Эй Қуръон ўқувчи, агар сиз тиловат ҳаққини гўзал адо қилувчи бўлсангиз, сизни ажр эгаси қилиб қўйгани учун Аллоҳ таолога шукр қилинг! Агар сиз ўзига ортиқча ишонган, билганидан қолмайдиган, зеҳнига илашганигагина суянадиган ҳамда талаффузини тўғрилаб берувчи олим кишининг олдига боришдан кибрланадиган бўлсангиз, шубҳасиз, ғурурга кетган хатокор, оятларни ҳеч бир узрли сабабсиз бузиб ўқувчи бўлиб қоласиз. Агар сиз тилида қийинчилиги бор (яъни баъзи ҳарфларни талаффуз қилишда қийналадиган ёки тўғри ўқишни ўргатадиган устози бўлмаган) [1] киши бўлсангиз, билинг-ки, Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ортиқ вазифани юкламайди. Лекин сизга бор кучингиз билан саъй-ҳаракат қилишингиз вожиб бўлади, шояд, Аллоҳ таоло мана шундан сўнг бирор енгиллик пайдо қилса! Қуръон оятларини қироат қилувчи кишининг, айниқса, намозда тажвидга амал қилиши фарзи айндир. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонни тажвид ила нозил қилиб, шундай марҳамат қилган: «Ва Қуръонни тартил ила тиловат қилинг!». [2] Саййидимиз Алий розияллоҳу анҳу ушбу оятни «Қуръонни тажвид ила қироат қилинг» деб тафсир қилганлар. [3] Модомики Қуръонни тажвид билан тиловат қилиш фарз экан, бу тажвиднинг зидди бўлган лаҳннинг ҳаром эканлигини тақозо қилади. [4] Шайх Муҳаммад Маккий Наср раҳимаҳуллоҳнинг «Лекин сизга бор кучингиз билан саъй-ҳаракат қилишингиз вожиб бўлади, шояд, Аллоҳ таоло мана шундан сўнг бирор енгиллик пайдо қилса!» деган гапларининг маъноси шуки: эй Қуръонни қийналиб тиват қилгувчи киши, тиловатингизни тўғрилашга бор кучингиз билан интилинг, бу эса, Қуръонни шайхдан ўрганиш билан, тажвид билан ўқилган тиловатларни кўп эшитиш ва уларга тақлид қилиш билан бўлади. Қанчадан-қанча кишиларга тажвидда моҳир қурроларнинг тартил ила ўқилган тасмаларини радио ва бошқа воситалар орқали тинглаганлари фойда берган. Агар кишининг Қуръонни ўрганишда нияти холис ва тўғри, қарори қатъий бўлса, Аллоҳ таоло албатта бу ишни унга осон қилади ва ёрдам беради. Бу эса воқеликда кўп бор тажрибадан ўтган. [5] Эй, Қуръонни қийналиб ўқигувчи! Сиз ундаги ҳарфларни талаффуз қилишда қанчалик қийналманг, ўз устингизда мунтазам ишлашдан, устозларингиз берган топшириқ ва тавсияларга амал қилишдан асло тўхтамаслигингиз зарур. Гарчи бунинг учун йилларни сарфлаган бўлсангиз-да, бундан ҳеч ҳам оғринманг. Мана шу Каломуллоҳ туфайли қийрот қийрот ажрларга лиммо-лим ўтган кунларингизни, Роббингиз жалла ва ало билан сирлашиб ўтказган тунларингизни бир эслаб кўринг-а, сизнинг ҳозиргача эришган даражангиз ҳам ўша саодатли кунлар ва сакинатли тунлар маҳсули эмасми? Баний Одамнинг душмани бўлмиш шайтон олдингизга келади-да, «сен Қуръонни ўргана олмайсан, уни ўрганиш жуда қийин ва имконсиз иш, вақтингни беҳуда сарфлама!» дейди, чунки агар сиз машаққатларга қарамасдан сабр билан шу йўлда давом этсангиз, оламлар Робби бўлган Зот бир кун келиб албатта сизга кўплаб фазл ва хайриятлар инъом этажагини у яхши билади. Зеро Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг ажрини зоэ қилмас» [6] – дея марҳамат қилган. Агар таслим бўлсангиз ва мақсадингиздан чекинсангиз, билинг-ки сиз шайтонга енгиласиз. Қуръони каримдан йиллар мобайнида эришганингизни ҳам йўқотасиз. Ваҳоланки шайтоннинг кўзлаган нарсаси ҳам мана шудир. Қуръонни йўқотиш эса киши ҳаётидаги энг қимматли нарсасини йўқотиши демакдир. Аллоҳ таоло: «Ким Менинг зикрим (Қуръон)дан юз ўгирса, албатта, унга торчилик ҳаёти бўлур» [7] дея огоҳлантирган. Эй Қуръон толиби! Сиз, модомики олдингизга қўйган мақсад сари илдам одимлаб борар экансиз, бу йўлдаги ички ва ташқи тўсиқлар, қийинчиликлар сизни тўхтата олмас экан, сизга хушхабар бўлсин! Чин ихлос ва юксак матонат соҳиблари ҳақида Аллоҳ таолонинг «Инсонга фақат ўзи қилган ҳаракатигина насиб бўлур. Унинг қилган...
Буюк бобомиз Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари ҳанафий мазҳабида ўта юксак қадрланадиган асар ҳисобланади. “Ҳидоя” асарига жуда кўплаб шарҳлар ёзилган бўлиб, бу шарҳлар орасида “Фатҳул Қодир” асари энг мўътабар шарҳ деб айтсак, муболаға бўлмаса керак. Ушбу шарҳнинг муаллифи бўлмиш Камол ибн Ҳумом ислом оламида ўз замонасининг буюк олимларидан бири ҳисобланади. Бу зот ҳанафий мазҳабининг энг кўзга кўринган фақиҳларидан ҳисобланадилар. У зотни таржиҳ аҳлидан ва ҳатто мужтаҳид ҳам дейилади. Бу зотнинг тўлиқ исмлари Муҳаммад ибн Абдулвоҳид ибн Абдулҳамид ибн Масъуд Камол ибн Ҳумом асли Севасий сўнгра Қоҳирий Ҳанафийдир. Камол ибн Ҳумом ҳижрий 790-йили Мисрнинг Искандария шаҳрида қозилар оиласида таваллуд топдилар. Ёшлик чоғларида илм талабида Қоҳирага борадилар ҳамда Қуръони карим ва бир неча матн китобларини ёд оладилар. Сўнгра илм талабини давом эттириб туғилиб ўсган шаҳарларига қайтадилар ва Искандария уламоларидан дарс оладилар. Кейинчалик Камол ибн Ҳумом яна Қоҳирага қайтиб Изз ибн Абдуссалом, Шамний, Бисотий, Жалол Ҳиндий, Валий Ироқий, Изз ибни Жамоа ва Бадриддин Айний каби кўплаб олимларнинг ҳузурида бўлиб, таълим оладилар. Шунингдек, бу зот илм талабида Ҳалаб, Қуддус каби шаҳрларга сафар қилиб, бу шаҳарларнинг уламоларидан дарс оладилар. Камол ибн Ҳумом бобомиз Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” китобининг энг мўътабар шарҳларидан ҳисобланадиган “Фатҳул Борий” асарининг муаллифи Шайхулислом Ибн Ҳажар Асқалонийдан ҳам дарс оладилар ва у зотдан ижоза оладилар. Ибн Ҳажар ушбу ижозада: “Олим, фазилатли алломага Аллоҳ уни Ўз паноҳида асрасин ва даражасини юксак қилсин” деб ўз шогирдларини мадҳ этадилар. Камол ибн Ҳумом шу тарзда ўша даврнинг кўплаб олимларидан таълим олиб илм чўққиларини забт этадилар. Бу буюк зот ўта дақиқ зеҳнли, фикрлаши ва қарашлари кенг, илмий бахсларда масалаларни ўта нозик жойларигача очиб берадиган аллома бўлиб етишдилар. Ҳатто ўз тенгдошларидан олдинлаб кетиб, у зотга “Агар дин ҳужжатлари талаб қилинадиган бўлса, бизнинг шаҳарда Камол ибн Ҳумомдан бошқа уларни келтира оладиган кимса йўқ” деб ишора қилинадиган даражага етдилар. Яҳё ибн Аттор айтади: “Иффат билан гўзал кўриниш, бойлик билан диёнат, одоб билан бахс-мунозара орасини жамлаш борасида Ибн Ҳумом доимо зарбулмасал қилинган. Ҳатто Саховий Камол ибн Ҳумом ҳақларида қуйидаги сўзларни айтади: “Албатта у зот ер аҳлининг олими ва асрнинг энг яхши муҳаққиқидир”. Камол ибн Ҳумом усул, тафсир, фиқҳ, фароиз, ҳисоб (математика), тасаввуф, наҳв, сарф, баён, бадиъ, мантиқ, жадал, адаб каби илмларда пешқадам бўлганлар. Бу зот ўта манфаатли тенги йўқ асарлар ёзиб қолдирганлар. Биз юкорида зикр қилиб ўтган “Фатҳул Қодир” асари Ибн Ҳумомнинг шох асарларидан ҳисобланади. Шунингдек, усулул фиқҳ борасида “Ат Таҳрир”, калом илмига оид “Мусояра”, намоз масалаларига оид “Зодул фақир” каби асарлари ҳам бор. Камол ибн Ҳумом муборак ҳаётлари давомида бир неча мадрасаларда мударрис ва муфтий сифатида фаолият юритдилар ҳамда у зотнинг қўл остиларида замонанинг пешқадам олимлари етишиб чиқди. Буюк имом хижрий 861-йили Рамазон ойининг еттинчиси жума кунида Мисрда вафот этдилар. Жанозага Султон ва кўплаб мусулмонлар хозир бўлдилар ва буюк имомдан ажралганлари сабабидан чуқур қайғуга ботдилар. Аллоҳ таоло бу зотни ўз раҳматига мушарраф айласин ва бизни ҳам шундай буюк уламоларнинг даражасига етмоқликни насиб қилсин! Имом Бухорий номидаги ислом инмтити 1-курс талабаси Мурод Музаффар ўғли . 1 108
Дунё тарихида вабо, сиёсий вазият ва урушлар туфайли Ҳаж бир неча ўн маротаба бекор қилинганлигини биласизми? Бутун дунё мусулмонлари бу йилги Ҳаж зиёратини COVID-19 пандемияси сабабли ўтказилиши ёки ўтказилмаслиги тўғрисида ташвишланмоқдалар. Хабарингиз бор, коронавирус аввалгидан кўра тезроқ тарқалмоқда. 2020 йил 11 апрель кунининг ўзида Саудияда 382 та бемор, шулардан 131 таси Маккадан, 95 таси Мадина шаҳрида аниқланган. Ва шу сабабли Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазири бу йил ҳукуматнинг ҳаж зиёратини ташкил этиш режаси йўқлигини таъкидлади. Тарихчилар, Ҳаж Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан бери 40 марта бекор қилинганини даъво қилишади. Агар юқоридаги тарихий тадқиқот натижасини ҳисобга оладиган бўлсак, Саудия Арабистони ҳукумати бу йил Ҳажни бекор қилса, уларнинг сони 41 тага етади. Ушбу мақолада энг йирик ҳодисалар тўғрисида тўхталамиз. Ҳаж, биринчи марта милодий 629 йили тўхтатилди. 629 йилда Аббосийларнинг Маккага ҳужуми натижасида Арофат тоғида Исмоил ибн Юсуф қўшини билан жиддий тўқнашув юз беради ва ўша ерда бўлган минглаб зиёратчиларнинг ўлимига сабаб бўлади ва ҳаж зиёрати тўхтатилади. Милодий 930 йилда Маккага Қарматийлар ҳужуми рўй берганда ҳам Ҳаж мавсуми тўхтатилди. Тарихчиларнинг таъкидлашича, Абу Тоҳир қўшини Маккада бўлган 30 минг зиёратчини ўлдиради. Жасадлар Замзам қудуғига ташланади. Қарматийлар қўшини Ҳажарул асвадни олиб кетадилар. Шу сабабли, мусулмонлар «Қора тош»ни Қарматийлардан олмагунча, 10 йил мобайнида ҳаж бекор қилинди. 983 йилда бўлиб ўтган Аббосий ва Фотимийлар ўртасидаги жанг сабабли Ҳаж бекор қилинди. Улар саккиз йил давомида 991 йилгача одамларни Ҳаждан тўсиб турди. Фотимийлар Мисрда, Аббосийлар Бағдодда ҳукмронлик қилишарди. Милодий 1256 йилдан 1260 йилгача сиёсий сабабларга кўра Ҳижоз, яъни маҳаллий аҳолидан бошқаларга ҳаж бекор қилинди. Вабо ва ўлат туфайли Ҳаж бекор бўлган йиллар: Милодий 967 йил; Милодий 1831 йили Ҳиндистонда бошланган ўлат Маккага ҳам етиб келади; 1837 – 1858 йиллар орасидаги кетма-кет тарқаган эпидемиялар сабабли 20 йил давомида ҳаж уч марта тўхтатилди, бу зиёратчиларнинг Маккага қарийб 7 йил ташриф буюришини чеклади; 2020 йилги COVID-19 пандемияси муқаддас Макка шаҳрига ҳам етиб келди. Манбалар асосида Ҳадис ва ислом тарихи кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев тайёрлади 969
بسم الله الرحمن الرحيم Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, сўнгра уни ўргатганларингиздир». [1] Ушбу ҳадисни рошид халифадан ривоят қилган Абу Абдурраҳмон ас-Суламий дедилар: «Бу – мени ушбу (мударрислик) курсисига ўтқизиб қўйган ҳадисдир». Яъни, Абу Абдурраҳмон ас-Суламий розияллоҳу анҳу набавий ҳадисда ваъда қилинган яхшиликларни кўзлаб, Куфа масжидида кишиларга Қуръони каримдан таълим бердилар ва бу саййидимиз Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифаликларидан то Ҳажжож ҳукмронлигига қадар қадрибаландликлари, илмларининг кўплиги ва унга бўлган кишиларнинг рағбат ва эҳтиёжи туфайли қирқ йилдан кўпроқ давом этди. [2] Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, сўнгра уни ўргатганларингиздир» деган сўзларидан Қуръон тиловатини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туташган санад соҳибига Қуръонни ўқиб берган, қироатини тўғрилаган ва ундан ижоза олган мусулмон шайхдан ўрганиш лозимлиги келиб чиқади. Кишининг шунчаки саводхон бўлиши ёки Қуръондан бошқа арабча китобларни ўқий олиши етарли эмас, чунки Қуръон саводхонлиги оддий саводхонликдан фарқ қилади. Шунинг учун улуғ саҳоба Зайд ибн Собит айтадилар: «Қироат – кейинги келган киши ўзидан аввалгидан ўрганадиган ва унга эргашиладиган суннатдир». Шунга кўра, агар киши Қуръонни маҳоратли ва пухта инсондан ўрганмаса, Уни тўғри ўқий олмайди, қироати давомида кўп ва хўб хатолар қилади, ўзи билмаган ҳолда айрим сўзларнинг маъноларини бузиб ҳам юборади, ваҳоланки унинг ўзи Қуръонни тўғри ўқиябман деб ўйлайди, ҳаттоки қироатда мендан афзали бўлмаса керак деган гумонга ҳам бориб қолади. Мен бу сўзни менга Қуръонни, қироатни оби-тобига келтиряпман деб ўйлаб ўқиб берган кўп кишилар орқали ҳосил бўлган тажрибамдан келиб чиқиб айтяпман. Улар менга Қуръон ўқиб бераётиб бирор хатога йўл қўйсалар ва мен хатоларини тўғриласам: «биз Қуръонни тажвид билан ўқияпмиз, тиловатларини тузатмайдиган кўпчиликдан афзалмиз деб ўйларканмиз» дея ажабланишарди. Ҳар бир мусулмон киши учун Аллоҳ таолонинг «Агар билмасангиз зикр аҳлидан сўрангиз» [3] оятига итоат қилиб, Қуръони каримни тўғри ўқишни ўрганиши вожиб бўлади. Ҳар қандай илм борасида унинг аҳлига мурожаат қилинади. Мисол учун, бир киши инглиз тилини билмайди, аммо уни ўрганишни истайди. Инглиз тилини ўрганиш учун кимнинг олдига боради? Араб тили ўқитувчисигами ё математика ўқитувчисигами? Ё бўлмаса қайси ўқитувчига боради? Йўқ! у инглиз тили ўқитувчисига боради. Бошқа бир мисол, бир бемор киши даволанишни хоҳласа кимнинг олдига боради? Архитекторнингми ёки ўқитувчинингми? Ё бўлмаса компьютерчининг олдигами? Йўқ! У шифокорнинг олдига бориши керак. Қуръони карим тиловатида ҳам шундай! Қуръонни тўғри ўқишни истаган киши, қайси касбда бўлишидан қатъий назар Қуръонни тажвид билан тиловат қиладиган кишининг олдига бориши керак. Айниқса, мударриснинг ўзи Қуръонни тажвид билан ўқийдиган ҳамда тиловатини бошқа бир тажвид соҳибидан ўтказиб олган бўлиши жуда муҳимдир. Ушбу санад эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача боғланган бўлиши керак. Қуръон ўрганувчи сабрли бўлиши, ҳар нарсага ранжиб қолавермаслиги, устози унинг хатоларини кўп тузатганида жиғибийрон бўлмаслиги, тиловатни тўғрилаш чоғида устозининг сўзини бўлмаслиги керак. Олийҳиммат ва азмиқарор ила Қуръони каримни ўрганишни бошлаган барча мўмин-мусулмонларга шайх Муҳаммад Маккий Наср айтган ушбу тавсияларини келтирамиз: Аллоҳ у кишидан рози бўлсин, дер эдилар: «Эй биродар, огоҳ бўлинг! Ҳимматингизни уйғотинг, қатъиятингизни ишга солинг! Сизга берилаётган илмни англашда, сизга юкланаётган омонатни қабул қилишда сергак туринг! Чунки инсонлар Қуръон ўқишда тиловатни гўзал қилиб ажр олиш ҳамда қироатни бузиб гуноҳкор ёки нуқсонли бўлиш ўртасидадирлар». Эй Қуръон ўқувчи, сиз қайси томондасиз?.. Давоми бор… #Йўлдошбек_Нуриддинов,...
Жорий йилнинг 8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Президенти Б.Ҳажар билан видеоконференция форматида коронавирус тарқалиши шароитида аҳолини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш, касалланганларга ўз вақтида ташхис қўйиш ва даволашда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими имкониятларини мустаҳкамлаш ҳамда глобал пандемияни ижтимоий-иқтисодий ривожланишга бўлган таъсирини юмшатиш мақсадидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. ИТБ президенти Б.Ҳажар мамлакатда аҳоли саломатлиги ҳимоясини таъминлаш ва иқтисодий фаолликни сақлаб қолиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида қабул қилинаётган дадил ва кенг миқёсдаги чора-тадбирлар катта ҳурматга лойиқ деб таъкидлади. Ислом тараққиёт банки “Стратегик тайёргарлик ва чоралар тўплами” ( умумий қиймати 2,3 млрд. АҚШ доллари) имкониятларидан фойдаланиб, Ўзбекистонга коронавирус пандемияси вақтида ҳар томонлама кўмак беришга тайёрлигини маълум қилди банк президенти Бандар Хажар бош вазир ўринбосари Сардор Умрзоқов билан музокаралар чоғида. Бу ҳақда инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. ИТБнинг “Стратегик тайёргарлик ва чоралар тўплами” пандемия шароитларида Банк аъзолари ҳисобланган мамлакатларга ёрдам кўрсатиш мақсадида тузилган. ИТБ аллақачон коронавирус билан курашиш учун ташкил этилган янги клиникалар учун тиббий асбоб-ускуналар ва маҳсулотларни шошилинч сотиб олишни молиялаштириш учун Ўзбекистондаги мавжуд кредит портфелидан 17 миллион доллар ажратган. Шунингдек Б.Ҳажар коронавирус билан касалланган беморлар учун қурилаётган янги шифохоналарни жиҳозлашга инфрутузилма лойиҳалари доирасида иқтисод қилинган 46 млн. АҚШ долларини қайта йўналтириш орқали Ўзбекистонга қўшимча ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Видеоконференция якунларига кўра томонлар соғлиқни сақлаш тизими эҳтиёжлари ва Ўзбекистондаги кичик ва ўрта бизнес корхоналарини қўллаб-қувватлаш учун ИТБ томонидан умумий қиймати 140 млн. доллардан ортиқроқ бўлган қўшимча молиялаштиришни жалб этиш бўйича ишлашга келишиб олдилар. Манба: Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 911