Саудиялик муҳандис Муҳаммад Ҳомид Сайиғ хаж ва умра ибодатини адо этишга келган хожилар учун махсус соябон ихтиро қилди ва уни патентлаб қўйди. Бу ҳақда islam-today.ru интернет портали хабар қилмоқда. Ушбу ихтиро “Макка соябони” номини олди. Соябоннинг ўзига хос хусусиятларидан бири, унда оддий батарея билан бир қаторда қуёш батареясидан қувват олиб ишлайдиган кичик кондиционернинг мавжудлигидир. Бундан ташқари, соябонга пуркаб сепишга мўлжалланган сув идишини ҳам ўрнатиш мумкин бўлади. Ихтирочининг ўзи таъкидлашича, аввалига у соябонда фақат вентилятор билан чекланмоқчи бўлган, аммо Хаж шаротидаги ҳароратнинг 40 градусдан ортиқ даражага кўтарилиб кетишини инобатга олиб, бундай вазиятда хожиларнинг ҳолатини яхшилашга вентиляторнинг ўзигина камлик қилишини тушунган. Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “KNOWLEDGE-BASE” компанияси ҳам қуёш энерияси орқали ишлайдиган вентилятор, фонарча(чироқ), GPS тизими, ва техника воситаларини қувватлайдиган учта USB портни ўзида жамлаган “ақилли соябон” ишлаб чиқариш учун инвесвторларни излаётганлигини айтиб ўтган эди. http://islamcenter.uz 407
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарорга мувофиқ, уч ой муддатда олий таълим муассасаси учун психолог ва ҳар бир талабалар турар жойи учун тарбиячи-педагог штати жорий этилади. Меҳнатга ҳақ тўлаш разряди бўйича олий таълим муассасалари маънавият ва маърифат бўлими бошлиғининг лавозим разряди 16-разрядга, бўлим ходимларининг лавозим разряди 14-разрядга кўтарилади. Олий таълим муассасалари гуруҳ мураббийларининг фаолияти самарадорлиги ва масъулиятини янада ошириш, уларнинг доимий рағбатлантириб борилишини таъминлаш мақсадида ҳар бир гуруҳ мураббийига (жумладан, мураббийлар кенгаши раҳбарларига) ойлик маошининг 25 фоизигача миқдорда устама ҳақ тўланади. Ҳар ўқув йилида маънавий-маърифий ишларни молиялаштириш мақсадида таълим муассасаси харажатлари сметасининг камида 5 фоизини юқорида назарда тутилган харажатлар учун ажратиш чоралари кўрилади. Ушбу маблағларнинг мақсадли ишлатилиши юзасидан шахсий масъулият олий таълим муассасасининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори зиммасига юкланади. Бундан ташқари, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Марказий банк, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясига биргаликда уч ой муддатда таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган педагог кадрларнинг ижтимоий нуфузини ошириш, жамиятда педагогик фаолиятнинг обрўсини юксалтириш, педагогларни ёшларга намуна ва ўрнак даражасига кўтариш, шунингдек, турли танловлар ва конкурсларда совриндор бўлган, ўқувчи-талабалари республика ва халқаро олимпиадаларда, танловларда юқори натижаларни қўлга киритган педагогларга уй-жой, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги автомобиль, маиший-хўжалик жиҳозлари сотиб олишлари учун имтиёзли ипотека ва истеъмол кредитларини ажратиш тартибини жорий этиш юзасидан таклифларни тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси топширилди. kun.uz 914
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом маданияти марказига директор тайинланди. «Жаҳон» АА берган хабарга кўра, бу марказга 2015 йилдан бери Тошкент француз альянси раиси сифатида ишлаб келаётган Шоазим Миноваров раҳбар бўлган. Шоазим Миноваров тажрибали дипломат ва таржимон ҳисобланади. У Франция ҳукуматининг «Хизматлари учун» ордени билан тақдирланган биринчи Ўзбекистон фуқаросидир. 23 июнь куни Президент «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаганди. Ислом маданият марказининг маъмурий биноси, шунингдек, кутубхонаси ва музейи Тошкент шаҳрида, Хастимом мажмуасига ёндош ҳудудда қурилади. Марказ бинолари қурилишига россиялик миллиардер Алишер Усмонов ҳомийлик қилади. kun.uz 295
Бугун Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов раислигида умумий видеоселектор мажлис бўлиб ўтмоқда. Мажлисда президентнинг «2017-18 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида»ги қарори ва «Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларини ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш вазифаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича вазият муҳокама этилмоқда. Кун.uz мухбири берган маълумотга кўра, мажлисда Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов тест синовлари ўтадиган 28та олий, 61та умуммактаб, 31та академик лицейда 142 та бино ва 5832 та аудитория белгилаб олингани ҳақида маълумот берган. Бу борадаги тегишли ишларга ҳокимлик масъул ходимлари бириктирилган. 29 июль кунигача барча жойларда тайёргарлик бўйича далолатномалар тузилади. 30 июль куни соат 10:00да тайёргарлик машғулоти ўтказилади. Бундан ташқари, ҳоким бош вазирдан 1 август куни Тошкентдаги жамоат транспорти ўз ишини соат 4:30дан бошлаши ҳақида рухсат сўраган. Арипов бунга рухсат берган. Тошкентда тест синовларини ўтказиш бўйича хавфсизликни таъминлаш мақсадида 5 мингдан ортиқ ички ишлар ходимлари, 140 та хизмат транспортлари, 1,5 мингга яқин металл детекторлар ажратилади. Ариповнинг айтишича, тест ўтадиган объектлар бўйича камчилик қатор олий таълим муассасаларида мавжуд. Хусусан, абитуриентлар сонининг режадан ортиқ ўсиши ҳисобга олинмаган ва тест синовларига зарур бўлган бино ҳамда аудиториялар тайёрланмаган ОТМлар қаторида Қарши давлат университети, НамДУ, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент молия инстиути, Тошкент давлат стоматология институти, Тошкент давлат юридик университети, Тошкент темир йўл муҳандислари институти тилга олинган. kun.uz 323
Жорий йилнинг 24 июль куни Тошкент шаҳрига Росссия Федерациясининг бир қатор кўзга кўринган Ислом дини вакилларидан иборат делегация ташриф буюрди. Делегация таркибидан Татаристон Республикаси муфтийси Камил хазрат Самигуллин, муфтий ўринбосари Мансур Жалалетдинов, Россия ислом таълими бўйича Кенгаш раҳбари ва Россия ислом университети ректори Рафиқ Мухаметшин, шунингдек, Москва мусулмонлари диний идораси ва Марказий регион “Москва муфтияти” муфтийси Албир хазрат Крганов, Халқаро ислом бизнеси Иттифоқи президенти Марат Кабаев ва бошқалар ўрин олган. Меҳмонлар Ўзбекистон Республикасидаги Россия Федерацияси Ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари томонидан кутиб олинди. Делегиция ташрифи доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Юсупов Ортиқбек ва Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденов билан учрашув ўтказди. Шундан сўнг, делегация аъзолари Тошкент ислом университетида бўлди. Учрашувлар чоғида таълим, фан ва маданият масалалари ҳамда диний-маърифий, илмий меросни ўрганиш, қўлёзма манбаларни тадқиқ этиш, нашрларини амалга ошириш хусусида ҳам ўзаро фикр алмашилди ва муайян хулосаларга келинди. Шунингдек, ташриф чоғида делегация аъзолари “Манбалар хазинаси” қўлёзмалар фонди, университет ҳудудидаги Юнусхон ва Шайхонтоҳур тарихий мажмуалари билан яқиндан танишди. Бундан ташқари, мартабали меҳмонлар “Мир-Араб” мадрасаси, Имом Бухорий мақбараси, Самарқанд шаҳридаги қадамжолар ҳамда мамлакатимизнинг Биринчи Президенти марҳум Ислом Каримов қабрларини зиёрат қилдилар. muslim.uz 521