Мана, муборак ойлардан бири – Аллоҳнинг мағфират ойи бўлмиш Ражаб ҳам кириб келди. Ражаб ойи – тавба ойидир. Тавба эса Аллоҳ таолога қайтишдир. Вақт қадрини билувчи ҳар бир ақл эгаси бундай имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қилиши аниқ. Қул Аллоҳга йўналса, Аллоҳ ҳам унга йўналади. Демак, тавба – инсонни хато йўлдан, жоҳилона яшаш, жоҳилона ишлардан, қусурлардан, ғафлатдан воз кечиб, Ҳақ таъоло яхши кўрган йўлга қайтиши дегани. Ислом қалбини мунаввар этган ҳар қандай мўмин Аллоҳнинг ойини Унинг зикри ва шукри билан ўтказиб, гуноҳларидан покланишга ҳаракат қилади. Одамлар орасида фақат Рамазондагина тавба қилишга интиладиганлари ўзлари эга бўлиши мумкин бўлган кўп нарсани йўқотадилар. Чунки ўн бир ой давомида ўз хоҳишларига бандани бўйсундириб келган нафс бирдан итоат қилиши жуда ҳам қийин бўлади. Айнан мана шу сабабдан ҳам баъзида Рамазон ойида ҳам гуноҳ ишлар содир бўлгани қулоққа чалинади. Инсон Ражаб ойида маъсиятлардан жасадини, Шаъбон ойида қалбини покламас экан, у қандай қилиб Рамазон ойида руҳини поклайди?! Бу ойнинг фазилатлари тўғрисида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ҳадислар ворид бўлган. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ражаб ойи кирган вақтда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Я Роббий, Ражаб ва Шаъбон ойини барокатли қилгин ва бизни (Ражаб ва Шаъбон ойларини чиройли ўтказган бир қул ўлароқ) Рамазонга етказгин” деб дуо қилар эдилар”. Яна, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ойда энг кўп қиладиган ибодатларидан бири бу – рўза тутишлари эди. Бу ойда рўза тутишнинг фазли ҳақида кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Тобароний роҳимаҳуллоҳ ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ражаб – муаззам бир ойдир. Аллоҳ таоло бу ойда қилинган яхшиликларни қўша-қўша мукофотлайди”, яъни бошқа ойларда қилинган ибодатни Ражаб ойида бажарса, у ойдагиларга нисбатан ортиғи билан мукофотлайди. Ушбу муаззам ой ўз ичига зарур фурсатлар ҳамда яхши кечаларни яширган. Уларнинг энг биринчиси Рағоиб кечасидир. Бу Ражаб ойи кирганидан кейин биринчи пайшанбани жумага боғлаган кечадир. Ундан сўнг 26-санадан 27-санага ўтар кеча набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам меърожга чиққан муборак кечадир. Лекин бу ҳадиси шарифлар фақатгина шундай тунларда ибодат қилиб, йил бўйи тунни уйқу билан ўтказишга далолат қилмайди. Ёки Ражаб ойини кунларини кунларга улаб рўза тутиб, бошқа ойда нафл рўза тутишга беэътибор бўлишга чақирмайди. Чунки, бандани Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида даржасини юқори қиладиган, ажрим кунида нажотга эришишига омил бўладиган нарса, бу унинг фарз ибодатлаидан кейинги ихлос билан қилинган нафл ибодатларидир. Аллоҳ таоло “Залзала” сураси 7-оятда шундай марҳамат қилган: “Бас, кимки зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўрадир”. Ҳар бир мисқол яхшиликни ўз фазлидан юзлаб баробар кўпайтириб савоб берадиган, марҳамати чексиз Роббимиз барчамизга мана шундай муборак ойлардан гуноҳларимиздан покланган, ажр-у савобларга амал дафтарларимизни тўлдирган ҳолатда Рамазони шарифни кутиб олиш бахтига муяссар қилсин, амийн! Хадичаи кубро ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Гулруҳ Кенжабой 729
Муҳаддислар шайхи Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Ҳадис фақиҳлардан бошқани адаштиради». Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ «Тартибул мадорик»да келтиради. Муҳаддис Ибн Ваҳб айтади: «Агар Аллоҳ мени Молик ва Лайс билан қутқармаганида, албатта адашган бўлардим», деган. «Бу қандай бўлади», дейилди. «Кўп ҳадис тўпладим, мени ҳайратга солди. Сўнг уларни Молик ва Лайсга кўрсатган эдим, буни ол, мана буни тарк қил», деди. Ҳадис рижолларидан бири Абу Нуъайм айтади: «Ҳадисларни Абу Ҳанифанинг шогирдларидан бири мужтаҳид, раббоний фақиҳ Зуфар ибн Ҳузайлга кўрсатар эдим. У менга бу носих мана бу мансух, бу олинади мана бу олинмайди, дер эди». Мана бу муҳаддисларга қаранг! Мўътабар фақиҳларга мурожаат қилмай ҳадиснинг ўзигагина чекланмас эдилар. Замонамизда турли тармоқларда гувоҳи бўлаётганимиз: чет элдаги ҳадис факултетини тамомлаган баъзи илм толиблари ҳозирда амалда турган мазҳаб фатволарига қарамай, фиқҳ, хилоф ҳамда усул илмларидан мутахассис бўлмай ўз ижтиҳодлари билан фатво айтишга журъат қилмоқдалар. Натижада ғаройиб фатволарни бермоқдалар. Айтилганки: «Ким ўз фанидан гапирмаса, ғаройиб нарсаларни айтиб қўяди». Уларнинг гарданидаги вазифалари мутахассисликка эҳтиром кўзи билан қараш, фиқҳ ва усул фанларини тўлиқ ўзлаштиришдан иборат. Яна илм олувчига фатво берувчини ўша сохада мутахассислигига ишонч ҳосил қилиш керак. Қадимда муҳаддислар ўзларини дорихоначи фақиҳларни эса табиб дейишарди. Бу ўзларини фақиҳлар олдида ожизликларини эътироф қилиш эди. Катта муҳаддислардан Аъмаш раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга айтди: «Эй Нўъмон! Мана бу, мана бу нарсалар ҳақида нима дейсан?». Абу Ҳанифа: «Мана бундай, бундай», деди. «Қаердан олиб гапирдинг?» Айтди: «Сиз бизга фалончидан мана бу ҳадисни айтгансиз». Шунда Аъмаш раҳматуллоҳи алайҳ: «Эй фақиҳлар жамоаси! Сизлар табиб, биз дорихоначимиз», деди. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Фақиҳлар табиб, муҳаддислар дорихоначи эди». Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий дорихоначи табиб эди. Унинг мислини кўзлар кўрмаган. Энди эса дорихоначи табиб ўрнига ўтирса қандай бўлишини бир тасаввур қилинг?! Тарихда минглаб муҳаддислар ўтганки, уларнинг Аллоҳ муваффақ қилганларидан бошқа бирортасида ўзининг хос фиқҳий мазҳаби бўлмаган. Улар фиқҳ ва ҳадис ўртасини жамлаш қийин бўлгани учун ўзларидан бошқа фақиҳларга эргашганлар. Тўғри, (ҳам муҳаддис, ҳам фақиҳ бўлган зотлар) жуда оз бўлган. Имом Муслим, Термизий, Абу Довуд, Насаий, Ибн Можа, Ҳоким, Байҳақий, Дорақутний, Хатиб Бағдодий, Ироқий, Мунзирий, Мунзирий, Нававий, Заҳабий, Ибн Ҳажар, Суютий, Ибн Ражаб, Ибн Абдулбарр, Таҳовийлар ва улардан олдин ўтган Ибн Уяйна, Вакиъ, Али ибн Мадиний, Яҳё ибн Маъин ва бошқа минглаб муҳаддисларнинг ўзлари бош бўлган муайян фиқҳий мазҳаблари бўлмаган. Балки улар ижтиҳодга аҳл бўлган, хосу ом гувоҳлик берган мутлоқ мужтаҳидларга эргашганлар. Ушбу воқеа мақсадни янада очиқроқ ифода этади: Аллома Ромаҳурмузий «Ал-Муҳаддис ал-Фасил»китоби 249-саҳифасида, Хатиб Бағдодий «Ат-Тарих» 6/67-саҳифасида ривоят қилади: Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Суҳайлдан ривоят қилади: «Бир аёл Яҳё ибн Маъин, Абу Хайсама ва Халаф ибн Солимлар ҳадисдан музокара қилиб турган мажлис олдида тўхтади. Аёл уларнинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар…», «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим…», «Бу ҳадисни фалончи ривоят қилган, фалончи эса ривоят қилмаган…» деяётганларини эшитди-да, улардан: «Ҳайзли аёл маййитни ювса бўладими?» деб сўради. Чунки аёл ғассола эди. Мажлис аҳлидан биронталари жавоб бера олишмай, бир-бирларига қарай бошладилар. Шунда фақиҳ Абу Савр келиб қолди. «Сен анави келаётган кишига бор!», дейилди аёлга. Аёл унга юзланди. Абу Савр яқинлашиб қолганди аёл ундан ҳалиги саволини сўради. Шунда Абу Савр: «Ҳа, ҳайзли аёл маййитни ювса бўлади. Чунки Усмон...
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ҳадис талабида сафар қилиб, бир кемага чиқди. У зот сафар харажатлари учун ўзи билан бирга минг динор олган эди. (Минг динор ўша замонда катта маблағ бўлган). Кемага чиққанидан кейин, бир киши Имом Бухорийни олдига келиб, ўзининг муҳаббатини изҳор қилди. Ҳар сафар у зотнинг ҳузурига келиб, суҳбат қуриб, ўлтирадиган бўлди. Имом Бухорий ҳам у кишига ўрганиб қолди. Суҳбатларнинг бирида имом ўзидаги пуллар ҳақида гап очди. Бир куни бояги киши уйқудан туриб, дод солиб йиғлай бошлади. Кийимларини йиртиб, бир юзига, бир бошига ура бошлади. Буни кўрган одамлар сабабини сўрашди. У эса: «Ичига минг динор солинган ҳамёним… Уни ўғирлашибди», деди. Кема эгалари ҳар бир кишини бирма-бир тафтиш қила бошладилар. Имом Бухорий бу ҳолатни зийраклик билан тушуниб, секингина билдирмай, ҳамёнини денгизга ташлади. Ҳамма бирма-бир текшириб чиқилди. Лекин ҳеч нарса топилмади. Одамлар даъвогар кишини маломат қилиб, койиб бердилар. Кема манзилга етиб борди. Киши имом Бухорийнинг олдига келиб: «Пулларни нима қилдингиз?», деди. «Денгизга улоқтирдим», деди имом. «Шунча пулни-я? Унга қандай тоқат қиласиз?!». Имом Бухорий эса: «Эй жоҳил! Сен мени бутун ҳаётимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини йиғишга сарф этганимни, одамлар мени ҳадис ривоятида ишончли ва ростгўй деб эътироф этишларини билмайсанми?! Қандай қилиб, арзимаган чақаларни деб ўзимни ҳалокатга ташлай»,деди. Шайх Абдуссалом Муборакпурийнинг «Имом Бухорийнинг сийрати» (Фақиҳлар саййиди ва муҳаддислар пешвоси) китобидан Имом Бухорий номидаги ислом институти ТИИ сиртқи бўлим 3 босқич талабаси Равшанбек Ўринбоев 772
Бу сарлавҳадаги гап ихтилофчи бемазҳабларнинг ҳозирда кўп тарқалмаган гапларидан бири ҳисобланади. Бемазҳаблар ақийда масаласида бир неча ихтилофни қўзғаганлар. Аммо, ҳозирча бу борадаги ихтилофлари асосан ўзларининг орасида қолиб келмоқда. Бироқ, “ашъарий ва мотурийдийлар адашганлар” деган гап ўта хатарли бўлганидан ва бу масалада бир қанча саволлар келиб турганидан бу масалани ҳам ёритиб қўйишни маъқул кўрдик. Имом Ғаззолий аҳли сунна ва жамоа ақийдавий мазҳабининг тарихи ҳақида сўз юритиб қуйидагиларни ёзади: «Калом бир илм бўлиб унинг мақсади аҳли суннанинг ақийдасини аҳли бидъатнинг ташвишидан муҳофаза қилиш ва қўриқлашдир. Аллоҳ таоло Ўз бандаларига Ўз пайғамбари тилида ҳақ ақийдани илқо қилди. Унда уларнинг дини ва дунёсининг салоҳи бордир. Шунингдек, унинг ҳақида Қуръон ва хабарлар нутқ қилди. Сўнгра шайтонлар ўз васвасаси ила бидъатчиларга суннатга хилоф ишларни илқо қилди. Улар ўша ишларни гапирдилар ва аҳли ҳақнинг ақийдасини бузмоқчи бўлдилар. Бас, Аллоҳ бир тоифа мутакаллимларни пайдо қилди ва уларнинг ҳимматини тартибга солинган калом ила суннатнинг нусрати йўлида ҳаракатга солди. Шу орқали аҳли бидъатнинг суннатга хилоф равишда чиқарган алдамчиликлари фош қилинади. Ана шундан илми калом пайдо бўлди». Биз бу гапларга қўшимча қилиб айтамизки, илми калом пайдо бўлган вақтга келиб, ақийдага оид масалаларга аввалги вақтларга ўхшаб фақат Қуръон ва суннатдан далил келтириш билан кифояланиш етмай қолган эди. Қарши тараф ақлий далил ҳам келтиришни талаб қилар эди. Калом масалалари бўйича баҳслар мусулмон оламидаги ўша вақтнинг кўзга кўринган ақийдавий мазҳаблари; аҳли сунна ва жамоа, мўътазилийлар, муржиъийлар, хаворижлар ва шийъалар ўртасида бўлган. Кейинчалик, Аллоҳнинг каломига тегишли баҳслардан, Аллоҳнинг сифатларига, Ислом давлати бошлиғи – имомга оид масалаларга, қазо ва қадар масалаларига ва ҳатто баъзи фиқҳий масалаларга ҳам ўтган. Вақт ўтиб турли халқ ва тоифаларнинг Исломга киришлари билан бирга уларнинг ақийда ва фикрлари ҳам кирди. Шу билан бирга номусулмонлар томонидан Ислом ақийдаларига қарши фикрий ҳужум ва танқидлар ҳам авж ола бошлади. Ана ўша ҳамлалардан Ислом ақийдасини ҳимоя қилиш ва уларга раддиялар қилиш учун илми калом соҳиблари ғайримусулмонлар билан тортишувларни бошладилар. Бу ишда аҳли сунна ва жамоа уламолари ҳам, мўътазилалар ҳам ва бошқалар ҳам иштирок этдилар. Аввал бу тортишувлар тўғри йўналишда ва бир маромда кетди. Кейинчалик эса, бошқа илм ва соҳаларда бўладигани каби турли бурилишлар ва хатолар юзага кела бошлади. Илми калом бобига бўлган – бўлмаган турли – туман масалалар аралашиб кетди. Шунингдек, мутакаллимлар орасига ҳам ҳар хил шахслар аралашиб кетди. Натижада, ҳақиқий илми каломни сохтасидан, ҳақни ботилдан ажратиб олиш қийин бўлиб қолди. Ана шундай оғир бир пайтда соф Ислом ақийдасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар етишиб чиқдилар. Улар Қуръони Карим ва Суннат таълимотлари асосида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари услубида ақийда масалаларини ёрита бошладилар. Уларга аҳли Сунна ва жамоа номи берилди. Кейинроқ одамларга тушунарли бўлиши учун матнларни таъвил қилишга ҳам мажбур бўлинди. Турли китоблар битилди. Аҳли Сунна ва жамоанинг ақийда бобидаги таълимотлари тўпланиб тартибга солинди. Охири келиб ақийдавий мазҳаб бўлиб шаклланди ва ўз имомларига ҳам эга бўлди. Аҳли сунна вал жамоа исми бундан аввал ҳам бор эди. Аммо кейинроқ юқорида номлари айтиб ўтилган турли фирқаларга муқобил ўлароқ айни шу исм ишлатила бошланди. Аҳли сунна деганда суннатга юрганларнинг йўли ва ҳадисга амал қиладиганлар деган маъноларни кўзда тутилган. Бу борада имом ал-Ашъарий ва ал-Мотуридийлар аҳли Сунна ва...