Агар биз бир кунда, узлуксиз эмас, балки орада дам олиб, умумий беш соат ажратсак, ярим пора (ўн – 10саҳифа) ёдлашга имкониятимиз бўлади. Қўшимча яна ярим соат ажратиб, олдин ёдлаган пораларимиздан ҳар куни бир пора ўқишни одат қилсак, ёдланган поралар ёддан кўтарилиб кетмаслигини таъминлайди. Худди шу тарзда давом этсак, икки ойда Қуръонни тўлиқ ёд олишга эришамиз иншаАллоҳ (Қуръонни бундай тез фурсатда ёд олиш институтимизнинг бир нечта талабалари мисолида кузатилган). Иккинчи марта такроран ёдлашда, ҳар куни бир порани белгилаб олиб, ҳар бир саҳифани беш марта мусҳафга қараб ва беш марта ёддан ўқилади. Сўнгида порани тўлиқ жамлаб уч марта ўқилади. Бунга тахминан олти-етти (6-7) соат вақт сарфланади. Устозга топшираётганда ҳар сафар биринчи порадан бошлаб топшираверади, то ўн пора бўлгунга қадар. Кейин, ўн пора бўлганда, худди шу тарзда, аммо бу сафар ўнинчи порадан такрорни бошлайди, то биринчи порага етгунча (яъни тескари томонга қараб юрилади). Ҳар ўн порани алоҳида, шу услубда такрорланади. Ўттиз порани тугатишга яна икки ой вақт сарфланади. Учинчи такрорда эса, худди шу жараённи ҳар куни икки порадан давом эттирилади. Ҳар бир саҳифа уч марта қараб ва уч марта ёддан, кейин порани жамлаб бир марта қараб ва бир марта ёддан ўқилади (жами 6-7 соат). Ҳар ўн пора бўлганда, тескари томондан бошлаб ҳам шу шаклда қайтариб қўйилади. Ўттиз порани тугатишга бир ой вақт сарфланади. Тўртинчи такрорда, ушбу жараён тўрт порадан давом этади. Ҳар бир саҳифа бир марта қараб ва бир марта ёддан ўқилади. Порани жамлаб бир марта ўқилади (жами-7 соат). Ҳар ўн пора бўлганда, тескари томондан бошлаб ҳам шу шаклда қайтариб қўйилади. Ўттиз пора учун жами ўн беш – йигирма (15-20) кун керак бўлади. Бешинчи такрорда, беш порадан (бир марта қараб ва бир марта ёддан такрорлаб топширилади), жами олти кун давом этади. Ҳар ўн пора бўлганда, тескари томондан бошлаб ҳам шу шаклда қайтариб қўйилади. Бошидан ҳисобланса барчаси бўлиб олти ой сарфланади. Олтинчи такрорда, бир кунда ўн порани, биринчи порадан бошлаб ўнинчи порагача мусҳафга қараб бир марта ўқилади, иккинчи мартасида ёддан топширилади. Эртасига эса худди шу шаклда, аммо ўнинчи порадан бошлаб, сўнг тўққизинчи, саккизинчи, ва ҳоказо то биринчи порагача, тескари тарафдан бошлаб ёддан топширилади. Бу – пораларнинг рақамларини яхши эслаб қолиш учун жуда фойдали. Ҳар ўн порани худди шу тарзда такрорланади. Ўттиз пора учун олти кун вақт сарфланади. Еттинчи такрорда, худди олтинчи такрордаги каби жараён ўн беш порадан такрорланади. Ўттиз пора учун жами тўрт кун вақт кетади. Охирги – саккизинчи такрорда, бир кун мобайнида фақат Қуръонга қараб ўттиз порани тўлиқ хатм қилади. Кейин, орада бир кунлик танаффус қилиб, мияга дам берилади ва учинчи куни Қуръони каримни бир ўтиришда тўлиқ ёддан ўқиб топширилади. Яна бир кун танаффус қилинади. Сўнгра Қуръонга қараб иккинчи бор тўлиқ хатм қилинади. Сўнгра яна бир кун дам олиб, кейин Қуръони каримни бир ўтиришда тўлиқ ёддан, фақат бу сафар ўттизинчи порадан бошлаб биринчи порагача тартиб билан ёддан топширилади. Бу жараён учун бир ҳафта вақт сарфланади. Умумий ҳисобланса, олти ярим ой ичида Қуръони каримни комил ёд олиш имкони бўлади (иншаАллоҳ). Маълумот ўрнида, ушбу услуб – Саудия Арабистони, Туркия, Малайзия, Мавритания, Тунис, Жазоир Қуръон мадрасаларида фойдаланилаётган бир қанча услублар жамланмасидан тузилди. 4-курс талабаси Йўлдошбек қори Нуриддинов 855
Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтида “Февраль ойи – Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис” фан ойлиги муносабати билан 2019 йил 28 феврал куни “Имом Термизийга муносиб авлод бўлайлик!” шиори остида ҳадис ва мусталаҳул ҳадис фани бўйича мусобақа ўтказилди. Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси котибият бўлими мудири М.Ҳомидов ҳамда мутасадди раҳбарлар ва устоз-мураббийлар ташриф буюришди. Тиловати Қуръон ва дуои хайрдан сўнг институтнинг ўқув ва илмий ишлар бўйича проректори У.Ходжаев нутқ сўзлаб, тадбирни очиб бердилар. Мусобақа иккинчи курслар ўртасида бўлиб, 3 та жамоа иштирок этди. Мусобақа тўрт шартдан иборат бўлиб, уч жамоадан ҳар бир шарт бўйича берган жавоблари ҳакамлар томонидан холисона баҳолаб борилди. Мусобақа бошидан охиригача қизғин тус олди. Гуруҳ иштирокчиларининг мусобақага яхши тайёргарлик кўрганлари томошабинларга ҳам яққол намоён бўлди. Мусобақа натижаларига кўра, “Бухорий авлодлари” гуруҳ иштирокчилари 190 балл тўплаб, биринчи ўринга; “Термизий авлодлари” гуруҳ иштирокчилари 177 балл тўплаб, иккинчи ўринга ва Доримий авлодлари гуруҳ иштирокчилари 168 балл тўплаб, учинчи ўринга сазовор бўлишди. Ғолиб гуруҳ ва мусобақада фаол иштирок этган гуруҳларга институт ҳамда ҳомийлар томонидан эсдалик совғалар тақдим этилди. Шунингдек, тадбир сўнгида фан ойлиги муносабати билан ўтказилган Имом Нававийнинг “Арбаин” асаридаги ҳадисларни ва ҳадис истилоҳларига ҳақида Умар ибн Муҳаммад ибн Байқунийнинг “Манзуматул Байқунийя” асаридаги байтларни тўлиқ ёдлаб берган талабалар, савол-жавоб ва мақолалар танлови ғолиблари ҳам тақдирландилар. Тадбир институт “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси, ҳакамлар ҳайъати аъзоси Абдурасул Ташпўлатовнинг нутқи ва хайрли дуолари ила якунланди. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Ю.Абдураҳимов 989
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин. Исломда мусулмон киши ўзи тўғри йўлдан юриб, зарарли нарсалардан четда туриб, фақат ўзини-ўзи тузатиш билан овора бўлиб қолишга яхшилик деб қаралмайди. Балки ҳақиқий мусулмон одамлар орасида ҳам ислоҳ ишларини олиб бориши зарур. Одамлар орасини ислоҳ қилиш, мусулмончилик ғояларидан биридир. Чунки икки шахс орасидаги адоват бориб-бориб икки тараф орасидаги адоватга айланиши турган гап. Кўпчилик халқлар ўзаро келишмовчилик натижасида бир неча жамоаларга бўлиниб кетади, улар орасида келишмовчилик авж олиб, ҳатто беҳуда қон тўкилишига ҳам сабаб бўлади. Одамлар орасини ислоҳ қилиш олий даражадаги инсоний сифатлардан бўлиб, бу нарса фақат пок қалблардан чиқади. Одамларнинг орасини тузатиш, ҳар бир жамиятга кўп яхшилик ва манфаатлар келтиради, унинг аъзоларини жипслаштиради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ мўминлар орасини ислоҳ қилишга буюрган. «Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг» («Ҳужрот» сураси, 10-оят). Қуръон, шунингдек, эр-хотин орасини ислоҳ қилишга ҳам чақирган: «Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам ва хотиннинг аҳлидан бир ҳакам ажратинг. Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштиради» («Нисо» сураси, 35-оят). Аллоҳ одамлар орасида ислоҳ қилиш савобини баён қилиб шундай дейди: «Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берамиз» («Нисо» сураси, 114-оят). Манба: Islom.uz 993
Аллоҳ таоло буюк китоби бўлмиш Қуръони каримда: “Эй, иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир” (Ҳужурот, 12), – деб марҳамат қилди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Орангиздаги ахлоқи энг яхши кишиларни, оиласига нисбатан ўз вазифасини ўринлатиб адо қилувчиларни, улфат орттирган ва ўзи ҳам кўпчиликка улфат бўла олган кишиларни Аллоҳ яхши кўради. Ундан бунга гап ташувчи, одамлар орасини бузувчи ва тўғри кишиларнинг айбини қидирувчи кимсаларни эса, Аллоҳ яхши кўрмайди”. Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири – чақимчилик ҳисобланади. Чақимчилик, гап ташиш ҳеч ким хуш кўрмайдиган ва айб ҳисоблайдиган бир хусусиятдир. Ҳозири кунда бу иллат “баъзи” инсонлар орасида шу даражада кўп тарқалганидан гап ташишларини ўзлари ҳам англаб етмайди. Ва яна “чақимчилик бўлмасин-у” ёки “ғийбат бўлмасин-у” деб ҳам қўшиб қўйишади. Ҳар соҳага жуда аҳамиятли бўлган динимиз бизга бу каби иллатлардан сақланишни ўргатади. Жумладан, оятдаги: “Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи” жумласида аввал билмай гуноҳ қилиб, кейин ўз гуноҳига афсусланиб, тавба қилган кимса учун Аллоҳнинг фазли карами кенг эканлигига далолат қилади. Ҳасан Басрий, Аллоҳ улардан рози бўлсин, айтадиларки: “Ким сенга гап етказса, билгинки, сенинг гапингни бошқага ҳам етказади”. Шунингдек, агар бирор кимсани чақимчилик қилаётган ҳолатида кўрса, уни дарҳол бу ишдан қайтариш кераклиги ва бу каби ёмон ишдан қайтаришлик вожиблиги динимизда таъкидланган. Нақл қилинадики, бир одам ҳикмат аҳлидан бўлган бўлган кишининг олдига 7 масала юзасидан 700 фарсах йўл юриб бориб, у кишига дедики: “Менга айтинг-чи: – Осмонлардан каттароқ ва оғирроқ нарса борми, бўлса нима у? – Ердан кенгроқ нарса борми, бўлса у нима? – Тошда қаттиқроқ нарса борми, бўлса у нима? – Оловдан қизғинроқ нарса борми, бўлса у нима? – Қаҳратон қишдан совуқроқ нарса борми, бўлса у нима? – Денгиздан ҳам бойроқ нарса борми, бўлса у нима? – Етимдан ҳам хорроқ зот борми, бўлса у ким? деб сўраса, донишманд шундай жавоб берди: -Ор-номусли кишига туҳмат қилмоқ осмондан ҳам катта ва оғирроқ; – Ҳақиқат ердан ҳам кенгроқ; – Иймонсизнинг қалби тошдан ҳам қаттиқроқ; – Ҳирс ила ҳасад оловдан ҳам қизғинроқ; – Ночор қолиб, қариндошга бош уриб бормоқ қаҳратон қишдан ҳам совуқроқ; – Қаноатли қалб денгиздан ҳам бойроқ; – Чақимчи, туҳматчилар фош бўлганда етимдан ҳам хорроқ бўладилар”. Аллоҳ таоло барчамизни ёмон иллатлардан узоқ қилсин! 2-курс талабаси Ғофурова Омина 1 337
عن ابن عمر رضى الله عنهما قال: قال سمعتُ رسولَ الله صلى الله عليه وسلم يقولُ: » إنَّ الله يدنى المؤمن فيضعُ عليهِ كنفَهُ ويستُرهُ فيقولُ: أتعرِفُ ذَنبَ كذا أتعرِفُ ذنبَ كذا؟ فيقولُ: نعم أى ربِّ، حتى إذا قرَّرهُ بذنوبهِ، ورأى فى نفسه أنه قد هلك قال سترتُها عليك فى الدنيا، وأنا أغفُرها لك اليومَ، فيعطى كتابَ حسناتهِ، وأما الكافرُ والمنافقُ فيقولُ الأشهادُ : هولاء الذينَ كذَبوا على ربهمْ ألا لعنة الله على الظالمينَ» Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ (Қиёмат куни) мўминни ўзига яқинлаштириб, бир томонини қўйиб тўсади-да, фалон гуноҳингни ва пистон гуноҳингни биласанми?- дейди. У мўмин: “Ҳа, эй Раббим! деб гуноҳларига иқрор бўлади. У ҳалок бўлдим, деб ўйлайди. Шунда Аллоҳ таоло унга қарата: “Дунёдаги ҳаётингда ўша гуноҳингни яширганим каби бу кунда ҳам ўша гуноҳларингни кечираман”,- деб яхшиликлар китобини берилади. Аммо кофир ёки мунофиқ кимсага “Гувоҳлар”: “Ундай кимсалар (қиёмат кунида) Парвардигорларига рўбарў қилинурлар ва барча гувоҳ: “Мана шулар Парвардигор шаънига ёлғон сўзларини сўзлаганлар” дейдилар. Огоҳ бўлингизким, бундай золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлур”, дейди. (Ҳуд-18) Шарҳ: Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) кетаётсалар бир киши йўлда унга йўлиқиб: “Қиёмат куни банда билан Рабб ўртасида бўладиган сўзлашув ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса эшитганмисиз?” деган эди, Ибн Умар (розияллоҳу анҳу): Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан мана шу ҳадисни эшитганман, деб юқоридаги ҳадисни зикр қилдилар. Бу ҳадисда Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган икки қўрқинчли мавқеъни айтмоқдалар. Биринчи мавқеъ: Аллоҳ мўмин бандага яқинлашиб, уни тўсиқ билан иҳота ва беркитиб сир қилган ҳолда: “Сен фалон куни, фалон жойда содир этган гуноҳингни эслайсанми?”- деса, мўмин киши титраб, ҳижолат чеккан ҳолда: “Ҳа эй Раббим, эслайман”, дейди. Яна Аллоҳ таоло: “Ана бу гуноҳингни эслайсанми?» -деса мўминни хавфи кучайиб, қалби ағдарилган ҳолда: “Ҳа, эй Раббим эслайман”, дейди. Мана шу каби Аллоҳ мўмин бандасига гуноҳларини санайверганидан банда изтиробда гуноҳларига иқрор бўлаверади. Бу қўрқинчли ҳолат давом этавергач, у мўмин гуноҳига яраша азобланишга аниқ ишониб қолади. У содир этган гуноҳи сабабли аниқ ҳалок бўлгувчиман, деб фикр қилиб турганида, гуноҳларни кечирувчи меҳрибон бўлган Раҳим Зот Аллоҳ нидо қилиб: “Эй бандам! Мен сени дунёдалик пайтингда гуноҳингни беркитган эдим. Бугун эса гуноҳингни кечираман. Эй фаришталарим, унга яхшиликлар китобини беринглар ва жаннатга элтинглар”, дейди. Иккинчи мавқеъ: кофир ва мунофиқларнинг мавқеъси бўлиб, уларни пешоналаридан тутиб, саф ичига киритиб, худди ҳайвонни бўғизлаш ўрнига олиб борилгани каби олиб борилади. У ердагилар у кимсага қараб туришади. Шу ҳолда уни адолат маҳкамасига олиб борилади, у Аллоҳ ҳузурида ноумид бўлиб туради. Раббиси: “Сенга неъмат бермаганмидим? Сенга элчи жўнатмаганмидим? Ундай ва бундай нарсаларни бермаганмидим? Мендан ҳаё қилмасдан ёмонлик қилиш билан курашдинг-а? Яхшиликларни ато қилсам ҳам Мендан бошқага ибодат қилдинг-а? Фалон куни фалон нарса қилгандинг-а?” дейди. Кофир ёки мунофиқ кимса ўнг томонига қарайди. Дўзахдан бошқа нарса кўрмайди. Атрофини азоб берувчи, қўпол фаришталар ўраб олади. У “Эй Раббим нафсимга ижозат бермасам ҳам гувоҳлик бермоқдаку? дейди. Аллоҳ таоло: “Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисоб-китоб қилгувчидир”- деб, оғзига муҳр уриб қўйилади. Аъзоларига сўзла! дейилади. У гуноҳ ва хатоларини сўзлайди. Кейин у билан сўзи ўртасини ҳоли қилиб қўйилади. Аъзоси: “Сенга ор бўлсин, мен билан доим курашар эдинг. Мана энди адолатли подшоҳ томонидан ҳукм фаришталарга берилмоқда....