмудхон