Неъматга шукр қилиш мусулмон одам сифатланиши лозим бўлган энг улуғ ва гўзал ахлоқий сифатлардан биридир. Шукр – эзгулик улашган кишига чиройли мақтов ва яхшилик эвазига қилинадиган мукофотдир. Шукр луғатда-мақтов, миннатдорчилик билдириш, раҳмат ва ташаккур этиш деган маъноларни ифодаласа, неъмат эса, ҳузур-ҳаловат, фаровонлик, мўлчилик, фаровон турмуш, мол-мулк, бойлик ва неъмат каби маъноларда қўлланилади. Истилоҳда, мусулмон киши бирор бир яхшиликка эга бўлса ёки унга бирор бир неъмат етса, буларнинг барчаси Аллоҳ таолодан деб эътироф этиш, уни бошқаларга сўзлаш ва неъматга шукр қилиб уни ўз ўрнига ишлатишга айтилади. Ҳақиқатан, аслида неъмат эгаси Аллоҳ таолонинг ўзидир. Аммо, баъзи неъматлар етишида воситачи бўлади. Худди, инсон ҳақ йўлни топишида ёки бирор бир илм ё касб эгаси бўлишида пайғамбарлар, уламолар ва устозлар воситачи бўлганлари каби. Зотан, ота-она инсонни бу ёруғ дунёга келишига сабабчи бўлсалар, устоз ва мураббийлар дунё ва охират яхшиликларига эга бўлишларига сабабчи зотлардир. Шу боис доно халқимиз”Устоз отангдек улуғ”-дея тавсифлашади. Демак, биз бирор неъматга эришдикми дарров неъмат эгасига ташаккуримизни изҳор қилишмиз лозим бўлар экан. Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир яхшиликка эришса, бас, уни зикр қилсин. Ким зикр қилиб эсласа, батаҳқиқ уни шукрини адо этибди. Ким яширса, демак куфрона неъмат қилган бўлади”-дедилар. (Табароний ривояти). Шукр қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, балки ўзидаги моддий ва маънавий неъматлар ҳақида кўп мулоҳаза қилиш, улар берилган тақдирда қандай ҳолатда бўлишини тасаввур этиш, ўзидан қашшоқроқ, қийналганроқ кишиларни ёдга келтириш инсонни ўзидаги неъматлар учун Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Бу иши инъом этувчига ҳам манзур бўлади. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Аксинча, ношукрлик, нонкўрлик каби ҳолатлар инъом этувчида нафрат ва ғазаб пайдо бўлишига олиб келади. Натижада берган неъматларини қайтариб олиш ёки бошқа офат ёхуд мусибатларга дучор қилиш йўли билан жазолаши жоиз бўлиб қолади. Ношукрлик инсонлараро муносабатларда ҳам ўзининг салбий натижаларини беради. Яхшиликни қадрлаб, имкони бўлса қайтариш айнан олижанобликдир. Инсон нимага эришган бўлса, авваломбор Аллоҳнинг ўлчови қолаверса сабабият оламидаги сабабларга боғлиқдир. Биз доимо хушёр ва сергак бўлиб неъматларни ўз ўрнида қадрлашимиз шу билан биргаликда атрофимиздаги инсонларга ҳам тез-тез эслатиб туришимиз лозим. Шунда бизга етган неъматни қадрлаган бўлишлигимиз билан бирга зиёдасига ҳам эга бўлиш бахти туради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِنْ كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим сураси,7-оят). Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан, у киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Аллоҳнинг ҳадди – чегарасида турганлар ва ундан чиққанларнинг мисоли худди бир кемадан қуръа орқали жой олган кишиларга ўхшайди. Уларнинг баъзиси кеманинг юқорисидан, баъзиси пастидан жой олдилар. Пастдагилар сувга ҳожатлари тушса, юқоридагиларнинг олдидан ўтар эдилар. Улар: “Юқоридагиларга озор бермаслигимиз учун ўз улушимиздан бир жойни тешиб олсак, қандоқ бўларкин”. Агар уларнинг қулларидан тутсалар, улар ҳам, бошқалар ҳам – ҳаммалари нажот топурлар”. (Имом Бухорий ривоят қилган). Ватанимиз осмони мусаффо, тинчлик-осойишта бу ҳаётимизни шукрини қилиш шу азиз юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳам қарзи ҳам фарзи бўлиши даркор. Ҳа, ўзини, оиласини, яқинларини, бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир шахс бу ҳақиқатни теран англайди. Бу ишда ҳар ким...
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин. 1. Дуо. Гуноҳни тарк этишга ёрдам берадиган ва ҳар бир муаммонинг ҳал бўлишида энг катта сабаблардан бири дуодир. Эй тавба қилувчи эркак! Эй тавба қилувчи аёл! Эй гуноҳларни тарк этишни хоҳлаётган киши! Қўлларингни дуони эшитадиган ва балони даф қиладиган Зотга кўтар! Шояд Аллоҳ сенинг сидқингни, кўз ёшларингни, тазарруъларингни кўриб, сенга ёрдам берса, гуноҳларни тарк этишинг учун сенга қувват ато қилса. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган: “Парвардигорингиз: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!” – деди. Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар” (Ғофир, 60). 2. Жидду-жаҳд қилиш. Гуноҳни тарк этиш бир кеча-кунлдуз орасида бўлади, деб ўйлама. Бу иш мужоҳада (қаттиқ жидду жаҳд қилиш)ни, сабрни, бардошни талаб этади. Шуни билки, қаттиқ жидду жаҳд қилиш гуноҳларни тарк этишдаги сидқингга (гуноҳларни чиндан ҳам тарк этмоқчилигингга) далолат қилади. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган: “Бизнинг тўғримизда (йўлимизда) жиҳод (жидду жаҳд) қилганларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз. Албатта, Аллоҳ эзгу иш қилувчилар билан биргадир!”(Анкабут, 69). 3. Гуноҳнинг оқибатини ва натижасини билиш. Агар сен гуноҳларнинг оқибати ҳақида ўйлаб кўрсанг, уларни тарк қилишинг осон бўлади. Гуноҳларнинг оқибатига ғам, алам, маҳзунлик, машаққат, торлик, ёлғизлик, Аллоҳдан узоқлашиш, ризқдан, илмдан, умрдан бараканинг кетиши ва ҳоказоларни мисол қилиб келтириш мумкин. 4. Гуноҳга олиб борадиган сабаблардан узоқлашиш. Ҳар бир маъсиятнинг сабаби бўлади. Ўша сабаб кишини ўша гуноҳда давом этишига олиб келади. Гуноҳга олиб борадиган сабабларнинг ҳаммасидан узоқлашиш ўша гуноҳни тарк этишга ёрдам беради. 5. Ёмон шерикдан эҳтиёт бўлиш. Баъзи ёшлар гуноҳларни тарк этишни исташади. Лекин оғайнилари уни яна ўша гуноҳларга ундашади. Ҳоким раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Мустадрак” китобида ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Киши дўстининг динида бўлади. Сизлардан бирингиз ким билан дўстлашаётганига назар солсин!” деганлар. Яъни киши дўстининг сийратида бўлади. Шунинг учун дўстнинг яхшисини, солиҳини танлаш керак. 6. Ўлимнинг тўсатдан келишини эсга олиш. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади: “Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир” (Оли Имрон, 185). Сен телевизорда турли беҳаё нарсаларни кўриб ўтирганингда, ўлим келиб қолишини ҳеч ўйлаб кўрганмисан?! Сен намоз ўқимай ухлаб ётганингда, ўлим келиб қолишини ҳеч ўйлаб кўрганмисан?! Ўшанда нимани орзу қиласан? Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган: “Токи улардан (мушриклардан) бирортасига ўлим келганида: “Эй, Раббим! Мени (яна ҳаётга) қайтарингиз! Шояд, мен тарк этган жойим (дунё)да яхши амал қилсам”, – дер” (Муъминун, 99-100). 7. Ғассол ювишини эслаш. Вафот этганингда ғассол сени ювиш учун хонтахта устига ётқизиб қўяди. Сен ҳаракатсиз жасад бўлиб ётасан. Улар сени у ёқдан бу ёққа ағдариб, ҳаракатлантиришади, ювишади. 8. Тобутга солиниб, елкаларга кўтарилишни эслаш. Яқинда одамлар сени тобутга солиб, елкаларига кўтаришади. Хўш, ўшанда қувватинг қаерда бўлади?! Ёшлигингчи?! Такаббурлигингчи?! Дўстларингчи?! У кунда сенга фақат солиҳ амалларинг фойда беради. 9. Қабрга қўйилишни эслаш. Қабрга сени қўйишганда, аҳлинг, дўстларинг сени тарк этишади. Сен билан фақат амалларинг бирга қолади. Хўш, ўзинг билан бирга қабрингга кирадиган қандай амал қилдинг?! Қабрингда сенга ҳамроҳ бўладиган амаллар солиҳ амалларми ёки ёмон амалларми?! Сенга қандай амаллар ҳамроҳлик қилишини истайсан?! Тоат-ибодатларингми ёки кўрган беҳаё нарсаларингми?! 10. Аллоҳ таолога рўбарў бўлишни эслаш. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган: “(Барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган кундан (қиёматдан) қўрқингиз!” (Бақара, 281). “Ўша кунда сизлар (ҳисобот учун Аллоҳга) кўндаланг қилинурсиз, сизларнинг бирор...
Аллоҳ таоло Қуръонни инсонларга раҳмат ва ҳидоят қилиб, Росулининг йўлини эса тўғри йўл қилиб белгилади. Муслим эса Раббисининг ва расулининг кўрсатмаларига оғишмай амал қиладиган солиҳ инсон бўлганлиги сабабли оламларнинг гултожидир. Унинг зарра миқдоридаги яхшилиги ҳам жавобсиз қолмайди, у нимаки, хайрли иш қилмасин зое кетмайди. Чунки Аллоҳ таоло шундай дейди: وَمَا يَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ فَلَنْ يُكْفَرُوهُ ۗ وَاللَّهُ عَلِيمٌ بِالْمُتَّقِينَ “Яхшилик қилсалар, ҳаргиз инкор этилмаслар. Аллоҳ тақводорларни яхши билувчи зотдир” (Оли Имрон, 115). Биргина сўзни ҳам Аллоҳ розилиги учун айтар экан, бу учун ҳам улуғ ажр бордир. Қуйида мусулмон киши кундалик ҳаёти давомида айтиб юрса, улкан савобларга эришадиган зикрлар келтирилган. Ҳар бир ишни бошлашдан олдин: بسم الله “Бисмиллаҳ”- “Аллоҳ номи билан бошлайман”. Биродари билан кўришган пайтида: السلام عليكم و رحمة الله و بركه “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ”-“Сизга тинчлик-хотиржамлик, Аллонинг раҳмати ва баракаси бўлсин”. Аллоҳни улуғлаш учун: الله اكبر “Аллоҳу акбар”- “Аллоҳ буюкдир”. Хушхабар эшитганда, Аллоҳнинг гўзал ишларига қойил қолганда: سبحان الله “Субҳаналлоҳ”- “Аллоҳ покдир”. Аллоҳ таолонинг неъматлари ҳақида тафаккур қилиб, унга шукроналик келтирганда: الحمد لله “Алҳамдулиллаҳ”- “Аллоҳга ҳамд бўлсин”. Аллоҳ таоло ажойиб бир ишни тақдир қилганда: ما شاء الله “МашаАллоҳ”- “Нима бўлган бўлса, Аллоҳнинг иродаси билан бўлган”. Келгусида бажармоқчи бўлган ишни қилиш, унга ваъда беришдан олдин: ان شاء الله “Ин ша Аллоҳ”- “Аллоҳ хоҳласа”. Қўрқув ва тушкунликка тушганда: حسبنا الله ونعم الوكيل “ҲасбунАллоҳу ва ниъмал вакил”- “Аллоҳ ўзи етарлидир ва у қандай яхши вакилдир”. Ёмон ўй-хаёллар келганда: أعوذ بالله من الشيطان الرجيم “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм”- “Лаънатланган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман” Қилган гуноҳ-у хатоларига тавба қилиш учун: استغفر الله “Астағфируллоҳ”- “Аллоҳ мени кечирсин”. Ёрдамсиз, муҳтож ҳис қилганда: و الله المستعان “Аллоҳнинг ёрдами етарлидир”. Йўқотишга дуч келганда ёки ўлим хабарини эшитганда: إنا لله وإنا إليه راجعون “Инна лиллаҳи ва инна лиллаҳи рожиюъун”-“Биз Аллоҳникимиз ва албатта, унгагина қайтамиз”. Кишини яхши иши учун мақташганда: و ما توفيق الا بالله “Ва ма тавфиқи илла биллаҳ”. Кишилар бир-бирларига яхшиликни сўраб дуо қилганларида: آمين “Амин”- “Дуоларимизни қабул қил”. Бирор кишининг қилган яхшилигига “раҳмат” айтганда: بارك الله فيك “Баракаллоҳу фийка”- “Аллоҳ сенга барака берсин”. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг номларини эшитганда ёзаётганда ва зикр қилаётганда: صلى الله عليه و سلم “Соллаллоҳу алайҳи ва саллам”- “Аллоҳнинг у зотга саломи ва саловати бўлсин”. 3-курс талабаси Мунаввара Ниёзалиева 670
Оламларни йўқдан бор этиб, Ерни сокин барқарор этиб, Неъматларни индирган Аллоҳ, Шаънига ҳамд юборгум ҳар гоҳ. Бандаларига ато этган ҳисобсиз неъматлари ичида ҳидоят неъматини энг улуғ қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин. “Қайси бандага неъмат берилса ва у Аллоҳга ҳамд айтса, ҳамд ундан (неъматдан) афзал бўлади” дея умматга ҳамд айтишни таълим берган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга неъматларнинг ададича саловоту, саломлар бўлсин. “Неъмат” сўзи луғатда ҳузур-ҳаловат, фаровонлик, мўлчилик, фаровон турмуш, бойлик, неъмат, бахт, саодат, ҳадя, садақа, хайр-саховат маъноларини англатади. Бир бандадан унга берилган неъмат ҳақида сўзлашни сўралса, аввало ҳаётида ўзи учун энг қадрли бўлган нарсани эсга олади. Бироқ ҳар бир инсоннинг ҳаётда қадрли бўлган неъматлари, худди инсонларнинг дунёқараши ва фикрлаши каби турлидир. Аллоҳнинг бизга берган неъматларининг энг аввали бизни инсон қилиб яратиб, икром қилганидир. Қуръони каримда Исро сурасининг 70-оятида: “Батаҳқиқ, Биз Бани одамни азизу-мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда улов-ла кўтардик. Ҳамда уларни пок нарсалар билан ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик” деб марҳамат қилган. Одам Ато хато туфайли жаннатдан туширилганларида тавба қилиб Аллоҳнинг мағфиратига лойиқ бўлишлари, тавбани қабул қилганидан сўнг, ер юзида, қуруқлигу денгизда наботот, ҳайвонотни биз учун бўйин сундурганлиги ҳисобсиз неъматдир. Коинотдаги қуёш ва юлдузларни инсон учун бўйсундириб йиллар ададини ҳисоблашимиз учун тинимсиз ҳаракатга келтириб, бизга вақт неъматини бергани ҳам улуғ неъматдир. Чексиз неъматларнинг маълум бир қисмини бўлса ҳам англашимиз учун ҳайвонлардан фарқли ўлароқ ақл бергани эса асосий неъматлардан биридир. Агар ҳайвонот, жамотот, наботот, самовот, қуруқлик ва денгиздан Аллоҳнинг неъматларидан калималар ила битсак, денгиз сиёҳ бўлса-ю ундаги мўжизавий неъматларни ниҳоясига етказмасимиздан аввал денгизлар қуриб қоларди. Буларнинг барчасини биргина “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз саноғига ета олмассиз, албатта Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмлидир” ояти ила англашга ҳаракат қиламиз. Роҳман сурасида 32 марта бир оятнинг такрор-такрор келишлиги ҳам бежиз эмасдир: “Бас, Аллоҳнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?” Юқорида айтилганидек ҳар бир инсон учун ўзининг қадрли ҳисобланадиган нарсаларининг ичида ҳам энг қадрлиси бўлади. Лекин инсоният қўлига тарози берилса, ҳар бири ўзининг палласини доим ҳақ, тўғри деб билади. Бироқ улуғ неъматларни берувчи Роҳманнинг ягоналиги каби ҳақиқат тарозиси ҳам Унинг тарозисидир. Ҳар бир ишни ҳикмат ила қилувчи Ҳаким зот инсонларни Одам Атодан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача босқичма-босқич огоҳлантириб ўзининг Ўзининг Боис сифати ила пайғамбарлар юборди. Сўнгги пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Исломнинг охирги ва мукаммал шариатини туширди ва уни охиратгача боқий қилди. Бу шариатни энг тўғри ва адолатли меъзон қилди ва унинг ажратувчисини Фурқон қилди. Бу тарози ила барча неъматлар ичида энг улуғи, энг қадрлиси ва усиз барча неъматлар инсоннинг туғёни ва куфрига сабаб бўладигани ҳидоят неъматидир. Аллоҳ ҳидояти ила ҳаётимиз дастури Қуръонни улуғлаб, унга амал қиламиз ва иншаАллоҳ бу дунё ва охиратнинг саодатига эришамиз. Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиб ҳамд айтиш Карим зотнинг биздаги ҳаққидир. Қуръони каримда Намл сурасининг 40-оятида “Ким шукр қилса, ўзи учун шукр қилур, ким ношкурлик қилса, Роббим ўта беҳожат карамлидур“. Неъматга шукур қилиш учун аввало унинг қадрини англаш лозим. Кўпчилик неъматни қадрлаш деганда, агар у соғлиқ бўлса, уни сақлаб, тўғри овқатланиб, бадантарбия билан доимий шуғулланишни тушунади. Мол-мулк бўлса, уни ишончли жойда сақлаб, зарар етказмай жамғаришни, оила бўлса, ўзаро муносабатни яхшилаб, оилавий муҳаббатни зиёда қилишни тушунади. Неъматни қадрлаш деганда, уни берган Зот Аллоҳ таоло эканлигини чуқур ҳис этиб, унга ўзи амр қилгандек шукр қилишлик тушунилади. Неъматларнинг бардавом ва зиёда бўлишлиги унга доимий шукр ила бўлади....