islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабига ташриф

Жорий йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимизда Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасаддилигида ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий ижодига бағишланган адабий музей, кутубхона билан биргаликда Ижод мактаби барпо этилди. Ўзбек романчилигининг асосчиси, ватанпарвар адиб Абдулла Қодирий хотирасига эҳтиром кўрсатиш, миллий адабиётимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини улуғлаш ҳамда талаба-ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш, уларни юртимизда маданий-маърифий йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништириш мақсадида Тошкент ислом институти Ахборот ресурс маркази ташаббуси билан 1-курс талаба-қизлари иштирокида мазкур Ижод мактаби биносига ташриф ташкил этилди. Бу бинода Абдулла Қодирий  музейи ва “Турон”  кутубхонаси мавжуд бўлиб, у республикамиздаги энг йирик кутубхоналардан бири саналади. 1919 йил “Турон” номи берилган кутубхона биносида дастлаб Абдулла Авлоний бошчилигида “Турон” театр труппаси тузилган. Тошкент маърифатпарварларининг “Турон” жамияти ташаббуси ва уларнинг шахсий китоблари ва совға қилган жамғармалари асосида мазкур кутубхонага асос солинган. Ушбу маскан Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ғулом Зафарий, Шокиржон Раҳимий, Маннон Уйғур каби тараққийпарвар зиёлиларни бирлаштирган. Ҳозирги кунда кутубхонанинг китоб фонди жуда бой. Ушбу масканда автоматлаштириш кенг йўлга қўйилган бўлиб, Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб кутубхона жамғармасидаги 75 минг нусха ўзбек тилидаги адабиётларнинг электрон каталоги тузилган. Кутубхонага уюштирилган саёҳат давомида  талаба-қизларимиз ёзувчи Абдулла Қодирийнинг асарлари ва тарихий қўлёзмалари билан яқиндан танишдилар. Музейга кираверишда Абдулла Қодирийнинг ҳикматли сўзлари битилган. Чап томонда адибнинг ҳаёт ва ижод йиллари хронологияси, қатағон йиллари экспонатлари ҳамда мустақиллик йилларида ёзувчига кўрсатилган эҳтиром акс этган экспозитсиялар жойлашган. Томошабинлар залдаги улкан мониторда адиб асарлари асосида суратга олинган «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён» филмларини, бошқа картиналарни кўриши мумкин. Ўзбек адабиёти тарихида залворли из қолдирган ёзувчининг музейига ташрифдан кўзланган асосий мақсад – талабаларни буюк шахснинг ҳаёт йўли билан яқиндан таништириш ва уларда ватанпарварлик туйгуларини янада юксалтиришдан иборатдир. Эслатиб ўтамиз бугунги кунга қадар юртимизнинг олтита ҳудудида олти адиб номи билан аталадиган Ижод мактаблари фаолият олиб бораётган эди. 2019-2020  йилдан эса уларнинг сафи яна учтага кўпайди. Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева, Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида Огаҳий ҳамда Тошкент шаҳрида Абдулла Қодирий номидаги Ижод мактаблари очилди. Жорий йилда очилган Ижод мактабларининг 5-, 6-, 7-, 8-синфларига, шунингдек бошқа мактабларнинг 5-синфларига иқтидорли, аълочи, билимдон ўқувчилар ижодий имтиҳон ва тест синовлари асосида қабул қилинди. Ижод мактабларининг ижодий имтиҳонлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Халқ таълими вазирлиги томонидан, тест синовлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилди. Тошкент шаҳрида ташкил этилган Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабига ҳужжат топширган 488 нафар ўқувчи орасидан ижодий ва тест имтиҳонлари асосида ҳар бир синфга 30 нафардан жами 120 нафар ўқувчи саралаб олинган. Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази кутубхоначиси И.АКМАЛОВА 1 130

ОЛИМГА ЭҲТИРОМ – ОЛАМГА ЭҲТИРОМ

Миллий маънавиятимиз қуёши ҳазрат Алишер Навоий бадиий-эстетик тафаккурнинг чўққиси ҳисобланган “Хамса” асарининг биринчи достони “Ҳайрату-л-аброр”да мана бундай ёзган эдилар: Кимки жаҳон аҳлида инсон эрур, Балки нишони анга иймон эрур. Дарҳақиқат, кўпминг йиллик тарихимиз наинки шахс камолоти, балки жамият тараққиётининг ҳам асосларидан бири иймон-эътиқод эканидан далолат беради. Сўнгги йиллар давомида мамлакатимизда шахсан муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида диний-маърифий соҳага алоҳида эътибор қаратилаётгани сабаби ҳам шунда. Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси каби маърифат масканлари ташкил этилгани, олий диний таълим берувчи муассасалар сони кўпайиб, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ва Самарқандда Ҳадис олий мактаби иш бошлагани, калом, тасаввуф, фиқҳ, тафсир сингари исломий илмларни ўрганадиган илмий мактаблар очилгани бу борадаги ислоҳотлар кўлами нечоғлик катта миқёсга кўтарилганини кўрсатади. “Вақф” жамғармаси фаолиятининг йўлга қўйилиши диний-маърифий соҳа ривожида беқиёс аҳамиятга эга бўлди. Мамлакатимиздан ҳаж ибодатига борадиганлар сони тобора ошиб бораётгани, умра зиёратига бориш имконияти қувонарли даражада кенгайгани… Бу соҳада амалга оширилаётган, аҳамияти беҳад катта бўлган ишларни санаб адоғига етиш қийин. Куни кеча халқимиз яқин тарихимизда кузатилмаган бир хушхабарнинг гувоҳи бўлди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий давлатимиз раҳбари Фармонига кўра “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди. Ҳақиқатан, диний соҳа раҳбарининг давлат мукофоти билан тақдирланиши мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг янги юксалиш босқичига кўтарилаётгани исботидир. “Темур тузуклари”да ҳазрат Соҳибқирон Амир Темур мана бундай ёзган эди: “…саййидлар, уламо, машойих, оқилу донолар, муҳаддислар, тарихчиларни сара, эътиборли одамлар ҳисоблаб, иззату ҳурматларини ўрнига қўйдим”. Жамиятда исломий маърифатни юксалтириш ишига катта ҳисса қўшиб келаётган муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандийга кўрсатилган юксак эътибор бугунги кунда мамлакатимизда буюк Соҳибқирон Амир Темур бошқаруви анъаналари муносиб даражада давом эттирилаётгани исботидир. Зеро, олимларга кўрсатилган эҳтиром Ватан ва миллат, маърифат ва диёнат ривожига кўрсатилган эҳтиромдир. Муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратлари нафақат юртимиз ва Марказий Осиё минтақасида, балки дунё миқёсида эътироф этилган уламолардан бири, Ислом олами уюшмаси таъсис мажлиси ҳамда Бутунжаҳон уламолар кенгаши аъзосидир. “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгаллагани Ўзбекистон халқи учун ифтихор саналади. Муфтий ҳазрат қаламига мансуб “Тафсири Ирфон” туфайли она юртимиздан етишиб чиққан улуғ муфассирлар адади яна биттага кўпайди. “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Оилада фарзанд тарбияси” каби сара асарлари жамият маънавиятини юксалтириш ишига қўшилган муносиб ҳисса дейилса, муболаға бўлмас. Муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратларига мустаҳкам соғлик, жамият маънавиятини юксалтириш, диний-миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришдек эзгу ва савобли фаолиятларида ғайрат-шижоат ҳамда янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз. Нурбой ЖАББОРОВ, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти профессори, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети кафедра мудири, филология фанлари доктори 155

Ватанпарварлик

 Бу дунёда инсоннинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир. Бу борада ҳар бир ўғлоннинг билим ва малакаси, ақлий салоҳияти, руҳий тайёргарлигини ошириш, уларда ватанпарварлик фазилатларини камол топтириш ўта муҳим аҳамиятга эгадир. Жорий йилнинг 6 январ куни Тошкент ислом институти талаба қизлари иштирокида “Ватанпарварлик” мавзусида Маънавият соати бўлиб ўтди. Суҳбатни талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова олиб борди. Унда куратор С.Валиева, АРМ кутубхоначиси И.Акмалова ва барча талаба қизлар иштирок этдилар. Суҳбат бошида З.Суярова ватанпарварлик руҳи ҳар бир фуқаронинг қалбидан жой олган бўлиши, Ватанни ҳимоя қилишда эркаклар билан бир қаторда аёлларнинг ҳам ўрни жуда муҳимлигини таъкидлаб ўтди. Сўнгра суҳбатни куратор С.Валиева давом эттириб, ватанга садоқат ва уни асраб-авайлаш ҳақида ҳикматлардан намуналар келтириб изоҳлаб, ҳозирги кунда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда аёл-қизларнинг меҳнати нечоғлик муҳимлиги ҳақида тўхталиб ўтди. Шундан сўнг, устоз ва талабалар ўртасида кутубхоначи И.Акмалова савол-жавоб ўтказиб, ватапарварлик мавзусида талаба қизларнинг фикрлари билан ўртоқлашди. “Ҳар бир буюк инсон ортида аёл туради” деган фикр қай даражада ҳақлигига аёллар инсониятнинг маънавий ва жисмоний шаклланишида қўшаётган ҳиссасини кўриб ишонч ҳосил қиламиз. Ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг бешинчиси хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларига бағишланган бўлиб, бу борада юртимизда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ташаббус илгари сурилганидан сўнг, институтимиз аёл-қизлари ҳам жамиятда аёл-қизлар ўртасида диний муҳитни яхшилар борасида ҳам турли хил суҳбатлар, мақола, ҳикоя ва таржималар билан  кенг кўламли тарғиботлар ва лойиҳалар эзгу мақсадларга хизмат қилаётгани, юртдошларимиз, хусусан, хотин-қизлар ҳаётида муҳим ўрин тутаётгани билан эътирофга лойиқ. Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи, З.Суярова 332

«Агар Ватан севгиси бўлмаганда, юртлар хароб бўларди»

Дарҳақиқат, инсон зоти борки турли мезон ва ўлчовлар орқали ҳар бир нарсанинг қийматини баҳолайди. Ана шундай буюк ўлчовлардан бири, яъни, ҳақиқий одамийликни белигиловчи буюк мезон – бу Ватанга муҳаббат туйғуси ва унга садоқат ҳисобланади. Зеро, улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг авлодидан бўлган аллома Масъудий қуйидагиларни айтади: “Инсонни оқил ва ҳидоятда эканлигининг аломатларидан бири унинг ўзи туғилиб ўсган жойига нисбатан эзгулик қилишга интилиб, яшаб турган жойига нисбатан оқибатли бўлишидадир”. Олимлар: “Инсонийлик ва аҳдга вафонинг аломатларига қуйидагилар киради; дўстларига меҳрли бўлиши, Ватанига муҳаббатли бўлиши, ўтган хатоларига пушаймон бўлиб, келажак учун ҳозирлик кўриши”, деб айтишган. Ҳақиқатан ҳам бир ўйлаб кўрадиган бўлсак, инсон ўз уйи, оиласи, ота-онаси, маҳалласига нисбатан муҳаббатли, садоқатли бўлмас экан ундан қандай қилиб бошқа бир шахс ё жамиятга яхшиликни кутиш мумкин. Демак,  Ватанга содиқ бўлиш керак. Содиқ бўлиш эса Ватанга вафо қилиш, унинг моддий ва маънавий мулкини асраб-авайлаб, хиёнат қилмасликдир. Албатта, ер юзидаги одамзот борки, Аллоҳ томонидан тақсимланган ризққа рози бўлганлари ё ношукурлик қилганлари бор. Лекин, шундай бир тақсимот борки, барча унга бирдек рози бўлади бу ҳам бўлса она Ватандир. Ҳазрат Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу бу ҳақида: “Инсониятни Ватанидан кўра ризқ тақсимотида рози бўладиган бирор неъмат йўқ”, деб айтганлар. Энди табиий ҳолатда Ватан нима билан обод бўлади? деган бир савол пайдо бўлади. Бунга ҳакимларимиз: “Аллоҳ диёрларни уни севиш билан обод қилади”, деб жавоб беришган.  Бу оддий бир ҳақиқатни англаб етганлар ва етмаганлар бор. Оддий мисол билан тушунтирсак. Мажнун Лайли учун ҳамма нарсага тайёр бўлади, борини беради. Энди Ватан эса сизу бизнинг ота-онамиздан, ёрга бўлган севгимизданда устун туради. Ўз даврининг улуғларидан бўлган, ақл-заковатда унча бунча эркакларни ҳам ортда қолдирадиган саҳобия Ҳинд розияллоҳу анҳо бир гапида: “Юртингнинг ҳурмати, ота-онанинг ҳурмати каби. (Ота-онангни қандай ҳурмат қилсанг, юртингни бунданда зиёда ҳурмат қилгин.). Зеро, сен улар туфайли озуқаланган бўлсанг. Улар ушбу диёрдан озуқалангандир.”, деб айтиб ўтган. Жумаладан Имом Муҳаммад  Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ шундай деган эканлар: “Ватаннинг ҳам ҳақлари бўлади. Уларнинг биринчиси шу Ватанда яшаганда тинч-хотиржам, шукрона қилиб яшаш ҳаққидир. Шунингдек, Ватандан кетганда уни соғиниш, Ватан камситилганда ғазабланиш, Ватанга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қилиш ҳам Ватаннинг шу юртда туғилиб-ўсганлар зиммасидаги ҳаққидир. Шу жаннатмакон Ватанда яшаяпмизми, унда тинч-тотувлик билан яшайлик, бунга шукрона қилайлик, илм излабми, тижорат мақсадидами, Ватандан сафар қилдикми, уни соғинайлик”. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам: «Агар Ватан севгиси бўлмаганда, юртлар хароб бўларди», деганлар.  Юртни уни севганлар обод қилади, уни Ватан деб билганлар ҳимоя қилади. Энди эса бизнинг йўлбошчимиз ва башариятнинг энг аълоси бўлган зотнинг ҳаётига бир назар ташласак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий нозил бўлганда Хадича онамиз розияллоҳу анҳо у зотни Варақа ибн Навфалнинг олдига олиб борганлар. Кексайиб, кўзлари ожиз бўлиб қолган бу инсон Таврот, Инжилдан хабардор, охирзамон пайғамбарининг аломатларини биладиган, у зотнинг келишини кутиб юрган зийрак, заковатли зот эди. Варақа ибн Навфал Пайғамбар алайҳиссаломни гапларини эшитиб, «Қавмингиз сизни ёлғончига чиқаради, сизга азият беради, туғилиб-ўсган юртингиздан чиқариб юборишади», дейди. Олимлар ушбу ҳолатни Ватанга муҳаббатнинг ҳақлигига, Ватандан ажралишнинг машаққат эканлигига далил қилиб, шундай дейдилар: «Варақа ибн Навфал сизни ёлғончига чиқаришади деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни индамай эшитиб ўтирдилар, сизга азият беришади деганида эшитиб ўтирдилар. Аммо «Сизни юртингиздан қувиб чиқарадилар» деганида у зот тўлқинланиб...

УЙ ШАРОИТИДА ҚУРЪОН ҚИРОАТИНИ ЎРГАНИШНИ ХОҲЛАЙСИЗМИ?!

بسم الله الرحمن الرحيم Ўзингиз ва фарзандларингиз Қуръони каримни тажвид билан ўқишни ўрганишни хоҳласангиз қуйидаги видеодарсларни кўринг ва ўрганинг! Ушбу қироат ва тажвид фанига тегишли силсилавий онлайн видеодарслар 2017 йил Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ташаббуси билан амалга оширилган muslim.uz портали орқали намойиш этилган. Силсилавий видеодарслар ҳаволаси: Бу дарсларда Тошкент ислом институти “Таҳфизул-Қуръон (Қуръон ёдлатиш)” кафедраси мудири устоз Жаҳонгир қори Неъматов бошланғич араб тили алифбосидан (ҳар бир ҳарфни чиқиш ўрни ва сифати билан), тажвид илмининг муҳим қоидаларини тўлиқ ва тушунарли баён қилган. Жаҳонгир қори Неъматов юртимиздаги устоз қорилардан саналади ва кўплаб китоблар муаллифидир. ЭСЛАТМА: Бундай видеодарсларни тартиб билан, телевизорга уланган ҳолда кўрган маъқул. Бугунги кунда бунинг имконияти кўпайиб кетган. Сабаби, қўл телефони ва планшет ускуналари кичик ҳажмли бўлгани учун тез чарчатади, безор қилади ва соғлиқни кетказади. Бундан ташқари, агар оилавий кўришни ният қилган бўлсангиз, оилада дарс муҳитини пайдо қилиш лозим. Бунда дарсни кам бўлса ҳам давомли ва тартибли бўлиши, оилангиздан дарсга қатнашувчи ҳар бир аъзога қайдлар ёзиб бориши учун уларга алоҳида дафтар, ручка, қалам ва ҳоказоларни тақдим этиш, ўзлаштириши яхши бўлганларини совғалар билан мукофотлаб туриш керак. Буларнинг барчасида ўзингиз қатнашсангиз ва ўргансангиз, фарзандларингизда ҳам масъулият билан ёндошув бўлади ва кутилган натижага эришасиз. ҚЎШИМЧА МАЪЛУМОТ УЧУН: 2018 йил Тошкент ислом институтидаги “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсида ўқиш учун автомашина устаси бўлган бир йигит келди. Унинг қироатини эшитиб кўрдим ва “Қайси устозда ўқигансиз? Устозингизга раҳмат, жуда гўзал ва мукаммал ўқир экансиз” дедим. Сабаби, ундаги тажвиднинг амалий талаффузи жуда равон эди. У мазкур силсилавий онлайн видеодарсларнинг ҳар бир сонини оилавий кузатиб боргани ва ўзлаштиргани, жонли устози йўқ эканини билдирди. У йигитни 3 ойлик ўқув курсига қабул қилдик ва ушбу курсни муваффақиятли ўқиб битирди. “Интилганга толе ёр” деганларидек, ҳаракат биздан, баракат Ўзидан… “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ўқитувчиси Жаҳонгир Убайдуллоҳ 186
1 1 010 1 011 1 012 1 013 1 014 1 425