islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Мақолалар

Бўлимлар

ҚУРЪОНДА ЗИКРИ КЕЛГАН ПАЙFАМБАРЛАР

2-қисм Идрис алайҳиссалом “Идрис” арабча исм- ўқувчи, таълим олувчи, билимга чанқоқ, тиришқоқ, ғайратли ва билимдон деган маъноларда келган. Чунки  Идрис алайҳиссалом Аллоҳнинг каломини кўп ўқир эдилар.[1] У кишининг исмлари “Тавротда” ва “Инжилда” “Хунух” тарзида келган. Арабчасига “Ахнух” шаклида бўлади.[2] Идрис  алайҳиссаломнинг исмлари Қуръони Каримда 2 марта зикр қилинган. [3] Сура номи Суранинг тартиб рақами Оят рақами Марям 19 56 Анбиё 21 75 Қуръони Каримда зикр қилинган пайғамбарларнинг Одам Атодан кейинги энг қадимгиси Идрис алайҳиссаломдир. Аллоҳ таоло у зот ҳақларида: «Ва китобда Идрисни эсла. Албатта, у сиддиқ ва набий бўлган эди. Ва уни олий мақомга кўтардик»[4] Шунингдек: «Ва Исмоил, Идрис ва Зул Кифлни эсла. Уларнинг ҳар бири сабр қилгувчилардандир. Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир»[5], дейди. Қуръони Каримда Идрис алайҳиссалом ҳақларида бундан бошқа маълумот йўқ. Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Идрис алайҳиссаломнинг насаблари Одам алайҳиссаломнинг ўғиллари Шийс алайҳиссаломга етиб боради. У кишининг оталарининг исми Ёрид, боболарининг исми Маҳлоил бўлган. У зотга, Одам ва Шийс алайҳиссаломлардан кейин, учинчи бўлиб, пай­ғамбарлик берилган. Машҳур тарихчиларимиздан Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳининг таъкидлашларича, Идрис алайҳиссалом қалам билан ёзув ёзган биринчи одамдир. Уламоларнинг рожиҳ гапларига қараганда, Идрис алайҳиссалом Бобилда таваллуд топганлар. Аввал Шис алайҳиссаломда бўлган илмни ўрганганлар. Кейинчалик Аллоҳ таоло у зотга пайғамбарликни берган. У зот Набий бўлганларидан кейин кишиларни Одам ва Шис алайҳиссаломлар шариатига даъват қилганлар. У зотнинг даъватларини озчилик қабул қилиб, кўпчилик қабул қилмаган. Шунда у зот ўзларига эргашганлар билан Бобилни тарк этиб ҳижратга чиққанлар.[6] У киши ўз ҳижратлари учун Мисрни танлаганлар. Мисрда турган пайтларида одамларни динга даъват қилганлар. Идрис алайҳиссалом биринчи бўлиб маданий ишларни йўлга қўйганлар, одамларга маданиятга оид ишларни, қонун-қоидаларни ўргатганлар. У зотнинг даврларида 188 та шаҳар қурилган экан. Идрис алайҳиссалом ўз ҳикматлари ила маш­ҳур бўлганлар. Ровийлар Идрис алайҳиссаломдан асар бўлиб қолган баъзи ҳикматларни ҳам келтирадилар: «Дунёнинг яхшиси ҳасратдир. Ёмони надоматдир». «Бахтиёр ўзига назар солган кишидир. Унинг Роббиси ҳузуридаги шафоатчиси амали солиҳидир». «Сабр иймон ила бўлса зафар келтиради». Идрис алайҳиссаломнинг ер юзидаги истиқоматлари саксон икки йил бўлган. Ундан сўнг Аллоҳ таоло у зотни Ўзига кўтарган.[7]   405 – гуруҳ талабаси Шодиев Юсуф [1] Аҳмад Муслиҳ Ҳусайн Дурайдий. “Ал-Аълам фил-Қуръан ал-Карим”. [2] Муҳаммад Сайид Тантовий. “Пайғамбарлар тарихи”. [3] Доктор Шавқий Абу Ҳалил. “Қуръон атласи”. [4] Марям сураси, 56–57-оятлар [5] Анбиё сурасида, 85–86-оятлар [6] Қаранг, 2- илова [7] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт 20-жуз”. 862

ҲУД АЛАЙҲИССАЛОМ

“Ҳуд” арабча исм- юмшоқ, яхши, йўлдош деган маъноларда келган.[1] Ҳуд алайҳиссаломнинг исмлари Қуръони Каримда 7 марта зикр қилинган. [2] Сура номи Суранинг тартиб рақами Оят рақами Аъроф 7 65 Ҳуд 11 50, 53, 58, 60, 89 Шуаро 26 124 Қуръони Каримнинг бир сураси у зотнинг исмлари билан аталиб «Ҳуд» сураси дейилади. Шунингдек, бошқа бир сура у зотнинг яшаган ери номи ила «Аҳқоф»[3] деб аталган. Ушбу пайғамбар  алайҳиссаломнинг тўлиқ исм­лари Ҳуд ибн Абдуллоҳ ибн Рабоҳ ибн Халуд ибн Од. У зотнинг насаблари Нуҳ алайҳиссаломнинг Сом исмли ўғлига бориб тақалади. Ҳуд алайҳиссаломнинг қавми у зотнинг катта боболари Од номи билан аталади. Од қавми боида араблардан ҳисобланади. Араблар учга бўлинади: Боида, Ориба ва Мустаъраба. Боида араблар энг қадимги араблардандир. «Бои­да» сўзининг маъноси «ўтиб, тугаб кетган» деганидир. Од қавми ҳам ўша араблардан бўлиб, ўзининг саркашлиги билан машҳур. Шунинг учун ҳам, уларнинг пайғамбарлари Ҳуд алайҳиссалом билан бўлиб ўтган қиссалари «Од қавми қиссаси» дейилади. Од қавми ҳам иккига бўлинади. Биринчи Од ва иккинчи Од. Ҳуд қавми биринчи Оддир. Бу қавм денгиз бўйида, кўчиб юрувчи қумликлар ичидаги Аҳқоф номли жойда, Яман, Уммон ва Ҳазрамавт ўрталиғидаги маконда яшаб ўтганлар.[4] Улар баланд бўйли, кенг яғринли кишилар бўлиб, ҳайбатли чодирларда яшаганлар. Шунинг учун ҳам, Од қавми ўз замонасидаги «энг қувватли кишилар» деб талқин қилинади. Аллоҳ таоло Ҳуд алайҳиссаломнинг пайғамбарликларини мўъжиза билан қувватлаш, қавмларига эса тавба қилиб, ҳидоятни топиб олишларига имкон беришни ирода қилди ва кетма-кет уч йил бир томчи ҳам ёмғир ёғдирмай қурғоқчиликка мубтало қилди. Аммо қавм тавба қилмадилар ва ваъда қилинган азобни ишонмаган ҳолларида сўрадилар. Ҳуд алайҳиссалом  дуо қилдилар ва шу онда осмонни қора булут қоплади. Қабила аҳли бу ёмғир булути деб булутдан кўз узмадилар.[5] Од (Ҳуд пайғамбар қавми) эса, даҳшатли, қутурган бўрон билан ҳалок қилиндилар. У (бўронни Аллоҳ) уларнинг устига пайдар-пай етти кеча ва саккиз кундуз ҳукмрон қилиб қўйдики, энди у жойдаги қавмни (чириб) ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг танасидек қулаб, ҳалок бўлиб ётганини кўрасиз. Бас, улардан (бирор) асоратни кўраяпсизми?! (Асло! Уларнинг барчалари ҳалок бўлиб битдилар).[6] Аллоҳ таоло Од қавмини ҳалок қилгандан сўнг Ҳуд алайҳиссалом Ҳазарамавтда ўз ҳаётларини давом эттирдилар. У зот вафот этганларида Ҳазарамавтнинг Тирийм номли шаҳрига яқин жойга дафн этилдилар.[7] Ҳуд алйҳиссалом тўрт юз олтмиш ёшда Ҳазарамавтда вафот этганлар.[8]  4-курс талабаси Шодиев Юсуф [1] Ибну Шариф. “Пайғамбарлар исмларининг маънолари”. [2] Доктор Шавқий Абу Ҳалил. “Қуръон атласи”. [3] Арабча “Ҳиқф” сўзининг кўплик шакли бўлиб, луғавий маъноси “қум билан лиқ тўла макон, жой”дир. [4] Қаранг, 4- илова [5] Раҳматиллоҳ қори Обидов “Пайғамбарлар тарихи исломият тарихидир 1-жуз”. [6] Ал-Ҳаққоҳ сураси, 6-7-8-оятлар. [7] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт 20-жуз”. [8] Анвар қори Турсунов. “Пайғамбарлар тарихи”.   1 042

ҚУРЪОНДА ЗИКРИ КЕЛГАН ПАЙFАМБАРЛАР

Туркум мақола – 1 Қуръони Каримда исмлари зикр қилинган пайғамбарлар қуйидагилар: Одам алайҳиссалом 25 марта. Идрис алайҳиссалом 2 марта. Нуҳ алайҳиссалом 43 марта. Ҳуд алайҳиссалом 7 марта. Солиҳ алайҳиссалом 9 марта. Иброҳим алайҳиссалом 69 марта. Лут алайҳиссалом 27 марта. Исмоил алайҳиссалом 12 марта. Исҳоқ алайҳиссалом 17 марта. Яъқуб алайҳиссалом 16 марта. Юсуф алайҳиссалом 27 марта. Айюб алайҳиссалом 4 марта. Шуайб алайҳиссалом 11 марта. Мусо алайҳиссалом 136 марта. Ҳорун алайҳиссалом 20 марта. Юнус алайҳиссалом 2 марта. Довуд алайҳиссалом 16 марта. Сулаймон алайҳиссалом 17 марта. Илёс алайҳиссалом 2 марта. Ал-Ясаъ алайҳиссалом 2 марта. Закариё алайҳиссалом 7 марта. Яҳё алайҳиссалом 5 марта. Зул-Кифл алайҳиссалом 2 марта. Ийсо алайҳиссалом 25 марта. Муҳаммад алайҳиссалом 4 марта.[1]     Одам алайҳиссалом “Одам” арабча исм – инсон, киши, асл, ер, буғдой ранг, қора ранг, тўқ жигарранг деган маъноларда келган.[2] Одам алайҳиссаломнинг исмлари Қуръони Каримнинг 25 оятида 25 марта зикр қилинган. [3] Бу 9 та сурада келади. Сура номи Суранинг тартиб рақами Оят рақами Бақара 2 31, 33, 34, 35, 37 Оли имрон 3 33, 59 Моида 5 27 Аъроф 7 11, 19, 26, 27, 31, 35, 172 Исро 17 61, 70 Каҳф 18 50 Марям 19 58 Тоҳа 20 115, 116, 117, 120, 121 Ясин 36 60   Биринчи инсон ва биринчи пайғамбар бўлмиш отамиз Одам алайҳиссаломнинг яратилишлари қиссаси Бақара сурасида қуйидагича баён этилади: «Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: «Мен ер юзида халифа қилмоқчиман», деди. Улар: «Унда фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан? Ва ҳолбуки, биз Сенга тасбиҳ, ҳамд айтиб ва  Сени улуғлаб турибмиз»,  дедилар. У: «Мен, сиз билмаганни биламан», деди.[4] Ушбу оятдан Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг ер юзидаги ўринбосари–халифаси бўлишини ирода этгани маълум бўляпти. Демак, инсонга улкан ишонч билдирилган, у улуғ Аллоҳнинг халифаси бўлишдек олий мақомга лойиқ кўрилган. Бундай марҳаматнинг ўзига яраша буюк масъулияти ҳам бор. Инсон шуни англаган ҳолда, уни халифа қилиб қўйган зотнинг топшириқларини бажармоғи, яратган зот муносиб кўрган олий мақомга доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи керак. Қуръон таъкидлашича, инсонни йўқдан бор қилган, уни тупроқдан яратган Зот Аллоҳ таолодир. Ҳозирги замон илми ҳам буни тасдиқламоқда. Илмий тажрибалар исботлашича, тупроқда қандай моддалар бўлса, инсон жисмида ҳам ўша моддалар бор экан. Тупроқда карбон, кислород, фосфор, гугурт, азот, калсий, хлор, темир, мис, йод, алюмин каби йигирма хил модда бор бўлса, худди шу моддалар инсон жисмида ҳам бор. Тупроқдан борлиқнинг энг улкан мўъжизаларидан бири бўлган инсон, унинг фикри, руҳи, ҳис-туйғу, асаблари ва ҳозиргача инсоннинг ўзи ҳам тушуниб етмаган ажойиботлари билан ким ярата олади? Бу ишни фақат Роҳман сифатига эга бўлган қудратли Аллоҳ таологина қилиши мумкин. Одам алайҳиссалом  фарзандларига пайғамбар этиб юборилди ва унга Аллоҳ таоло томонидан ўн Саҳифа нозил қилинди.[5] Қуръони Каримда Одам Атонинг вафотлари ҳақида гап йўқ. Бу ҳақда тарихчилар ўз мулоҳаза ва илмий изланишларининг натижаларини қуйидагича баён қиладилар. Одам Ато минг йил яшаб, сўнгра вафот этдилар. У киши ўзлари жаннатдан биринчи тушган ерларига–Ҳиндистондаги[6] тоғ яқинига дафн қилиндилар. Бошқа тафсилотларга кўра Маккаи Мукаррамадаги Абу Қубайс тоғига дафн қилинганлар. У кишини ювиш, кафанлаш, жанозаларини ўқиш, қабрларини қазиш ва дафн қилиш ишларини фаришталар амалга оширганлар.[7] 405 – гуруҳ талабаси Шодиев Юсуф   [1] Гулобод Қудратуллоҳ қизи. ”Қуръон ўқитиш ва ёдлаш усуллари”....

ҚУРЪОНДА ЗИКРИ КЕЛГАН СОЛИҲА АЁЛ – МАРЯМ

    “Марям” қадимий яҳудийча исм – Аллоҳнинг қадрли, маҳбуба бандаси, номусли, иффатли, бокира деган маъноларда келган.[1] Қуръони Каримда аёллардан фақат Марям исми зикр қилинган. У  34 ўринда зикр қилинади. Шундан Исо ибн Марям 16 ўринда келса, ибн Марям сўзи 7 ўринда келади. Куръонда тилга олинган тақволи, сиддиқа аёл, Исо алайҳиссаломнинг онаси. Ислом таълимотига кўра, у тақволи, мўмина она, жаннатдаги аёлларнинг раҳнамоси. Қуръони Каримнинг 19-сураси «Марям» деб аталади. Марямнинг отаси Имрон Бани Исроил қавми ичида энг обрўли кишилардан эди. Унинг хотини Ҳанна туғмайдиган аёл эди. Ҳанна Аллоҳга илтижо қилиб, фарзанд ато этишни сўради ва агарда фарзандли бўлса, ана шу фарзандини Аллоҳ йўлида Байтул Мақдис хизматига назр қилишини ният қилди. Аллоҳ унга қиз фарзанд ато этди ва уни Марям деб номлади. Одатда ибодатхоналардаги хизматларни эркаклар бажарганидан у ўз назри, қизининг такдири қандай бўлишини ўйлаб, ҳайрон бўлди. Марям ёшлигидаёқ отаси вафот этади. Энди унинг тарбиясини кимдир ўз кафолатига олиши керак эди. Марямни тарбиялаш холасининг эри бўлмиш пайғамбар Закариё алайҳиссаломнинг чекига тушади. Марям ибодатхона хизматига назр қилингани учун доимо шу ерда бўлиб, умрини фақат тоат билан ўтказар эди. У одамларга аралашмас, ибодатхонада ёлғиз қолиб тоат билан банд бўларди.[2] Закариё алайҳиссалом қачон Марямнинг хонасига кирса, унинг ҳузурида қишда ёз мевалари, ёзда қишда бўладиган ноз-неъматларни кўрарди. «Бу нарсалар сенга қаёқдан келди?» деб сўраганида Марям: «Булар Аллоҳ ҳузуридандир» дерди.   4-курс талабаси Шодиев Юсуф [1] Электрон дастур. “Исломий исмлар”. [2] Зуҳриддин Ҳусниддинов “ислом энциклопедияси” 3 608

СОЛИҲ АЛАЙҲИССАЛОМ

     “Солиҳ” арабча исм- мақбул ёки адолатли, пок, ҳалол, покиза, яхши, адолатли, одил, инсофли деган маъноларда келган.[1] Солиҳ  алайҳиссаломнинг исмлари Қуръони Каримда 9 марта зикр қилинган. [2] Сура номи Суранинг тартиб рақами Оят рақами Аъроф 7 73, 75, 77 Ҳуд 11 61, 62, 66, 89 Шуаро 26 142 Намл 27 45     Солиҳ алайҳиссаломнинг оталарининг исми Убайд, боболариники Осиф бўлиб, насаблари Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғиллари Сомга бориб тақалади. У зот боида араблардан бўлмиш Самуд қабиласига мансубдир.     Самуд қавми Арабистон ярим ороли, Ҳижоз диёрининг шимолий қисмида Ҳижр деб аталадиган юртда истиқомат қилар эди.[3] У юрт ҳозир Мадоини Солиҳ[4] деб аталади. Аллоҳ таоло Самуд қавмига ўз ичларидан Солиҳ алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб юборди.    Солиҳ алайҳиссалонинг қавми ундан ҳақ пайғамбар эканини тасдиқловчи бирон мўъжиза кўрсатишини сўраганларида, пайғамбар бир ҳарсанг тошни Аллоҳни изни билан туяга айлантирадилар ва уни ўлдирмаслик, бирон ёмонлик етказмасликни буюриб, акс ҳолда уларнинг бошига бир бало мусибат келишидан огоҳлантирадилар.[5] Лекин Самуд қавми туяни ўлдирдилар. Самуд қавми касб қилган куфри ва гуноҳлари туфайли чақмоққа учраб ҳалок бўлди. Бу чақмоқ хорлик азоби чақмоғидир.    Барча қавм ҳалок бўлиб, Солиҳ алайҳиссалом билан бирга бир юз йигирмата мўмингина саломат қолдилар. Солиҳ алайҳиссалом умрларининг охиригача тинч-омон яшадилар. У зот Фаластиннинг Рамла шаҳри яқинида дафн қилинганлари ҳақида ривоятлар бор.[6] Солиҳ алайҳиссалом вафот этганларида ёшлари эллик саккизда эди.[7]   4-курс талабаси Шодиев Юсуф   [1] Аҳмад Муслиҳ Ҳусайн Дурайдий. “Ал-Аълам фил-Қуръан ал-Карим”. [2] Доктор Шавқий Абу Ҳалил. “Қуръон атласи”. [3] Қаранг, 5- илова [4] Қаранг, 6- илова [5] Муҳаммад Сайид Тантовий. “Пайғамбарлар тарихи”. [6] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт 20-жуз”. [7] Раҳматиллоҳ қори Обидов “Пайғамбарлар тарихи исломият тарихидир 1-жуз”. 910
1 525 526 527 528 529 732