Муқаддас динимиз оила мустаҳкамлигига катта эътибор қаратган. Чунки оила жамият асоси ва ҳаёт давомчиси бўлган фарзандлар камол топадиган тарбия масканидир. Шу маънода қачон оилалар салоҳиятли бўлса, бундай оилалардан ташкил топган жамият ҳам салоҳиятли бўлади. Шунинг учун динимиз оилага иймон, муҳаббат, таълим-тарбия ва бахтли ҳаёт сари йўлловчи маскан сифатида қарашни вожиб қилган. Динимиз кўрсатмаларига мувофиқ қурилган оила мустаҳкам қонун-қоидалар устига қурилган бўлади. Ҳаётда учрайдиган турли муаммолар бундай асос устига қурилган оила мустаҳкамлигига асло раҳна сола олмайди. Чунки бу оила Аллоҳнинг китобига, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига, инсониятнинг энг улуғи бўлган саҳобалар ва тобеинларнинг тутган йўлларига ҳамда азиз уламоларимизнинг кўрсатмаларига таянган бўлади. Шу маънода муқаддас динимизда ҳали оила қурилмасдан олдин уни қандай ташкил қилишга яъни бутун ҳаёти давомида ўзига шерик бўладиган инсонни танлашда нимага эътибор бериш лозимлиги ҳақида тегишли кўрсатмалар бор. Қуйидаги ҳадиси шариф бунга далилдир: عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: تُنْكَحُ الْمَرْأَةُ لِأَرْبَعٍ: لِمَالِهَا، وَلِحَسَبِهَا، وَلِجَمَالِهَا، وَلِدِيْنِهَا، فَاظْفَرْ بِذَاتِ الدِّيْنِ تَرِبَتْ يَدَاك. مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёлга тўрт нарса учун уйланилади: Мол-дунёси, насл-насаби, ҳусни-жамоли ва дини учун. Сен диндорини танлагин, барака топасан”, дедилар )Муттафақун алайҳ(. Ушбу ҳадиси шарифда уйланадиган йигитларга турмушдан барака топиш учун аёлнинг фақатгина ё мол-дунёсига ё насл-насабига ёки ҳусни жамолига эмас, балки дини кўрсатмаларига риоя қиладиган гўзал хулқига эътибор бериш лозимлиги уқтирилган. Албатта, динига ихлос билан риоя қиладиган аёлда юқоридаги сифатлар ҳам топилса, янада яхшироқ бўлади. Шунингдек иккинчи тарафга ҳам яъни аёл тарафга ҳам куёвнинг қайси жиҳатига эътибор бериш лозимлиги баён қилинган: عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إذَا خَطَبَ إلَيْكُمْ مَنْ تَرْضَوْنَ دِينَهُ وَخُلُقَهُ، فَزَوِّجُوهُ، إِلاَّ تَفْعَلُوا تَكُنْ فِتْنَةٌ فِي الْأَرْضِ وَفَسَادٌ عَرِيْضٌ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга дини ва хулқига рози бўладиган киши совчи қўйса, унга турмушга беринглар. Агар шундай қилмасангиз, ер юзида фитна ва катта бузғунчилик бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривоят қилган). Демак, қиз тараф ҳам дини кўрсатмаларига риоя қиладиган гўзал хулқли йигитга турмушга беришлари керак экан. Бир киши Ҳасан ибн Алининг ҳузурларига келиб: “Менинг қизимга бир қанча йигитлардан совчилар келди. Уларнинг қайси бирига берай? деб сўрабди. Шунда у зот: “Қизингни тақводорига бергин. Агар у қизингни яхши кўрса иззат-икром қилади, яхши кўрмаган тақдирда ҳам унга зулм қилмайди”, деб жавоб берганлар. Динимиздаги мазкур кўрсатмалар асосида қурилган оила муқаддас динимиздаги буйруқ ва қайтариқларга риоя қиладиган тартибли маскан бўлади. Бу маскан раҳбарлари бўлмиш ота-оналар фарзандларини соғлом эътиқодли, одоб-ахлоқли ва илм-маърифатли бўлиб вояга етказишни зиммаларидаги бурч деб биладилар. Зеро бу бурч Қуръони каримда келган буйруқдир: يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا “Эй иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни дўзахдан сақланг!” (Таҳрим сураси, 6-оят). Фарзандлар ота-оналарнинг навниҳоллари ва қалб меваларидир. Агар улар навниҳолларини парваришлаб турли офатлардан ҳимоя қилсалар бу ниҳоллар тўғри ўсиб мева берадилар. Агар қаровсиз қолдирсалар кўпинча қинғир-қийшиқ ўсиб, ота-оналарига ҳам, бошқа жамият вакилларига ҳам фақат ташвиш туғдирадиган манфаатсиз нарсага айланадилар. Шунга кўра фарзанд тарбиясини энг муҳим вазифа деб билиб, бу вазифани сидқидилдан адо этишдан ота-оналарнинг ўзлари ҳам жамият вакиллари ҳам манфаат кўрадилар. Оила мустаҳкамлигининг...
Кечаси она болаларига дарс тайёрлашда ёрдам беришга чоғланди. Аввало, уларга халақит бермаслик учун тўрт ёшли ўғлини нима биландир машғул қилиш мақсадида қўлига қалам ва оқ қоғоз берди. Сўнг қолганларига хотиржам ёрдамлашмоқчи эдиҳамки, қайнотасига кечки овқатини бермагани хаёлига келди. Қайнота ховли чеккароғида жойлашган бир хонада яшар, касаллиги туфайли ташқарига камроқ чиқарди. Аёл имкон қадар қайнотасининг хизматини қилар, эри ҳам унинг хизматидан рози эди. Аёл ўрнидан туриб, отанинг кечки овқатини олиб бориб берди ва бирор эҳтиёжи бўлса чақириши мумкинлигини айтиб болалари олдига қайтди. Кичкина ўғлини қизиқиш билан нималарнидир чизаётганини кўриб: – Нима чиздинг, – дея эркалатир сўради. Ўғли онасининг гапига жавобан қўлидаги қоғозни кўрсатди. Қоғоз юмалоқ, тўртбурчак шакллар билан тўла эди. Она: – Бу нима, – деди. Бола: – Катта бўсам мен ўзим яшайдиган уй хоналарини чиздим, – деди. Кейин ҳар бир шаклни “Бу ошхона, у ерда овқатланаман, буниси ётоқхона, у ерда ухлайман, буниси меҳмонхона…”, дея бир-бирига туташ бўлган шаклларни бирма-бир тушунтира кетди. Она қоғознинг чеккасида, бошқаларидан алоҳида ва кичик қилиб чизилган шаклни кўриб “Бу қандай хона, нега уни бошқа хоналардан ажратиб, алоҳида қилиб қўйдинг”, деди. Бола “У хона сизники, у ерда сиз бобомдек катта бўлганизда яшайсиз”, деди. Бу гап онанинг қулоғига чақмоқдек урилди, қалбини ларзага солди. Эртаси куни биринчи қиладиган иши меҳмонлар учун безатилган хонага қайнотасини кўчириб ўтказиш бўлди. Кечки пайт келган эри бу ҳолни кўриб, хотинидан ҳайратланиб, нима гаплигини сўради. Хотини “Қариганимизда ўзимизга яшаш учун жой ҳозирлаяпман”, деди. Эр гап нимадалигини тушуниб, мамнуният билан кулиб қўйди. Араб тилидан Ш.Чўлпонов таржимаси 442
Қуръони каримни тиловат қилиш натижасида ўқувчи кишига дунё ва охиратда жуда ҳам кўплаб фойдалар бор. Бироқ, мана шу фойдаларни яна ҳам кўпроқ ва унумлироқ қиладиган бир амал мавжуд. Бу тадаббур ила қироат қилмоқдир. Қуръони каримни тадаббур ила ўқишда кишига кўплаб фойдалар бўлиб, уларни баён қилишдан олдин тадаббур ила қироат қилиш нима эканлигини келтириб ўтсак. Тадаббур – бирор нарса ҳақида фикр юритмоқ, мулоҳаза қилмоқ деганидир. Қуръони каримни қироат қилишда эса Қуръони каримдаги оятлар борасида фикр юритиб, ақл-идрок қодир бўлган даражада оятлардаги Аллоҳ таолонинг муродини англамоқ ва фаҳмламоқдир. Энди эса тадаббур туфайли пайдо бўладиган фойдаларнинг энг афзалларини баён қиламиз: Тадаббур ила Қуръон ўқиш – Иймон шоҳтомирларини бақувват қилади.Қуръони карим оятларини тадаббур қилиш мўмин кишини бу китоб ҳақиқатда Аллоҳ таолонинг ҳузуридан нозил қилинганига бўлган ишончини кучайтиради. Негаки, тадаббур ила ўқувчи Қуръон оятлари ичида хоҳ лафзларда, хоҳ тугалланган маъноларда бўлсин бир-бирига мухолифини топа олмагач, оятларнинг мукаммаллигидан бириси ўрнига бошқасини, ёки бирор лафзни ўзини алмаштириш мумкин бўлмаганидан албатта, бу китоб яккаю ягона Аллоҳ таолонинг нозил қилгани эканлигига яна ҳам ишончи ортади. Демак, Қуръони каримдаги: أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآَنَ وَلَوْ كَانَ مِنْ عِنْدِ غَيْرِ اللَّهِ لَوَجَدُوا فِيهِ اخْتِلَافًا كَثِيرًا Қуръон (оятларининг маънолари) ҳақида (чуқурроқ) фикр юритмайдиларми?! Агар (у) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди, унда кўпгина қарама-қарши гапларни топган бўлур эдилар. (Нисо сураси, 82 оят), деб таърифланганига яна бир бор инониб, иқрор бўлади. Мана шу ишонч Аллоҳ таолонинг: قُلْ نَزَّلَهُ رُوحُ الْقُدُسِ مِنْ رَبِّكَ بِالْحَقِّ لِيُثَبِّتَ الَّذِينَ آَمَنُوا وَهُدًى وَبُشْرَى لِلْمُسْلِمِينَ (Эй, Муҳаммад! Уларга) уни (яъни Қуръонни) Руҳул-Қудус (Жаброил) Раббингиз (тарафи)дан иймон келтирганларни (динда) собитқадам қилиш учун мусулмонларга ҳидоят ва башорат бўлган ҳолида барҳақ нозил қилганини (уларга) айтиб қўйинг! (Наҳл сураси, 102 оят), деб нозил қилган оятидаги иймоннинг саботини рўёбга чиқаради. Мана, ўн тўрт аср ўтаётган бўлсада, илоҳий мўъжиза – Қуръони карим оятларида келтирилган маълумотларда бирорта хато жумла топилгани йўқ, топилмайди ҳам. Фалакиёт, коинот, ҳайвонот, наботот, илоҳиёт ва табииётга доир оятларнинг нақадар тўғри ифода этилгани кун сайин ўз тасдиғини топиб келаётир. Тадаббур ила Қуръон ўқиш – Аллоҳ таолони танитади. Инсоният яратилибдики ўзи, атрофидаги борлиқ, уларни Яратган Зот ҳақида билишни, танишни хоҳлайди. Қуръони карим эса мана шу нарсаларга жавоб беради. Атроф, борлиқ яратилиши ҳақида хабар беради. Бутун оламлар Парвардигорининг зоти, исмлари ва сифатлари ҳақида баён қилади. Нималар У Зотга хос экани, У Зот нималардан пок ва муназзаҳ эканлигини ўргатади. Бандаларнинг Ўз Роббилари олдидаги вазифаларини, У Зотга боғланиш йўлларини ва У Зотга яқин кишилар сифатларини кўрсатиб беради. Тадаббур ила Қуръон ўқиш – Аллоҳ таолога бандалик қилишни шакллантиради. Қуръони каримни тадаббур ила қироат қилиш Аллоҳ таоло биздан нималарни хоҳлагани ва бизларга нимани нозил қилганини билишимиз учун энг яхши восита ва энг ишончли йўл кўрсатувчидир. Чунки, Қуръони карим бандалар бажариши лозим бўлган шариатнинг асосидир. Шу асосга кўра банда буйруқларга амал қилиш, қайтариқлардан сақланиш амалиётини шакллантириб боради. Тадаббур ила Қуръон ўқиш – Мусулмон кишига барча ишларини Аллоҳ таоло буюрганидек амалга оширишга ундайди, намозида ҳам намоздан ташқарида ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузурида тургандагидек бўлишни шакллантиради. Мусулмон бўлмаганларга эса, агар инсофли, адолатли бўлса, иймон ва ислом неъматини ҳадя этади. Тадаббур ила Қуръон ўқиш – Қалбларни ва барча борлиқни ислоҳ қилади. Қалбдаги иймон, ишонч уруғлари тадаббур суви ила суғорилса куртак очишга, ўсиб, бақувват илдиз олишга...