Маълумки, яқин кунларда мусулмонлар интиқиб кутадиган, муборак Рамазони шариф ойи кириб келмоқда. Ҳар йили юртдошларимиз Рамазон ойини алоҳида тайёргарлик ва хурсандчилик билан кутиб оладилар ва кўтаринки руҳда, ўзгача шукуҳ билан ўтказадилар. Чунки, Рамазон ойида мўмин-мусулмонларнинг ризқига барака, амалларига улкан ажру савоблар ато этилади. Зеро, Аллоҳ таоло Рамазон ойида мўминларга кундуз кунлари рўза тутмоқликни фарз, тунлари таровиҳ намозини ўқимоқликни нафл қилиб берган. Рамазон ойида Қуръони каримни хеч бўлмаса бир марта бошидан охиригача ўқиб хатм қилиш Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларидандир. Рўзадорларга ифторлик қилиб бериш, муҳтожларга хайру садақалар улашиш ушбу ойга хос бўлган амаллардан саналади. Лекин, минг афсуски, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам Коронавирус пандимеяси тарқалди. Бу касаллик кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида юртимизда карантин эълон қилинди. Маълумки, ушбу ҳолат вужудга келгани муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг “Коронавирус (COVID-19) инфекциясининг тарқалишини олдини олиш бўйича ФАТВОСИ” эълон қилинди. Фатвода юртимизда эпидемиологик вазият барқарорлашгунгача жамоавий намозлар вақтинча тўхтатилиб, мусулмонларимизга намозларни уйларида адо этишлари лозим эканлиги етказилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Рамазон ойини ўтказиш бўйича қўшни ва хорижий мамлакатлардаги ҳолат ўрганилди. Жумладан, Миср Араб Республикаси, Саудия Арабистони, Туркия, Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси мусулмонлари диний идоралари томонидан Рамазон ойида масжидларда таровиҳ намозлари адо этилмаслиги ва оммавий ифторликлар уюштирилмаслиги ҳақида баёнотлар эъло қилинди. Шунингдек, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон мусулмонлари диний идоралари билан мазкур масала муҳокама қилинди ва ягона тўхтамга келиш ҳақида қарор қилинди. Юқоридагилардан келиб чиқан ҳолда, шунингдек, фуқароларимиз орасида Рамазон ойида кўзда тутилган диний маросимлар сабабли карантин талаблари бузилишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши барча мусулмонларни қуйидаги кўрсатмаларга қатъий риоя қилишга чақиради: Рамазон ойида мўмин-мусулмонларимиз таровиҳ намозларини, хатми Қуръонларни ўз оила аъзолари билан хонадонларида ўтказсинлар. Муборак Рамазон ойида мўмин мусулмонларимизнинг руҳини кўтариш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган қориларнинг хатми Қуръонлари онлайн тарзда амалга оширилиши йўлга қўйилсин. Ифторлик савобидан умидвор бўлган саҳоватпеша мусулмонларимиз ифторлик маросимлари учун мўлжаллаган маблағларини “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари” орқали моддий кўмакка муҳтож оилаларга етказсинлар. Барча мусулмонларимиз қўни-қўшни ва яқин қариндошларни тўплаган ҳолда ифторлик уюштиришлари карантин талабларига зид келиши баробарида Аллоҳ таолонинг ишбошиларга итоат қилиш ҳақидаги Нисо сураси : “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!…” 59-оятига ҳилоф эканини англашлари лозим. Закот маблағларини ҳамда фитр ва фидя садақаларини “Вақф” ҳайрия жамоат Фонди ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳисоб рақамларига ёки “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари”га топширишлари тавсия этилади. Рамазон ойи давомида барча телеканаллар орқали эфирга узатилиши режалаштирилган кўрсатувлар Медиа-режаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти қозиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бош имом-хатиблари ҳамда халқимиз орасида обрўли диний уламоларимизнинг ушбу Баёнотда белгиланган вазифаларни халқимизга етказиш мақсадида оммавий ахборот воситаларида чиқишлар ташкил қилинсин ва кенг ёритилсин. Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти қозиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бош имом-хатиблари томонидан ижтимоий тармоқлар орқали, “Рамазон – раҳмат ва сабр ойи” мавзусидаги маърузаларни мунтазам он-лайн тарзда бериб боришни йўлга қўйсинлар. Мусулмонларимиз хонадонларида Аллоҳ таолодан коронавирус балосини тез кунларда бартараф этишини сўраб, ихлос билан дуо қилсинлар. Аллоҳ таоло тез кунларда беморларимизга шифои комил бериб, дунё халқлари, жумладан юртимиздан бу касалликни кўтарсин! Ҳамда фазилатли жамоатлар билан ибодатларни комил суратда адо қилишни барчамизга насиб қилсин! Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши 711
Имомларни жамият пешвоси, деймиз. Бу гап айни синовли кунларда янада ёққол ўз ифодасини топмоқда. Ҳозир кўпчилик инсонлар тоат-ибодатга, оилавий аҳлликка, фарзандлар тарбиясига кўпроқ эътибор бермоқда, хайрли ишларга кўп бел боғламоқда, эҳтиёжманд кишилар ҳақида ҳар қачонгидан кўп қайғурмоқда. Аслида, бу каби хайрли ишлар имомларнинг кундалик фаолияти саналади. Шу кунларда имом-хатибларнинг бу борадаги ишларининг салмоғи янада сезиларли даражада ортган. Ҳеч нарса беҳикмат бўлмайди… Бугунги синовли кунлар ҳам. Мўмин-мусулмон киши ҳар қандай ҳолатда тафаккур ила Аллоҳга таваккал қилади, хайрли ишларга интилаверади. Шу боис бугун оммавий тарзда тарқалаётган коронавирусдан ўзимиз ва ўзгаларнинг соғлигини сақлаш учун энг мақбул йўл карантинни лозим тутишимиз даркор. Умр қисқа, деймиз. Карантин даври эса ундан минг чандон қисқа. Ана шу вақтни оиламиз бахту осойишталиги, фарзандларимиз таълим-тарбиясига сарфлашимиз айни муддао. Ҳар қандай вабонинг кенг тарқалишининг олдини олишда бутун дунёдаги энг самарали услуб карантин ҳисобланади. Бунинг яққол исботини Хитой каби давлатлар мисолида кўриш мумкин. Хитой қатъий тартиб асосида карантин жорий қилиб тезлик билан ёйилиб, ҳатто баъзиларнинг ўлими билан якунланаётган вабо устидан назорат ўрната олди. Карантин [итал. quarantena – қирқ кун], карантинлаш – ўта хавфли юқумли касалликлар тарқалишини чеклашга қаратилган эпидемияга қарши маъмурий ва санитария тадбирлари мажмуи. Дунё аҳлининг ҳаловатини ўғирлаган вабо туфайли ҳозир жуда кўп давлатларда карантин эълон қилиниб, йиғин ва тадбирлар, халқаро қатновлар бекор қилинди. Тўй-маъракалар, таълим муассасалари, диний маросимлар, ҳаттоки масжидларнинг вақтинча тўхтатилиши бу вабонинг нақадар жиддий эканини кўрсатади. Афсуски, бу вабодан юртимиз ҳам истисно бўлгани йўқ. Ўзбекистонда «CОVID-19»га чалинган беъморлар аниқланиши билан дарҳол карантин жорий қилинди. Карантин ҳолати яқин тарихимизда ҳали кузатилмагани боис баъзи юртдошларимиз ваҳима, қўрқувга тушиб қолди. Бунга бир жиҳатдан ахборот воситалари ва интернет тармоғининг ривожи ҳам ўз «ҳисса»сини қўшди. Агарда вабога қарши фақат шифокорлар ва фақат масъул мутасаддилар эмас, барчамиз бирдек курашадиган бўлсак, у тезда даф бўлади. Унинг учун халқимиздан тартиб-интизом, бирдамлик ва фидокорлик талаб этилади. Шунингдек, атрофдагилар ҳам карантин ҳолатида барча тартиб қоидаларга риоя қилиб, сабабларни ҳозирласалар, вабони ҳеч қандай ортиқча хавотирсиз енгиш мумкин. Шу билан бирга, карантин даври – ҳар бир касб эгаси, жумладан, имом-хатибларимиз учун ўз устида ишлашга жуда қулай фурсат. Ҳадиси шарифларимизда: «Бўш вақтингизни ғанимат билинг, банд бўлиб қолишингиздан олдин» деб айтилгани ҳаммамизга маълум. Ҳозирги карантин вақтидан унумли, сермазмун, сермаҳсул ва сермаъно фойдаланиб, имом-домлалар ўзларининг қироатларига эътибор беришлари, мўътабар манбаларни такрорлашлари, ақида, қироат, тафсир, фиқҳ, ҳадис китобларини ўқиб, фанлардан пухтароқ изланишлари, билганларини мукаммаллаштириб олишлари тавсия этилади. Қолаверса, ўзлари ҳам ижод қилиб, китоб, мақола ёзишлари, илмий иш қилишлари учун Худои таолодан яхши имконият. Доно халқимиз ҳам: «Бекор ўтиргандан, бекор ишла», «Бекорчидан Худо безор» деб бежиз айтмаган. Абу Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қавмга уларнинг ичидан Аллоҳнинг Китобига қорироқлари имом бўлади. Агар қироатда баробар бўлсалар, суннатни яхши биладиганлари бўлади…” – дедилар” (Муҳаддис имомлардан бешталари ривоят қилганлар). Абу Марсад Ғанавийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар намозингизнинг қабул қилиниши сизларни масрур қиладиган бўлса, уламоларингиз имомлик қилсин,” – деганлар” (Имом Ҳоким ривоятлари). Демак, Ислом дини имом-хатиб зиммасига катта вазифалар юклайди. Имом-хатиб Аллоҳ таолонинг марҳамати билан диний ва дунёвий илмлардан баҳраманд бўлиб, улуғ устоз, мударрис ва муаллимлардан етарли ва зарур билимларни олади. Шунингдек, халқимиз ибодатларни тўғри адо этишида, маросимларни рисоладагидек ўтказишида ва динимизнинг эзгу таълимотларини...
Ҳурматли ватандошлар! Ҳозирги кунда бутун дунёнинг диққат-эътибори Covid-19 коронавирус пандемиясига қаратилган бўлиб, жаҳон илм-фани аҳли ушбу касаллик тарқалишининг олдини олиш ва тўхтатиш, инсоний талофатни кескин камайтириш ва бу хатарни илдизи билан қуритиш учун бор интеллектуал салоҳиятини сафарбар этмоқда. Бугун Ўзбекистон ҳукумати муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев бошчилигида бу юқумли хасталикнинг аҳоли ўртасида кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш, она халқимизни бундай оғир синовдан соғ-омон олиб ўтиш учун барча зарур ва кескин чораларни амалга оширмоқда. Давлатимиз раҳбарининг қатъий позицияси, халқсевар сиёсати қабул қилаётган оқилона Фармон ва қарорлари пандемияни жиловлаш ва унинг салбий таъсирини юмшатишга кучли замин яратмоқда. Мамлакатимизда истиқомат қилаётган 130 дан ортиқ миллат ва элатларни янада жипслаштириш, энг муҳими, уларнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида оламшумул ишлар олиб борилмоқда. Президентимизнинг “Ишонтириб айтаманки, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир Ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъулмиз”, деган сўзлари барчамиз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Бунинг бирдан бир амалга ошириш йўли – Президент ғояларига садоқат билан ёндашиш ва уларнинг атрофида жипслашиш ҳамда кўрсатма ва тавсияларига биноан иш тутиш ёруғ кунлар ва порлоқ келажак сари ишончли йўлдир. Коронавирус пандемиясининг таъсирини камайтириш бўйича олий таълим тизимида ҳам муҳим қадамлар ташланди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда олий таълим муассасаларида бу халокатли офат билан курашиш бўйича барча зарур тадбирлар амалга оширилмоқда. Муҳтарам илм аҳли, ҳурматли зиёлилар! Ўзбекистон халқ ёзувчиси, буюк адибимиз Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекнинг “Жаҳон тарихида мисли кўрилмаган мўъжизалар яратган улуғ халқ ҳар ишга қодир”, деган фикрлари ўзбек халқига берилган муносиб баҳодир. Эл-юрт бошига оғир иш тушганда сафнинг олдида туриш, фидойилик ва жасорат кўрсатишдек шарафли вазифа ҳамиша сизу бизнинг, олимлар ва ўқитувчи-домлалар, илм аҳли ва зиёлилар зиммасидадир. Биз бугунги масъулиятли синов кунларида маънавий бирлигимиз, мустаҳкам ҳаётий эътиқодимиз билан барчага ибрат бўлишимиз, намуна кўрсатишимиз зарур бўлади. Юзага келган вазият ўқув-тарбия жараёнларини масофавий тарзда давом эттиришни тақозо этмоқда. Бундай таълим усулини ташкил этишда таълим йўналишлари ва мутахассисликларнинг ўқув режалари асосида жорий семестрдаги фанларнинг дастурларига алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда олий таълимда ўқитилаётган фанлар бўйича электрон таълим ресурслари яратилди ва ҳар бир олий таълим муассасасининг масофавий ўқитиш платформасига жойлаштирилди. Биз сиз, ҳурматли устоз-мураббийларни мавжуд имкониятдан тўғри ва самарали фойдаланган ҳолда: – аввало, Муҳтарам Президентимизнинг мурожаатларининг моҳиятини халқимиз, айниқса, ёш авлодга етказиш ва ҳаётга жорий этишда ибрат кўрсатишга; – юртимизга четдан кириб келган коронавирус пандемиясини бартараф этиш йўлида давлатимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатни қўллаб-қувватлаш ва касаллик тарқалишининг олдини олишда ҳукуматимизга яқиндан ёрдам беришга; – онлайн дарсларни ташкил қилишда фаол иштирок этишга, хусусан, фанлар бўйича видеомаърузаларни, семинар ҳамда амалий машғулотларнинг тақдимотларини тайёрлаб, тегишли сайтларга жойлаштиришда фаол бўлишга; – машғулотларнинг мазумни, сифати ва унинг ҳаётийлигини юқори даражада таъминлашга; – талаба-ёшларнинг дарсларга бўлган қизиқишини янада кучайтириш ва уларнинг фаоллигини оширишга; – мобиль алоқа, интернет орқали ёшлар қалбида ўз касбига, маданият, санъат ва адабиётга бўлган муносабатни янги босқичга кўтаришга; – уйда қолиб, ушбу касалликка қарши курашиш ва унинг ҳаётимизга салбий таъсирини камайтириш йўлидаги эзгу ишларни электрон оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали маҳалла ва жамоатчиликка кенг тарғиб қилишга даъват этамиз. Қадрли талабалар, азиз...