Юртимиздаги барча масжидларда 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида рўй берган ҳалокат қурбонларининг ҳаққларига жума намозларидан сўнг дуолар қилишиб, Аллоҳ таолонинг раҳматини сўрашмоқда. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ҳам кўплаб ўзбекистонликлар Қуръон тиловат қилишиб, марҳумлар ҳаққига савобларини бағишлаш бўйича ҳамдардлик лойиҳасини оммалаштирмоқдалар. Қайд этиш жоиз, ҳалокат содир бўлган куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган эди. Тошкент ислом институти ўқитувчи ва талабалари ҳам 21 марта Қуръони каримни хатм қилишиб, бугунги жума намозида савобини ҳалокат қурбонларига бағишладилар. Аввал хабар берганимиздек, айни пайтда юртимиз бўйлаб давом этаётган Қуръони карим мусобақаси ташкилотчилари ва иштирокчилари 18 январь куни Самарқанд вилоятининг Пастдарғом ва Пайариқ туманларида бўлиб ўтган кўрик-танловдаги тиловатларни марҳумлар ҳаққига бағишлаган эди. Администратор 378
Кеча, 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида рўй берган, кўплаб ўзбекистонликлар ўлимига олиб келган фожиа муносабати билан ҳалок бўлганларнинг оилалари ва яқинларига ҳамдардлик билдирилмоқда. Ушбу содир бўлган фожиа сабабларини ўрганиш учун Ўзбекистон Президенти топшириғига кўра, Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида ташкил этилган Махсус ҳукумат комиссияси айни вақтда Қозоғистонда бўлиб турибди. Самарқанд вилоятининг Пастдарғом ва Пайариқ туманларида бўлиб ўтаётган Қуръон мусобақасининг ҳудудий босқичларида куни кеча, 18 январь куни Қуръон тиловатлари қилиниб, марҳумларнинг ҳаққига бағишланди. Бундай савобли ишлар шу кунларда ҳам давом эттирилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 266
Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида рўй берган, кўплаб ўзбекистонликларнинг ўлимига олиб келган фожиа муносабати билан Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев марҳумларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди. «Шавкат Мирзиёев ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради», — дейилди «Ўзбекистон» телеканали «Ахборот» дастурида. Бугун, 18 январь куни Қозоғистоннинг Актўбе вилояти Ирғиз тумани ҳудудидан ўтувчи «Самара-Чимкент» автомобил йўлининг 1068 кмда Калибой аҳоли яшаш пунктидан 10 км узоқликда «Икарус» русумли автобус ёниб кетди. Ушбу икки қаватли автобусда жами 57 киши бўлган, фақат 5 киши ундан чиқа олган, қолган 52 киши ҳалок бўлган. Ҳозирча ҳалок бўлганларнинг шахси аниқланмаган. Шавкат Мирзиёев топшириғи билан Қозоғистонда кўплаб ўзбекистонликларнинг ҳалок бўлишига олиб келган фожиа сабабларини ўрганиш юзасидан бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида ҳукумат комиссияси ташкил этилган. Айни вақтда ушбу комиссия Ақтўбе шаҳрига учиб кетган. Махсус ҳукумат комиссиясига Қозоғистон вакиллари билан ҳамкорликда содир бўлган фавқулодда вазият сабабларини ўрганиш, мамлакат фуқаролари шахсини аниқлаш вазифалари юклатилган. Шунингдек, комиссия ҳалок бўлганларнинг таналарини мамлакатга олиб келиш, уларнинг оилаларига зарур ёрдамни кўрсатиш билан шуғулланади. Манба:kun.uz 369
Кеча, 17 январь куни диний идорада Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш борасида қилинаётган ишларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда таниқли уламолар, тажрибали имом-хатиблар, илғор мударрислар, диний соҳа ходимлари, халқаро илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари иштирок этди. Мажлисда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўз олиб, 2017 йил 27 ноябрь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Қарор ижроси юзасидан Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирокида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтгани, унда Биринчи Президентимизнинг эл-юртимиз равнақи йўлидаги хизматлари ҳақида илиқ фикрлар билдирилгани ва юбилейни ўтказиш бўйича қатор топшириқлар берилганини қайд этдилар. Видеоселекторда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонларидан жуда ҳам яхши сўзлар айтилгани, айниқса, у кишининг “Ўз тарихини йўқотган, унга беписанд муносабатда бўлган элнинг келажаги йўқ. Биз Ислом Каримовни қанча эъзозласак, қанча улуғласак, тараннум этсак, халқимизни, ўзлигимизни, миллатимизни шунча улуғлаган бўламиз. Бу тарихий санани юқори савияда ўтказишимиз юксак маънавиятли ва маърифатли халқ эканимизни намоён этади”, деган сўзларини муфтий ҳазратлари келтирдилар. Шунингдек, муфтий ҳазратлари сўзларида давом этиб, вилоятларда ўтказиладиган эҳсон дастурхонларида имом-хатиблар томонидан Қуръони карим оятларидан тиловат қилиниши, Биринчи Президентимиз ҳақларига дуолар қилиниши, у кишининг қилиб ўтган хайрли ишлари тўғрисида йиғилганларга суҳбат қилиб беришни тавсия этдилар. Бундан ташқари имом-хатиблар мана шу ишлар ҳақида намозхонларга маълумот бериб боришлари мақсадга мувофиқ эканини билдирдилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ташкилотлар, диний таълим муассасалари ва халқаро илмий тадқиқот марказларида Биринчи Президентимиз таваллуд санасига бағишланган маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ва китоб тақдимотларини ўтказиш ҳамда оммавий ахборот воситаларида кенг кўламли чиқишлар қилиш бўйича топшириқлар берилди. Йиғилишда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори У.Уватов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби А.Турсунов, Тошкент ислом институти ректори У.Ғофуров сўзга чиқиб, бугунги тинч-осуда кунларга Биринчи Президентимизнинг азму шижоати асосий тамал тоши бўлганини таъкидлаб ўтишди. Шунингдек, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг юбилейларини нишонлашга оид ташаббусларига биноан жуда катта хайрли ва савобли ишлар амалга оширилаётганини баён қилишди. Шу билан бирга, йиғилишда юбилей маросимларини у кишининг ўзидек самимий ва оддий, ортиқча дабдабаларсиз ўтказиш ҳақида ҳам фикрлар билдирилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 407