Имом Абу Ҳанифа асос солган ҳанафий мазҳаби Куфа шаҳри — Ироқ диёри марказида юзага келиб, оз муддат ичида ислом дунёсининг кўп мамлакатларида тарқалиб ривожланди ва мусулмонларнинг катта қисмини ўзига жалб этиб, ахли сунна вал жамоанинг энг катта ва кенг ёйилган мазҳабига айланди. “Ислом: йўналишлар, мазҳаблар, оқимлар” китоби муаллифи берган маълумотларга кўра: “Бугунги кунда дунёдаги тахминан 1,3 миллиард мусулмон аҳолисининг 92,5 фоизини суннийлар ташкил этиб, улар мазҳаблар бўйича қуйидаги нисбатда бўлинадилар: Ҳанафийлар-47%, Шофеийлар-27%, Моликийлар-17%, Ҳанбалийлар-7,5%ни ташкил килади[1]”.
Ҳанафий мазҳабининг юзага келиши борасида алоҳида тўхтаб ўтмадик. Чунки мазкур мавзу доирасида жуда кўп маълумотлар мавжуд. Шу билан бирга мазкур мазҳабнинг пайдо бўлиши унинг тарқалиши асносида бўлган десак ҳам сўзимиз хато бўлмайди.
Ҳанафий мазҳаби иккинчи ҳижрий асрдан шарқу ғарб, шимолу жанубга ўз нуфузини ўтказа бошлади ва биринчи босқичда Аббосийлар давлати худудида тарқалди, сўнгра кўп ўлкаларда барча халқларнинг ичига кириб бориб, улар томонидан қабул қилинди ва айрим мамлакатлар, масалан, Ироқ, Эрон, Мовароуннахр, Хуросон ва Туркия ҳудудларида Аббосийлар, Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар, Мисрда Айюбийлар, Мамлуклар, Темурийлар, Бобурийлар, Шайбонийлар давлатлари ва Усмонийлар империяси томонидан расмий мазҳаб сифатида қабул қилиниб, уларнинг кенг соҳали барча ҳудудларида қозилик ишлари ушбу мазҳаб асосида олиб бориларди[2].
Ҳозирги кунда ҳанафий мазҳабининг жўғрофий ҳудуди Марказий Осиё давлатларидан бошлаб, Хитой, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Арабистон, Яман, Миср, Жазоир, Тунис, Марокаш, Туркия, Индонезия ва бошқа мусулмон ўлкаларига етиб боради[3]. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мазҳаби айтиб ўтилган мамлакатларнинг айримларида асосий мазҳаб бўлса, айримларида иккинчи ёки учинчи ўринда туради.
Ҳанафий мазҳаби шимолий Африка мамлакатлари (Тунис, Жазоир, Марокаш)да тарқалган эди. Бу ўлкаларда ҳанафийлар сони кўп бўлмаса ҳам, бу мазҳаб олимлари катта иззат ва ҳурматга эга. Тунис пойтахтида суд ишлари ҳанафий ва моликий мазҳаблари асосида юритилиб, унда ҳанафий суд тизими моликий суд тизими билан бирга қўлланилади.
Ҳанафий мазҳаби тарафдорлари Ҳиндистонда 48 млн.га етиб боради. Жанубий Америка ва Бразилияда 25 млн ҳанафий мусулмонлари мавжуд[4].
4-курс талабаси
Авазбек Жумабоев
[1] Ҳусниддинов З. “Ислом йўналишлар, мазҳаблар, оқимлар”. Тошкент, “Ўзбекистон” нашриёти. 2000. Б. 12.
[2] Ҳусниддинов З. “Ислом йўналишлар, мазҳаблар, оқимлар”. Тошкент, “Ўзбекистон” нашриёти. 2000. Б. 13.
[3] Ҳусниддинов З. “Ислом йўналишлар, мазҳаблар, оқимлар”. Тошкент, “Ўзбекистон” нашриёти. 2000. Б. 14.
[4] Ҳусниддинов З. “Ислом йўналишлар, мазҳаблар, оқимлар”. Тошкент, “Ўзбекистон” нашриёти. 2000. Б. 15.