Агар биз бир кунда, узлуксиз эмас, балки орада дам олиб, умумий беш соат ажратсак, ярим пора (ўн – 10саҳифа) ёдлашга имкониятимиз бўлади. Қўшимча яна ярим соат ажратиб, олдин ёдлаган пораларимиздан ҳар куни бир пора ўқишни одат қилсак, ёдланган поралар ёддан кўтарилиб кетмаслигини таъминлайди. Худди шу тарзда давом этсак, икки ойда Қуръонни тўлиқ ёд олишга эришамиз иншаАллоҳ (Қуръонни бундай тез фурсатда ёд олиш институтимизнинг бир нечта талабалари мисолида кузатилган). Иккинчи марта такроран ёдлашда, ҳар куни бир порани белгилаб олиб, ҳар бир саҳифани беш марта мусҳафга қараб ва беш марта ёддан ўқилади. Сўнгида порани тўлиқ жамлаб уч марта ўқилади. Бунга тахминан олти-етти (6-7) соат вақт сарфланади. Устозга топшираётганда ҳар сафар биринчи порадан бошлаб топшираверади, то ўн пора бўлгунга қадар. Кейин, ўн пора бўлганда, худди шу тарзда, аммо бу сафар ўнинчи порадан такрорни бошлайди, то биринчи порага етгунча (яъни тескари томонга қараб юрилади). Ҳар ўн порани алоҳида, шу услубда такрорланади. Ўттиз порани тугатишга яна икки ой вақт сарфланади. Учинчи такрорда эса, худди шу жараённи ҳар куни икки порадан давом эттирилади. Ҳар бир саҳифа уч марта қараб ва уч марта ёддан, кейин порани жамлаб бир марта қараб ва бир марта ёддан ўқилади (жами 6-7 соат). Ҳар ўн пора бўлганда, тескари томондан бошлаб ҳам шу шаклда қайтариб қўйилади. Ўттиз порани тугатишга бир ой вақт сарфланади. Тўртинчи такрорда, ушбу жараён тўрт порадан давом этади. Ҳар бир саҳифа бир марта қараб ва бир марта ёддан ўқилади. Порани жамлаб бир марта ўқилади (жами-7 соат). Ҳар ўн пора бўлганда, тескари томондан бошлаб ҳам шу шаклда қайтариб қўйилади. Ўттиз пора учун жами ўн беш – йигирма (15-20) кун керак бўлади. Бешинчи такрорда, беш порадан (бир марта қараб ва бир марта ёддан такрорлаб топширилади), жами олти кун давом этади. Ҳар ўн пора бўлганда, тескари томондан бошлаб ҳам шу шаклда қайтариб қўйилади. Бошидан ҳисобланса барчаси бўлиб олти ой сарфланади. Олтинчи такрорда, бир кунда ўн порани, биринчи порадан бошлаб ўнинчи порагача мусҳафга қараб бир марта ўқилади, иккинчи мартасида ёддан топширилади. Эртасига эса худди шу шаклда, аммо ўнинчи порадан бошлаб, сўнг тўққизинчи, саккизинчи, ва ҳоказо то биринчи порагача, тескари тарафдан бошлаб ёддан топширилади. Бу – пораларнинг рақамларини яхши эслаб қолиш учун жуда фойдали. Ҳар ўн порани худди шу тарзда такрорланади. Ўттиз пора учун олти кун вақт сарфланади. Еттинчи такрорда, худди олтинчи такрордаги каби жараён ўн беш порадан такрорланади. Ўттиз пора учун жами тўрт кун вақт кетади. Охирги – саккизинчи такрорда, бир кун мобайнида фақат Қуръонга қараб ўттиз порани тўлиқ хатм қилади. Кейин, орада бир кунлик танаффус қилиб, мияга дам берилади ва учинчи куни Қуръони каримни бир ўтиришда тўлиқ ёддан ўқиб топширилади. Яна бир кун танаффус қилинади. Сўнгра Қуръонга қараб иккинчи бор тўлиқ хатм қилинади. Сўнгра яна бир кун дам олиб, кейин Қуръони каримни бир ўтиришда тўлиқ ёддан, фақат бу сафар ўттизинчи порадан бошлаб биринчи порагача тартиб билан ёддан топширилади. Бу жараён учун бир ҳафта вақт сарфланади. Умумий ҳисобланса, олти ярим ой ичида Қуръони каримни комил ёд олиш имкони бўлади (иншаАллоҳ). Маълумот ўрнида, ушбу услуб – Саудия Арабистони, Туркия, Малайзия, Мавритания, Тунис, Жазоир Қуръон мадрасаларида фойдаланилаётган бир қанча услублар жамланмасидан тузилди. 4-курс талабаси Йўлдошбек қори Нуриддинов 739
Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтида “Февраль ойи – Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис” фан ойлиги муносабати билан 2019 йил 28 феврал куни “Имом Термизийга муносиб авлод бўлайлик!” шиори остида ҳадис ва мусталаҳул ҳадис фани бўйича мусобақа ўтказилди. Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси котибият бўлими мудири М.Ҳомидов ҳамда мутасадди раҳбарлар ва устоз-мураббийлар ташриф буюришди. Тиловати Қуръон ва дуои хайрдан сўнг институтнинг ўқув ва илмий ишлар бўйича проректори У.Ходжаев нутқ сўзлаб, тадбирни очиб бердилар. Мусобақа иккинчи курслар ўртасида бўлиб, 3 та жамоа иштирок этди. Мусобақа тўрт шартдан иборат бўлиб, уч жамоадан ҳар бир шарт бўйича берган жавоблари ҳакамлар томонидан холисона баҳолаб борилди. Мусобақа бошидан охиригача қизғин тус олди. Гуруҳ иштирокчиларининг мусобақага яхши тайёргарлик кўрганлари томошабинларга ҳам яққол намоён бўлди. Мусобақа натижаларига кўра, “Бухорий авлодлари” гуруҳ иштирокчилари 190 балл тўплаб, биринчи ўринга; “Термизий авлодлари” гуруҳ иштирокчилари 177 балл тўплаб, иккинчи ўринга ва Доримий авлодлари гуруҳ иштирокчилари 168 балл тўплаб, учинчи ўринга сазовор бўлишди. Ғолиб гуруҳ ва мусобақада фаол иштирок этган гуруҳларга институт ҳамда ҳомийлар томонидан эсдалик совғалар тақдим этилди. Шунингдек, тадбир сўнгида фан ойлиги муносабати билан ўтказилган Имом Нававийнинг “Арбаин” асаридаги ҳадисларни ва ҳадис истилоҳларига ҳақида Умар ибн Муҳаммад ибн Байқунийнинг “Манзуматул Байқунийя” асаридаги байтларни тўлиқ ёдлаб берган талабалар, савол-жавоб ва мақолалар танлови ғолиблари ҳам тақдирландилар. Тадбир институт “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси, ҳакамлар ҳайъати аъзоси Абдурасул Ташпўлатовнинг нутқи ва хайрли дуолари ила якунланди. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Ю.Абдураҳимов 860
عن ابن عمر رضى الله عنهما قال: قال سمعتُ رسولَ الله صلى الله عليه وسلم يقولُ: » إنَّ الله يدنى المؤمن فيضعُ عليهِ كنفَهُ ويستُرهُ فيقولُ: أتعرِفُ ذَنبَ كذا أتعرِفُ ذنبَ كذا؟ فيقولُ: نعم أى ربِّ، حتى إذا قرَّرهُ بذنوبهِ، ورأى فى نفسه أنه قد هلك قال سترتُها عليك فى الدنيا، وأنا أغفُرها لك اليومَ، فيعطى كتابَ حسناتهِ، وأما الكافرُ والمنافقُ فيقولُ الأشهادُ : هولاء الذينَ كذَبوا على ربهمْ ألا لعنة الله على الظالمينَ» Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ (Қиёмат куни) мўминни ўзига яқинлаштириб, бир томонини қўйиб тўсади-да, фалон гуноҳингни ва пистон гуноҳингни биласанми?- дейди. У мўмин: “Ҳа, эй Раббим! деб гуноҳларига иқрор бўлади. У ҳалок бўлдим, деб ўйлайди. Шунда Аллоҳ таоло унга қарата: “Дунёдаги ҳаётингда ўша гуноҳингни яширганим каби бу кунда ҳам ўша гуноҳларингни кечираман”,- деб яхшиликлар китобини берилади. Аммо кофир ёки мунофиқ кимсага “Гувоҳлар”: “Ундай кимсалар (қиёмат кунида) Парвардигорларига рўбарў қилинурлар ва барча гувоҳ: “Мана шулар Парвардигор шаънига ёлғон сўзларини сўзлаганлар” дейдилар. Огоҳ бўлингизким, бундай золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлур”, дейди. (Ҳуд-18) Шарҳ: Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) кетаётсалар бир киши йўлда унга йўлиқиб: “Қиёмат куни банда билан Рабб ўртасида бўладиган сўзлашув ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса эшитганмисиз?” деган эди, Ибн Умар (розияллоҳу анҳу): Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан мана шу ҳадисни эшитганман, деб юқоридаги ҳадисни зикр қилдилар. Бу ҳадисда Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган икки қўрқинчли мавқеъни айтмоқдалар. Биринчи мавқеъ: Аллоҳ мўмин бандага яқинлашиб, уни тўсиқ билан иҳота ва беркитиб сир қилган ҳолда: “Сен фалон куни, фалон жойда содир этган гуноҳингни эслайсанми?”- деса, мўмин киши титраб, ҳижолат чеккан ҳолда: “Ҳа эй Раббим, эслайман”, дейди. Яна Аллоҳ таоло: “Ана бу гуноҳингни эслайсанми?» -деса мўминни хавфи кучайиб, қалби ағдарилган ҳолда: “Ҳа, эй Раббим эслайман”, дейди. Мана шу каби Аллоҳ мўмин бандасига гуноҳларини санайверганидан банда изтиробда гуноҳларига иқрор бўлаверади. Бу қўрқинчли ҳолат давом этавергач, у мўмин гуноҳига яраша азобланишга аниқ ишониб қолади. У содир этган гуноҳи сабабли аниқ ҳалок бўлгувчиман, деб фикр қилиб турганида, гуноҳларни кечирувчи меҳрибон бўлган Раҳим Зот Аллоҳ нидо қилиб: “Эй бандам! Мен сени дунёдалик пайтингда гуноҳингни беркитган эдим. Бугун эса гуноҳингни кечираман. Эй фаришталарим, унга яхшиликлар китобини беринглар ва жаннатга элтинглар”, дейди. Иккинчи мавқеъ: кофир ва мунофиқларнинг мавқеъси бўлиб, уларни пешоналаридан тутиб, саф ичига киритиб, худди ҳайвонни бўғизлаш ўрнига олиб борилгани каби олиб борилади. У ердагилар у кимсага қараб туришади. Шу ҳолда уни адолат маҳкамасига олиб борилади, у Аллоҳ ҳузурида ноумид бўлиб туради. Раббиси: “Сенга неъмат бермаганмидим? Сенга элчи жўнатмаганмидим? Ундай ва бундай нарсаларни бермаганмидим? Мендан ҳаё қилмасдан ёмонлик қилиш билан курашдинг-а? Яхшиликларни ато қилсам ҳам Мендан бошқага ибодат қилдинг-а? Фалон куни фалон нарса қилгандинг-а?” дейди. Кофир ёки мунофиқ кимса ўнг томонига қарайди. Дўзахдан бошқа нарса кўрмайди. Атрофини азоб берувчи, қўпол фаришталар ўраб олади. У “Эй Раббим нафсимга ижозат бермасам ҳам гувоҳлик бермоқдаку? дейди. Аллоҳ таоло: “Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисоб-китоб қилгувчидир”- деб, оғзига муҳр уриб қўйилади. Аъзоларига сўзла! дейилади. У гуноҳ ва хатоларини сўзлайди. Кейин у билан сўзи ўртасини ҳоли қилиб қўйилади. Аъзоси: “Сенга ор бўлсин, мен билан доим курашар эдинг. Мана энди адолатли подшоҳ томонидан ҳукм фаришталарга берилмоқда....
بسم الله الرحمن الرحيم Ҳурматли Қуръон мухлислари! Сўнги йилларда юртимизда Қуръони Каримни ўрганишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бунга, ҳар йили ўтказиб келинаётган Республика Қуръон мусобақаларининг, 2018-йилда кенг миқёсда, оммавий тарзда ўтказилганини мисол қилиш мумкин. Шунингдек, юртимиздаги фаолият юритаётган барча Ислом билим юртларида Қуръон ёдлашга ихтисослашган алоҳида гуруҳлар ташкил қилингани ҳам сўзимизнинг тасдиғидир. Ушбу хайрли ишлар давоми сифатида, келажакда Қуръон таълимида яна-да катта натижаларга эришиш, таълимни самарали олиб бориш мақсадида, дунёнинг таниқли қироат уламолари томонидан таълиф этилган, Қуръони Каримни тез ва осон ёдлашга доир тавсияларни келтирамиз: Биринчи ёдлашда: Қуръон ёдлаш учун қулай, ортиқча чалғитувчи нарсалардан холи, тинч хона танлаб олинади; Гавдани тик тутган ҳолда ўтирилади, мусъҳафни кўкракдан баландроқ бўлган лавҳа устига, сал чапроқ қилиб қўйилади; Ёдлаш учун, кўпи билан бир ёки бир ярим қатор оят белгилаб олинади. Агар оят бир ярим қатордан узун бўлса, маъно бузилмайдиган жумлагача бўлиб олинади; Мусъҳафга диққат билан қараб, имконият даражасида баландроқ, ўртача тезликда, бироз тараннум билан, 3 маротаба ўқилади; Кейин мусъҳафни ёпиб, ўша қаторнинг ўзини ёддан, худди шу тарзда етти мартагача ўқилади. Мана шунда жами ўн марта ўқилган бўлади ва бир қатор тўлиқ ёд бўлади. Кейинги қаторларни ҳам худди шундай услубда ёдланади. Ярим саҳифа бўлганда, шу услубда (уч марта қараб ва етти мартагача ёддан ўқиб) битта жамланади. Мана шунда жами йигирма (20) марта ўқилган бўлади. Ва бир саҳифа бўлганда, шундай шаклда яна бир жамланади ва барчаси бўлиб ўттиз (30) марта бўлади. Бунинг учун ярим соат вақт сарфланади ва бир саҳифа тўлиқ ёд бўлади (иншаАллоҳ). 4-курс талабаси Йўлдошбек қори Нуриддинов 770
Форс ва Рум давлати мағлуб бўлиб, Умавийлар давлати қўлига ўтганидан сўнг, улардан улкан илмий меърос қолди. Энди вазифа бу илмий манбалардан фойдаланиш эди. Давлат сурёний ва юнон тилларини яхши билган одамларни жалб қилиб китобларни сўзма-сўз араб тилига таржима қилдирди[1]. Ўз навбатида, бу таржимонлар тажрибавий илмларни ҳам пухта билишар эди. Бу илмий ишларни амалга оширишда мутахассисларнинг фаолиятига яраша мукофот беришни умавий ҳукмдорлари жорий қилдилар. Муовия розияллоҳу анҳу илмий тадқиқотлар олиб борадиган марказ ва кутубхона ташкил қилди. Айниқса,бу марказда марвликлар алоҳида аҳамиятга эга олимлар бўлиб, ҳатто сафар ва юришларда ҳам уларнинг кўрсатма ва тадқиқотларидан унумли фойдаланишар эди[2]. Баъзи тарихчилар Муовия розияллоҳу анҳунинг шахсий табиби Ибн Осол насроний бўлиб, тиббиётга доир китобларни араб тилига ўгирганини айтишади[3]. Тиббиёт ва кимёга тегишли китобларни араб тилига ўгиришни Холид ибн Язид биринчи бошлаб берган шахс ҳисобланади. Шунингдек, халифалар Искандария мадрасасида таълим олган мутахассисларга юнон ва қибтий тилидаги асарларини араб тилига таржима қилишни буюрган эди[4]. Яна тиббиётда машҳур Жолут-Галеннинг китоблари ҳам таржима қилинган. Бунинг натижасида ислом диёрларида тиббиёт илмига асос вужудга келди. Жолутнинг ўзи таржимон, файласуф, донишмандлар ва ҳунармандларга яқин инсон эди. У нужум (астрономия), кимё, ҳарбий урушлар, қурол-аслаҳалар ва ҳунармандчиликка оид китобларни таржима қилган. Муовия розияллоҳу анҳунинг шу каби хайрли ишлари натижасида исломда улкан хазина, яъни Дамашқ кутубхонаси ташкил вужудга келди[5]. Муовия розияллоҳу анҳу даврида 534 нафар энг кўзга кўринган табиблар бор эди. Басранинг ўзида биргина Зиёд ибн Абиҳни қўли шикастланганда 150дан ортиқ табиб даволаш учун тўпланганди[6]. Ўша вақтда Басра аҳолиси тахминан саккиз минг эди[7]. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев [1]ФилибҲати.Тариху Сурия.Франция: Лейсн. 1985.Ж 1. – Б 132 ва Ҳамдий Шоҳин Аддувлатул уммавия. – Байрут: Дор ас-салам, 1966. – Б 459. [2]Юсуф Иш.Аддувлатул уммавия. – Миср: Дор ал-Азҳар, 1897. – Б 348. [3]Муаллифи номаълум. Алуъюн вал вал ҳадоиқ. – Қоҳира. 1871, Ж 3. – Б 1717. Ибн Аби Усайба. – Байрут. 1969. [4]Ҳамдий Шоҳин Аддувлатул уммавия. – Байрут: Дор ас-салам. 1966. – Б 460. [5]Муҳаммад Курдий Али. “Хутатуш Шом” Мактаба ан-Нурий Дамашқ. 2011. Ж 4. – Б 23. 24.Ҳамдий Шоҳин Аддувлатул уммавия. – Байрут: Дор ас-салам, 1966. –Б 460. [6]Абул Фидо Исмоил ибн Умар ибн Касир. Ал-Бидоя ван-ниҳоя. – Қоҳира: Дор ал-ҳажр, 1997. Ж 11. – Б 261. [7]Доктор Исом ибн Ҳошим Жуфарий. Аттатоввурул иқтисодий фил асрил уммавий. Магистирлик ишидан. – Мадина: Умм ал- Қуро. 2012. – Б 255. 925