Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и Халқимиз асрлар давомида эзгулик, саховат, сабр-қаноат, меҳр-шафқат ойи сифатида нишонлаб келган муборак Рамазон ойи бу йил бутун дунёда коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида юзага келган мураккаб эпидемиологик вазият давом этаётган оғир бир даврга тўғри келмоқда. Ана шундай қийин шароитда ҳам муқаддас динимиз буюрган ибодат амалларини уйда, оила даврасида адо этиб келаётган юртимиз мўмин-мусулмонлари ушбу фазилатли ойни Яратганнинг чексиз раҳмати ва мағфиратининг белгиси сифатида, эртанги кунга катта ишонч ва хурсандчилик билан кутиб олмоқда. Муборак Рамазон ойининг жамиятимиздаги маънавий-руҳий барқарорликни мустаҳкамлаш, ҳозирги мураккаб синов ва машаққатларни халқимиз, бутун жаҳон аҳли билан ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатликда енгиб ўтишдаги аҳамиятини инобатга олган ҳолда ҳамда муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, унинг тинчлик, бағрикенглик, шукроналик каби олижаноб ғояларини кенг тарғиб этиш, диний-маърифий, маданий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида: 1. 2020 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 24 апрель кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин. 2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари ўзаро ҳамкорликда Рамазон ойининг карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда, уй шароитида, оила даврасида ўтказилиши учун зарур шароитларни яратишга йўналтирилган барча чора-тадбирларни амалга оширсин. Айниқса, ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият берилсин. 3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига мавжуд эпидемиологик шароитдан келиб чиқиб, диний-маърифий руҳдаги онлайн суҳбат ва маърузалар ташкил этиш, бу йилги Рамазон ойини уй шароитида ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни ёритиш тавсия этилсин. 4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов зиммасига юклансин. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ Тошкент шаҳри, 2020 йил 20 апрель 868
Қуръонни устозлардан ўрганишнинг уч йўли бор: 1. Шогиртга устози кундалик дарсини ўқиб беради, сўнгра шогирд қандай эшитган бўлса, шундай қилиб устозига ўқиб беради. [1] Қуръонни ўрганишдаги энг афзал йўл мана шудир. Чунки бу услубда толиби илм ҳам устозини эшитади, ҳам талқин қилади. 2. Шогирд ўзи мустақил тайёрлаб келган дарсини устозидан ўтказиб олади холос. Бу услуб тасдиқлатиб олиш деб номланади. Устоз шогирди йўл қўйган тажвидий ёки талаффузга оид хатоларни тўғрилайди. [2] 3. Шогирд устозига ўқиб бермасдан, фақат эшитиб юради. Бу пухта ўрганишда кам фойда берадиган услубдир. Боиси, Қуръон ўрганувчи устозининг тўғри қироатини эшитиб юради-ю, аммо ўзи қироат қилишни истаганда устоздан эшитганидек тўғри ўқий олмайди. Чунки киши ўзининг тўғри ёки нотўғри ўқиётганини аниқ билмайди. Унга тўғри ёки хато ўқиганини айтиб турадиган тажвидда маҳоратли устоз керак бўлади. [3] Шайх Муҳаммад Маккий Наср ўзларининг «Ниҳаятул-қовлил муфийд» китобларида айтадилар: «Масобиҳ» китобида зикр қилинадики, қорилар ўртасида шундай одат бор эди: Аввал устоз шогирди эшитсин устун ўқиб беради, сўнгра шогирт ўқиб беради. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга: «Албатта Аллоҳ менинг сизга Қуръон ўқиб беришимни буюрди» дедилар”. [4] Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Убай розияллоҳу анҳуга ўқиб беришларидан мурод унга Қуръонни ўргатишлари ва иршод қилишлари эди. Убай ибн Каъб қори саҳобаларнинг биринчиси ҳамда худди Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам амийнул-ваҳй бўлган Жаброил алайҳиссаломдан Қуръонни қабул қилиб олганларидее қилиб Набий алайҳиссаломдан Қуръонни қабул қилиб олишда энг истеъдодлиси эдилар. Шу сабабдан ҳам у киши Қуръон ила хосланганлар”. Иқтибос тугади. Бирор янги ишга киришганда қийналиш ва бироз машаққат чекиш инсоннинг табиатига хосдир. Секин-аста кишининг тайёргарлиги ва маҳорати ошиб бораверади, сўнгида бу иш енгиллашиб қолади. Қуръонни ўргана бошлаганда ҳам кишида мана шундай ҳолат бўлади. Бошида у ҳарфларни тўғри талаффуз қилиш ва тажвид қоидаларига риоя қилишда қийинчиликларга йўлиқади. Агар киши ўрганишда бардавом бўлса, қисқа муддатдан сўнг бу иш унга осон бўлиб қолади, Қуръонни тажвид билан тиловат қила бошлайди ҳамда Қуръон тиловатида моҳир бўлганларнинг йўлларига тушиб олади. Саҳиҳ ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Қуръонни маҳорат билан ўқийдиган қорилар улуғ ва мукаррам фаришталар билан бирга бўлади, Қуръонни тутилиб-тутилиб ўқийдиган ва қийналиб қироит қиладиган киши учун икки ажр бордир». [5] Бошқа бир ривоятда: «У қироатда қийналувчи бўлса» деб келган. Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон ўқувчиларни икки қисмга ажратдилар: 1. Қуръонни маҳорат билан ўқийдиган киши – уни Набий алайҳиссалом улуғ ва мукаррам фаришталар билан бирга зикр қилдилар. Бу эса олий даража, юксак мақом бўлиб, бунга эришган киши бахтли кишидир. 2. Қуръонни тутилиб ўқийдиган ва араб бўлмагани ёки ўрганишни энди бошлагани туфайли талаффуз қилишда қийналадиган, ўзида машаққат сезадиган киши. Ўз тиллари араб тили бўлмаса-да Қуръони каримни жон-диллари ила пухта ёд олган, уни тўғри тиловат қилган ва моҳир қорилар даражасига эришган кишиларни кўп кўрамиз, ҳатто шундоқ ҳолларида ҳам араб тилида сўзлаша олмайдилар. Улар бу даражага қандай эришишган? – Ўрганишдаги сабр, интилувчанлик ва давомийлик ила, токи тиллари ўрганиб кетгунича, талаффузлари равон бўлгунича, тиллари соф арабий бўлиб кетгунича ўз устида ишлаш билан. Бу Қуръони каримнинг мўъжизаларидандир! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон кишининг динига оид ҳар бир ишда, айниқса Қуръони карим тиловатида олийҳиммат бўлишини истаганлари учун ҳам ҳадисни Қуръон тиловатидаги энг афзал ҳолат – унда...
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Бугун Коронавирус касаллигининг шиддат билан Ер юзига тарқалаётгани бутун инсониятни жиддий ташвишга солмоқда. Ҳар бир давлат ушбу офат таъсирини юмшатиш, кенг тарқалишининг олдини олишга жиддий ҳаракат қилмоқда. Ҳар бир ибтидонинг интиҳоси бўлганидек, бундай синовли кунлар ҳам тез фурсатда Аллоҳ таолонинг иродаси ила тарихга айланишига ишонамиз. Бугун ҳар биримиз давлатимиз томонидан ўрнатилган талабларга риоя этсак, муҳтарам Юртбошимизнинг кўрсатаётган жонкуярлигини қалбан ҳис этиб, итоат қилсак, машаққатларни, албатта, енгиб ўтамиз, иншо Аллоҳ. Давлатимиз раҳбари ушбу касаллик кенг тарқалиб кетмаслигининг олдини олиш борасидаги мурожаатлари халқимизга руҳий мадад, самимий далда бўлди. Ҳар биримизга куч-қувват бериб, инон-ишончимизни мустаҳкамлади. Юртбошимиз тадбиркорларга, ёрдамга муҳтож аҳолига, якка-ёлғизларга, ногиронларга моддий кўмак ва ёрдамларни оширамиз, деганлари инсонпарварликнинг олий намунаси бўлди. Карантиннинг дастлабки кунлариданоқ юксак сафарбарлик чоралари кўрилгани халқимиз учун, оилалар учун, шу юрт фуқароси соғлиғини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Таассуфки, пандемия туфайли ўрнатилган тартиб-қоидаларни менсимаслик ҳолатлари учраётгани кишини ташвишга солади. “Бирники мингга, мингники – туманга”, деган гап бор халқимизда. Арзимас баҳона билан кўчага ошиқаётган, карантин қоидаларини писанд қилмай, важ-карсонлар тўқиётган, қочиб-пусиб шахсий транспорт воситалари билан кўчага чиқишга уринаётган кимсаларнинг мақсади нима? Ахир, улар ҳам вазиятни яққол кўриб, сезиб туришибди-ку. Ўтган даврда карантин қоидаларининг 47 мингга яқин бузилиш ҳолатлари, шу жумладан, 34 минг марта ниқоб тақмаслик, 11 минг марта автотранспортда карантинга риоя қилмаслик ҳолатлари аниқланган. Ҳаттоки, 24 та ҳолатда юзлаб одамларни тўплаб, зиёфат ва маросимлар ўтказилгани аниқланганини қандай тушуниш мумкин. Уларнинг бу хатти-ҳаракатлари, аввало, ўзини, оиласини, бола-чақасини оғир дардга гирифтор қилиб қўйиши мумкин-ку. Аллоҳ таоло бундайга инсофи тавфиқ берсин. Ислом динида инсоннинг вабога сабр қилишига улуғ савоблар ваъда қилинган. Агар бирор жойда вабо ёки ҳалок қилувчи бирор юқумли касаллик тарқалса, у ердаги киши ўзига Аллоҳнинг ҳукмидан бошқа ҳеч нарса етмаслигини ишонган ҳолда сабр қилиб ўтирса, унга шаҳидлик савоби берилади. Агар бирор кимса бесабрлик қилиб, у ердан қочиб кетса, у бу ажрдан бебаҳра қолади. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Вабодан қочувчи кимса (гуноҳда) жанг майдонидан қочувчи кимса кабидир” деганлар (Имом Аҳмад ривояти). Бунинг маъноси шуки, қайси жойда вабо тарқалса, у ердан қочмасдан, собит туриш лозим. У ердан қочиш эса бесабрлик ва Аллоҳ таолога таваккал қилмаслик белгиси бўлгани учун гуноҳдир. Шундай экан, ҳар бир фуқаро берилган тавсия ва кўрсатмаларга амал қилмаса, аввало, ўзининг, оиласининг, яқинларининг ҳаётига катта хавф туғдириши, ҳатто умрига зомин бўлиши мумкинлигини унутмаслиги зарур. Баъзан касалликдан кўра ваҳима ва саросималар инсонни ҳушидан айираёзади. Тиб илмининг султони, бобокалонимиз Ибн Сино айтганидек: “Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир. Хотиржамлик ярим соғликдир. Сабр эса шифонинг бошланишидир”. Бемор ҳар қандай оғир дардни бандаликка хос сифатлар ила қабул қилиб, ажрини Аллоҳдан умид қилса, унинг ортидан ўзи билмаган яхшиликларга эришади. Зеро, ҳар бир дард ва мусибат беҳикмат эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қайси бир кишига тоъун (эпидемия) етса ва уйида сабр ила савоб умидида ўтирса, ўзига Аллоҳ тақдир қилганидан бошқа нарса етмаслигини билса, унга шаҳиднинг ажричалик савоб берилади» (Имом Бухорий ривояти). Вабога чалинган киши дардидан тузалса ҳам шаҳидлик ажри берилади. Алҳамдулиллаҳ, ҳар куни ойнаи жаҳон орқали коронавирус инфекциясини юқтириб олган юртдошларизнинг баъзилари соғаяётганини кўраяпмиз. Шу пайтгача 42 нафар киши бутунлай дарддан фориғ бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, тузалиб, соғайган беморнинг мисоли худди осмондан янги тушган дўл донасининг рангига ва софлигига ўхшайди», дедилар (Имом Термизий...
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари 1952 йил 15 апрелда Андижон вилоятида таваллуд топган. Бухоро шаҳридаги “Мир Араб” мадрасасида, сўнгра Тошкентдаги имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти (Олий маъҳад)да таҳсил олган. Ислом институтини битиришлари биланоқ “Совет шарқи мусулмонлари” журналида ишладилар. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини чет элга, яъни Ливия Араб Республикасининг Триполи шаҳридаги Исломий даъват факультетига ўқишга юборди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари мазкур факультетни 1980 йил имтиёзли тамомлаб, юртга қайтдилар. Islom.uz маълумотларига кўра, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг ташқи алоқалар бўлимида ишлаб, бир пайтда Тошкент ислом институтида дарс бердилар. Кейин мазкур игститутда проректор, сўнгра 1987-1989 йиллар орасида ректор лавозимларида ишладилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари диний идоранинг 1989 йилда бўлиб ўтган Умумий қурултойида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний идораси муфтийси лавозимига тайинландилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари мустақил Ўзбекистон Республикасининг биринчи муфтийси бўлдилар. Шайх ҳазратлари Маккаи Мукаррамадаги “Бутун Дунё Ислом Робитаси”нинг таъсис мажлиси, Бутун дунё тасаввуф уюшмаси, Бутун дунё Исломий халқлари бошқарувининг бош котибияти, Бутун дунё даъват уюшмаси, Бутун дунё Уламолари кенгаши уюшмаси, Исломобод шаҳридаги Бутун дунё Ислом уюшмаси, Маккаи Мукаррамадаги Бутун дунё мутафаккир уламолари йиғинининг ижроия қўмитаси, Бутун дунё масжидлар уюшмаси, Иорданиядаги Оли Байт муассасасига қарашли Исломий фикрлар академияси аъзоси эдилар. Шунингдек, Шайх ҳазратлари Миср Араб Республикаси, Ливия Жамоҳирияси ва Россия федерациялари каби қатор давлатларнинг фахрий унвон ва мукофотлари билан тақдирланганлар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари 2015 йил 10 март куни Тошкент шаҳрида вафот этганлар. 1 042
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг 2020 йилги закот миқдори бўйича ҚАРОРИ Маълумки, закот Ислом арконларидан бири бўлиб, моли нисобга етган киши бир йилда бир марта уни адо қилиши фарз ҳисобланади. Одатда, ҳар йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан нисоб миқдори Рамазон ойида эълон қилинар эди. Лекин, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам коронавирус пандимеяси тарқалишининг олдини олиш мақсадида, юртимизда карантин эълон қилиниши сабабли, заруратсиз уйдан ташқарига чиқиш мумкин бўлмай қолди. Табиийки, бундай пайтда аҳолининг моддий ёрдамга муҳтож бўлган қисмини қўллаб-қувватлашнинг зарурати туғилди ва айни пайтда бу ажри-савоби кўп бўлган амалдир. Мана шундай вазиятда моли нисобга етган бой-бадавлат кишилар молларининг закотини ҳам ҳақдорларга беришлари айни савобли амаллар сирасига киради. Мазкурларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати закот нисобини Шаъбон ойида чиқаришга қарор қилди. Зеро, Шаъбон ойи ҳам фазилатли ойлардан биридир. Қолаверса, ҳозирги синовли даврда закот бериш муҳтожларга янада манфаатли бўлиб, закотнинг савобини бир неча баробар кўпайишига сабаб бўлади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати 1 грамм тиллонинг бугунги кундаги ўртача нархи 250 000 (икки юз эллик минг) сўм эканини эътиборга олиб, милодий 2020 йил (ҳижрий 1441 йил) учун ЗАКОТ нисобини (85 г. тиллодан) 21 250 000 (йигирма бир миллион икки юз эллик минг) сўм деб белгилади. Мазкур қийматнинг қирқдан бири (1/40), яъни закот учун чиқариладиган қисми 531 250 (беш юз ўттиз бир минг икки юз эллик) сўмга тенг бўлади. Шунга кўра, зарурий эҳтиёжидан ташқари бир йил давомида 21 250 000 (йигирма бир миллион икки юз эллик минг) сўмдан ортиқ маблағга эга бўлган мусулмон киши, жами маблағининг қирқдан бири (1/40)ни закот сифатида камбағал ва фақирларга бериши фарздир. Аллоҳ таоло бойларнинг ҳимматига барака, фақирларга қаноат ато айлаб, Ўзининг раҳмати ила бошимиздаги бу иллатни тез орада даф қилсин. Омин! Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати 13 апрель 2020 милодий сана 19 Шаъбон 1441 ҳижрий сана Юқоридаги маълумотларга илова сифатида шуни айтиш мумкинки, муҳтожларга хайру саховат қилиш билан бир қаторда илм талабида бўлган талабаларни ҳам қўллаб-қувватлаб уларнинг контракт пулларини тўлаб бериш ҳам улкан савоб ҳисобланади. 972