islom-instituti@mail.ru         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

ТАЛАБА ЁШЛАРНИ ЁТ ҒОЯЛАР ТАЪСИРИДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ – ДОЛЗАРБ ВАЗИФА

Бугун мамлакатимизда ёшлар масаласига ҳар қачонгидан ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий онгини юксалтириш, иқтидорини ривожлантириш, ахборот хуружлари ва носоғлом муҳитдан ҳимоялаш — юритилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида, юрт тақдирига дахлдор масалаларда ёшларнинг иштирокини кенг таъминлаш ҳам бу борадаги ислоҳотларнинг туб моҳиятини англатади. Ёш авлоднинг ҳар тарафлама етук ва комил инсон бўлиб вояга етишида нафақат ота-она балки жамият ҳам бирдек масъулдир. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг диний таълим муассасаларида талаба ёшлар билан учрашувлари эса уларнинг келажакка бўлган орзу ва мақсадларини янада жонлантиришга сабаб бўлмоқда. Жорий йилнинг 18 февраль куни Тошкент ислом институтининг Ахборот-ресурс марказида институтнинг 1-2 курс талабалари билан “Ёшларни экстремистик ташкилотларига кириб қолишларини олдини олиш” мавзусида маънавий-маърифий учрашув ўтказилди. Ушбу учрашувда ЎМИ раиси ўринбосари Ў.Ҳасанбоев, Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири С.Шерхонов, ТИИ ректори У.Ғафуров, проректорлар Ж.Мелиқўзиев ва У.Ходжаев иштирок этдилар. Тадбирда ЎМИ раиси ўринбосари Ў.Ҳасанбоев маъруза қилиб, давлатимиз Раҳбари томонидан ёшларга қаратилаётган алоҳида эътибор ва яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳақида ва бунга жавобан улар юртимиз тараққиёти учун ўз ҳиссасини қўшмоғи ҳамда бор диққат-эътиборини билим олишга қаратиши лозимлиги ҳақида тўхталиб ўтди. Нотиқ ўз сўзида бугунги кунда олий неъмат бўлган тинчлик-осойишталикка раҳна солаётган турли экстремист ва террорчи ташкилотлар, уларнинг сохта даъволари ва ғояларининг асл мақсади, уларнинг олиб бораётган тактик ҳаракатларини аниқ мисоллар орқали ёритиб берди. Шу билан бирга, тадбирда ёш авлодни маънавий-ахлоқий тарбиясига таъсир кўрсатадиган ахборот хуружларидан асраш, хавфсиз интернет муҳитини шакллантириш учун Президентимизнинг “жаҳолатга қарши маърифат” – улуғвор ғоясини бош мезон сифатида олиш кераклиги алоҳида таъкидланди. Тадбир давомида ЎМИ Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири С.Шерхонов ҳам сўзга чиқиб, талабаларга ўтказилган сўровнома нтатижалари билан фикр алмашди. Талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олиш бир қаторда, мутахассислардан илмий ишларида фойдаланадиган зарур маслаҳат ва тавсиялар ҳам олишди. А.Олимов, Маънавият, маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи 1 019

“Валийлар ва уларнинг кароматлари” мавзусида маъруза

Жорий йилнинг 19 февраль куни Тошкент ислом институтида “Экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг  маънавий-маърифий асослари” фанидан ташкил этилган махсус курс бўйича институт ўқитувчиси А.Пардаев 303, 308, 309 гуруҳ талаба қизлари учун “Валийлар ва уларнинг кароматлари” мавзуида маъруза қилиб берди. Маъруза сўнгида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар. “Ижтимоий фанлар” кафедраси кабинет мудири Ҳамидуллоҳ  Нажмиддинов 843

“ОЛТИН СИЛСИЛА”НИНГ ТАЪЛИФ ЭТИЛИШ ТАРИХИ

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Февраль ойи – Ҳадис ва мусталаҳул-ҳадис фанлари ойлиги” муносабати билан “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси томонидан Марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари томонидан асос солиниб, у зотнинг муҳаддис шогирдларининг саъй-ҳаракатлари билан ниҳоясига етказилган “Олтин силсила” тўпламининг яратилиш тарихи мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Маълумки, “Олтин силсила” тўпламида мусулмон оламида саҳиҳ деб эътироф этилган “Кутубут-тисъа” яъни “Тўққиз саҳиҳ ҳадис китоблар”ини она тилимизга таржима қилиш ва қисқача изоҳлаш мақсад қилинган. Тадбирга “Ҳилол-нашр” нашриёт-матбааси раҳбари, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари номидаги жоме масжид имоми Шайх Исмоилжон Муҳаммад Содиқ домла таклиф этилди. Тадбирни кафедранинг ҳадис фани ўқитувчиси Муҳаммадхон домла Жаҳонгиров очиб бердилар. Воиз Исмоилжон Муҳаммад Содиқ домла аввало, талабаларга ҳадис илмини ўрганишда нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида тўхталиб ўтдилар. Жумладан, баъзилар томонидан Ҳанафий мазҳабининг фиқҳий далиллари раъй ва қиёсга асосланган деган нотўғри тушунчаларнинг нохолис шахслар томонидан асоссиз яъни бу мазҳабнинг ҳадисдан олинган далилларини мукаммал ўрганмай туриб, кўркўрона айтилган туҳмат эканини айтиб ўтдилар ва бу сўзларини бир неча илмий мисоллар билан батафсил баён қилдилар. Суҳбат асносида “Олтин силсила” тўпламининг ёзилиш тарихи билан бир қаторда ҳазратнинг қаламига мансуб долзарб мавзуларда ёзилган китобларнинг таълифи ҳақида ҳам тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, талабалар учун энг манфаатли тавсия – вақтни қадрлаш, уни тўғри тақсимлаш масаласини Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг кун тартиблари мисолида бир неча ҳаётий ва ибратли воқеаларни сўзлаб бердилар. Бугунга қадар “Олтин силсила” тўпламининг шоҳ асари бўлмиш Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул-Бухорий” асари таржимаси саккиз жилдда тўлиқ чоп этилиб, халқимиз ва талабаларга тақдим этилди. Шунингдек, Шайх Исмоил Муҳаммад Содиқ домла талабаларга тадбирнинг энг эсда қоларли воқеаси бўлган хушхабар “Олтин силсила” тўпламининг иккинчи шоҳ асар “Саҳиҳу Муслим” тўпламининг таржима ва изоҳи тамомига етиб, уни ҳам нашр ишлари бошлаб юборилганини айтиб ўтдилар. Тадбирда талабалар Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг ҳаётлари ва таълиф услублари ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар. Сўнг институтнинг маънавий-маърифий масалалар бўйича проректори Жаҳонгир домла Мелиқўзиев тадбир меҳмони Исмоилжон домлага институт жамоаси номидан миннатдорчилик билдириб ўтдилар. Сўнг Қуръон тиловати қилиниб, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақларига ҳамда “Ҳилол-Нашр” нашриёт-матбааси фаолиятига муваффақият ҳамда институтимиз устоз-талабалари ҳақларига хайрли дуолар қилиниб, давра суҳбатига якун ясалди. «Ҳадис ва ислом тарихи фанлари» кафедраси ўқитувчиси Баҳодиржон Баҳромжон ўғли 812

АЖДОДЛАРИМИЗ АСАРЛАРИДА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ҒОЯЛАРИ

Аллоҳ таоло ислом динини инсоният учун қиёмат кунига қадар тўғри йўлга бошловчи дин қилиб юборар экан унинг барча замонлар ва даврларнинг муаммосини ҳал этадиган сифат билан таъминлаб қўйди. Хусусан, давлат ва жамиятнинг бирдамлигига хизмат қиладиган ўзаро инсоний алоқалар, олди-бердилар, ўзга дин вакиллари билан муомала қилиш кўрсатмалари ҳам батафсил ёритилиб ўтган. Ўрта Осиёга ислом дини кириб келар экан аждодларимиз бу диннинг эзгу ғоялари кенг тарқалиши учун улкан хизматларни қилдилар. Уларнинг хизматлари туфайли минтақада эзгулик ҳукмронлик қилди. Ислом дини ўзга дин вакиллари билан бир жамият ва бир ватанни ривожлантириш йўлида қандай йўл тутиш керак эканини ҳам оятлар орқали, ҳам ҳадислар орқали баён этган. Қолаверса, саҳоба ва тобеъинларнинг ҳаётлари давомида кузатилган ибратли воқеалар инсоний фазилатлар нақадар катта манфаатлар олиб келишини исботлайди. Ислом дини ўзга дин вакиллари билан бўладиган кундалик алоқаларга алоҳида урғу берган. Хусусан, қўшничилик алоқалари, аҳли китобларнинг таомидан истеъмол қилиш, уларга уйланиш мумкин экани, уларни ғийбат қилиш ҳам гуноҳ экани, молиявий алоқалар ўрнатиш, улардан қарз олиш, қарз бериш, уларга омонат қўйиш, мусулмон бўлмаган кишини мақташ каби масалаларда оят ва ҳадислар келган. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “ал-Адаб ал-муфрад” китобларида шундай ҳадисни ривоят қилади: Мужоҳид айтади: Мен Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳунинг ҳузурида эдим. Унинг хизматчиси бир қўйни сўйиб, унинг терисини шилаётган эди. Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳу хизматчига қараб: Қўйни сўйиб бўлгач гўштни биринчи бўлиб яҳудий қўшнимиздан бошлаб тарқат, деди. Ўша ерда турганлардан бири: “Аллоҳ сизни тўғри йўлдан адаштирмасин! Яҳудийдан бошла!”, дедингизми, деди. Шунда у зот: Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан қўшнига яхшилик қилиш ҳақида жуда кўп эшитганман, ҳатто қўшнига мерос беришни тайинласалар ҳам керак, даган хаёлга ҳам борганмиз, дедилар. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўз саҳиҳ китобларида қуйидаги ҳадисни ҳам келтирадилар. Саҳл ибн Ҳунайф ва Қайс ибн Саъд иккиси Қодисияда бирга ўтиришган эди. Шу пайт уларнинг олдидан бир жаноза ўтиб қолди. Иккиси ҳам ўрнидан турди. Атрофдагилар бу тобутдаги киши шу ерлик аҳли зиммалардан деб айтишди. Иккиси ҳам ушбу ҳадисни айтишди: Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидан жаноза ўтиб қолди. Шунда У зот ўринларидан турдилар. Атрофдагилар бу яҳудий кишининг жанозаси деб айтишда. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “У аввало инсон эмасми?!” дедилар. (1312) Имом Бухорий ва Имом Термизий ўз китобларида ривоят қилишларича Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган вақтларида совутлари бир яҳудийнинг қўлида гаров эвазига берилган эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари У зот учун жону молларини фидо қилган инсонлар эди. Улар ичида Усмон ибн Аффон ва Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳумо каби бой саҳобалар ҳам бор эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг биргина ишоралари билан бор будларини У зотнинг оёқлари остига олиб келиб ташлар эдилар. Лекин шундай бўлсада Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзга дин вакилидан қарз олганлар. Бунинг сабаби ўзлари намуна бўлиб жамият бирдамлиги учун улар билан қандай муомалада бўлиш кераклигини умматларига кўрсатиб берганлар. Аллоҳ таоло каломида шундай дейди: Бугунги кунда сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Афийфа мўминалар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлган афийфалар ҳам, агар иффатли бўлган ҳолингизда, зинокор бўлмай ва ўйнаш тутмай маҳрларини берсангиз, сизга ҳалолдир. Ким иймонни инкор қилса, унинг амали бехуда...

Тошкент шаҳри ҳудудида халқаро террористик ташкилотлар тарафдорлари ва аъзолари аниқланиб, қўлга олинди

2020 йилнинг 19 февраль куни Тошкент шаҳри ҳудудида “Тавҳид ва жиҳод катибаси” (ТЖК) халқаро террористик ташкилотига алоқадор бўлган бир гуруҳ тарафдорлари ва аъзоларининг фаолиятига чек қўйилди. Мавжуд маълумотларга кўра, мазкур шахслар хозирда Сурияда халқаро террористик ташкилоти ТЖК сафида фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси 1996 йилда Тошкент шаҳрида туғилган А.Шодибековнинг ғоявий таъсирига тушиб, унинг жиноий фаолиятига яқиндан қўмак бериш мақсадида моддий томондан ёрдам кўрсатиб, ТЖК таркибига бориб кўшилишни режалаштириб келганлар. Юқоридагиларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1552-моддаси 1-қисмига (Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш) асосан қўзғатилган жиноят иши доирасида пойтахт ҳудудидаги 18 та манзилда тинтув тадбирлари ўтказилиб, 21 нафар шахслар қўлга олинди. Ушланган шахсларнинг яшаш манзилларидан жиноятга алоқадор бўлган ашёвий далиллар топилиб, қонуний тартибда расмийлаштирилиб олинди. Хозирда тергов-суриштирув тадбирлари давом этмоқда. Маълумот тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган. Фуқароларимиз, айниқса ёшларимизни огоҳлантириб, бу каби қонун бузилишларига йўл қўймаслик мақсадида, ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтлардаги даъватларга алданиб қолмасликларини, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликлари, сақламасликлари ва тарқатмасликларини сўралган Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси сайтида. 782
1 1 116 1 117 1 118 1 119 1 120 1 555