Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Тафсири Ҳилол” китобида Фурқон сурасининг 38-оятини қуйидагича шарҳлаган. “Қудуқ” деб таржима қилган сўз ояти каримада «расс» ибораси билан ифодаланган бўлиб, ичи маҳкамланмаган, нураб турган қудуққа айтилади. Ривоятларда келишича, ўша жиноятчи қавм қудуқ атрофида ўтирганларида, у қулаб, ҳаммалари ичига тушиб ҳалок бўлган эканлар. Баъзи тафсирчилар, бу қавм Солиҳ алайҳиссалом қавми, десалар, бошқалари Шуайб алайҳиссалом қавмидир, дейдилар. Ибн Жарир Табарий эса, улар Ухдуд эгаларидир, деганлар. Ухдуд ҳақида Буруж сурасида сўз юритилган.





