Ўзбекистон ва Мисрни тарихий-маданий муштараклик, анъанавий дўстлик ҳамда яқин ҳамкорлик бирлаштириб туради. Мовароуннаҳр ва Миср диёрида яшаб ижод қилганолимларнинг ноёб илмий-маърифий мероси бутун мусулмон оламининг бебаҳо бойлигиҳисобланади. Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Саид Ҳусайн Халил ас-Сисининг 2018 йил 4 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига кўра амалга оширган расмий давлат ташрифи ҳамда Миср Бош имоми – Шайх Аҳмад Муҳаммад Таййиб бошчилигидаги ал-Азҳар мажмуаси вакилларидан иборат нуфузли делегациянинг Ўзбекистон Президенти қабулида бўлиши, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриши икки томонлама ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилишига сабаб бўлди. Айни пайтда Миср томонининг таклифига кўра, Ўзбекистон ва Мисрдаги диний соҳага оид марказлар ўртасида 2019-2023 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”да кўзда тутилган келишувларни муҳокама қилиш ҳамда ўзаро мувофиқлаштириб олиш мақсадида Ўзбекистон делегацияси ишчи ташриф билан Қоҳира шаҳрида бўлиб турибди. Делегация вакилларининг илк учрашуви бир минг икки юз йилдан зиёд вақт мобайнида фаолият кўрсатиб келаётган “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбарининг биринчи ўринбосари шайх Аббос Солиҳ ҳамда “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари маслаҳатчиси Абдураҳмон Мусо билан бўлиб ўтди. Учрашувда 2019 йилнинг иккинчи ярмида белгиланган ўзаро ҳамкорликдаги учрашув ва халқаро конференциялар, илмий йўналишда чоп этиши режалаштирилган китоб ва рисолалар, таълим соҳасида белгиланган келишувлар муҳокама қилинди. Ўзбекистон делегациясининг Миср Араб Республикасига сафари давом этмоқда. Дин ишлари бўйича қўмита Матбуот хизмати 418
Абу Абдуллоҳ Ҳорис ибн Асад ал-Муҳсибий (вафоти 243 ҳ.й) роҳимаҳуллоҳ “Васоя” асарида дуо қилувчиларга насиҳат қилиб қуйидагиларни келтиради: Биродарларим, одамлар овозини чиқариб жаҳрий дуо қилишмоқда, сизлар ундай қилманглар. Ҳожатларингизни қалбингизда сир тутиб Аллоҳдан махфий дуо ила сўранглар. Чунки дуонинг ошкорасидан хуфёнаси ижобатга яқин, Аллоҳга ёқимлироқ ва серсавоброқдир. Салафларимиздан бизга етиб келдики, қалбда сир тутиб қилинган дуо ошкора қилинган дуодан етмиш марта ортиқроқдир. Баъзи аҳли илмлар айтдилар: салафи солиҳлар қаттиқ ижтиҳод билан дуо қилишар эди. Улар дуода ниҳоятда тиришқоқ ва аҳамиятли бўлишарди. Шундай бўлсада уларнинг нафас товушлари ҳам ташқарига эшитилмас эди. Дуо жараёнида уларнинг товуши ўзлари ва Роббилари орасида қолиб кетар эди. Салафи солиҳлар нега шундай қиларди, биласизми? Чунки улар Аллоҳ таолонинг бу оятини яхши англар эдилар: ذِكْرُ رَحْمَةِ رَبِّكَ عَبْدَهُ زَكَرِيَّا * إِذْ نَادَى رَبَّهُ نِدَاء خَفِيّاً Бу, Роббингнинг бандаси Закариёга раҳмати зикридир.(Яъни, эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам), ушбу қисса «Роббингизнинг бандаси Закариёга раҳмати зикридир».)Унинг Роббига махфий нидо қилган чоғини эсланг.(Марям сураси 2-3 оятлар). Дуода товушини кўтариб жаҳрий қилган одам билан қалбида сир тутиб дуо қилган одамнинг фарқи шуки, ошкора қилганлар фитнага тушиб қолади. Фасоҳат билан сўзлаш мақсадида қалби Аллоҳдан бурилиб атрофидаги одамлар билан ўралашиб қолади. Баъзида эса риё, сумъа аралаш ибодатини пучга чиқаради. Дуони махфий қилганлар эса ўша фитналардан омон бўлади. Аллоҳ таоло баримизни Ўзига маҳбуб бандалар қаторида айласин, омин! Кўрсатилган манбадан эркин таржима қилинди. Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имоми Авазбек МЎМИНОВ 514
Рейчел Керри! Уни ўлдиришганида 23 ёшда эди. 16 йил аввал… 16 йил аввал худди бугунгидек Ғазонинг гўдаклари ўлдириларкан, Рейчел дунёнинг у чеккасидан – Вашингтондан Ғазо халқининг ёнида бўлмоқ учун йўлга чиқди. Фаластинликлар билан унинг на тили айни эди, на дини. Аммо ҳақсизлик қаршисига чиққан инсон учун буларнинг аҳамияти йўқ. Олов қалбли америкалик қиз ҳақсизликлардан изтироб чекаётган, бошига балолар ёғилаётган ғазоликлар билан етти ҳафта яшади. Уларнинг бошига тушаётган мусибатларни ўз кўзлари билан кўрди. Бирга азоб тортди, бирга йиғлади… Онасига юборган сўнгги мактубида шундай ёзган эди: «Тан оламан, онажон, яна дугоналарим билан илгаригидек ҳазиллашиб, кулишиб, хиёбонларда яйраб юришни истайман. Рақс кечаларига боришни хоҳлайман. Кечқурунлари қорним тўқ, юмшоқ ўринларда хотиржам ухлашни истайман. Лекин қилган ишимдан асло пушаймон эмасман. Мен ҳозир бўлишим керак бўлган жойда ҳозирман. Мен бу ҳақсизликларга чек қўйилиши учун қўлимдан келган ишни қилишим керак… Балки қўлимдан ҳеч нарса келмас, лекин ҳарқалай виждоним олдида юзим ёруғ бўлади. Онажон, мен бу ерда кўрган даҳшатларимни айтсам, ҳаётингизнинг қолган қисмини тинч яшаб ўтолмайсиз. Кўзларимга ишонолмаяпман, даҳшатдан кечалари ухлолмаяпман. Дунёмизнинг асл юзи мана шундай эканини ва бу ҳақсизликларга, бу зулмга индамай қараб турган ёки кўриб-кўрмаганга, билиб-билмаганга олаётган миллиардлаб одамлар борлигини ўйласам, юрагимдаги нафрат, исён бўғзимга тошиб кела бошлайди. Бу зулмни тўхтатолсам қани эди! Она, мени қайтишга мажбурламанг. Фаластиндан қайтганим билан энди аввалги Рейчел бўлолмайман… Қорнини снаряд парчаси ёриб юборган, оғзидан ҳозиргина эмган оппоқ сути аралаш қип-қизил қон келиб, кўзчалари косасидан чиқиб кетган бир ёшли гўдагини қучоқлаб додлаётган онани кўрган Рейчел… Икки гўдагининг мажақланган жасадини кўриб, ақл-ҳушидан айрилган, бир онда телба бўлиб қолган тенгдошини кўрган Рейчел… Ўттиз ёшида сочлари изтиробдан оппоқ оқариб кетган йигитларни кўрган Рейчел… «Художон, мени жаннатга олиб кет. Бу ерда жуда қўрқяпман. Укамни олиб кетдинг-ку! Жаннатга олиб кетсанг, ҳечам тўполон қилмайман, яхши қиз бўлиб юраман», дея қўлчаларини дуога очиб ўтирган митти қизчанинг азобларини кўрган Рейчел… қандай хотиржам яшай олади?! Бу ерга келганим – ҳаётимдаги энг тўғри қарорим бўлди. Онажон, агар зулм биздан бўлса, мен бизлардан эмасман! Менинг сўнгги сўзим шу! Мен бизлардан эмасман!..». Таржимон: 3-курс талабаси Нодира Эркинжон 429