islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Аёллар ҳунар ўрганиши шартми?

Хотин-қизларнинг касб-ҳунар билан шуғулланишлари шариатда на ҳаром қилинган ва на ман этилган, балки ижозат берилган марғуб амаллардан бўлиб, динимизда аёлларга бўлган юксак ҳурмат–эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Ислом динигина аёлларнинг ҳаққини ўз ўрнига қўйди, поймол этилган ҳурматини тиклади, жамиятда муносиб ўрин ажратди, уларга нисбатан хушмуомала ва мулойим муносабатда бўлишга чақирди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қатор ҳадисларида аёлларни қадрлаш борасида умматга қимматли кўрсатмалар берилган. Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Зубайр менга уйланганида унинг моли ҳам, қули ҳам ёки бирор нарсаси ҳам йўқ эди. Фақатгина минадиган оти бор эди холос. Мен унинг отини боқардим, ем-хашак, сув берардим. Унга керакли бошқа ишларни ҳам қилардим. Шу билан бирга, тери ошлаб тикардим, хамир қорардим, нон ёпардим. Уч фарсахлик масофадан бошимда шох-шабба кўтариб келардим…» (Бухорий ривояти). Оиша бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энг қўли узунингиз (вафотимдан кейин) менга тез етишадиганингиздир», – дедилар. Биз аёллар қўлларимизни ўлчай бошладик. (Кейин билсак,) у Зайнаб бинти Жаҳш экан (Чунки у ҳаммамиздан олдин вафот этди). У қўли билан меҳнат қилиб, хайр-эҳсон тарқатарди» (Муслим ривояти). Бу ерда қўлнинг узунлиги мажозий бўлиб, аслида кўп садақа ва хайр-эҳсон қилиш маъносидадир. Ҳаммамизга маълумки, Зайнаб онамиз тери ошлаб сотар ва ишлаб топган маблағидан маълум қисмини фақиру мискинларга, бева-бечораларга ва етим-есирларга улашиб чиқардилар. Фотима онамиз ёрғучоқда ун чиқаришда ҳазрати Алига ёрдам берганлар. Рисолат мактаби таълимини олган аёллар эркаклар қатори меҳнат қилиб, рўзғор ишларида уларга ёрдам беришган ва шу билан Аллоҳнинг розилигига ҳам эришишган. Улардан андоза олган момоларимиз ҳам урчуқ йигирган, гилам тўқиган, кийим-кечак тикиб сотган, доялик қилган. Уруш даврида фронт ортида хизмат этган, ярадорларни даволаган, мева-сабзавот етиштирган, завод ва фабрикаларда ишлаган, трактор ҳайдаган, ер чопган, мол боққан… Демоқчимизки, аёл зоти таълим олишга, меҳнат қилишга ҳақли. Баъзилар ўйлаганидек аёл киши чўри эмас, балки жамиятнинг барча жабҳасида эркаклар билан тенг ҳуқуқли бўлган она, жуфти ҳалол, опа-сингил, амма-ю хола ҳамда меҳрибон қизларимиздир. Тошкент ислом институти  Махсус сиртқи бўлим талабаси Эркин Қудратов 944

Миср Бош имомининг Ўзбекистонга ташрифи тарихий муҳим воқеа бўлди

Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонасида бўлиб ўтган брифингда шайх Аҳмад Муҳаммад Таййибнинг халқаро ишлар бўйича маслаҳатчиси, элчи Абдураҳмон Муса Миср бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи тарихий муҳим воқеа бўлганини таъқидлади, деб хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. – Миср бош имоми анчадан бери ислом илмий ва маданий меросининг рамзи бўлмиш Ўзбекистонга ташриф буюриш, бу ердаги кенг миқёсдаги ислоҳотларга шахсан гувоҳ бўлишни мақсад қилиб юрган эдилар. Бош имомнинг Ўзбекистонга ташриф дастури расмий учрашувлар ва воқеаларга жуда бой бўлди. Ташриф чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев, Бош вазир Абдулла Арипов, Диний ишлари бўйича қўмита раҳбарияти, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом ал-Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбарияти билан учрашувлар бўлиб ўтди. Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом ал-Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Абу Райхон ал-Беруний номидаги шарқшунослик институти фаолияти билан яқиндан танишди, бу ерда ушбу таълим ва илмий муассасалар билан келгуси ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандумлар имзоланди. 860

Расулга муҳаббат

Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати билан шу кунларда Рабийъул аввал ойи бошимизга соябон бўлиб турибди, эзгулик шаббодалари ҳамда вужудимизни майин чулғаётган муҳаммадий ифорларни олиб келган бу ой инсоният тарихидаги энг буюк санани, энг буюк воқеани ёдимизга солмоқда. У ҳам бўлса, икки жаҳон сарвари, Одам боласининг саййиди, арабу ажамнинг улуғи бўлган Муҳаммад алайҳиссаломнинг дунёга келишларидир. Бу шундай оламшумул воқеа-ки, у тарих оқимини ўзгартириб юборди. Инсониятни жаҳолат зулматларидан маърифат ва ҳақиқат нурига олиб чиқди. Мавлиди шарифни бутун ер юзида мусулмон аҳли бирдек муносиб нишонлаш мақсадида, турли хил тадбир ва маросимлар ташкил қилишмоқда. Шу анъанага мувофиқ, жорий йилнинг 22 ноябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талаба қизлари ўртасида “Сийрат ва ислом тарихи” фан ойлиги муносабати билан “Расулга муҳаббат” мавзусида синф хоналарини байрам шукуҳи асосида безаш мусобақаси бўлиб ўтди. Мусобақани баҳолашда Дин ишлари бўйича қўмита Диний маърифий таълим муассасалари билан ишлаш бўлими бошлиғи Б.Рустамов, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи С.Шерхонов ва Тошкент ислом институти ректори У.Ғофуров иштирок этдилар. Мазкур беллашув тўрт шарт: Безакларни мавзуга оидлиги; 2. Ғояларнинг креативлиги; 3. Қўл меҳнатидан фойдаланганлиги; 4. Шарҳлашдаги моҳирлик бўйича баҳоландилар. Танлов натижаларига кўра олий ўринни 303-гуруҳ, 1-ўринни 208-гуруҳ, 2-ўринни 209 ва 3-ўринни 103-гуруҳларнинг талаба қизлари эгаллашди. Ғолиблар жорий йилнинг 29 ноябрь куни талаба қизлар иштирокида бўлиб ўтадиган “Муборак мавлид” байрам тадбирида Тошкент ислом институти томонидан тақдирланади. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими, талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи, З.Суярова 881

Ўзбекистон Республикаси Президенти Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми иштирокчиларига табрик йўллади

Ҳурматли форум иштирокчилари! Хонимлар ва жаноблар! Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумининг барча иштирокчилари ва меҳмонларини қадимий Самарқанд шаҳрида қутлаш ҳамда Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги билан табриклаш менга катта мамнуният бағишлайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби жаноб Антониу Гутерришга бизнинг минтақамизда биринчи марта бўлиб ўтаётган ушбу форумни ўтказиш ҳақидаги ташаббусни қўллаб-қувватлагани учун самимий ташаккур билдираман. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Халқаро миграция ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, бошқа ҳамкор ташкилотлар, Осиё мамлакатларининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларининг юқори мартабали вакиллари, шунингдек, кўзга кўринган хорижий давлат ва жамоат арбоблари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги етакчи экспертлар, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик миссия раҳбарлари ушбу форумда иштирок этаётганидан миннатдорман. “Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги якунлари: замонавий таҳдидлар ва реал воқелик” мавзусида ўтказилаётган мазкур анжуманнинг долзарблиги ана шу асосий ҳужжатнинг ўрни ва аҳамиятини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурати билан белгиланади. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет хоним таъкидлаганидек, “биз юксак адолат ва тенглик сари ҳаракат қилган тақдирдагина янада барқарор тинчлик, хавфсизлик ва тараққиётга эришмоғимиз мумкин”. Мен бу муҳим принципни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Тарих шундан далолат берадики, дунёдаги барча цивилизациялар, маданият ва динлар инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги таянч тушунчаларнинг шаклланишига асос бўлган инсонпарварлик ғоялари таъсирида вужудга келган. Масалан, бундан 2700 йил муқаддам Осиё ҳудудида яратилган энг кўҳна ёзма ёдгорлик – “Авесто” китобида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллатлараро муносабатларни ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойиллари негизида барпо этиш ғоялари муҳим ўрин тутади, зўравонлик ва адолатсизлик рад этилади. Шунингдек, Шарқнинг буюк ҳуқуқшуносларидан бири Бурҳониддин Марғиноний XII асрдаёқ ўзининг “Ҳидоя” асарида ҳар бир инсоннинг ҳақ-ҳуқуқини сақлаш зарурлиги тўғрисида муҳим ғояни илгари сурган эди. Ана шу муқаддас қадриятлар бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган ва мазкур форум кун тартибига ҳамоҳангдир. Таъкидлаш жоизки, 70 йил аввал қабул қилинган Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси бутун дунёда демократия ва инсонпарварлик тамойилларини қарор топтириш борасида янги имкониятлар очди. Афсуски, бугунги кунда биз барчамиз ана шу ижобий жараёнга тўсқинлик қилаётган мураккаб ва зиддиятли тенденциялар кучайиб бораётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу ўринда жаҳонда, жумладан, Жануби-Шарқий Осиёдан тортиб Яқин Шарққача бўлган маконда қуролли тўқнашувлар кучайиб, ўзаро ишончсизлик ва низолар, миллатлар ва конфессиялараро ихтилофлар чуқурлашиб бораётгани, барқарор тараққиётга қарши бошқа глобал таҳдид ва хатарлар ҳақида сўз бормоқда. Иложсиз ҳолда ўз юртини ташлаб кетаётган кишилар ва қочқинлар сони тобора ортиб бораётгани, таълим ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш имконияти йўқлиги, одам савдоси ва мажбурий меҳнат, аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш, қашшоқлик ва очликка барҳам бериш зарурати билан боғлиқ муаммолар мураккаблашиб бораётганига биз четдан томошабин бўлиб қараб туролмаймиз. Шу маънода, бизнинг қатъий ишончимизга кўра, жами 4,5 миллиарддан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Осиё минтақасининг келажаги кўп жиҳатдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 2030 йилга қадар барқарор тараққиёт соҳасида белгиланган вазифаларни амалга оширишга тайёр бўлишга, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича самарали минтақавий механизмни шакллантиришга боғлиқ. Ҳурматли форум иштирокчилари! Бугун биз Ўзбекистон миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган бир даврда “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган бош тамойилга амал қилмоқдамиз. Айнан ана шу тамойил 2021 йилгача Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш стратегиясини амалга...

Ҳадис илми мактабига қабул имтиҳонлари Тошкент ислом институти биносида бўлиб ўтмоқда

Бугун, 22 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактабига ҳужжат топширган абитуриентлар учун “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис”ва “Араб тили” фанлари бўйича ижодий имтиҳонлар бошланди, дея хабар бермоқда ЎМИ Матбуот хизмати. Қабул имтиҳони жараёнлари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида ўтказилмоқда. Имтиҳонлар бошланишидан олдин Қуръон тиловати ва дуо-и хайрлар қилинди. Сўнгра Ҳадис илми мактаби ректори Олимхон Юсупов кириш сўзи билан бошлаб, мактабнинг Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилгани, Ҳадис мактабининг мақсад ва вазифалари, талабаларга қўйилаётган юқори даражадаги талаблар ҳақида тушунтириб берди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Салоҳиддин Шерҳонов Муфтий ҳазратларининг табрикларини абитуриентларга етказиб, қабул имтиҳонларининг тартиб-қоидаларини тушунтириб берди. Шундан сўнг, Ўзбекистон мусулмонлари идораси қабул ҳайъати томонидан тайёрланган, махсус қопларлардаги имтиҳон материаллари абитуриентлар ва ота-оналар гувоҳлигида очилди. Ижодий имтиҳонларга Ўзбекистон ҳалқаро ислом академияси ва Тошкент ислом институтининг тажрибали педагог-ўқитувчилари жалб қилинди. Абитуриентларни саралаб олишда араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга қобилияти бўлган, Қуръони каримни ёд олганлик каби мезонларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қабул жараёнлари учун Тошкент ислом институтида абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Эслатиб ўтамиз, Ҳадис илми мактабига абитуриентларни қабул қилиш бўйича тест синовлари жорий йилнинг 23 ноябрь куни Тошкент ислом институти биносида ўтказилади. 973
1 1 363 1 364 1 365 1 366 1 367 1 549