islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Мақолалар

Бўлимлар

Эҳсон қилинг, жаннатга киринг

“Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” (Оли Имрон, 92). Имом Насафий (рaҳимаҳуллоҳ) оятнинг тасфсирида: “Муҳтожларга қилaятган инфоқ-эҳсонингиз ўзингиз яхши кўриб, уни бошқа нарсалардан афзал деб билган мол-мулкингиздан бўлсин”, деган. Мазкур оятнинг “Яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар” жумласидан яхши бандалардан бўлолмайсиз ёки Аллонинг ажру савобига эришолмайсиз, деган маънолар тушунилади. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Банда Аллоҳнинг розилиги учун яхши кўрган нарсасини – гарчи у бир дона хурмо бўлса ҳам – садақа қилган киши мазкур оятга амал қилган бўлади”, деган. Имом Воситий (рaҳимаҳуллоҳ) эса: “Яхшилик (жаннат)га эришиш”, яхши кўрган нарсаларнинг маълум қисмини инфоқ-эҳсон қилиш билан бўлади”, дейди. Муҳаммад ибн Ҳусайн (раҳматуллоҳи алайҳ)дан ривоят қилинади: “Имом Суддий (роҳимаҳуллоҳ): “Оятдаги “яхшилик”дан мурод жаннатдир”, деган. Банда ўзи яхши кўрган нарсани муҳтожларга эҳсон қилса, буюк ажрга эга бўлади. Умар ибн Абдулазиз шакар сотиб олиб, уни садақа қилар эди. У зотга “Нега шакарни пулини садақа қилиб қўя қолмайсиз?” дейилди. У зот “Ўзим яхши кўрган нарсани эҳсон қилишни хоҳлайман”, деган. Инсон ўзида бўлишини хоҳлаган нарсани, биродарига илиниши кишининг имони комил эканига ишорадир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсон яхши кўрган нарсасини биродарига ҳам илиниб, унда шу нарса бўлишини яхши кўрмагунча комил мўмин бўлолмайди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти). Манбаларда айтилишича Ойша (розияллоҳу анҳо) Қуръони карим тиловат қилаётиб “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар” оятига етганларида тўхтаб, тилла суви юритилган Мусҳафларини сотиб, пулини садақа қилиб юборганлар. Мазкур оятининг “Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” қисмини Имом Абу Жаъфар (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай тафсир қилган: “Эй мўминлар Аллоҳга итоат этиб, Унгагина ибодат қилинг. Ундан умид қилинаётган яхшилик, Аллоҳ таоло сизларни жаннатга киритиб, дўзах азобидан халос этишидир. Абу Талҳа (розияллоҳу анҳу) Мадина шаҳридаги ансор саҳобаларнинг мол-мулки кўпларидан бири эди. Унинг Масжиди набавий рўпарасида Байраҳо номли боғи бўлиб, уни жуда яхши кўрарди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам боғга кириб, ундаги булоқнинг сувидан ичар эдилар. Анас (розияллоҳу анҳу) айтади: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар” ояти нозил бўлган пайтда, Абу Талҳа (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ, менинг энг яхши кўрган нарсам Байраҳо номли боғим. Уни Аллоҳ йўлида садақа қилдим. Мен уни охиратга захира бўлишини умид қиламан. Боғни, Аллоҳ буюрган жойга ишлатинг”, деди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ сенга барака берсин! Бу жуда фойдали мол бўлди, жуда фойдали мол бўлди. Эй Абу Талҳа, сўзингни эшитдим, уни ўзингнинг муҳтож яқинларингга сарфлашингни фойдали деб ўйлайман”, дедилар. Абу Толҳа (розияллоҳу анҳу): “Боғни қариндошлари ва аммакиларининг ўғилларига бўлиб берди (Имом Бухорий ривояти). Ояти каримада ихтиёрий эҳсон-садақа қилишнинг меъёри баён қилинмоқда. Унга кўра, инсон инфоқ қилишда қўлидаги арзимас, яроқсиз нарсани эмас, балки, ўзига маҳбуб-севимли, сифатлисининг маълум қисмини чин кўнгил билан бериши лозим. Фарз эҳсонлар – закот ва ушр каби садақаларни беришда ўртачасини бериш лозим экани манбаларда зикр қилинган. Зеро, оятнинг сўнгида “Нимани инфоқ қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”, деб, севимли ва сифатли нарсани инфоқ қилишга тарғиб этилмоқда. Аллома Шаъровий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Аллоҳ таоло банда яхши кўрган нарсасини инфоқ қилгани эвазига яхшилик – жаннатни беради. Инсон ҳақиқатда яхши кўрганини инфоқ қилгани ёки яроқсиз нарсани бергани Аллоҳ таолога маълум. Эй мўминлар, бу борада ўзингизни алдашга уринманг!...

СУННАТ ҚИЛИЧИ ВА УММАТ ЛИСОНИ-ИМОМ АБУ БАКР БОҚИЛЛОНИЙ РАҲИМАҲУЛЛОҲ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ислом тарихига назар солган киши, унинг талотум кечмиши оралаб бу кунларимизга қадар зимистонларни чароғон этиб турган лак-лак зиё соҳибларини кўриши мумкин. Уларнинг зиёлари кўкдаги қуёш нуридан кўра ҳароратлироқ, тундаги бадр ой ҳайбатидан кўра шарафлироқ, заколари хориқа, фатонатлари муҳташам, маноқиблари залворлидир. Буюк шахсиятларни таниш, келажак авлод учун уларни танитиш миллат қадрининг юксалишига туртки, уммат кимлардан ўрнак олиши лозимлигини белгилаб берувчи маёқдир. Агар конлардан тиллолар чиқмаганида эди, инсонлар ҳаётларини таҳликага қўйиб, тоғларни титкилашмасди. Тиллонинг қадрини билмаган киши учун эса тошни ҳам тилло нархига сотиб юбориши мумкин. Шунинг учун аслдан сохтани ажратиб қўйиш ўта муҳим вазифадир. Зотан зар қадрини заргар, гул ифорига булбул етар.Асл исми Қозий Абу Бакр Муҳаммад ибн Тийб ибн Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Қосим ибн Боқиллоний бўлиб, уч юз ўттиз саккизинчи ҳижрий санада Басрада дунёга келди. (Милодий тўққиз юз эллигинчи санага тўғри келади). Кейин Боғдодга кўчиб келиб, шу ерда яшаб қолди. Хатиб Боғдодий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Унинг сафарда ҳам, муқимда ҳам ҳар кечалик вирди йигирма тарвиҳа намоз бўларди. Бу намозни ўқиб бўлгач ўттиз беш варақ нарса ёзарди. Тонг отгач эса ёзганларини баъзи шогирдларига бериб ўқитар ва айрим иловаларни киритарди». Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳ «Табйин кизбил муфтарий»да бу зотни мақтаб айтади: «Калом илмида одамларнинг энг маърифатлиси, хотирада энг яхшиси, тили ўта равон, иборалари жуда саҳиҳ ва ифода қилиш қобилияти ниҳоятда юксак эди». Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ «Сияр»да айтади: «Имом, аллома, мутакаллимларнинг нодири, усулийларнинг пешвоси Қозий Абу Бакр Муҳаммад ибн Тийб ибн Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Қосим Басрий Боғдодий ибн Боқиллоний бир қанча таснифотлар соҳибидир. Унинг фаҳми ва закоси зарбулмасал бўлган». Қозий Иёз раҳимаҳуллоҳ «Табақотул Моликийя»да: «У (Боқиллоний) «Суннат қиличи ва уммат лисони» дея лақабланган, аҳли ҳадис тилида гапирадиган, Абул Ҳасан Ашъарий роҳимаҳуллоҳнинг йўлидаги зот бўлиб ўз вақтида Моликийларнинг риёсати у кишида якун топганди. Басра жомеъсида жуда катта илмий халқаси мавжуд эди», деган. Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ бу зотнинг Имом Ашъарий мазҳабига кучли таъсири бўлганини алоҳида таъкидлаган ва: «Калом илмини Ашъарийнинг соҳибларидан олган, мўътазила, рофиза ва мушаббаҳаларга қарши ҳудди қилич каби эди», дея таърифлаган. Алий ибн Муҳаммад айтади: «Абу Бакр Боқиллоний уламолар орасидаги хилоф масалаларнинг барчасини ёддан ёзарди. Ҳар қандай уламо мухолифларнинг китобларига мурожаат қилишга эҳтиёж сезади. Аммо Боқиллоний буларнинг барчасини ёддан ёзарди ва зеҳнига суяниб хилофий масалаларнинг баёнида бирорта китобга мурожаат қилмасди». Абул Фараж раҳимаҳуллоҳ айтади: «Абу Бакр Хоразмийнинг шундай деяётганини эшитдим: «Боғдоднинг ҳамма мусаннифлари ўз таснифотларида уламоларнинг китобларидан кўчирарди. Аммо Боқиллоний эса маълумотларни ёддан ёзарди. Унинг кўкси барча инсонларнинг илмини сиғдира олганди». Боқиллоний раҳимаҳуллоҳ Боғдодда ҳадис илмини Абу Бакр ибн Молик, Абу Муҳаммад ибн Мосий ва Аҳмад Ҳусайн ибн Алий Найсобурийлар каби алломалардан олди. Аллоҳ уларни раҳмат қилган бўлсин! Калом илмини эса Имом Ашъарий раҳимаҳуллоҳнинг соҳиби Ибн Мужоҳид Тоий раҳимаҳуллоҳдан ўрганди. Ўз даврида Боқиллоний жуда кўп илмий мунозаралар, жонли баҳсларда иштирок ҳам этарди. Боғдод амири у кишини Румга насоролар билан баҳс учун жўнатади. Ийсо алайҳис салом Аллоҳнинг ўғли, Марям эса Унинг хотини дейдиган масиҳийлар билан айнан шу мавзуда баҳс қилгани боради. Рум подшоҳи насоро роҳибларини йиғиб, Боғдоддан мусулмонларнинг жуда кучли олими келаётганини, у билан баҳс қилиш лозимлигини айтиб, саройда очиқ баҳс ташкил қилади.   Боқиллоний саройга кириб, барча билан самимий саломлашади...

“Ҳамма ўз йўлига кўра амал қилур” ёхуд Қуръони каримдаги энг умидбахш оят

Ривоят қилинишича, Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Қуръони Каримдаги энг умидбахш оят бу – “Айт: “Ҳар ким ўзига мувофиқ тарзда амал қилур. Парвардигорингиз тўғри йўлдаги зотларни жуда яхши билур”  (“Исро” сураси, 84-оят), оятидир, деган эканлар – “зеро, банданинг ҳолига мос келадиган нарса исён бўлса, Роб таолога мос келадиган нарса ғуфрондир”. Мулла Рамазон Бутий роҳимаҳуллоҳ Атоуллоҳ Искандарийнинг “ал-ҳикам ал-атоийя” номли ҳикматлар мажмуасига ёзган шарҳида юқоридаги ояти каримадан таъсирланиб, Аллоҳга қуйидагича муножот қилади: “Роббим, … эртага ҳузурингга борганимизда биздан: “мен сени қоим қилиб қўйганим дунёдан ҳузуримга нима билан келдинг?”, деб сўрасанг, жавобимиз шундай бўлади: “Ҳузурингга марҳаматингга бўлган тоғдек умидим билан келдим… Фазлу карамингдан насибадор бўлиш орзуси ила келдим… Убудиятимдан бўлак ҳеч нарсасиз, қашшоғу фақир, очу яланғоч бўлиб келдим… Зотан, убудиятим ва қуллигим менинг йўғу борим, қошингда туришим учун бори сармоямдир… Бошқа ҳеч нарсам йўқ… Нечоғли олийжаноб ва карамли, нақадар фазлу марҳаматли Зот эканлигингдан бохабарлигим ва доимо ифтихор қиладиганим ўша қуллик занжири ила сенга боғлиқлигимгина бу кун Сендан Жаннатингни сўрашга, карамли атойингдан тиланишга менда журъат пайдо қилди. Эй Роббим, мен Сенинг қулингман, қулинг ва чўрингнинг боласиман. Пешона сочим Сенинг қўлингда (жоним, бутун вужудим, ҳаётим ва мамотим Сенинг изму ихтиёрингда), ҳукминг менга ўтувчи, қазою қадаринг мен учун адолатлидир. Марҳаматингни сўрайман, Парвардигорим! Менга ўзим лойиқ бўлган нарса билан муомала қилма! Балки, Сен лойиқ бўлган нарса ила муомала қил! Ахир, Ўзинг: “ҳамма ўз услубига кўра амал қилади (иш кўради)” (Исро), дегансан-ку! Сенинг услубинг раҳмат, шундай экан, менга раҳм айла! Сенинг услубинг мағфират, шундай экан, мени мағфират қил!”. “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси Алишер Султонхўжаев Манба 769

Шайхларнинг раиси

Абу Али ибн Сино шарқда “Шайхур-раис” (Шайхларнинг раиси) деб аталса, ғарбда “Авиценна” номи билан машҳур. У милодий 980 йилнинг август ойида Бухоро яқинидаги Афшона қишлоғида дунёга келган. Ибн Сино 16 ёшдаёқ машҳур табиб бўлиб танилди. IХ аср охири ва Х асрнинг бошларида жаҳон маданияти ва маърифатининг йирик марказларидан бири Гурганжда (ҳозирги кўҳна Урганч) Маъмун сулоласи (995-1017) Хоразмни равнақ топтириш мақсадида тинимсиз ҳаракат қилди. Хоразмшоҳлар сомонийлар, қорахонийлар ва ғазнавийларнинг хуружларига қарамасдан маърифатпарвар олимларга ҳомийлик қилди. Шу йўсинда бухоролик ёш олим Ибн Сино ҳам Гурганжда фаолият юрита бошлади. Бу вақтда у эндигина 25 ёшни қаршилаган эди. Вақтлар ўтиши билан, маълум сабабларга кўра, Хуросон ҳукмдори Султон Маҳмуд Хоразмдаги олимларни Ғазнага юборишни талаб қилади. Ғазнавийлар ҳукмдорига куёв бўлишига қарамасдан Абул Аббос Маъмун ибн Маъмун унга рад жавобини беради. 1017 йилда Султон Маҳмуд Хоразмни эгаллагач, “Байтул Ҳикма“ олимларининг аксариятини Ғазнага олиб кетган ва улар сафида Ибн Сино ҳамда унинг дўсти Абу Райҳон Беруний ҳам бор эди. Ибн Сино ХI асрнинг буюк алломалари жамланган Маъмун академиясида етти йил давомида илмий изланишлар олиб борди. “Тиб қонунлари“ китоби учун бебаҳо материаллар тўплади, жарроҳлик операциялари ўтказди. Касаллик ва унинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилишни йўлга қўйди ва ҳар бир касаллик муҳит, шароит, овқатланиш ва тананинг ўзига хос хусусияти, организмнинг ташқи таъсирга муносабати каби омиллар билан узвий боғлиқлигини исботлаб берди. Ибн Сино асарларининг умумий сони 450 дан ошади, бироқ бизгача фақат 160 га яқин асари етиб келган. Унинг, айниқса, “Тиб қонунлари“ асари ХII асрдаёқ лотин тилига таржима қилиниб, 800 йил давомида Ғарб мамлакатлари университетларида асосий қўлланма бўлиб келган ва ҳозир ҳам бир қанча тиббий ўқув юртларида ўрганилади. Устози Хаммор  маслаҳати билан “Инсоннинг яратилиши ва аъзоларининг тузилиши“, “Тутқаноқ касаллиги ҳақида“, “Қариликда соғлом яшаш ҳақида“ каби китобларини ёзди. Абу Али ибн Сино жисмонан ўта бақувват инсон бўлса-да, муҳожирликдаги қўнимсиз ҳаёти ва тинимсиз машаққатли меҳнати оқибатида ўз саломатлигига етарли даражада эътибор бера олмаган. Натижада, у қўланж касаллиги билан оғриб, 1037 йилда 57 ёшида Ҳамадон шаҳрида дунёдан кўз юмди. 2005 йилда жаҳон илм-фани хазинасига бемисл ҳисса қўшган улуғ бобомиз Абу Али ибн Синонинг 1025 йиллик юбилейи Ўзбекистонда кенг нишонланди. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев 776

Нақшбандия машойихлари – Хожа Ориф Ревгарий (Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин 1-қисм)

Бухоро вилояти Шофиркон туман Ревгар қишлоғида, ҳижрий 560/660 (милодий 1165/1259) йилларда яшаб ўтганлар. Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий валийлардан бўлиб, ҳилм, зуҳд, тақво, риёзат аҳилларидан эдилар. Ревгарий болалигидаёқ Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг хизматларида бўлганлар. Маълумки, “Силсилаи шариф”даги ўнинчи ҳалқанинг пири муршиди Ҳазрат Хожаи Жаҳон Абдулхолиқ Ғиждувоний бўладилар. Ўн биринчи ҳалқанинг пири муршиди Ҳазрат Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарийдурлар. Бу зоти шариф шариату тариқат илмини Хожаи Жаҳондан ўрганганлар. Хожа Ориф Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг тўртинчи халифалари ҳисобланадилар. Ҳазрат Маҳдуми Аъзам Даҳбедийнинг (1461-1542) “Мақомоти Хўжа Абдулхолиқ Ғиждувоний” асарларида нақл қилишларича, Хўжа Хизр Ҳазрат Абдулхолиқ ҳузурларига келардилар. Шу пайт Ҳазратнинг ҳамма шогирдларини уйқу босарди. Суҳбат тугаб, Хўжа Хизр кетганларидан сўнг шогирдлари беихтиёр уйқудан уйғонарди. Шогирдлар орасида энг ёши ҳисобланган Хўжа Муҳаммад ар-Ревгарий Хўжа Хизр суҳбатларидан баҳраманд бўлай деб, кўзларига туз сепдилар ва оғриқнинг қаттиқлигидан у кишига уйқу ғалаба қилолмади. Суҳбатдан баҳраманд бўлдилар. Буни кўрган Хизр алайҳиссалом унинг келажакда маърифат соҳиби бўлиб етишиши учун қилган дуоларининг баракотидан Хожа Ревгарий “ориф” лақабига мушарраф бўлган эканлар. Махсус сиртқи бўлим 2-курс талабаси, “Шайх Дарвеш” жоме масжиди имом-хатиби Азизжон Жамалов 850
1 565 566 567 568 569 727