islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Мақолалар

Бўлимлар

“Энг маърифатли имом – 2018” кўрик танлови ғолиблари аниқланди

Бугун, 20 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Энг маърифатли имом – 2018” кўрик танловининг республика босқичи ўтказилди. Унда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар босқичида биринчи ўринни эгаллаган 14 нафар имом-хатиб беллашдилар, деб хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбар ходимлари, уламолар, имом-хатиблар ва оммавий ахборот воситаси ходимлари иштирок этди. Йиғилган баллар бўйича ғолиблар аниқланди. 1 ўрин: Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги «Худоёрҳожи» жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Аҳмадалиев. Унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг биринчи даражали дипломи ва “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан тақдим этилган ноутбук ва 3.000.000 сўм пул мукофоти топширилди. 2 ўрин: Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги «Кулолқўрғон» жоме масжиди имом-хатиби, Тошкент ислом институти ўқитувчиси Яҳёхон Абдураҳмонов. Унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг иккинчи даражали дипломи ва “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан тақдим этилган LCD 42 телевизор ва 2.500.000 сўм пул мукофоти топширилди. 3 ўрин: Тошкент вилояти Қибрай туманидаги «Саъдулло ота» жоме масжиди имом-хатиби Обиджон Мирҳамидов . Унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг учинчи даражали дипломи ва “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан тақдим этилган микро тўлқинли печ ва 2.000.000 сўм пул мукофоти топширилди. Бундан ташқари, бир қанча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар номи эълон қилинди. “Энг кўп обуна уюштирган имом” номинацияси бўйича Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги “Нурул Ислом” жоме масжиди имоми Озод Назаров; “Энг кўп мақола чоп этган имом” номинацияси бўйича Қашқадарё вилояти Касби туманидаги “Фазли” жоме масжиди имоми Азамат Усмонов; “Энг обод масжид” номинацияси бўйича Урганч шаҳридаги “Охун бобо” жоме масжиди; “Энг инновацион ёндашув” номинацияси бўйича Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги “Домло Омонулло” Ғанижон Абиев ва Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги “Далварзин” жоме масжиди имоми Искандар Ортиқов тақдирландилар. 389

“Энг маърифатли имом – 2018” кўрик танловининг республика босқичи бўлиб ўтмоқда

Мамлакатимиз тараққиётнинг янги даврида муҳтарам Президентимиз томонларидан диний соҳада олиб бораётган ислоҳотлар айниқса диққатга сазовордир. Ушбу ислоҳотларнинг ҳаётга татбиқ этилишида диний соҳа ходимлари ҳам муносиб иштирок этишларини таъминлаш Ўзбекистон мусулмонлари идораси олдида турган энг олий вазифалардан биридир. Бугун, 20 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “ЭНГ МАЪРИФАТЛИ ИМОМ – 2018” кўрик танловининг республика босқичи бошланди, деб хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Унда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар босқичида биринчи ўринни эгаллаган 14 нафар имом-хатиб беллашмоқда. “ЭНГ МАЪРИФАТЛИ ИМОМ–2018” кўрик-танловини ўтказишдан мақсад, бугунги кун имом-хатиби ҳам диний ҳам дунёвий билимларни пухта эгаллаши, Қуръони карим оятлари тафсирини мукаммал билиши, дунёда юз бераётган воқеликдан хабардор бўлиб, халқни эзгулик ва бирдамликка чақириши, ёшларга ҳақ билан ботилни етказа билиши каби фаолиятларни янада жадаллаштиришдан иборат. Шунингдек, ҳозирги пайтда дунёда кечаётган мураккаб сиёсий жараёнларда Ислом дини ниқоби остида рўй бераётган уруш ва тўқнашувлар, бузғунчи ғоялар таҳдидидан аҳолини огоҳ этиб, уларга тўғри исломий таълимотни етказиш каби вазифаларни қай даражада уддасидан чиқаётганларини билиш ҳам мақсад қилиб қўйилган. Тадбир Қуръон карим тиловати билан бошланди. Шундан сўнг ҳакамлар ҳайъати ва иштирокчилар таништирилди. Эслатиб ўтамиз, ушбу танловда Тошкент ислом институти ўқитувчиси Яҳё Абдураҳмонов ҳам иштирок этмоқда. Уларга Аллоҳдан зафарлар тилаймиз! 355

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари

“САБРЛИЛАРНИНГ ИМОМИ” Ҳеч бир инсон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламчалик мусибат ва машаққатларга учрамаган. Бирор-бир инсон ҳаётида кўплаб синов, мусибат ва машаққатларга учраган бўлиши мумкин лекин, барибир у Пайғамбаримизчалик қийналмаган бўлиб чиқаверади. У зот инсонлар орасидаги энг сабрлиси бўлганлар. Биз у зотнинг ҳаётларини ўрганар эканмиз нималарга сабр қилганликларини билиб оламиз. У зот етимликка, фақирликка, очликка, муҳтожликка, қийинчиликка, ўзларига нисбатан бўлган хасадга, ичиқоралик, кўра олмаслик ва гоҳида душманни ғолиб бўлишига нисбатан сабрли бўлганлар. У зот ўз уйларини, ватанларини қолаверса ўз аҳилларидан узоқда бўлишга сабр қилганлар. У зот яқинларини қатл қилинишларига, душманнинг ҳужумларига, у зотга эргашганларни сургун қилинишларига, душманларнинг ғазабларига, адоватчилар ва у зотга қарши жанг қилмоқчи бўлганларнинг жамоа бўлишларига, ғаразгўйларнинг инжиқликларига, жабборларнинг кибрига, арабларнинг нодонлигига, бадавийларнинг жафосига, яҳудийларнинг ҳийласига-ю насронийларнинг кеккайишларига, мунофиқларнинг ёмонлигига-ю жангчиларнинг вахшийликларига сабр қилганлар. У зот атрофларидагиларнинг пешонаси тиришишига ва узоқдагиларнинг эса ғазабига, ботилни тарқалиши-ю ёлғонга чиқарувчиларнинг ҳаддан ошишига сабр қилганлар. Сабр у зотнинг совутлари, қалқонлари, дўстлари ва шериклари бўлган. Қачонки душманларининг сўзлари у зотни безовта қилса, хавотирга солса ёки хотиржамликларини бузса дарҳол Аллоҳ таолонинг: “Бас, улар айтаётган нарсаларга сабр қил”, (Тоҳа, 130) деган оятини эслар эдилар. Қачонки ишларида ҳолат танг бўлиб, оғирлашса тезда Аллоҳ таолонинг: “Бас, гўзал сабр қил”, (Юсуф, 18)деган оятини эслар эдилар. Қачонки душманнинг даҳшати у зотни ларзага келтирса ёки кофирларнинг режаси безовта қилса Аллоҳ таолонинг: “Бас, азму-матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар сабр қилгандек, сабр қил”, (Аҳқоф, 35)деган оятини эслар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари ишонч сабри эди. У зот Аллоҳ таолонинг нусратига ва ваъдаси ҳақлигига ишониб сабр қилар эдилар. У зот Аллоҳ таолога суяниб ва ундан савоб умид қилиб сабр қилар эдилар. Амакилари вафот этдилар сабр қилдилар, аёллари ўтдилар сабр қилдилар, амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳуни қатл қилишди сабр қилдилар, Маккадан ажратдилар сабр қилдилар, фарзандлари вафот этди сабр қилдилар, покдомон аёллари Оиша розияллоҳу анҳога туҳмат тошини отишди сабр қилдилар, ёлғонга чиқаришди сабр қилдилар. Мушриклар ва мунофиқлар у зотни: шоир, коҳин, сеҳргар, мажнун, ёлғончи ва динни ўйлаб топган дейишди сабр қилдилар. У зотни ўз юртларидан чиқишларига мажбур қилишди, азият беришди, сўкишди, таҳқирлашди, хақоратлашди, жанг қилишди ва қамал қилишди сабр қилдилар. Энди бошига мусибатлар тушган ва кўп қийналган кишига бизнинг саволимиз шуки сизнинг қийналганларингиз ва сизга келган мусибатлар ҳам шу қадарми? Сизнинг сабрингиз ҳам у зотнинг сабри кабими? У зот сабр қилувчиларнинг имоми ва шукр қилувчиларнинг ибратлиси ва пешқадамидирлар. Аллоҳ барчамизга у зот каби сабр қилишни ҳамда ҳаётимизда у зотнинг ҳаётлари ибрат ва ўрнак бўлишини насиб қилсин. “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси, “Кулол-Қўрғон” масжиди имом хатиби Яҳё Абдурахманов  410

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳалимликлари

Зайд ибн Саъна мусулмон бўлишидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, жуда қўполлик билан қарзини сўрайди. Ҳолбуки, қарз муддати ҳали битмаган эди. Зайд мана шу ерда нубувват сифатини кўрди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳалимликлари ғазабларидан муқаддам турарди. Жоҳилнинг жаҳли-ғазаби у зотнинг ҳалимликларини зиёда этарди, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайдга табассум қилиб, бағрикенглик билан муомала қилдилар. Умар розияллоҳу анҳу эса уни жеркиб ташладилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳуга ҳам, Зайдга ҳам таълим-тарбия бўлсин учун дедилар: “Эй Умар! Мен ҳам, у ҳам бошқа нарсага муҳтожроқмиз. Сен мени қарзни чиройли адо этишга, уни эса қарзини яхшилик билан сўрашга чақиргин”. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Саънанинг қарзини бериб юборишни ва Умар етказган азият учун қўшимча ҳақ ҳам беришни буюрдилар. Мана шу ҳодиса Зайднинг Исломга кириб, Аллоҳ таоло ғазабидан омон қолишига сабаб бўлди. (Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва Табароний ривоятлари). «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Шамсиддинхўжа Сулаймонов 494

ТАЛАБА-ҚИЗЛАР ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ КОНСЕРВАТОРИЯСИГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 09-2831 сонли топшириғига асосан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фаолият кўрсатаётган диний соҳа ходимлари, диний таълим муассасалари талаба ва ўқувчиларини мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан таништириш мақсадида 2018 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказиладиган маданий-маърифий тадбирлар режаси тасдиқланган. Шунга асосан, жорий йилнинг 18 декабрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими, талаба-қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова бошчилигида 2-курс талаба-қизлари Ўзбекистон Давлат консерваториясига ташриф буюрди. Ташриф давомида талабалар Консерваториянинг 4та зали, булар – катта, Орган чолғу, кичик ва камер чолғу заллари, ва у ернинг саҳналарида Ўзбекистон миллий симфоник Оркестри, “Туркистон” камер чолғу оркестри, “Ўзбекистон яккахонлари” камер чолғу оркестри ва Ўзбекистон давлат теле ва радиокомпаниясининг анъанавий ўзбек мусиқа чолғулари камер чолғу оркестри ва кўплаб шу каби энг таниқли жамоалар томонидан ўз ижодларини намойиш қилишлари учун етарли шароитлар яратилганлиги билан яқиндан танишдилар. Ташриф давомида талаба-қизлар қизиқарли маълумотларга эга бўлиб қайтдилар. Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.СОБИРОВ 506
1 566 567 568 569 570 702